Шандор Петёфи (Petőfi Sándor) венгер халқининг ифтихори ва миллий шеърияти асосчиси ҳисобланади. Венгер адабиётшунослари шоирнинг адабиётда тутган ўрнини Пушкин ва Шевченко билан тенглаштиришса, асарларининг ғоясини Беранже, Гейне ижоди, ижтимоий қирраларини Некрасов шеърияти билан ёнма-ён қўйишади.
Шандор Петёфи 1823 йил 1 январда таваллуд топган. Илк шеърлар тўплами 1844 йили дунё юзини кўрди. Петёфи шакл ва мазмун жиҳатидан венгер шеъриятини янги босқичга олиб чиқди. Она ватани озодлиги ҳақида баралла куйлаган ёш шоир Австрия империяси истибдодига қарши олиб борилган 1848–1849 йиллардаги жанговар кураш йўлбошчиларидан бири сифатида танилди ва йигирма олти ёшида миллий инқилобни бостиришда қатнашган рус казаклари билан билан кечган тенгсиз жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шоирнинг “Қишлоқ болғаси” (1844), “Паҳлавон Янош” (1844), “Шамоллар” (1845–1846), “Пишта Силай” (1846), “Шалго” (1846), “Ҳаворий” (1848) тўпламлари ҳамон қўлма-қўл ўқилади.
«Янош ботир» (1965) достони,«Танланган асарлари» (1973) ўзбек тилига таржима қилинган.
ҲАСРАТ
Ғам-ҳасрат — каттакон бир денгиз,
Қувонч-чи, ундаги жавоҳир.
Шуни ҳам, шуни ҳам, минг афсус —
Топгунча қиламиз қаро ер.
НИМА ЕГАНСАН ТУПРОҚ?
Нима егансан тупроқ? —
Бир лаҳза бўлгин сирдош.
Намунча қон ичасан,
Ичасан мунча кўзёш?..
Русчадан Маъруф Жалил таржимаси
ОТАШ
Истамайман мажнунтол каби
Ботқоқликда чиришни мутлоқ.
Қани энди, чинор бўлсаму
Куйдирса ҳам розиман чақмоқ.
Мен ўт бўлсам, сув қучоғида
Ола берсин бақалар роҳат.
Юксакликка қилолмай парвоз
Вақирлашса яралган фақат.
Оташ, қалбим туғёни сенсан!
Онлар бўлди баъзан музладим.
Қақшатса ҳам совуқ қалбимда –
Бир аланга доим гурлади.
Менинг қайноқ эҳтиросимга
Сен ҳам ёниб жавоб бер, эй қиз!
Менга совуқ пуркар экансан
Кўзларимдан йўқол ўша кез.
Майхонага май қўй! Майингга
Заррача сув қўшсанг, эй шайтон.
Май косангни отмай юзингга
Ерга отиб қиламан яксон.
Яшаш учун ўтли ҳислару
Шароб кайфи ҳамиша даркор.
Унутибман бир нарсани мен –
Яшаб бўлмас қўшиқсиз зинҳор!
Куйланг, ўтли қўшиқларин сиз!
Қўшиғингиз қалбга ўт солсин.
Куйиб-ёниб айтмаган кўнгил
Қўшиқлари бўғзида қолсин!
Истамайман – мажнунтол каби
Ботқоқликда чиришни мутлоқ.
Мен истайман чинор бўлмоқни
Куйдирса ҳам розиман чақмоқ.
Шукрулло таржимаси
* * *
Нур бағишлаб , рангсиз умримга
Яна келди куз билан афсун.
Бу фаслга ошноман нега? –
Мудом ундан излайман мазмун.
Тикиламан олис уфқ сари;
Қияма тоғ чимзорлар аро
Ўтираман тинглаб, хазоннинг
Шитирлаши қалбимга оро.
Замин узра қуёш жилмаяр,
Чарақлайди сокин нур элаб,
Она каби аста тебратар,
Фарзандини бешикка белаб.
Борлиқ замин мудрайди аста,
Бу ўлиммас – уйқудир фақат.
Йўқ, у пари ўз хобгоҳида
Ҳали тирик, ухлайди бевақт.
Ёйибди у ён -атрофига,
Эгнидаги кўркам либосин,
Ва ногаҳон чўчиб қолса гар,
Кийиб олар ҳаё қабосин.
Ухла, хушрўй, танти табиат,
Ухла, баҳор куни келгунча.
Ҳали келар нурафшон кунлар,
Ширин тушлар кўргин унгача.
Титроқ бармоқ учлари билан
Ушламоқчи бўламан уни.
Сокин шивир таралар бирдан,
Тушларига чорлар у мени.
Ўтир, дўстим, мен-ла салқинда,
Сукут сақла , гапирма, тин ол.
Товуш сўнар сувнинг сатҳида,
Шивирлайди биргина шамол.
Агар диллар бўса истаса,
Сал тегса-да лабларига лаб,
Уйғотмасин шу онда бўса
Ором олсин фариштам ухлаб.
ЭРКАКМИСАН, ЭРКАК БЎЛ!..
Эркакмисан, эркак бўл,
Минбаъд бўлма – қўғирчоқ,
Тақдирингни кимлардир
Қилмасинлар ўйинчоқ!
Жасурларни қўрқитмас
Ит ҳургандек тақдирлар, –
Демак, сен таслим бўлма,
Дарҳол унга пешвоз чиқ!
Эркакмисан, эркак бўл!
Эркни севгин , сўзнимас.
Гапга чечан бўлиш-чи
Эркакка лойиқ ишмас!
Емир, синдир, бўл дадил,
Тор-мор қил ёвларингни,
Кўкрагингни тут адл,
Ишга сол довларингни!
Эркакмисан, эркак бўл!
Ҳақиқатга бўл қалқон,
Сен ҳақсан ва бўл тайёр,
Арзир у деб тўксанг қон!
Яхшиси, сен юз бора
Ширин жонингдан кечгил,
Бахтсиз бечора бўлиб
Яшашни сен ор билгил?
Эркакмисан, эркак бўл!
Эркак эмас ўз ғамин еб,
Дунё ва бойликни деб
Ўз эркини берганлар!
Разилдир манфаат-чун
Она юртин сотганлар!
“Фақирман, лек озодман!” –
Бўлсин сенинг шиоринг.
Эркакмисан, эркак бўл!
Жасур бўл жангда , инон.
На тақдир, на одамлар
Сенга етказмас зиён!
Бамисли азим эман –
Довулларда мағрур бўл,
Қисматинг забун келса
Қаддингни тик тутиб ўл!
МУҲАББАТ ВА ЭРК
Муҳаббат ва эрк –
Менга шунинг ўзи етади!
Жонни фидо қилиб
Ишқни топарман,
Ва эрк учун уни яна
Қурбон қиларман!
АГАР ҚИЗЛАР СЕВМАСАЛАР
Агар қизлар севмасалар,
Ич, оғайни,
Тушларингда банд этурсан
Сен барчани.
Пул бўлмаса чўнтагингда,
Ич, оғайни,
Ва ухласанг кўрмабдилар
Сендек бойни.
Агар бошга кулфат тушса,
Май ич, оға,
Ва тутундек тарқалади
Бошдан ғалва.
Барчасидан айрилдим, лек –
Дард-ла тўқман,
Аччиқ дардлар амр этади:
Ичмай бўпман!
ВЕНГРИЯ
Сенга, менинг азиз юртим,
Эга бўлиш буюрмаган:
Ё тепадан бошланар зах,
Куйиб борар ё остидан.
Мўл-кўл яшар бахтлилари
Бўкса-да, ҳеч тиймас нафсин,
Бу вақт эса фақирлари
Нон тополмай ўлар очдан!
ҚАЙҒУ
Қайғу – бу улкан денгиз,
Шодлик – унда марварид.
Дур топилгунча, абас!
Ғаввос мисол кезамиз.
СЕН НИМА ЕБ ҚЎЙДИНГ, ЗАМИН?
Сен нима еб қўйдинг, замин, жавоб бер саволимга, бебош,
Нега бунча қон ичасан ва яна шунча ичасан кўз ёш?
Русчадан Даврон Ражаб таржимаси
ЖАНГОВАР ҚЎШИҚ
Увиллар карнай,
Гувиллар довул!
Олға бос, аскар!
Олға, ясовул!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Улиб учар ўқ,
Ярқирар қилич,
Ботир бўл, аскар,
Ёв қонини ич!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Қўлингда ялов,
Ҳилпирар байроқ,
Байроқни кўтар,
Душманга тик боқ!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Байроқда яшнар
“Озодлик” сўзи.
Ҳавас-ла боқар
Дунёнинг кўзи!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Можорлар асли
Бўлади ботир,
Ботир қондошим
Енгишга қодир!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Олға бос, можор!
Ёрлақар Худо,
Ғалаба учун
Жонни қил фидо!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Оҳ, қип-қизил қон
Майсалар усти!
Оҳ, ўққа учди
Жанговар дўстинг!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Ҳалок бўлди-я
Ботир навқирон!
Ўлимдан қўрқма!
Ўт оч ўқбўрон!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Жанг майдон узра
Тортамиз наъра!
Бизнинг қўшинлар
Чекинмас сира!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Ким қолар омон?
Жанг борар ёмон!
Бироқ ўлмайди
Ватан онажон!
Ур-ҳооо, можор!
Ур-ҳооо!
Ур-ҳооо, навкар,
Ур-ҳооо!
ЛИРА ВА ҚИЛИЧ
Қора булутлар босди
Юртим осмонин ногоҳ.
Довул бошланар эмиш,
Турибман ҳушёр, огоҳ.
Ниҳоятда чарчаган,
Сукутни истар лирам.
Ҳадеб куйлайверишдан
Зериккан торлари ҳам.
Четда қолган қиличим
Ўпкалаб дер шу заҳот:
“Қиёмат кунигача
Қиндан чиқмасам, наҳот?!”
ТАШЛАБ КЕТИЛГАН БАЙРОҚ
Таҳқирланган, хўрланган
Бу байроқ. Тилка-пора,
Чўлда очилган гулдек –
Ёлғиз қолган бечора.
Чўлда даҳшатли довул
Чанг солар ҳаётига.
Худо сўзи ёзилган
Байроқнинг қанотига.
Камаяр жанговар саф…
Ёв ўқи тутдек тўкар.
Байроқни ташлаб қочган
Аскар ёвга тиз чўкар…
Бизга бундай қўрқоқлар
Керакмас, қочиб кетсин.
Қалдирғочлардек иссиқ
Юртларга учиб кетсин.
Бургутларнинг ватани
Чўққилар, баланд осмон.
Бургутлар юртдан қочмас,
Ватанга содиқ посбон.
Бу байроқда қандай сир,
Қандай кучли қудрат бор!
Байроққа қанча ботир
Жонини қилди нисор.
Азиз байроқ турган жой
Худонинг меҳробидир –
Жон фидо қилганларнинг
Муқаддас туробидир.
Майли, қўрқоқ сотқинлар
Ташлаб кетсин меҳробни.
Бироқ жоним чиққунча
Қўриқлайман туробни.
БЕШИНЧИ АВГУСТ
Ажаб бўлди, ажаб бўлди!
Узук тақдим, узук тақдим,
Севар ёрим, дудоғингга
Бодом чақдим, бодом чақдим.
Ғунча лабдан, ғунча лабдан
Гулоб ичдим, гулоб ичдим –
Бўсангдан маст бўлиб, жоним,
Белинг қучдим, белинг қучдим.
Ўпич бергин, биров кўрмас,
Кел-эй, жон-е, кел-эй, жон-е:
Никоҳ бўлгач ўпич олмоқ
Эмас моне, эмас моне.
Дудоғинг бер, яноғинг бер,
Пешонангга лабим тийгай –
Ёноғидан кун ўпганда
Само куйгай, само куйгай.
Мастман. Майин қўлинг тутсин,
Йиқилгайман, бошим йўқдир.
Бўсами бу, бўзами бу…
Билолмайман, ҳушим йўқдир.
Илоҳлар чўнг Олимп тоғда
Фақат нўши шароб қилгай.
Илоҳмасман, менам банда,
Шаробинг хор-хароб қилгай.
Самоларга кўтаргайдир,
Бу қандай кайф, бу қандай кайф!
Еру осмон абас бўлгай,
Хаёлим хайф, хаёлим хайф.
Изимдан бир гала дайди,
Олақанот булут елгай.
Юлдуз – булбул, булбул – юлдуз,
Самодан авж наво келгай.
Қандай наво! Болдай наво!
Менга осмонда ўт ёққай –
Лак-лак яшин, лак-лак чақмоқ
Атрофимда қанот қоққай.
Шошма, юрак дейман! Юрак!
Юрак аҳволи не бўлгай?
Бўл огоҳким, гоҳо бахту
Саодатдан йигит ўлгай!
Рустам Мусурмон таржимаси