Қуролли ҳужум пайти икки ёшли озарбойжонлик қизча ҳалок бўлди

Жорий йил 4 июль куни Озарбойжоннинг Фузулий тумани Алхонли қишлоғи Арманистон кучлари томонидан миномёт ва гранатамётлардан ўққа тутилди. Озарбойжон расмий агентлиги Мудофаа вазирлигига таяниб хабар беришича, ҳодисада ушбу қишлоқда яшовчи Соҳиба Гулиева (1967 йилда туғилган) ва Заҳро Гулиева (2015 йилда туғилган) ҳалок бўлди, 1965 йилда туғилган Сарвиноз Гулиева эса жароҳатланган.

Ушбу ҳодиса ҳақида халқаро ташкилотларга хабар берилган. Озарбойжон қуролли кучлари ҳужумни жавоб зарбаси билан қайтарган. Мудофаа вазирлиги ушбу қонли ҳодиса учун жавобгарлик Арманистон ҳарбий-сиёсий раҳбарияти зиммасида эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим

 


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!