Амир Темур (видео)

Тўлиқ исми Амир Темур кўрагоний ибн Амир Тарағай ибн Амир Бурқул бўлган бу буюк тарихий шахс ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли ва марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийсидир. Ёзма манбаларда у Темурланг, Европа адабиётида Тамерлан номлари билан таърифланади. Амир Темурнинг онаси Такинахотун бухоролик машҳур фақиҳ Тож аш-шариа (шариат тожи) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди (1350 йил вафот этган) эди. Унинг отаси Амир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолиларидан бўлиб, Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари эса Чиғатой саройи мулозимлари қаторидан ўрин тутган. Улар Кеш ва Насаф вилоятида ўз мулкларига эга бўлган ва бу юртда ҳокимлик қилган. Шу боисдан Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайбек ҳам йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бек ва бийларининг умум қурултойига таклиф этилар ва бундай йиғинларда қатнашарди. Амир Темурнинг ёшлиги она юрти Кешда кечди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга беради. У ёшлик чоғлариданоқ чавандозлик ва овга ишқибоз бўлиб, камондан нишонга ўқ узиш, от чоптириш турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлишни ёқтирар эди. Шу аснода Амир Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир сифатида вояга етади. Унинг атрофида болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб, ҳарбий гуруҳга бирлашиб шакллана боришади. Бу гуруҳ орасида Аббос Баҳодир, Жаҳон Шоҳбек, Кимори Иноқ, Сулаймон Шоҳбек, Сайфуддинбек ва бошқалар бўлган. Кейинчалик улар Амир Темурнинг сафдошларига айланиб, унинг қўшинида лашкарбошилик даражасига кўтарилганлар. Амир Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли ва идрокли, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Шу туфайли ўспиринлик чоғларидаёқ тенгқурларидан садоқатли дўстларни атрофга жалб қила олган. Ўзининг илк ҳарбий фаолиятини Амир Темур қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган. Уларнинг ўзаро курашларида маҳорат ва олийҳимматлик Амир Темурнинг шуҳратини ошириб, унинг донғи бутун Қашқадарё водийси, хусусан Кеш вилоятига ёйилган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!