Эмиль Верхарн (Emile Verhaeren, 1855.21.5, Сент Аман — 1916.27.11, Руан) — бельгиялик шоир, драматург, танқидчи. Француз тилида ижод қилган. Лувен университети юридик факултетини тугатган.
«Роҳиблар» (1886) тўпламида ўрта асрлардаги роҳибларнинг ёрқин йиғма образи берилган. «Оқшомлар» (1887), «Ҳалокат» (1888), «Қора машъаллар» (1890) асарлари декадентлик шеърияти руҳига яқин, буларда турмушни фожиавий тасаввур этиш кучли.
«Телба қишлоқлар» (1893), «Ғала-ғовур шаҳарлар» (1895) тўпламларида ижтимоий зиддиятларнинг (шу жумладан, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги зиддиятларнинг ҳам) ҳалокатли эканлигини англаш ифодаланган.
«Турмуш қирралари» (1899), «Бебош кучлар» (1902), «Ранг-баранг ёғду» (1906) ва бошқа тўпламларидаги шеърларида Верхарн инсоннинг яратувчилик фаолиятини, ижодни, севги ва қатъиятни тараннум этади.
Верхарннинг ишчилар ҳаётидан ёзилган «Шафақлар» пьесаси (1898), атоқли рассомлар (X. Рембрандт, 1904; П. Рубенс, 1910) ва ёзувчилар (У. Шекспир, Ж. Расин, В. Гюго) ҳақида илмий тадқиқотлари бор.
* * *
Ҳаво ипакларига
Олтин билан тўқилган,
Эй нашъамиз порламаси!
Мана нозик уй ҳам енгил шийпон.
Мана боғча ва мевазорлар.
Олма боғчаларининг кўланкасида
Ана супача…
Эркаловчи ва эринчак гул япроқлари
Оқ баҳордек тўкилади
Олма нурли каптарларнинг жавлони
Порлоқ кўкда сирпанган
Бир белги каби…
Тоза мовий шиша ҳаво лабидан
Ерга тушган бўсалардек
Ана икки соф ва содда
Зангори кулча.
Атрофга маъсум, эрксиз гуллардан
Уқа тутилган…
Эй нашъамиз порламаси, бизлар ҳам
Бу боғчада яшаймиз
Ўз хотирамиз билан…
Ойбек таржимаси