Яшашнинг маъноси (Пиримқул Қодиров билан Анвар Жўрабоев суҳбати) (1990)

Анвар Жўрабоев: — Аввало ижод даргоҳига йўл топишингиз қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

Пиримқул Қодиров: — Гапни сарчашмадан бошлай қолайлик.

— Яхши бўларди.

— Унда оддий бир чўпон қизи бўлган онамнинг эртаклари менда ижодга илк бор ҳавас уйғотганини айтишим керак. У киши ниҳоятда таъсирли ҳикоялар сўзлаб берардилар. Туркистон тизма тоғи этагида жойлашган онам туғилиб ўсган Оқсув, Сўфаркат қишлоқларидаги жонли халқ шеваси бугунги адабий тилимизга жуда яқин. 1964 йилда Одил Ёқубов билан Оқсувга борганимизда шаҳар кўрмаган баъзи кекса одамларнинг адабий тилимизга монанд ҳолда сўзлашганлари бизни ҳайрон қолдирганди. Кейинчалик суриштириб билдикки, тарих китобларига кирган Даҳкат қишлоғи яқинида ва Бобур ялангоёқ кезган Осмон Яйлов тоғи этакларида шу Оқсув қишлоғиям бўлган экан. Бобурнинг Андижон ҳақида айтган: «Эли туркдур, лафзи қалам билан ростдур…» сўзларини оқсувликларга нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкин. Барлос уруғининг бир шохаси бўлган бу қавмлар шайбонийларга бўйин эгмай, тоғ оралиқларида ўзларининг кўҳна туркий лаҳжаларини, ҳатто «турк» деган номларини ҳам сақлаб қолганлар. Онамизнинг мана шу адабий тилга табиатан яқин бир муҳитда яшагани ва унинг бойликларини зеҳнимизга болалигимиздан сингдирганлиги мен учун катта неъмат бўлган.

Эсимни таниганимдан бошлаб онамиз айтган эртаклар, оғзаки ҳикоялар, мақоллар, қочириқлар ҳанузгача хотирамда тошга ўйилган суратлардек бутун турибди.

— Демак, ижод бобида онангизни биринчи устозингиз десак, хато бўлмас?

— Ҳар қалай, тилни мен, аввало, онамдан ўрганганман. Адабий ижоднинг сарчашмаси эса тилдир. Шуниям айтмоқчиманки, урушдан олдинги йилларда адабиёт дарсликлари хийла яхши тузилган эди. Афсуски, кейинги даврлардаги дарсликларда қуруқ мулоҳазалар, «палон ижобий образ», «палон ғоявий мазмун», «палон синфлар кураши» каби болада адабиётга қизиқиш уйғотмайдиган умумий гаплар кўпайди.

Биз бошланғич мактабга кириб ўқиган вақтда ажойиб анъана бор эди: зеҳни ўткир ўқувчи дарсларни яхши ўзлаштирса, беш-тўрт ойдан кейин навбатдаги синфга кўчириларди. Мен, масалан, бир йилда икки синфни битириб, учинчига ўтган эдим. Болалигимда хотирам кучли эди. Тўққиз-ўн ёшларимда ўзимга ёққан ашулани бир-икки марта эшитишимдаёқ ёд олардим.

— Бу эса, Пиримқул ака, мусиқавий зеҳннинг ўткирлигидан далолатдир. Бордию сиздаги бу хислат ривожлантирилганда, бастакор бўлишингиз ҳам мумкинмиди?

— Мумкин эди. Аммо бизда ўшанда музика мактаблари йўқ эди…

— Энди китоб ҳақидаги гапни давом эттирсак. Болаликдаги севимли асарларингиз қайсилар бўлган?

— Биринчиси Элбек тўплаган «Ўзбек халқ қўшиқлари». Ундаги ашулалардан бирқанчасини ҳали ҳам такрорлаб юраман. Еттинчи синфга ўтганимда роману қиссалар ўқишга қизиқдим. Уйимиз Ўратепанинг чекка жойида бўлиб, мактабга боғ кўчалар орқали пиёда бориб келардим. Куз ва қиш ойларида кўчалар деярли бўм-бўш бўлар ва мен йўл-йўлакай китоб ўқирдим.

Войничнинг «Сўна»си, Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони», Стивенсоннинг «Жавоҳирот ороли», Жюль Верннинг «Капитан Грант болалари» — шунга ўхшаш асарларни шаҳар кутубхонасидан олиб ўқиганман.

Мени китоб ўқишга рағбатлантирган яна бир сабаб бор эди. Акам (у роса ўйинқароқ бўлиб, тўртинчи синфдан кейин мактабга бормай қўйганди) колхознинг қўйини боқарди. Мен унга ўқиган китобларимнинг мазмунини айтиб берар, у эса ниҳоятда қизиқиб қулоқ соларди. Акам куз ва қишда сурувни Ўратепа атрофидаги дони йиғиб олинган далаларга ёяр, ёзда эса тоққа чиқиб кетарди. Ўқишдан бўшаган пайтларимда, қишки-ёзги таътилларда ундан хабар олгани бориб турардим. Акам: «Қани, ўқиган китобларингдан гапир», деб қўймасди. Унга юқорида саналган асарлардан ташқари Пушкиннинг «Капитан қизи», «Белкин қиссалари», Толстойнинг «Ҳожимурот»и, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романини бутун тафсилотлари билан сўзлаб берардим. Акамга қайси воқеа қаттиқроқ таъсир қилса, шунга кўпроқ урғу берардим. Ҳар қалай, ҳикояларим туфайли акамнинг олдида ҳурматим ўсиб бораётганини сезардим. Китоблар ака-ука икковимизга тарбия беришдан ташқари, бир-биримизга бўлган меҳру оқибатимизни мустаҳкамларди. Айни чоғда, ўша оғзаки ҳикояларим мени ижод даргоҳига олиб келган илк сўқмоқлар вазифасини ҳам ўтаган экан. Мен буни энди билмоқдаман.

Биз биринчи навбатда табиатдан, сўнг китоблардан миннатдор бўлишимиз лозим. Бизни коинот бағрида омон сақлаб турган табиат неъмати — осмоннинг юқори қатламидаги азон пардасини эсланг. Уни «ернинг азон қалпоғи» ҳам дейишади. Лекин суратини кўрсангиз, миллион йиллар давомида тўпланган энг тоза ва энг тиниқ ҳаво — азон қалпоқдан кўра кўпроқ ҳарир ипак пардага ўхшайди. Эски китоблардаги «пардаи асрор» — «сирли ер пардаси» деган иборани ёдга солади у.

Нафис азон қатлами ердаги бутун тирик жонларни қуёшнинг хатарли зарраларидан ҳимоя этиб тураркан, аммо, афсуски, унга лат етказиляпти. Масалан, Антарктида устидаги минглаб квадрат километр майдонда азон қатлами йўқолди. Бу бутун дунёни ташвишга солмоқда. Антарктидада-ку қуёшли кунлар кам, аҳоли деярли йўқ. Бордию аҳоли зич жойлашган қитъалар ва қуёшли минтақалар осмони азонсиз қолса, аҳволимиз қандай кечади?

Яхши китоблар бутун одамзод тарихи давомида тўпланган маънавий азон хизматини ўтайди. Улар инсониятни турли замонлардаги салбий таъсирлар ва аҳлоқий бузилишлар «радиацияси»дан асраб келаётир. Энг яхши ёзувчилар эса одам зоти учун ана шу қадар зарур маънавий азон ишлаб чиқараётганликлари туфайли алоҳида эъзоздадирлар.

Ёзувчиликка ҳавас туғилишида ўқитувчиларимнинг хизмати ҳам ниҳоятда катта бўлди. Улар адабиётга нисбатан дилимда улкан ихлос уйғотган эдилар. Кишидаги қобилият тоғ бағридан чиққан булоққа монанд кўз очади. Лекин бу булоқнинг катта дарёларга йўл топиб бориши осон эмас. Агар чашманинг йўлида сой оқаётган бўлса, уларнинг суви бир-бирига қўшилиб, катта дарёларга етиб боради. Ёш тақдиримни бепоён кенгликларга олиб чиқишда муаллимларим ҳаётбахш сойларнинг хизматларини бажаришган.

— Қачондан бошлаб қўлингизга қалам олгансиз?

— 6—7-синфларда ўқиб юрган пайтларимдан. Лекин ўшандаги ижодий машқларим кундаликлардан иборат эди. Минг афсуски, улар йўқолиб қолган, чунки яхши сақлай олмадим. Аммо талабалик йилларидаги ҳамма кундаликларим бор.

— Сиз Бекобод металлургия заводида қуювчи бўлиб ишлагансиз-а?

— Қуювчи эмас, балки ана шу корхона қурилишида мухбир бўлиб. Уруш даврида, ҳали рухсатнома билан бир бурда нон олиб, ярим оч яшаган пайтларимизда, мен таваккал қилиб қишлоқдан Бекободга борган эдим. Ўшанда ичтерлама, безгак каби оғир касалликларга чалиниб, нимжон бўлиб қолганман. Лекин шунга қарамай, ишга кирдим.

Биз яшаган даврнинг кўп қисми фожиаларга тўла бўлди. Болалик йилларимиз Сталиннинг шафқатсиз зулми кучайган пайтга тўғри келган. Отамиз катта ўғил тўйи қилгани сабабли оиламизни қаҳратон қиш кунида Кенгкўлдан Оқсув қишлоғига зўравонлик билан кўчиришганди. Шунда икки-уч яшар бола эдим. Мендан кичик — олти ойлик Раббим деган укам ҳам бор эди. Қор қалин, изғирин, бизни тоғам билан онам кўрпаларга ўраб, отларга миндириб олишди. Ора у қадар узоқ эмас: йигирма чақиримча келади. Аммо пасту баланд тоғ йўллари музлаб қолган; отлар нуқул тойиб йиқилаверди. Ағанаб кетган кўчларни қайта ортгунларича биз дийдираб совуқда қолдик. Укачам қаттиқ шамоллаб, Оқсувга келганимизда вафот этди. Унинг қабрчаси ҳали-ҳануз кўз ўнгимда турибди…

Кейинчалик Бекободдан комсомол йўлланмаси билан Тошкент дорилфунунининг тайёрлов бўлимига ўқишга келганимдаям шароит бениҳоя оғир эди: бир хонада ўттиз-қирқ киши яшаймиз. Хоналар иситилмайди. Безгак тутади.

— Шу шароитда дорилфунунни «қизил» диллом билан тугатганингизни тасаввур қилолмаяпман… Кейин, биринчи китобингиз ҳам талабалик даврингизда чоп этилган-а?

— Ҳа, бунда Абдулла Қаҳҳорнинг ёрдами кўп асқотди. Ўшанда — ўн саккиз ёшимда ёзган илк ҳикоямни у кишининг ҳузурида ўқиб бердим. Улкан адиб менга донолик ва талабчанлик билан сабоқ берди. Шундан сўнг уч-тўрт йил берилиб машқ қилдим. Натижада «Студентлар» деган ҳикоям китобча ҳолида босилиб чиқди. Кейинчалик, «Уч илдиз» романимни ёзганимда Константин Симонов билан Мухтор Авезов менга катта маънавий мадад беришган.

— Айримлар ёзувчини дард чекувчи инсон деса, бошқалар уни дардларга даво берувчи, яъни, табиб дейишади. Шу хусусда ва умуман, ёзувчилик ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

— Ўзимнинг қирқ йиллик ижодий тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, бу ҳар иккала ўхшатишда ҳам жон бор.

Ҳаётдаги бири иккинчисидан чигал муаммолар ёзувчининг қалбида бир дард, бир тугун бўлиб туради. Ана шу дардга даво излай бошлайсиз. Лев Толстой санъат ҳақидаги рисоласида бадиий ижод, ҳақиқий диёнат ва пок диний эътиқод каби муқаддас бир ишдир, деб ёзади. Қадим замонларда муқаддас китоблар одамларга қандай хизмат қилгани маълум. Бугунги кунда, инсоният тараққий этиб, кўп нарсаларни чуқур таҳлил эта оладиган бир пайтда, унинг хилма-хил маънавий эҳтиёжларини қондириш учун бадиий ижод аввалгидек хизмат қилиши, унда дард ҳам, дардга даво ҳам мужассамлашган бўлиши зарур.

Шу кеча-кундузда ҳам адибларимиз санъат одамларга қандай хизмат қилиши керак, деган азалий саволга муттасил жавоб излашяпти. Бу борада ҳозир хорижда яшаётган иқтидорли ёзувчи Александр Солженициннинг айтганлари, айниқса, диққатга сазовор. У Нобель мукофоти олиши муносабати билан сўзлаган нутқида (ушбу нутқ «Новий мир» журналининг 1989 йил 7-сонида эълон қилинган) дейдики, публицистик мақола ҳар қанча ўткир бўлса-да, вақт ўтгани сари эскиради. Чунки у инсон қалбини, шуурини, ҳис-туйғусини, тафаккурини батамом қамраб ололмайди. Бадиий асар эса одамнинг ҳам ақлига, ҳам дилига таъсир қилади. Албатта, кучли асарлар, айтайлик, Шекспир, Достоевскийларнинг ёзганлари каби. Бориб-бориб бу асарлар шундай қудратга айланадики, уларни ҳеч ким йўқ қилиб ташлолмайди. Одамзод улардан мудом шифо топиб гуради.

Ривожланган халқлардаги яхшилик, ҳақиқат ва гўзаллик учаласи биргаликда инсоннинг маънавий дунёсини устундай суяб туради, — дейди Солженицин. — Аммо ҳозир яхшилик ҳам кўпинча беҳисоб муаммоларнинг чакалагидан ўзига йўл тополмай, адашиб қолиши мумкин. Лекин санъату адабиётдаги гўзаллик (айниқса, адабиётда) жозиба кучи чакалакзор ичра адашиб юрган ҳақиқатни ўз қанотида кўтариб олиб чиқа олади.

Дунёни атом ҳалокатидан шу учови — ҳақиқат, яхшилик ва гўзаллик халос этиши мумкин.

Одамзодга энг катта хавф-хатар солаётган нарсалар — зўравонлик, қаллоблик ва ёлғончиликдир, дея таъкидлайди Солженицин. Зўравонлик шундай бир нарсаки, у ўзини ёлғон-яшиқлар билан хаспўшлаб кун кечиради. Мана, Сталин шахсига сиғиниш бошдан-оёқ зўравонликка асосланган бўлиб, у ёлғоннинг темир пардаларига ўралганди. Бу темир пардаларни эса адабиёту санъат, бақувват китоблар бирин-кетин йиртиб ташлаётир.

— Лекин китоблар ҳам, барча ёзувчилар ҳам бақувват бўлавермайди-ку!

— Ҳамма соҳада турли даражадаги ижодкорлар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Майли, ўртамиёналар ҳам ижод қилаверишсин, лекин уларнинг истеъдодсизлиги ёлғон билан бурканмаган бўлса бас. Аммо даҳшатли бир томони шундаки, улар, аксарият ҳолларда, гуруҳларга бирлашиб, ҳақиқий истеъдодларнинг умрига завол келтиради. Диллари ижоддан кўра кўпроқ бахиллик ва иғвогарлик туйғулари билан банд бўлади. Шундайлар туфайли Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат… қурбон бўлиб кетишди. Ҳозир улар фош этиляпти. Гуруҳбозлар бугун ҳам кўп, лекин вақти келиб, буларнинг ҳам ҳақиқий қиёфаси очилади, авлодлар олдида жавоб беришади!

— Билишимча, сиз ҳам ана шунақанги бахилларнинг жабрини тортгансиз. «Юлдузли тунлар» ҳам, «Авлодлар довони» ҳам ёзиб бўлингач, бир неча йиллар ўтиб, оғир жангу жадаллардан сўнг босилиб чиқди-ку, ахир…

— Бу ҳақда матбуотда гапирганман. Шартмикан эски дардларни яна қўзғаш?

— Одамлар кўпроқ билгани маъқул. Шунинг учун…

— Майли, мавруди келган экан, айта қолай…

«Юлдузли тунлар» («Бобур») 1973 йилда чоп этилиши керак эди. (1972 йилда муҳокамадан ўтган эди-да). Аммо ўша пайтларда тарихий мавзуларга муносабат ёмонлашиб кетди. Дейлик, Ўлжас Сулаймоновнинг «Аз и Я» китобига ҳужумлар авж олганди. Москвада чиқадиган «Вопросы истории» журналида тарихчи олимларимиздан бири Ҳамид Сулаймоннинг Бобур тўғрисида ёзганлари-ю, у ҳақда чоп этган альбомига қарши ўта адолатсиз гаплар айтганди.

— Шундай бир шароитда тарихий мавзуга, яна денг, Бобур мавзуига билиб қўл урдингизми ё…

— Билиб. Мен, аввало, Бобурга, умуман тарихга бўлаётган бундай муносабат мутлақо нотўғрилигини исботлаш, халқимиз тарихий илдизларимиздан руҳий озуқа олиши ва тарихни ҳеч қачон унутиб бўлмаслигини яна бир карра айтиш учун шу асарни ёзган эдим. Қийинчиликлар бўлишини олдиндан сезган эдим-у, лекин нимадандир умид қилардим.

Аслида, мен «Юлдузли тунлар»ни 59-йилда, «Уч илдиз»дан кейин бошламоқчи эдим. Лекин тушундимки, бундай мураккаб вазифани етарли тажриба орттирмасдан туриб амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун яна бир қатор нарсалар — «Қадрим», «Қора кўзлар», «Эрк» кабиларни ёздим, жамоатчилик уларни яхши кутиб олгач, ниятимга киришдим.

— Романга материал тўплаш учун Ҳиндистонгаям бориб келганмисиз?

— Ҳа. Ҳиндистоннинг Агра, Деҳли, ундан ташқари, Покистоннинг Карочи, Исломобод, Лаҳор шақарларида анча бўлдим. Тарихий обидаларни ва табиат манзараларини ўргандим…

Романнинг қўлёзмасини ўқиган ёзувчилар, нашриёт ходимлари унга ижобий баҳо беришди. «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»), «Саодат» журналида асардан парчалар босилди (1973 йилда). Бу эса ўқувчиларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Шу қизиқиш ўша пайтдаги турғунлик муҳибларини хавотирга солиб қўйди. Недирки, роман қаммани ўзига жалб этиб олиб кетиб қолиши мумкин, деб. Яна денг, мавзуси нозик… Бунинг устига, ўзимизнинг ёзувчиларимиз орасидаги маълум бир бахиллар қўшилди. Хуллас, романнинг йўлига ғов ташланди. Орадан уч йил ўтди. Ҳеч натижа йўқ. Уюшмамизнинг раҳбарлари эса мени юпатишади, кутинг, бугун-эрта ҳал бўлиб қолар, деб. Уч йилдан ошиқ кутдим. Охири, Рашидов билан гаплашиб кўринг-чи, деб қолишди. Ҳузурига кирдим. Рашидов гапни айлантириб, бизга ҳозир Бобур ҳақидаги роман керак эмас, деб очиқ айтди.

— Аммо у киши «Юлдузли тунлар»га яхши баҳо берган экан-ку?

— Тўғри. Лекин роман босилиб чиққач. Назаримда, олдинига Рашидовга кимдир асар ҳақида бошқача ахборот берган ёки ўшанда замона шуни тақозо қилган, чунки боя айтиб ўтганимдай, Бобур, у тўғрисидаги альбом, «Аз и Я» китоблари Москвадан туриб қораланаётган, Иброҳим Мўминовнинг Темур ҳақидаги рисоласи қаттиқ танқидга учраган пайт эди-да. Балки унинг ҳам шундан оғзи куйиб, романни чоп эттиришга журъат этмагандир.

Хуллас, яна кутишга тушдим. Орадан уч-тўрт йил ўтди…

— Ижодкор одамга бундан оғир қийинчилик бўлмаса керак. Ахир юракнинг қони тўкилиб ёзилган асар…

— Нимасини айтасиз. Очиғи, ҳатто йиғлашгачаям борганман. Чунки устига устак, турли-туман дашномлар ҳам эшитиб турардим. Бегоналар у ёқда турсин, ҳатто баъзи яқин қариндошларимиз ҳам: «Айб ўзингда, ўртамиёна қаламкашсан, кучинг етмаган шуни эплаб ёзишга», дейишганди. Ишингиз юришмагандан кейин дуч келган одам сизни туртиб ўтишга уринаркан-да…

— Ичкилик ёки тамакидан таскин топган пайтларингиз ҳам бўлдими?

— Бордию шу нарсалардан нажот қидириш йўлига ўтсам, мутлақо тамом бўлардим, мақсадимга умуман эришолмасдим.

— Ҳеч кимга шикоят ҳам қилмадингизми?

— Йўқ. Арзу дод қилишни ёмон кўраман. Умримда бировнинг устидан ёзган эмасман. Менинг оғир-вазминлигимни эса бировлар камчиликка йўйиб, «Сиз қўрқоқсиз, сизда дадиллик йўқ, исёнкорлик етишмайди», дейишар эди. «Майли, сизлар ботир, исёнкор бўлақолинглар», деб жавоб қайтарардим уларга. Одам беш дақиқада минбарга чиқиб, ҳали айтилмаган гапни айтиб, «эҳ-ҳа, бу ботир экан» деган баҳога муяссар бўлиши мумкин. Тўғри, буям жасорат, лекин жасоратнинг бошқа бир тури бор: бу — меҳнаткашга хос жасорат: бу — ўз вазифасини йиллар давомида сокинлик билан, бақириб-чақирмасдан амалга ошира билиш. Ҳозир бизда бундай бардошлилар кам. Ўйлайманки, сизларнинг орангиздан шундайлар кўп чиқади.

— Шахсан сиз шундай бардошни қаердан олгансиз?

— Билмадим… Қийинчилик биздан олдинги авлоднинг ҳам бошига тушганини эсладим. Дейлик, Қодирийга қанчалар оғир бўлганди… Қодирийлар фожиасига нисбатан, менинг бошимга тушган савдолар (одам қиёс билан яшайди-да) у даражада бедаво эмас-ку, деб ўзимга тасалли бериб турдим.

— Ўша даврда ёзувчиликдан росаям совиб кетган, қўлингизга қалам ҳам олмаган бўлсангиз керакдир-ов?

— Қайтанга роса ёздим! Иш одамни овутаркан. Бир талай ижодий режаларим тўпланиб қолганди, шуларни амалга ошира бошладим. Болалигимда бошимдан кечирганларим асосида «Акрамнинг саргузаштлари» қиссасини ёздим. Пахтакорлар тўғрисида бирор нарса ёзишни анчадан буён мўлжаллаб юрардим ва ҳатто бир бобини қоралаб ҳам қўйгандим. Мирзачўлга бориб-келиб юрганимда Мамажон Дадажонов билан танишиб қолган эдим. Кейин унинг фожиавий ўлимини эшитдим-у, қаттиқ таъсирланиб, у ҳақда «Мерос» деган қисса ёздим. «Қора кўзлар»да шаҳар ҳаётига тааллуқли бир йўналиш бор эди, китобга ҳеч қовушмагани учун олиб қўйган эдим, асқотди: «Олмос камар» романига асос бўлди. Униям ёзиб битирдим.

— Бу ёзганларингиз ўз вақтида чиқиб турдими?

— Чиқиб турди, лекин барибир «Юлдузли тунлар»нинг йўли очилмади. Нима қилишни билмайман: осмон узоқ, ер қаттиқ, деганларидай… Менинг бу аҳволимни кўрган Юрий Суровцев (у СССР Ёзувчилар уюшмасининг котиби эди. Мен бир вақтлар Москвада, мамлакатимиз ёзувчилари уюшмасида ҳам ишлагандим. Ўшанда Суровцев билан дўст тутингандик) сабабини суриштира кетди. Унга бор воқеани айтиб бердим, дарҳол романнинг сўзма-сўз таржимасини сўради. Беш-олти ойда ўқиб чиқар деб юрсам, ўн кун деганда Москвадан хатини олдим. Юрий Иванович «Юлдузли тунлар» ҳақида ниҳоятда илиқ сўзлар битиб, «Бу романни, албатта, чиқариш керак ва бунда сенга қўлимдан келган ёрдамимни аямайман!» деб ёзганди. Қувониб кетдим. Кейин у кўп фурсат ўтмай, Тошкентга келиб, Рашидов билан роман хусусида анча суҳбатлашиб, уни шубҳалантирган ҳамма нуқталарга жавоб бергач, асарнинг босилишига рухсат тегди.

— Шундан кейин асар дарҳол дунё юзини кўрган бўлса керак!

— Қаерда дейсиз. Бу воқеа 77-йилнинг кузида содир бўлган бўлса, роман 78-йилнинг баҳорига бориб «Шарқ юлдузи» ойномасида, 79-йилда эса китоб ҳолида чиқди. Нашриётнинг ўша пайтдаги раҳбарлари атайлаб чўзишди.

— Шундай қилиб, «Юлдузли тунлар» ўқувчилар қўлига олти йил кечикиб тегибдида!.. Романингиз катта шов-шувларга сабаб бўлганини ҳалигача эслаймиз. Уни рус китобхонлариям яхши кутиб олишди. Ўзбек адабиётига камдан-кам ўрин берадиган «Новий мир» журналида китобга тақриз босилди. «Литературная газета» «Юлдузли тунлар»ни юксак баҳолади. Асарингиз «Правда» газетасида тилга олинди. Лекин шунга қарамай, 85-йилларда романга қайта ҳужум бошланиб кетди. Буни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

— Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, ўшанда жумҳуриятимиз партия раҳбариятига Абдуллаеваю Усмонхўжаевга ўхшаган одамлар келиб қолишган эди. Улар тарихимизни оёғости қилиш йўли билан марказдагиларнинг ҳурматини қозонишни ўйлашарди. Иккинчидан, мен бу пайтга келиб асарнинг иккинчи китоби — Бобурнинг ўғли Ҳумоюн ва невараси Акбар (асосан, Акбар)лар даврига бағишланган «Авлодлар довони»ни ёзиб тугатган эдим. У ҳам муҳокамада яхши баҳо олиб, «Шарқ юлдузи» ойномасида чоп этиш режалаштирилган эди. Сўнг Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилиши мўлжалланганди. Бу айримларга ёқмади шекилли, улар янги асарнинг йўлини беркитиш учун «Юлдузли тунлар»га тош ота бошладилар. Оқибатда янги роман ойномада анча вақт тўхтаб қолди.

Шоир Эркин Воҳидов (у ўшанда нашриёт директори эди): «Майлига, журналда чиқмаса ҳам ўзимиз чоп этамиз», деб романни нашрга тайёрлади. Иш сал юришай деганда Усмонхўжаевнинг пленумдаги нутқига биноан, яна йўллар тақа-тақ беркилди: терилган матнни тарқатиб юборишга мажбур бўлишди.

Орадан икки йил ўтгач, шароит сал юмшаб, роман «Шарқ юлдузи»нинг 88-йилги апрель сонида чоп этиладиган бўлди. Терилган саҳифаларни ўқиб бердим. Лекин бу орада «Гулистон» ойномасида Нуриддин Акрамович Муҳиддиновнинг Бобур ҳақидаги туркум мақолалари чиқди. Раҳбарлар унга салбий баҳо беришди. Бобур атрофида яна қора қуюнлар айланиб, роман матни иккинчи маротаба тарқатиб юборилди.

Аммо ҳар қалай, ҳозир замон бошқа, адолат тезроқ юзага чиқадиган давр келди. Тегишли жойларга бордим, «кимлардир иғво қилаётганга ўхшайди, роман тарих орқали халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши мумкин», дедим, исботлар билан юқоридагиларни бунга ишонтиришга интилдик. Ойнома жамоати ва бош муҳаррир Ўткир Ҳошимов ҳам романни чиқариш учун кўп ҳаракат қилди. Ниҳоят, асар ойноманинг 88-йилги 8—9—10-сонларида босилиб чиқди. Аммо тўлиқ эмас, олти босма табоқни қисқартиришга тўғри келди, журнал учун ҳажми жуда катта дейишди. Нима бўлсада, роман китобхонларнинг қўлига тезроқ тегсин деб, розилик бердим.

— Ким қисқартирди?

— Ўзим.

— Умуман, шу асарга қанча вақт сарфлагансиз?

— Ўн йилдан кўпроқ (шундан уч-тўрт йили даврни ўрганиш ва ҳужжатлар тўплашга кетди). Ҳа, романнинг пайдо бўлишида дўстим Чингиз Айтматовнинг ўзига хос маънавий ҳиссаси бор. Қаттиқ танқидга учраган ўша пайтларимда Айтматов Сиз билан қилган суҳбатида, Анваржон, «Юлдузли тунларини, Бобурни баралла ҳимоя қилгани кўнглимни кўтарди. Мен Чингиз Тўрақуловичга миннатдорчилик билдириб, мактуб юбордим. Унда адибни «Қиёмат» романи билан табрикладим ҳамда Акбар даври ҳақида китоб ёзганлигимни айтдим. У киши қисқа муддат ичида икки бетли жавоб йўллади. Унда шундай жумлалар бор: «Сенинг буюк Акбар ҳақидаги мулоҳазаларинг, Акбарнинг турли динларни бирлаштиришга интилиши ўта замонавий мавзудир. Бунга, яъни маънавий бирликка одамзод барибир мурожаат қилади, чунки бугунги шароитда инсониятнинг омон қолишига имконият берувчи бирдан бир йўл ана шудир. Бу ҳақда, албатта, роман ёз ва асаринг учун кураш. Шахсан мен ниятингни маъқуллайман.»

— Баъзи китобхонлар: «Пиримқул Қодировнинг Акбари барча динларни қовуштириб, қандайдир янги дин яратмоқчи бўлганми?» дейишяпти…

— Добролюбов Акбарни улуғ шахслардан бири деб билган. Чунки Акбар улкан ғояларни илгари сурган. У, масалан, динлар ўртасида маънавий кўприк қуришга интилган, барча дин тенг бўлсин, мустақил ривожлансин, деган ғояни илгари сурган.

— Бундан келиб чиқадики, романнинг айрим ғоялари китобхонларга бирдай етиб бормаган экан-да?

— Шундай. Сабаби бу асар бошқа романларимга қараганда бироз мураккаброқ, айниқса, иккинчи қисми. Унда тафсилотлар иложи борича камайтирилиб, фалсафий мушоҳадага кўпроқ ўрин берилган, эътиқодлар, имонлар кураши тасвирланган, динлар ўзаро қиёсланган. Буларни бус-бутунича қабул қилиш бир қадар тайёргарликни тақозо этади. Тўғри, сўнгги пайтларда китобхонларимизнинг савияси ўсиб кетди, аммо афсуски, ҳаммаси бирдек эмас. Баъзи ўқувчилар эса — ёрдамга муҳтож. Бу ўринда уларга адабиётшунослар, танқидчилар кўмакка келишлари керак эди. Лекин улар «Авлодлар довони»га бефарқ қарашди: асар у ер-бу ерда тилга олинганини ҳисобламасак, унинг таҳлилига бағишланган жиддий, атрофлича мақола чиқмади.

— Сизнингча романда камчиликлар борми?

— Мен уни ёзиш жараёнида сезган камчиликларни тузатиб борганман. Бундан ташқари, китоб ҳолида чиқишидан олдин ҳам анча тузатишлар киритдим, айниқса, динга оид қисмларида…

Умуман, адабий асар баҳоли қудрат, яъни куч етганича ёзилади. Мен олдимга жуда улуғ вазифаларни қўйишим мумкин, аммо уларнинг ҳаммасигаям эришиб бўлмас… Ҳар бир ёзувчини ўша ёзувчи тан олган ҳақиқатлар тарозиси билан тортиб баҳолаш лозим, деган эди Пушкин.

Романимда нуқсонлар бўлиши табиий, аммо мен қўлимдан келганча бенуқсон ёзишга интилганман.

— Нега бобурийларни оврупаликлар доимо «Улуғ мўғуллар» дейишади?

— Бобурнинг ўзиям, унинг авлодлариям ҳеч қачон «биз мўғулмиз» дейишмаган. Улар доимо она тилимиз туркий дейишган, ўзларини туркий халққа мансуб ҳисоблашган. Акбарнинг дўсти ва тарихчиси Абдулфазл Алломийнинг «Акбарнома» китобида бу буюк зот шажараси қуйидагича санаб ўтилган: Акбар бинни Ҳумоюн, бинни Бобур бинни Умаршайх… бинни Темур. Темурнинг ҳам беш-олти авлоди қайд қилиниб, охири бинни Абу Турк билан якунланган, яъни Темурнинг бобокалони туркий халқдан бўлгани таъкидланган.

«Буюк мўғуллар» атамаси кейинчалик, Ғарбий Оврупадан чиққан, аниқроғи, у инглиз, испан, португал сайёҳлари томонидан «таъсис» этилган. Атайлаб, бобурийларни туркий, мусулмон халқларидан узоқлаштириш мақсадида.

— Тарих ҳар биримиз учун улкан сабоқ, шу сабабли тарихий асарларга бўлган қизиқиш жуда катта. Демак, табиийки, сиз ана шу йўналишда, яъни тарихий мавзуда яна асарлар ёзсангиз керак?

— Ҳақиқатан ҳам тарихий мавзу ниҳоятда қизиқарли, ҳам тўқнашувларга бой. Лекин шу 60—70 йил давомида бошимиздан кечган ва ҳозир кўз ўнгимизда содир бўлаётган воқеалардан ҳам катта ҳаётий сабоқ олишимиз мумкин. Рости, мен иккиланиб турибман, узоқ тарихни давом эттирайинми, ёки замонавий мавзуга қўл урайми, деб…

— Яқин-яқингача сиз мутлақо эркин ёзувчи эдингиз, яъни бор вақтингизни фақат ижодга сарфлардингиз. Энди Ўзбекистон халқ депутати, парламентда эса катта бир қўмитага раҳбар этиб сайландингиз… Сиз хоҳлайсизми-йўқми, бу ишлар ижодингизга кетадиган вақтнинг маълум бир қисмини олади. Шундан афсусланмайсизми?

— Менинг асосий вазифам — ёзувчилик. Аммо ҳозир биз ғалати бир даврда яшаяпмиз, халқимизнинг келажак тақдири худди шу кеча-кундузда амалга оширилаётган ишларга чамбарчас боғлиқдир. Шу сабабли бу ишларга озми-кўпми ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Аммо, яна таъкидлайман: менинг асосий ишим — ёзувчилик.

— Пиримқул ака, мен бир нарсага ҳайронман; юксак маданият тараққий этгани сари ёвузлик, жиноят кўпайиб боряпти, кўпчиликда эътиқод йўқоляпти…

— Жиноят, менингча, илгарилариям кўп бўлган. Лекин у яшириб келинган. Мана, Сталин даврини олайлик, миллионлаб одамлар уйларидан битта-битта олиб кетилиб, ёвузларча ҳалок этилган, бадном қилинган. Инсоният тарихида минг йиллар давомида бунчалик катта миқёсда, чексиз шафқатсизлик билан қилинган жиноят содир бўлмаган эди. Кўп халқлар ўз ватанидан бадарға қилинди. Лекин ҳиди чиқарилмаган бу жиноятларнинг. Ҳозир, ошкоралик даврида эса ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин айтилмоқда. Шундай бўлгани яхши. Масалан, уйнинг деразаларини очиб, хоналарни шамоллатиб турсангиз, ҳаво тоза бўлади, микроблар қирилиб кетади. Сиз айтган иллатлар ҳам шу микробларга ўхшайди, яъни уларга қуёш нури тушса, тоза ҳаво таъсир қилса — бу иллатларни йўқотиш осонроқ кўчади. Энди эътиқодга келсак. Эътиқодсизлик 50— 60-йилларда кўпроқ эди. Назаримда, эътиқодлилар, ҳозир, аксинча, кўпайиб бормоқда. Мен бу ерда самимиятга йўғрилган диний имон-эътиқодни ҳам назарда тутаяпман. Эътиқод яхши бўлиш ва яхшилик қилиш ниятидан келиб чиқиши керак.

— Лекин, аксари ҳолларда яхшиликка яхшилик қайтмайди-ку?

— Қайтиши шарт эмас. Бизда мақол бор-ку, «Яхшилик қил — дарёга ташла, балиқ билмаса, холиқ билади», деган. Яхшилик билан одам ўзининг дилини обод этади. Бировга ёмонликни раво кўрган кишининг дилида, албатта, ўша ёмонликларнинг асорати қолади. Ёмонлик охир-оқибат қайтади, кутилмаган жойдан қайтади. Мана, менинг отамга адолатсизлик қилганлар ичида бир одам бор эди (мен уни «Қора кўзлар» романимда Исмат бобо деган ном билан келтирганман). У чақимчилик билан қишлоғимиздаги бегуноҳ кишиларни қаматиб юборганди. Сири очилгач, одамларнинг назаридан қолди. Кейин эса кўзлари кўр бўлди. Аммо шундаям ёмонлик қилишни қўймади, бора-бора хотини, келини, ўғли ўртасида низо чиқара бошлади. Охири ўғли чидолмай: «Ота, шунча қилган айғоқчилигингиз каммиди, энди уйдагиларни тинч қўйинг», дейди ғазаб билан. У эса «дод» солиб бақиради. «Мен сени оқ қиламан!» дейди ўғлига. Шунда хотини: «Оқ қиладиган одамнинг кўнгли оқ бўлади. Сизнинг эса кўнглингиз қора! Сизнинг кўзингиз кўр эмас, имонингиз кўр, виждонингиз кўр!» дейди…

Дўрмондаги боғ атрофида кускут (чирмовиқнинг ёмон тури) деган бир ўсимлик ўсади. Барги йўқ, илдизи йўқ, худди чувалчангга ўхшайди. Баъзан ҳаводан учиб келиб, мевали дарахтларга ёпишади. Бир куни қарасам, четроқдаги баланд бир теракнинг ярмигача чиқиб, уни қуритибди, аммо ўзиям қуриб ётибди. Чунки унга ўша терак озиқ бериб турган эди-да. Ёмонлик бир куни, албатта, ўзиям барбод бўлади!..

“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 12-сон