Сунь Лицзе: “Хитой–Ўзбекистон савдо айланмаси 25 йилда 100 баробарга ошди”

2017 йил 2 январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йилда тўлди. Мазкур сана муносабати билан 5 ноябрь куни Тошкентда тантанали маросим бўлиб ўтди. Халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, хорижий давлатлар элчилари, маданият ва санъат намояндалари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этди.

Тантанали маросимда Хитой Халқ Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе маъруза қилди.

“Ўтган 25 йил давомида икки мамлакат раҳбарларининг стратегик раҳнамолиги ва турли жамоатчилик доираларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Хитой–Ўзбекистон алоқалари изчил ривожланиб бормоқда ва барча соҳаларда ўз мевасини бермоқда. Ўтган йилнинг июнида Хитой–Ўзбекистон алоқалари стратегик ҳамкорликнинг ҳар жиҳатдан янги босқичига кўтарилди”, – деди ХХР элчиси ўз маърузасида.

Ўтган 25 йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 100 баробарга ортди. Хитой томонининг Ўзбекистонга киритган сармояси эса 700 баробарга кўпайиб, 7,6 миллиард АҚШ долларига етди. Айни пайтда Хитойдаги 4 олий ўқув юртида ўзбек тили ўқитилмоқда, Ўзбекистондаги 15 олий таълим даргоҳида эса хитой тили ўргатилмоқда. Умуман, маданий-гуманитар соҳада делегациялар алмашуви мунтазам давом этмоқда.

“Ўтган 25 йил давомида халқаро вазият ўзгариб турганига қарамай, Хитой-Ўзбекистон дўстлиги тобора мустаҳкамланмоқда. Бунинг сабаби шундаки, биз халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик тамойилларига риоя қиламиз ва тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик сингари Буюк ипак йўли қадриятларини биргаликда асраб-авайлаймиз”, – дея ўз мулоҳазаларини давом эттирди элчи Сунь Лицзе.

Куни кеча ХХР Раиси Си Цзиньпин ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзаро дипломатик алоқаларнинг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирига табрик номалари йўллади.

“Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой–Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман”, – дейилади ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг табрик хатида.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган бўлиб, унинг энг муҳим асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Сизнинг 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифингизни, унинг доирасида тарихий аҳамиятга эга Қўшма баёнот имзоланганини ҳамиша катта мамнуният билан эслаймиз. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой муносабатларини ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқди”, – дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қутлов номасида.

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Сунь Лицзега кўра, айни пайтда ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда.

Собир Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!