Жаҳон шеъриятининг йирик намояндаси, таниқли рус шоири Андрей Вознесенскийнинг ўлими ҳақидаги ногаҳоний хабар ўша кунги дунё воқеалари орасида зудлик билан тарқалган хабарлардан энг нохуши ва кутилмагани бўлди. Жаҳонда рўй бераётган шунча уруш-низолар, ёнғинлару сув тошқинлари, ҳалокатлару оламшумул спорт мусобақалари ҳам шоирнинг ўлими олдида гўё кўримсиздай бўлиб қолди. Ўша кунги жами воқеа-ҳодисалар ўз аҳамиятини йўқотиб қўйгандай эди. Ҳаётлигида шунча пайт лом-мим демасдан келган барча теле-радиоканаллар бири олиб, бири қўйиб ёппасига “буюк ва бетакрор шоир”ни алқашга тушди, Интернет ҳам бир зум бўлса-да, шоирнинг ҳаёти билан ўлимини шарҳлашдан тўхтамади.
Ўша – 2010 йилнинг биринчи июнь куни кечки пайт Россия каналида шоир ҳақида гапирар экан, унинг ашаддий мухлисларидан бири ўкинч ва армон билан “Рус шеърияти Александр Пушкиндан бошланиб, Андрей Вознесенскийда тамом бўлди”, дея чуқур изтироб чекди. Бу айни пайтда шоирни севган, унинг шеърлари билан нафас олиб яшаган ўн минглаб, юз минглаб мухлисларнинг ҳам ўкинч ва изтироби эди.
ХХ асрда дунёнинг бирон-бир шоири Андрей Вознесенскийчалик машҳур бўлолмаган, жаҳонга унинг сингари донг таратолмаган. Мустабид замонларнинг доҳийлари билан тикка олишган, қаттол тузумларнинг темир-бетон деворларини шеъри билан ларзага солган шоир. Кўпминг кишилик стадионларни, Америка, Англия, Италия, Франция, Олмония, Булғория сингари ўнлаб мамлакатларнинг дунёга машҳур муҳташам саройларию залларини шеърият ҳавоси ила тўлдиролган, олам аҳли қалбига шеър ишқини сололган оламшумул ижодкор, жаҳондаги энг нуфузли санъат, адабиёт, шеърият академияларининг аъзоси. У ўзи, ўзининг авлоди ҳақида “Биз дунёда микрофонларини ғажиб шеър ўқимаган бирон-бир мамлакат қолмади”, деб ёзганида мутлақо ҳақ гапни айтган эди. Дунёни чин маънода шеърлари билан титратган шоир айнан Андрей Вознесенскийдир.
Уни шеъри, шоирлиги учун шўро раҳнамолари жазавага тушиб даҳанаки калтаклаган. Хорижий давлатлар раҳбарлари бўлса, ҳузурига чорлаб меҳрини изҳор қилган. Роберт Кеннеди, Роналд Рейган сингари таниқли давлат арбобларининг қабули бу – азбаройи ғоя ё мафкура юзасидан эмас, балки бир шоирга, унинг номи ва ижодига бўлган инсоний муносабат, эътироф ва эҳтиромни билдирган.
Жаҳон адабиёти ва санъатининг Борис Пастернакдан бошлаб Дмитрий Шостакович, Нозим Ҳикмат, Пабло Пикассо, Сальвадор Дали, Пабло Неруда, Марк Шагал, Генри Мур, Луи Арагон, Гюнтер Грасс, Габриэль Гарсиа Маркес сингари йирик намояндалари назарига тушган, улар билан мунтазам мулоқотда бўлган шоирнинг ижодий жуғрофияси ҳақиқатан дунё харитаси билан ҳам бўйлаша, ҳам энлаша олади.
Абадият, жон Фауст,
Оддий гапдир азалдан.
Дилдан қанча кўп юлсанг,
Шунча узоқ яшайсан.
Талабалик пайтларимданоқ, аниқроғи 1975 йилнинг қиш палласидан ака-ука тутинганимиз – Вознесенский шеърияти, мана бугун, жавонимдаги унинг қатор асарлари, ўтган ХХ асрнинг 80-йилларида “метафора қироли”нинг ўзи дастхат қўйиб берган тўпламлари – мен учун энг қадрли ва азиз китоблардир. Уларнинг мутолааси жараёнида ўзимга ёққан энг яхши сатрлару парчаларга қўйиб чиққанларим кўк, қизил рангли белгилар билан чизиқлар – Вақту замонлардан, соғинчу орзиқишлар, дийдор ва айрилиқлардан дарак беради.
Йиллар ва йўллар. Фасллар ва асрлар.
Бу кўк-қизил чизиқлардан иккитаси икки томонига рангин гуллар экилган баҳорий йўлакларга айланиб, мени 1987 йилнинг кўкламига, Москва вилоятининг Переделкинодаги кўркам қайинзорлар бағрига, мавжланиб, жимирлаб турган суви Есенин шеърлари мисол тиниқ ва тоза кўл соҳилига олиб боради…
Шеъриятга “метафоранинг оқ тулпорини миниб кирган шоир” билан икки маротаба кўришиб, гурунглашиш шарафига муяссар бўлганман. Яна бир марта эса, чамаси 1986 йил бўлса керак, Тошкентдаги “Билимлар уйи”, ҳозирги Рус драма театри биносида бўлиб ўтган ижодий кечасида ҳам иштирок этганмиз. Рассом дўстимиз Одилбек Бобожонов чизган Борис Пастернак портретини саҳнага, шоирга узатганимизда, астойдил хурсанд бўлиб, лиқ тўла залга қарата миннатдорлик изҳор қилган эди.
Биринчи сафаримга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг ўша пайтдаги бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев сабаб бўлган. Ўшанда газета учун Андрей Вознесенскийнинг суҳбатини олиш ниятида борган эдим.
Эгнимда Сариосиё аэропортидаги тижорат дўконидан олганим Покистоннинг ўша даврда машҳур бўлган “Тобоний” фирмасининг енгилгина малларанг калта ёмғирпўши, чап елкамда пўрим қорачарм сумка. Переделкинодаги боғҳовлига, икки қаватли ёғоч бино рўпарасига яқинлашганимда, очиқ эшик олдида чўнқайиб ўтириб олган ажабтовур жонзотни кўриб таққа тўхтаб қолдим. Ит деса ит эмас, эчки ё қўй деса, жунлари эчкинига ўхшаш узун, силлиқ бўлгани билан ҳеч бирисига мутлақо ўхшамайди. Тумшуғи оқ-қора, чўзинчоқ, қулоқлари қўйникидек узун ва шалвираган, кўзлари эса маъюс эди. Анграйиб қолганимни сезди шекилли, бу ғаройиб ҳайвон менга қараб дабдурустдан росманасига жилмайиб юборди. Ҳангу манг бўлиб қолдим. Мени масхара қилгандай, шу алфоз бурилдию очиқ эшикдан кўриниб турган думини судраганча, зинапоядан тепага, иккинчи қаватга чиқиб ғойиб бўлди.
Эшик қўнғироғини босганимдан сўнг, қадам товушлари аста яқинлаша бошлади. Дарров танидим: бу киши ўша пайтларда анча машҳур бўлган адабий журнал “Дружба народов”нинг бош муҳаррири Сергей Баруздин эди. Салом-аликдан сўнг, кимни излаб келганимни эшитгач, авзойи баттар ўзгарди. “Орқа томондан борасиз”, дея тўнғиллади-да, тез бурилиб кириб кетди. Орадан, мана, чорак асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, ўша кучукнинг ғалати жилмайиши билан эгасининг юз ва кўз ифодасини ҳеч эсимдан чиқариб юборолмайман. Андрей Андреевич роса гердайган ва калондимоғ киши бўлса керак, бу зотнинг қаршисида довдираб қоламанми, дея иккиланишларим Переделкино кўлининг тонгги ҳовурлари мисол тезда тарқаб кетди. Шунча шон-шуҳрат, довруғу дабдаба, жаҳоншумул обрў-эътиборни кўтариб юрган таниқли инсон бир самимий илиқ табассум, бир оғиз “Очень рад” деган мулойим сўзию очиқ юзи, чақнаб турган хайрихоҳ кўзлари билан ўртадаги бегоналик пардасини дарров сидириб ташлади. У ўшанда эллик тўрт ёшда, етти иқлимга маълум ва машҳур шоир, мен бўлсам йигирма тўққиз яшар, эндигина иккинчи китоби чиққан тажрибасиз қаламкаш, унга менинг қатъиятим, Тошкентдан туриб қўнғироқ қилишлариму ва ниҳоят, мана, ҳузурига кириб келишимдаги журъатим ва, албатта, бу беназир инсонга, унинг шеъриятига нисбатан ихлосим билан шайдолигим хуш ёққани Андрей оғанинг қиёфасидан шундоққина билиниб турарди…
Бу учрашув ва суҳбат тафсилотлари Тошкентга келганимдан кейин аввал “Адабиёт” газетамизда, сўнгра китобларимда бир неча маротаба чоп этилгани учун бу ерда тўхталиб ўтирмайман.
Ўша илк кўришганимизда туҳфа қилгани суратларию “Нигоҳ” (“Взгляд”), “Руҳ меъморлари” (“Прорабы духа”) китоблари қатори 1984 йилда Москвадаги “Художественная литература” нашриёти томонидан чиқарилган уч жилдлик “Танланган асарлар”ининг кўркам зангор муқовали учинчи жилдига “… Биринчи, иккинчи жилдларни ҳам совға қилиш ниятию интизорлиги ила”, дея ўзини жуда яқин олиб дастхат қўйиб бериши, китобларию дил сўзлари, бу умидлару бу қувончлардан ўзимда йўқ шод эдим.
Ушбу шеърлар, бу шеърият билан илк бор ўн уч йил аввал авжи ўсмирлик чоғларимда танишиб ҳаяжонга тушган бўлсам, уларнинг ижодкори бўлмиш забардаст шоир, ўзи лутф этгандай “ярим тупроқ, ярим самовий” инсон билан юзма-юз кўришиб, гаплашиб турганимнинг ўзи айни дамда мен учун ғоят ҳаяжонли эди. Ўшанда Москвадан олиб қайтганим янги ташбеҳлару ўхшатишлар, сатрлар билан соғинчлар кейин неча йиллар давомида менга уйқу бермай, оромимни ўғирлаган.
“Тошкент” дейишим билан “самовий” суҳбатдошимнинг кўзлари порлаб, юзларига илиқ бир ёруғлик ёйилади.
У Тошкентни алоҳида меҳр, ўзгача бир соғинч билан яхши кўрарди. 1966 йили мудҳиш Тошкент зилзиласи рўй берган пайтда ҳеч қандай топшириқлару буйруқсиз, ўз хоҳиш-иродаси, қалб амри билан тонгги биринчи самолётдаёқ Тошкентга учиб келган, ўн кунлардан кўпроқ бошига кулфат тушган одамларнинг ёнида юриб, ҳеч бўлмаганда сўзию шеъри билан уларнинг дарди, ташвишига ҳамдард ва шерик бўлган, ҳозиржавоблик билан “Тошкентдан репортаж достон” номли жуда долзарб асарини ёзган. Ўша кеча-кундуздаёқ машҳур матбуот нашри бўлмиш “Комсомольская правда” газетасининг бутун бошли бир саҳифасида “Тошкентга ёрдам беринг!” деган сарлавҳа остида бу асар эълон қилинган эди.
Бир кундаёқ миллионлаб одамларни бирлаштириб, бир-бирига қондошу жондош қилган зилзилани шоир Ернинг бемисл тўлғоқ дардига қиёслайди ва инсонларнинг матонати, иродасию ишончи боис, бу тўлғоқ дардидан сўнг вайроналару чалдеворлар ўрнига гўзал мавзелар, чиннидай оқ бинолар қад ростлашини, Тошкент афсонадай кўркам ва фусункор шаҳарга айланишини башорат қилгандай бўлади. Бу умидлар миллионлаб ўзбекларнинг орзу-ўйлари янглиғ чорак асрлардан кейин, бу ёғи ХХI асрнинг тонготарларида бор бўй-басти билан рўёбга чиқишини “Менинг Тошкентим – менинг ҳаётим”, дея қалбини бағишлаган шоир ҳам ҳали билмас эди.
Кейинги асрнинг, яъни 2006 йилнинг ҳамал палласи Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг таржимасида “Труд” газетасида рус тилида чоп этилган менинг шеърларимга ёзган кириш сўзида Андрей Андреевич соғинчу орзиқишлари шаҳри бўлмиш Тошкентни ўша қўмсов ва меҳр билан яна бир карра ёдга олади: “Тошкент – шунчаки оддий бир шаҳар эмас. Мен учун беҳад табаррук ва тасаввур қилиб бўлмас даражада қадрли ва азиз бўлиб қолган бу шаҳарни ҳеч қандай куч, ҳеч қандайин дунёвий ўзгаришлар юрагимдан суғуриб ташлолмайди… Шу сабабли, қисматимнинг бир бўлагига айланиб қолган бу шаҳардан бўладиган ҳар бир телефон қўнғироғи менга олам-олам қувонч бахш этади. Тошкент шоирлари Вақтнинг қалтис синовларидан ўтган шоирлардир. Бизга ўзимизни, ўзлигимизни топишда ёрдам берган Тошкентга таъзим ва ташаккурларим бўлсин!”
Иккинчи учрашувимиз бир ярим йилдан кейин, олтин куз фаслида, руслар “бабье лето” – “аёллар ёзи” дейдиган кузнинг илиқ ва тароватли палласига тўғри келди. Переделкинодаги хазонрезги, қуёш нурида ярқираб чарақлаб ётган қайинзорлар, сарғайган тилларанг баргларда ўйнаётган жилвагар офтоб нурлари том маънода кузнинг олтинлигини кўз-кўз қилиб турар, бу маъволарнинг кузаги кўкламидан кўра жозиб ва гўзалроқ эди.
Ўшанда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг директори, устоз Эркин Воҳидовнинг хайрихоҳлигию ризолиги билан тайёрлаётганим Андрей Вознесенскийнинг ўзбек тилида чиқадиган китоби учун нашриёт шартномасини муаллифга элтишим, унинг имзосини олишим керак эди. Бу палла расмий таомил бўйича Ёзувчилар уюшмасининг хизмат сафари қоғози билан йўлга отландим. “Литературная газета”нинг ўша пайтдаги Ўзбекистон бўйича махсус мухбири, ёзувчи акамиз Мурод Муҳаммад Дўстнинг ёрдами, газетанинг Москвадаги бўлим мудири, таниқли журналист Владимир Соколовнинг тавсияси билан шаҳар марказидаги “Москва” меҳмонхонасига жойлашдим.
Борган куним “Литературная газета”да Андрей Андреевичнинг бир саҳифа янги шеърлари эълон қилинган экан. Таҳририятда Соколов туҳфа қилган газетани ҳам ўзим билан олиб, Переделкино сари равона бўлдим.
Азиз мезбон бир ярим йил аввал қандай жилмайиш билан мени кутиб-кузатган бўлса, зарра ўзгаришсиз, худди ўшандоқ мулойим табассум, очиқ юз, илиқ нигоҳлари ила менга пешвоз чиқди. Зум ўтмай шодон сўзланиб хонага шоирнинг рафиқаси Зоя Борисовна Богуславская кириб келади. Таниқли адиба, шоирнинг ҳаётию қисмати, шеъру достонлари, қувончлари билан изтиробларининг бир умрлик вафодор маликаси, “Оза” достонининг бош қаҳрамони Зоя Борисовна… У илтифот ила мени ўтиришга таклиф этди. Сўнгра нариги уйга ўтиб ҳар хил кўркам, антиқа шишалар қатор терилган нафис мис патнисни кўтариб кирди. Вискидан тортиб, фаранг, гуржи виноларию, коньяк ва ароқларнинг уч-тўрт хили, шишаларининг шакли ҳам ғаройиб ва кўзни қамаштиргувчи бу шароби нобларни тутиб тураркан, Оза опанинг “Нима ичасиз?” деган саволига “Чой” деб жавоб бердим. Хоним ичкарига кириб кетди. Бирпасдан сўнг худди ўша патнисда дид билан бир текис терилган ўн хилдан зиёд чой қутиларини кўтариб чиқди. Бу ажойиб ва чиройли қутиларнинг орасида “Тошкент оқшоми”да одатланганим, сиртига “Ҳинд чойи” ёзувли, фил расми туширилган сарғиш тусли оддийгина қути кўзимга иссиқ кўриниб кетгани боис шуни танладим.
Эркин аканинг маслаҳати билан ўзбек тилида чиқаётган “Мангу ризқ” китоби учун шоирдан сўзбоши ҳам олишим керак эди. “Ўзбек китобхонига мурожаат” деб сарлавҳа қўйилган бу муқаддима икки варақ ҳам чиқмаса-да, унда шоирнинг Ўзбекистонга, ўзбек халқию маданиятимизга бўлган катта ҳурмат ва эҳтироми ҳар бир иборадан уфуриб турарди. “Байкал ҳақидаги шеър ўзбек китобхони қалбида акс садо беради, деган умиддаман, чунки, айни пайтда Орол дарди менинг бағримни ҳам ўртайди”, деб ёзганди шоир.
Бу сафар икки соатлардан кўпроқ қолиб кетдим. Сўзбошини, суратлари билан янги китобларини олгач, шартномаларга ҳам имзо қўйдириб бўлгандан сўнг кетмоққа изн сўрадим. Зоя Борисовна ҳам ўзининг “Бекат” номли қисса ва ҳикоялар китобига менга бахт ва омадлар тилаб, имзо чекаркан, бироз ўйланиб турди-да, “Келинг, мендан сизга бир гул ҳам эсдалик бўлиб қолсин”, дея дастхатнинг тепасига назокат билан нозиккина бир чечак шаклини чизиб қўйди. Сана 1988 йилнинг бешинчи октябр куни эди.
“Мангу ризқ” китоби бир йиллардан сўнг раҳматли шоирларимиз Шавкат Раҳмон ва Муҳаммад Юсуф муҳаррирлиги остида каттагина нусхада чоп этилди.
Юқорида айтилганидек, А.Вознесенскийнинг юртимизга, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари шаҳарларимизга меҳру муҳаббати бўлакча эди. Ўзи табиатан ҳам, маълумоти-билими жиҳатидан ҳам меъмор бўлган шоир, қадимий кентларимизни Шарқ ва башарият тамаддунининг буюк ва мангу обидалари деб биларди.
Чунончи, “Мангу ризқ” достонида 1941 йилда Самарқанддаги “Гўри Амир” мақбарасининг очиб кўрилиши жуда катта тарихий хато бўлганини, жаҳонгирларнинг қабрларини бузиш ёмон оқибатларга олиб келишини, бунинг натижасида умумжаҳоний офат, яъни Иккинчи жаҳон уруши бошланганини надомат ва изтироб билан тилга олади.
Оддий дастхатида ҳам, мисол учун, Тошкентга келаётган режиссёр дўстига китобини ҳадя этаркан, “От имени всех узбеков желаю Вам успехов!” деб “ўзбек” сўзига топқирлик билан омад, муваффақиятни қофия қилгани, шу оддийгина тилакда ҳам катта ҳурмат, кўнгил кенглигини изҳор қила олганига тан бермасдан иложингиз йўқ.
Шўро тузуми, унинг ёлғонга қурилган мафкурасию бу мафкуранинг ўша даврдаги раҳнамолари ХХ аср адабиётида “олтмишинчилар” деб ном чиқарган авлоддан, жумладан, бу авлоднинг энг пешқадам вакили бўлмиш Андрей Вознесенскийдан, унинг шеърларию миллионларни жам ва жалб қила олган шеърий чиқишларидан чинакамига қўрққан, ҳайиққан. У умр бўйи рост ёзди, рост гапни айтди. Таълим-тарбияси, қалб низоми, имон-эътиқоди олдида, ҳаёту тирикликнинг кўзига тик қараб рост яшай билди. “Адабиёт”, “Инсон”, “Ватан” деган табаррук тушунчалар унинг муқаддас маслаги, умрий қисматига айланган эди. “Ватан олдидаги хизматлари учун” учинчи даражали ордени бўлиши мумкин, лекин учинчи даражали Ватан бўлмайди. Ватан бебаҳодир!” деб ёзганди у бир шеърида.
Умр бўйи булбулигўёдай жўшиб сайраб келган шоир умрининг охирларида тилдан қолди. Яқин инсонлари, қадрдон дўстларининг изидан янгроқ товуши, шеърларига баланд парвозлар берган овози ҳам уни тарк эта бошлади. “Шоир яшаган умр, кунлар, изтироблару аламлар назм эдими, наср эдими — ким айтиб беролади?..”. Унинг ўзидан, асарларидан бошқа ҳеч кимса буни уддалолмайди.
Охирги туркумларида хайрлашув шеърлар, видо сатрлар, айниқса, яққол кўзга ташланади: “Китоб билан хайрлашув”, “Саҳна билан видолашув”, “Овозимни йўқотмоқдаман”, “Чап қўлимга қасида”, “Микрофон билан хайрлашув…”
Хайрлашув. Хайрлашув. Хайрлашувлар…
Бутун умр, икки аср – бир ҳаёт бошдан адоқ гўё фақат хайрлашув мисол, яхлит видолашув янглиғ кечгандай:
“Мен саҳнадан кетаяпман. Мен саҳнани тарк этмоқдаман. Мен – микрофон-одам, бутун аср, юз йилдан ортиқ сиз учун куйладим, сизга шеърлар айтдим. Энди сизни тарк этаяпман. Шаҳарлар, стереотузумлар мен билан бирга кетмоқдалар. Ўзим билан саҳнани ҳам олиб кетаман. Доҳийлар “Кетгин!” деб ўшқирган машаққатли замонларда мен саҳнага чиққандим. Ҳаво етишмаган дим, биқиқ тузумлар аро тозариш эпкинлари бизлар шеър айтган шу саҳналардан эсганди. Биз шеърларимиз билан стадионларни улкан маънавий ўпкаларга айлантиролдик. Энди… Мен саҳнани саҳна билан бирга тарк этмоқдаман. Менинг билан саҳна ҳам саҳнадан кетаётир. Менга саҳналар берганинг, барча билан баб-баробар оғушингга олганинг учун сенга ташаккурлар айтаман Ҳаёт!”
Унсиз айтилган бу шеърдаги чинқириқ-фарёдни илғагандирсиз, азиз ўқувчи!
Кўп умумбашарий қадриятлар, инсоний фазилатлар билан олижаноб туйғулар ўз ўрнини ёппасига пул ва манфаатга бўшатиб бераётган сертаҳлика ва қалқиб турган бу дунёда Сўз ва адабиётнинг қадру қиммати тушиб кетгандай туюлса-да, унинг азалий ва абадий вазифасию моҳияти ўз кучини йўқотганича йўқ ҳали. “Оммавий маданият нима?” – дея савол қўяди шоир. Ва ўзи жавоб беради: – “Оммавий маданият дегани оммавий маданиятсизликдир”. Адабиёт, шеърият кишиликни ана шундай ҳалокатдан, жаҳолат ва разолат чангалидан қутқара олгувчи қудратли халоскордир.
Вознесенский – том маънода инсонийлик куйчиси, инсоният шоири. Нью-Йорк шаҳрининг тун-кун гуриллаб ётган уйғоқ ва сершовқин аэропортини у бир пайтлар ўз автопортретига қиёслаган эди. Хотирот ҳам кечасию кундузи гувлаб ётган бедор-беҳаловат аэропортга ўхшайди. Шоирнинг ташбеҳлари билан метафоралари самолётларга, дунё бўйлаб турли манзилу маконларга учаётган уйғоқ йўловчиларга, уларнинг хаёлларию орзу-умидларига ўхшаб кетади. “Само бўйлаб самолёт қолдириб кетаётган оппоқ из – товушнинг соясидир”, деганди метафоранинг оқ тулпорида мангуликка отланган ташбеҳлар қироли. “Бизлар, бу дунёга келган ва ўзини топмаганлар – руҳнинг жисмоний сояларимиз, холос”, деб ёзганида ҳам қисқагина икки сатр замирига одамзод ҳаётининг чексиз-чегарасиз ранжу машаққатлари мазмунини жойлай олган эди. Адиб ўлимидан уч-тўрт ой ўтгач, ҳол-аҳвол сўраш мақсадида унинг умр йўлдошига қўнғироқ қилдим. “Биз унинг овозини бир боргина эшитишга зормиз!..” (“Как нам не хватает его голоса!”) – дея армон қилди Зоя Борисовна…
Ҳамма гап гўё айтиб бўлингандай туюлса-да, айни пайтда, ҳеч нарса айтилмагандай, кўп гаплар худди қолиб кетаётгандек, ҳозир қоғозга рақам қилинмаса, изсиз йўқолиб кетадигандай. Шоирнинг китобларга, асарларга рақам қилинган ҳаёти эса “Шеърият — бор-йўғи бир сониялик товуш, тилсиз ва тийра Йўқлик билан Абадият аро бир лаҳзалик чинқириқдир, холос”, дебон узлуксиз садо бериб ётибди.
Бир учрашувда устоз Абдулла Ориповга “Чингиз Айтматов билан шунча ҳамсуҳбат бўлгансиз, сафарларда бирга юргансиз, бирга бўлгансиз, нима учун хотираларингизни ёзиб чиқармайсиз?”, деб савол беришганида, устоз: “Буни қаранг, Айтматовнинг отига мингашиб олибди”, дея ўйлашмасмикин, деган андишада ҳеч қўлим бормайди”, деб жавоб берган эди.
Мен ҳам эсдаликларим, таассуротларимни Вознесенскийнинг оқ тулпорига мингашиб олиш ниятида қоғозга туширмадим. Талабалик, ёшлигимнинг энг жўшқин, порлоқ паллалари, ҳаётимнинг саодатли, мунаввар оқшомларию тонглари шу тошқин шеърият дийдори, суҳбатларидан баҳраманд бўлганим, шу севимли шоиримнинг китоблари билан янада файзли ва тароватли бўлгани учун, шоирлик қисматимнинг шаклланишида, бир нимага эришган бўлсам – шундай азиз устозларим боис, азбаройи шу инсон, шу ном олдидаги қарзим, қарздорлигим учун ҳам кўнглимдагиларни битмоққа журъат қилдим.
Бир пайтлар, ёшлик чоғларида Вақтнинг шиддатию беомонлигини айтаркан, Андрей Вознесенский: “Шу мангу оловда биз ёниб кетдик”, “Токи сўз навбати мендадир, токи сенга сўз бермасман, мени қийнагил, эй Вақт!” деган сатрларни битганди.
Сўз навбати энди Вақтга тегди. Фасллар, асрлар умумлашди. Икки аср – бир ҳаёт деймизми, бир умр – икки аср деб атаймизми, Абадият олдида энди бунинг аҳамияти йўқдай гўё…
Тан билан руҳ бўлинди,
Булутларга беланди.
Ҳаёт-ку этар давом,
Умр яшаб бўлинди.
Бандалар ҳимояси –
Худойимнинг сояси.
Жон ҳилолга илинди,
Умр яшаб бўлинди.
Наф йўқ давру замондан,
Қолдим энди забондан.
Шудринг ҳам сўз тиланди,
Умр яшаб бўлинди.
Алвидо, эй капалак!
Учдинг бунча жонҳалак.
Лаҳза ўтди, ўл энди,
Умр яшаб бўлинди.
Бор-йўғим – икки етти,
Етти еттига етди.
Фалак, қил қабул энди,
Умр яшаб бўлинди.
Дарду ғамдан иборат
Емрилди бу иморат.
Дарз кетганим билинди –
Умр яшаб бўлинди.
Икки аср – бир ҳаёт,
Сабру бардошу сабот.
Тенг иккига бўлинди,
Умр яшаб бўлинди.
Дўконингда, ё Раббим,
Энди қолмади ҳаққим.
Бор тўловлар тўланди,
Умр яшаб бўлинди.
Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон