«Миллат отаси»нинг соясида (ёзувчи Темур Пўлатов билан суҳбат) (1988)

http://ziyouz.com/images/uz/temur_pulatov2.jpgЛ. Брежневнинг «ёзувчилик» фаолияти ҳаммага яхши маълум. Унга биринчи номерли ёзувчилик гувоҳномасини бериш учун СССР Ёзувчилар Союзининг аъзолик билетларини алмаштиришга тайёргарлик кўришаётган эдилар. Афсуски, улгуришмади. Ш. Рашидов эса бу борада юксак мартабали ҳомийсини анча ортда қолдирганди. Кўп йиллардан буён СССР Ёзувчилар Союзининг справочнигида унинг исми шарифи қайд этилар, «асарлари» эса энг яхши журналларда ҳамда алоҳида китоб ҳолида кетма-кет нашр қилинарди. Ҳар қандай шахсни ортиқча улуғлаш, унга сиғинишнинг мантиқий асоси мана бунга ўхшаш: республиканинг «энг улуғ одами» «ёзувчи» бўлса, демак, энг яхши ёзувчи ҳам худди унинг ўзидир. Шундай экан, унга замондош, у билан ёнма-ён яшаган «яхши» бўлмаса-да, чинакам ўзбек ёзувчиларининг аҳволи қандай эди? Ана шундай ёзувчилардан бири — Темур Пўлатов билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

Бугунги кунда Темур Пўлатовни Ўзбекистоннинг энг таниқли ёзувчиларидан бири деб тан олишади. Аммо уни элга танитган, ижодига катта қизиқиш уйғотган асарлари — «Ғойибнинг иккинчи сафари», «Мулк», «Кунда-шунда», «Бухоро хонадонининг кечмишлари», «Торозий тошбақаси» ва бошқа китобларининг биронтасини ҳам ёзувчи ўз вақтида, ўз ватани — Тошкентда нашр эттира олмади. Уларнинг бари Москвада чоп этилди. Темур Пўлатов яшаб, ижод этаётган республикада уни, гўёки унутиб қўйдилар. Бу ҳол йигирма йилча давом этди.

Бундай кун фақат Темур Пўлатовнинг бошигагина тушгани йўқ. Бундай кун, минг афсуски, Рашидов ва унинг теварагидагилар шаънига мадҳиялар тўқишни истамаган, ўз очерк, достон ва романларида Ўзбекистоннинг «гуллаб-яшнаганини» куйламаган, республиканинг «доно раҳбарини» улуғламаган барча ўзбек ёзувчилари учун типнк қисмат бўлиб қолди. Республика ҳукуматига сира ёқмайдиган бундай ёзувчилар тазйиқ остига олиндилар, уларнинг асарларини нашр этиш тўхтатиб қўйилди. Яқинда Москвада бўлиб ўтган СССР Ёзувчилар Союзининг пленумида ҳам ана шулар ҳақида кенг, атрофлича гапирилди.

Мен эндиликда республика Давлат мукофотининг лауреати, Ўзбекистон Ёзувчилар союзи правлениеси Президиумининг аъзоси Темур Пўлатовдан Рашидов давридаги адабий ҳаёт ҳақида янада батафсилроқ сўзлаб беришни илтимос қилдим. Бу мавзу шунинг учун ҳам қизиқарлики, ўша йиллари Рашидов республиканинг етакчи адиби ҳисобланар, унинг асарлари мактаблар ва олий ўқув юртларида мажбурий тартибда ўрганилар эди.

Суҳбатнн бошлар эканман, у ҳамсуҳбатим учун бунчалик узоқ ва оғир бўлишини сира кутмаган эдим. Биз бир неча бор Тошкентда, кейин эса, Москвада, Темур Пўлатов Ёзувчилар Союзи пленумига келганида қайта-қайта суҳбат қурдикки, тобора янги-янги фактлар, воқеалар ва номлар билан бойиб бораётган бу ўтмишнинг гўё чек-чегараси йўқдай туюларди…

—     У давр ҳақида сўзлаш оғир, аммо гапириш керак. Шахсий ҳисоб-китоб учун эмас, балки тавба-тазарру учун, сўздагина, «тилдагина» эмас, балки қалб ва виждоннинг туб-тубларигача тозариш учун гапирмоқ керак. Бизнинг Ўзбекистонда негадир қаттиқ ишонар эдилар: Рашидов, агар уни ёмон раҳбар десалар, чидаши мумкин, аммо, худо сақласинки, уни ёмон ёзувчи деб айтсалар борми… Уни ёмон раҳбар дейишга ким журъат қилди экан, билмайман. Чунки Л. И. Брежнев икки марта — 1974 ва 1977 йилларда, республикада қўшиб ёзиш ва бошқа кўзбўямачиликлар авжига чиққан бир пайтда Рашидовнинг кўксига Социалистик Меҳнат Қаҳрамони нишонини тақиб қўяр экан, уни республиканинг «ишончли, кўп йиллик синовлардан ўтган йўлбошчиси» деб баҳолаган эди.

Шарқда ҳукмдорларга хос қадим анъана мавжуд — уларнинг кўпчилиги шеъриятга хизмати билан халқ кўзи олдида ўзларини эзгулик тарафдорлари қилиб кўрсатишга уринадилар. Бир қатор ҳукмдор-шоирларни санаб ўтиш мумкин. Уларнинг шон-шуҳрати, эҳтимол, Рашидовга ҳам тинчлик бермагандир…

— Аммо барча даврларда ҳам зулм ва истибдодга қарши турувчи шеърият ҳам бор эди-ку. Дейлик, Эпикур издоши Умар Хайём, ёрнинг бир табассуми учун Самарқанду Бухорони беришга тайёр турган Ҳофиз, «Шоҳнома» достони учун инъом этилган бойликни камбағалларга улашган Фирдавсий…

— Аммо бундай шоирларни камситиш учун ҳукмдорлар уларни ким деб аташганини биласизми? «Девона» — бу оламга бегона. Рашидов ҳам ўз асарлари қимматини шубҳа остига олган барча ҳақиқатгўй ёзувчиларни «девоналар» деб ҳисоблар эди.

Таниқли ёзувчи, СССР Давлат мукофотининг лауреати А. Қаҳҳор Рашидовнинг «Бўрондан кучли» романининг Ленин мукофотига тавсия этилишига қарши сўзлагани учун лаганбардор адабий амалдорлар томонидан тазйиқ остига олинди. Кечагина унинг дўстлари ва шогирдлари бўлганлар ёзувчиларнинг йиғилишларида, газеталар саҳифаларида А. Қаҳҳорни «гуллаётган Ўзбекистонни бадном қилувчи», «ўз халқининг бахт-саодатига соя ташловчи» деб атай бошладилар. Улар учун, гўёки, «қаттиқ ҳақоратланган», кек сақловчи ва ўч олувчи Рашидов Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг синоними эди. Ҳатто ўша йиллари Тошкентда яшаган К. Симонов ва В. Овечкинлар ҳам А. Қаҳҳорни ҳимоя қила олмадилар. Таъқиб ва туҳматлар остида қолган адиб ўз режа ва орзу-ўйларини тўлалигича қоғозга туширолмай ҳаётдан бевақт кўз юмди. Ҳатто тор давраларда ҳам Рашидов шаънига номақбул гап айтиб бўлмай қолганди. Ҳар ерда унинг айғоқчилари юрарди. Адабиётшунос Э. Рустамов ўз аспиранти билан суҳбатлашаётиб, «Рашидов бизнинг танқидчиларимиз айтаётганларидек зўр ёзувчи эмас», деганини айғоқчилардан бири «йўлбошчи»га етказади. Буюк рус олими Е. Э. Бертельснинг шогирди, Туркия ва Италияда ҳам эътибор топган ажойиб асар — «Ўн бешинчи асрнинг биринчи ярмида ўзбек шеърияти» номли тадқиқот муаллифи Рашидов кўрсатмаларига биноан чаласавод танқидчилар томонидан «ғоявий беқарорлик» ва «илоҳиётчилик»да айбланди. Эндигина 50 ёшга тўлган профессор Э. Рустамовни руҳий хасталиклар шифохонасида нобуд қилдилар. Композитор, Ўзбекистон ССРнинг Гимни муаллифи Мутал Бурҳонов республика Композиторлар союзи раислигига Рашидов тавсия этган одамнинг номзодига қарши овоз бергани учун узоқ йиллар жамоатчиликдан, ижтимоий ҳаётдан мажбуран четлаштириб қўйилди. Ўзи ёқтирган, ўзи «тарбиялаган» кишиларга кимки қарши чиқмасин, у Рашидовга ҳам қарши чиқаётир деб қабул қилинар эди. Истеъдодли кинорежиссёр А. Ҳамроев бошқа республикалардан иш ахтаришга мажбур бўлди. У «Оқ, оппоқ лайлаклар» фильмида ҳаёт машаққатларини тасвирлашга журъат этганди, «рашидовча» Ўзбекистонда эса турмуш мураккабликлари, фожиалар аллақачон тарихга айланган, унутилган деб ҳисобланар эди-да.

Мен яна Рашидов асарларини ижодда эргашиш учун намуна қилиб олмаган, адабиёт деган тушунчани булғаб, оёқ ости этилишига, халқнинг маданиятини, одоб-ахлоқини онгли равишда, жинояткорона емираётган воқеликка қарши исён қилган адиблар Шуҳрат, С. Зуннунова, Шукрулло, П. Қодировларни ҳам айтиб ўтмоғим керак. Шундай бўлса-да, Рашидовнинг зеҳни, идроки етмаган, лекин илҳом, юксак маънавият ва маҳорат билан яратилган асарлар муаллифлари таъқиб ва қувғинга дучор қилинди.

Агар мен: Рашидов бошчилик қилган йиллар — бу давр қарийб чорак аср давом этди — санъатда яна ўз услуб ва мақсадлари билан «сталинчилик» ҳукмронлик қилди, десам, ҳақиқатга қарши гапирмаган бўламан. Унчалик узоқ давом этмаган «Хрушчев мўътадиллиги» даврида ноқонуний репрессия қилинган ёзувчиларимиздан айримларигина китобхонларга қайтарилди, холос. Қолганларини эса, масалан, Чўлпон ва Фитрат каби вафот этгандан сўнг оқланган ёзувчиларни Рашидов қайтадан тақиқлаб қўйди.

—         Маълумки, Рашидов бадиий ижоди жуда кўп илмий монографиялар, диссертацияларда «тадқиқ этилган», тўғрироғи, қеч уялмасдан ошириб мақталган. Ана шундай «илмий» ишлардан айримлари Москвада ҳимоя этилган эди. Бугун Рашидов асарларига астойдил ва объектив баҳо бериш мумкин. Сизнингча, улар қандай асарлар?

—         Рашидов ижоди бўйича диссертация ёқлаган фан номзодлари ва докторлари мени кечирсинлар: Рашидов нимаики ёзган бўлмасин, илк шеърий тўплами «Қаҳрим»дан тортиб, то насрий асарлари — «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин» романларигача — ҳаммаси такрорий ва замонасоз ҳаётдан нусха кўчиришга асосланган, принципсиз асарлардир. На сюжетда, на ёзиш услубида бирор оригиналлик бор. Ўз романлари мавзусини у «Ўзбекистон ССРни ривожлантиришнинг беш йиллик планларидан, асосий йўналишларидан» олар эди. Бу ҳеч муболаға эмас. «Энг улкан, қамровли» мавзуларни ўзи олар, қолганларини эса меҳрибонлик билан ўзига яқин ёзувчиларга тарқатиб берарди. Чунки бу мавзулар нуфузли, эътиборли ва мукофотталаб ҳисобланарди. Рашидов адабиёт, ҳаётни унинг мураккабликлари ва фожиаларини кескин рад этган ҳолда, фақатгина кўкка кўтариб мақташ, улуғлаш йўсинида тасвирлаши лозим деб қаттиқ ишонарди. Бу унинг адабий-танқидий мақолаларида ҳам яққол кўринади. Рашидовнинг, бу «воқеликни пардозлаш устаси»нинг ўткир тадқиқотчилардан бири — ёзувчи В. Кожевников унинг 1977 йилда нашр этилган китоби сўзбошисида ёзган эди: «Шароф Рашидов романларида ҳаракат ўрни доимо аниқ. «Қудратли тўлқин»да — Фарҳод ГЭСи қурилиши (китобда Ғалаба ГЭСи), «Ғолиблар» ва «Бўрондан кучли»да — Мирзачўл. Аммо автор тасвир этган воқеаларни бутун Ўзбекистон миқёсида, бутун республика учун характерли бўлган ютуқлар, ўзгаришлар, ривожланиш босқичлари билан чамбарчас боғланишда кўриб чиқмоқ лозим…»

А. Қодирий, Айний, Чўлпон, Ойбек, А. Қаҳҳорларнинг талантли асарларидан кейин адабиётимизда конфликтсизликнинг «вулгар-социологик назарияси» пайдо бўлди. У «республиканинг етакчи ёзувчиси» ҳиммати билан ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Кўп миллатли совет адабиётида Ф. Абрамов, В. Биков, И. Друцэ, Г. Матевосян каби ростгўй сўз усталари ижод этаётган бир пайтда бизда ана шундай бўлди. Ўзимизда «тирик классик» ижод қилаётган экан, бошқа адабиётлар билан қанчалик ишимиз бор? Рашидовнинг 50 йиллиги шарафига ўша пайтдаги республика маданият министри В. Зоҳидов «Гулистон» журнали саҳифаларида ёзган эди: «Қандай соз! Бизнинг воқелигимиз, ҳаётимиз, Ватанимиз ва бизнинг меҳнатимиз шонли 50 ёшга тўлди… Халқимизда айтилганидек, «дунё тургунча туринг!» Биз эса Сизнинг ижодингиз чаманзоридан ажойиб гуллар териб, ажойиб гулдасталар тизиш бахтига муяссар бўлайлик!» Рашидовни «бизнинг ҳаётимиз» «бизнинг Ватанимиз» деб улуғлаш учун ростдан ҳам ўз-ўзидан хурсанд бўлавериш, қандайдир асоссиз хушнудлик бахш этган ўй-хаёллар эгаси бўлмоқ керак. Аммо бу хаёллар республиканинг энг гўзал чаманзоридан гуллар териш учун қаерларга учмади дейсиз?! Зоҳидов эса жуда нодир гулни топиб узди — у тез орада академик бўлди.

—     Фожиа фақатгина Рашидовнинг «шон-шуҳратга ишқибозлигида эмас, «республиканинг атоқли ёзувчиси» деган номни хушомадгўй адабиётшунослар, танқидчилар ҳам зўр бериб тасдиқлар эдилар. Эҳтимол Рашидов шахсни улуғловчи муҳитни яратганлар фақатгина ўзбек «ёзувчи»лари эмасдир. Ҳозиргина Сиз В. Кожевниковнинг номини тилга олдингиз. Бу «Знамя» журналининг собиқ бош редакторими?

—     Ҳа, бу ўша. Рашидов учун унинг асарларига шубҳа билан қаровчиларни ишонтиришда фақатгина ўзбек танқидчиларининг фикрлари камлик қилар эди. У бутуниттифоқ ва ҳатто жаҳон адабиёти миқёсида ҳам ном қозонишни жуда-жуда истарди. «Знамя», «Огонёк» журналларидаги чиқишлари, «Вопросы литературы» каби обрўли журналларда босилган мақолалар, «Правда», «Литературная газета» ва бошқа марказий нашрларнинг саъй-ҳаракатлари билан Рашидов фақатгина сиёсий ва жамоат арбоби эмас, балки кўп миллатли совет адабиётининг олдинги сафида турувчи адиб сифатида ҳам обрў қозонди.

Биз ҳамиша инқилобдан сўнгги адабиётимизнинг шаклланишини атоқли рус ёзувчилари ижоди билан боғлаймиз. Горький, Маяковский, Фадеев, Тихонов ўзбек адабиётида кимки талантли бўлса, барчасини қўллаб-қувватлар эдилар. Турли йилларда Сергей Есенин, Луговской, Ахматова адибларимиз даврасида бўлдилар, бизнинг бадиий маданиятимизда сезиларли из қолдирдилар. А. Платоновнинг «Жан» қиссаси бизни ўзимизга янгича қарашга мажбур этди. В. Дудинцов, А.            Тарковский, С. Липкин кўп асрлар мобайнида халқ руҳи, ақл-заковати билан яратилган адабиётимизнинг фазилатларини таъкидлаб, классикларимизни ҳам, замондош адибларимизни ҳам севиб таржима қилдилар. Афсуски, Рашидов даврига келиб баҳолаш мезони, ўлчовлари ўзгарди, ўзбек адабиёти ҳақида эътироз билдириб бўлмайдиган фикрлар айтувчи Москва ёзувчиларининг ҳам давраси ўзгарди.

—     Рашидов шаънига мадҳиялар тўқиган юртдош танқидчиларнинг мақсадини тушунса бўлади — унвонлар, иззат-ҳурмат, мукофотлар… Аммо москвалик адабиётчилар нимани кўзлаган эдилар? Ахир улар ҳеч бир борада Рашидовга мутеъ эмасдилар-ку! Шундай бўлса-да, Рашидовни улуғлаганлар Москва адиблари орасида ҳам кўп топилади: А. Сафронов, Н. Грибачев ва бошқалар…

—     Адабиётнинг роли борасида Рашидов билан бир хил фикрда бўлганларнинг барчаси уни қўллаб-қувватладилар. Халқимизнинг кўп асрлик қадимий маданияти билан қаттиқ қизиққан ва Ўзбекистонга келиш ниятида юрган Ф. Абрамовнинг Рашидов ёқламаслиги тайин эди. Адибнинг шу масалага алоқадор айрим хатлари менда сақланмоқда. Абрамовдек юрак-юрагигача ҳақгўй ёзувчининг келиб-келиб истеъдодсизликни қувватлашини тасаввур ҳам қилолмайман! К. Симонов ҳам, гарчи унга катта бойлик ваъда қилган бўлсалар-да, Рашидов асарларини таржима этишдан воз кечди. Атайин у қувғин қилган Абдулла Қаҳҳорнинг китобларини русчага ўгирди. Гарчи «алоҳида» намунали хўжаликлар бўйлаб сайр эттиришган ва унга: «Сиз «Районнинг кундалик ташвишлари» китобингизда нима учун курашган бўлсангиз, уларнинг барчаси ана шу ерда, миллионер колхозда аллақачон рўёбга чиққан» деб айёрлик билан шивирлашган бўлсалар ҳам, В. Овечкин Рашидовни, унинг атрофидагиларни, республикадаги «фаровонликни» мақтаб ўтирмади. Аксинча, ана шундай саёҳатнамо сафарлардан сўнг ёзувчи бу кўзбўямачиликлар ортида ёлғон ва жиноят яширинганини ўйлаб, ўзини ёлғиз қолдиришларини истар, ҳафталаб ўз хонасидан ташқарига чиқмас, нохуш кайфиятда юрар эди. Ю. Карасев эса, ўзининг «Ёлғон моҳият» номли ғалвали мақоласида Борис Пастернакни «фош этиб» ташлашга уринган ўша машҳур Карасев ташқи олам шов-шувларидан бекиниб олганича, худди Боғи Эрамдаги каби ҳузур-ҳаловат оғушида Рашидов асарларини рус тилига таржима қилди. Унинг юқорида эслатилган мақоласи ўз вақтида «жуда керакли», аммо ўз сафларидан Б. Пастернакни ўчирган ёзувчилар союзининг аъзоси бўлиш учун жуда камлик қиладиган бир қадам эди. Яна нима биландир ўзини кўрсатиши лозим эди. Москвада уни Ёзувчилар Союзи аъзолигига қабул қилишмади. Нима бўпти? Шундай қилиб Рашидовнинг буйруғига кўра, Устав қоидаларини очиқдан-очиқ бузишгани ҳолда таржимон Карасевни Тошкентда союз аъзолигига қабул қилдилар. СССР Ёзувчилар союзининг секретариати ҳам гўёки бу бузмагарчиликни кўрмагандек республика Ёзувчилар союзи қарорини тасдиқлайди. Мана сизга ҳисоб-китоб! «Хўжайин» — саховатли. Кимки Рашидовни ва унинг яқинларини бутун мамлакатга овоза қилиб мақтаса, унинг Ўзбекистонда кетма-кет китоблари чиқади, юксак унвонларга эга бўлади. Ўз навбатида уларнинг асарлари ҳам ўзбекчалаштирилади.

В.  Кожевников бўлса, бизнинг республикамиздан СССР Олий Советига депутатликка сайланиш бахтига ҳам муяссар бўлди.

«Юксак мартабали меҳмонлар» — СССР Ёзувчилар Союзи секретарлари, Марказий газета-журналлар бош редакторларининг республикамизга келганликларини биз улар жўнаб кетганларидан кейин — газеталарда босиладиган ва телевидение орқали янгровчи ширин сўзга бой интервьюлар орқалигина билиб қолардик. Уларнинг бари Рашидовнинг «доно» раҳбарлиги остида республика ҳаётининг барча жабҳаларида эришилаётган ютуқлар ва, айниқса, Рашидовга яқин бўлган намоёндаларнинг доимий рўйхатини келтиришиб, адабиёт ва санъатда қўлга киритилаётган натижаларни жўр бўлишиб мақташар эди. Уларни олиб ўтишган ўша «депутатлар маршрутлари»да фақатгина ютуқлар кўзга ташланиши табиий ҳол бўлиб, маршрутлар реал ҳаёт йўлларидан жуда узоқда эди. Бу йўллар деҳқонлар эртадан-кечгача терга ботиб ишлаётган ва самолётларда тинимсиз инсон саломатлиги учун фалокатли, заҳарли химикатлар сепилаётган далаларга, қашшоқлик ва оғир меҳнат исканжасида сунъий ҳосил қилинган саводсизлик билан ёнма-ён турган, шундоқ ҳам кўп жабрситам кўрган халқни орденлар, унвонлар, мансаблар, олтин ва зеб-зийнатлар учун шафқатсизларча эксплуатация қилаётган «янги бойваччалар» дастидан нолиш, уларга нафрат нидолари янграётган қишлоқларга яқин ҳам келмасди.

Андрей Битов ўз йўлини сайёҳлик сўқмоқларидан ҳаёт ичкарисига буриб, «шарқона меҳмондўстлик»ни «ҳурмат қилмагани» учун эшитган танбеҳ ва дашномлари — Хива сафари таассуротларини ҳикоя қилиб, асар ёзса яхши бўлар эди. Белла Ахмадуллина-чи? У ҳам «рашидовча меҳмондўстлик»нинг моҳиятини англаб етгани ва ўз чиқишларидан бирида бу ҳақда очиқ гапирганлиги учун шундай аҳволга ташлаб қўйилдики, оқибатда сафар муддати тугамасданоқ республикани тарк этишга мажбур бўлди.

—     Демак, Ўзбекистонга келган адабиётчилар — тийиқсиз мақтовга тўла мақолаларнннг муаллифлари содир қилинган тартибсизликларни кўриб-кўрмасликка олганлар, шундайми?

—     Ҳамма ҳолларда қам шундай деб бўлмайди. Масалан, республикамизда бўлган ёзувчи Д. Калиновская, 1982 йилда «Литературная газета»да Поп агросаноат бирлашмаси бош директори А. Одилов тўғрисида очерк эълон қилганида, эҳтимол, ўзи мақтаётган қаҳрамон ўғрилар уюшмасининг бошлиғи ва кўпларнинг бошига етган зобит шахс эканини хаёлига ҳам келтирмагандир. «Знамя», «Огонёк» журналларида ёритилган «ижобий» очеркларнинг муаллифлари ўзлари мадҳ этаётган кишиларнинг ашаддий жиноятчилар ва ғазна ўмарувчилар эканини, эҳтимол, билишмагандир. Бу журналистларнинг ўз очерклари учун материал тўплаш усули жуда оддий эди. Зотан улар олдиндан умидбахш баҳамжиҳатликка ҳозирлик кўриб қўйилган, «танқиддан холи зона»га борар эдилар-да. Уларни аэропортдан тўппа-тўғри республика Компартияси Марказий Комитетига олиб боришар, қаерда ва қайси «ижобий қаҳрамон» ҳақида ёзиш кераклигини айтишарди. Область партия комитетларида эса «юқори»нинг кўрсатмаси билан ҳурматли ёзувчини кутиб олиш янада шодиёна руҳда ўтарди. Табиийки, меҳмонни обкомнинг боғ-меҳмонхонасига жойлаштиришар, шу лаҳзадан бошлаб унинг ҳар бир қадами назорат остига олинар, олдиндан белгилаб қўйилар эди. Олий ва ўрта партия-совет ташкилотларининг ходимлари, министрлар бош ролларда ўйнайдиган дабдабали, театрлаштирилган маросимлар, тўкин-сочин зиёфатлар, хайр-эҳсонлар ҳам ўша қабиҳ механизмни ииқоблаш воситалари эди.

—     Ҳа, Ўзбекистонга борган журналистлар «шарқона» меҳмондорчилик»ни ўз таналарида етарли даражада сннаб кўрдилар. Айни вақтда шарқона зўравонликнинг ҳам куч-қудрати меваларндан тотиб кўрдилар!

— Марказий матбуот саҳифаларидаги мадҳиябозликлар, эртасигаёқ республиканинг барча нашрларида босилиб чиқарди. Ёлғон-яшиқ мақтовлардан тўйиб кетган халқ районларда, областларда, Марказкомда, Министрлар Советида ўзининг қандай ажойиб раҳбарлари ишлаётгани ҳақидаги узундан-узоқ мақолаларни такрор ва такрор ўқишга мажбур эди. Гоҳо қичқиргиси келарди одамнинг: «Э, худо, наҳотки «ҳамма нарсадан аввал сўзлар бор бўлган» дунё келиб-келиб, ёлғон сўзлардан барбод бўлса-я?!» Бу алдамчиликларнинг фожиали доирасидан чиқиш учун теварак-атрофга «Волга»нинг ойналари орқали эмас, очиқда туриб, оддий кўз билан тикилиброқ қараш кифоя эди. Туз босганидан оқариб кетган далаларда яёв юриб, Бухоро областида «буюк мелиоратор» жорий этган суғориш усули «шарофати» билан минг-минглаб гектар ҳосилдор ерларнинг хароб қилинганини, шаҳарларнинг ичимлик сувига зор бўлганлигини кўриш сира қийин эмасди. Ер ўлиб борар, «рашидовчилар» бўлса йилдан-йилга оширилган социалистик мажбуриятлар қабул қилишар, ярмидан кўпроғи қўшиб ёзиш ва бошқа кўзбўямачиликлар ҳисобидан бўлса ҳам, область пахта хирмонини 1986 йилгача 1 миллион тоннага етказиш учун «курашардилар». Такрор айтаманки, Рашидовни республика раҳбари ва етакчи адиб сифатида кўкка кўтарганлар, уни қуршаган амалдорлар шаънига мадҳия ўқиганлар, эҳтимол, уларнинг жиноий ишларидан бехабар бўлишгандир, аммо шундай маддоҳлар ва ҳомийлар ҳам бор эдиларки, улар бу ҳақда гап бўлишини ҳеч истамасдилар. Шуниси ачинарлики, А. Одилов жиноятларининг фош бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалиши биланоқ, «Ўзбекистоннинг улкан дўсти» бош редактор бўлган жаҳоннинг кўплаб тилларида чиқадиган «Советский Союз» журнали (1981 йил, 8-сон) Одилов раҳбарлик қилаётган хўжалик ҳаётидан бир неча саҳифалик фоторепортаж эълон қилди. Бундай ҳол фақат Одилов билангина бўлгани йўқ. Одамнинг қандай қўли боради бундай ишларга?

Республикада эса бу вақтлар ғалаба садолари остида «танқиддан ҳоли зона»нинг атрофини янада мустаҳкамроқ ўраб олиш учун сўнгги «қайсарлар»ни йўқотиш тадбирлари авж олди. «Известия» газетасининг махсус мухбири Г. Меликянц, республика раҳбариятига унинг танқидий чиқишлари ёқмаганлиги боис Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. «Муроса қилишни билмайдиган» СССР Ёзувчилар союзининг айни кундаги биринчи секретари В. Карпов ҳам шундай аҳволга тушган эди.

—     Жуда ажабланарли, Рашидов буларнинг барчасига қандай улгурди экан-а! Республикага раҳбарлик, романлар устида ишлаш, кимга унвон бернш керак, кимни правлениега киритиш керак, кимни Москвага делегат қилиб жўнатиш лозимлигини кўрсатиш — Ёзувчилар союзи ишига бунчалнк актив аралашиш — қандай уддасидан чиқолди жан буларнинг!

—     Фақатгина адабий ҳаётда эмас. У архитекторларга турар-жой фонди ҳисобидан қандай қилиб данғиллама саройлар қуришни, рассомларга — «актуал» картиналар яратишни, композиторларга — «замонавий» асарлар ёзишни маслаҳат берар, ўргатар эди. Бундан миннатдор ва руҳланган санъат арбоблари унинг ғамхўрликларига жавобан китоблари асосида балетлар саҳналаштиришар, киночилар фильмлар суратга олишар, рассомлар бўлса мана бу кўринишга ўхшаш суратларни қаторлаштириб чизиб ташлашарди: «Л. И. Брежнев Ўзбекистон байроғига навбатдаги Халқлар дўстлиги орденини қадаб қўймоқда. Тантана. Ўз мавқеи, обрўсига кўра Рашидов атиги иккинчи ўринни эгаллаган шодиёна…» Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ва композитор Мутал Бурҳоновнинг кўпгина шогирдлари бирин-кетин Рашидов ҳузурига бош эгиб келдилар, уни «устозимиз» деб атадилар. «Устоз» ҳам ўз навбатида уларга меҳр кўрсатди, мукофотлар берди. Чинакам талант эгалари ҳам тилларини тийиб турдилар, руҳ чўкди — адабиётда нимаики яратилмасин, бари Рашидов савиясидан бир поғона қуйироқ, унинг асарларидан бир оз ёмонроқ бўлиши керак эди. Рашидов ўзига яқин ёзувчиларни тақдирлашнинг янги-янги усулларини излаб топди. Уларнинг ҳар бири олтмиш ёшга тўлиши билан Халқ ёзувчиси унвонига эга бўлар ва албатта «танланган асарлар»и босмадан чиқар эди. Шундай йўл билан у ўз яқинларининг ҳам маънавий, ҳам моддий томондан бошқалардан «устун» эканини намойиш қиларди. Эсимда, ана шундай «халқ ёзувчилари»дан бири ўзининг навбатдаги романи учун мавзу сўраб Рашидовга борганини менга тўлқинланиб гапириб берган эди. Рашидов саховат билан мавзу берар ва роман ёзиб тугатилиши лозим бўлган муддатни ҳам тайинлар эди. Белгиланган кунлардан сўнг кўп вақт ўтмай, республика Давлат мукофотининг янги лауреатлари рўйхати тайёр бўларди. Тез орада Рашидов образи ҳам турли романларда пайдо бўла бошлади. Аммо «раҳбар» камтарлик қилиб, бу шон-шуҳратни бошқалар билан ҳам «баҳам кўрди», яъни асарларда Каримов, Одилов ва бошқаларнинг ҳам «бадиий» образлари яратилди. Уларни ҳужжатли фильм экранларида «абадийлаштирган»лар ҳам фахрий унвонлар ва мукофотлардан қуруқ қолишгани йўқ.

Рашидовнинг олтмиш йиллиги бир-биридан унчалик фарқ қилмайдиган мадҳу санога бой кўплаб мақолалар ва унинг ижодига бағишланган каттагина монография билан нишонланди. Олдиндан бундай «тадқиқот»ни ёзиши мумкин бўлган москвалик олимларнинг рўйхатини тайёрлашди. Рашидов ўзи хоҳлаган муаллиф номини қизил қалам билан белгилаб қўйди. Шарқда олтмиш уч ёш — «пайғамбар ёши»га тўлган кишилар ақл-заковат ва етук фазилатлар эгаси сифатида ҳурматланадилар. «Хўжайин»ни ҳам ана шу ёшдан бошлаб «отахон» — «миллат отаси» деб атай бошладилар. Бу даврга келиб «миллат отаси» Яннинг тарихий романларини ва Калашниковнинг Чингизхон ҳақидаги «Бешафқат аср» китобини кўп ўқийдиган бўлиб қолди. Эҳтимол, у бутун ер юзининг соҳиби бўлиш орзусида хаёл ҳам сургандир. Замонавий ёзувчилардан фақат Чингиз Айтматовни ёқтирар эди. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида сув хўжалиги борасидаги баҳсга адибнинг аралашувидан сўнг бу «фазилат» ҳам барҳам топди. Расул Ҳамзатов бир гал Тошкентга келганида Рашидов шаънига ёғдирилган олқиш-мақтовлардан энсаси қотиб, «Йўқ, сизнинг ўз Қайсинингиз, ўз Расулингиз бўлишига ҳеч қачон ишонмайман!» дея ҳайқирган эди. Бу гапни Рашидовга етказишганида «миллат отаси»нинг қанчалар ғазабланганини тасаввур қилса бўлади.

—     1980 йилда «Художественная литература» нашриётида чоп этилган Рашидов асарларининг 5 томлик сайланмаси «ёзувчи» ижодига «умумхалқ муҳаббатининг исботи» бўлди. Беш томликнинг чоп этилиши кўп жиҳатдан табиий бир ҳол эди. СССР Фанлар Академияси вице-президенти Федосеев Рашидов асарларининг машҳур нашрига сўнг сўзида ёзганидек, биз «санъаткор, назариётчи ва публицистни чамбарчас уйғунликда» ўқиш бахтига муяссар бўлдик.

—     Ҳа, Рашидов оммага барча асарларида бўлганидек, «Дўстлик байроғи», «Тошкент — биродарлик шаҳри» каби китобларида ҳам қизил ип сингари ажралиб турадиган бош мавзу — пролетар интернационализмини улуғловчи улкан публицист деб тақдим қилинар эди. Вақти-вақти билан, маълум саналар олдидан «Правда» газетасида ҳам унинг халқлар дўстлиги ҳақидаги мақолалари босилиб турарди. Гарчи бу мақолалар сийқа иборалар, умумий, юзаки фикрлар йиғиндисидан иборат бўлса ҳам, улар авторга қўшимча «сиёсий капитал» келтирар эди. Эндиликда биз ўн беш қардош республика давлатини алдаш учун ниқоб вазифасини ўтаган «рашидовча» интернационализмнинг нима эканини яхши биламиз. Рашидов ижодий тақдири маълум жойга бориб қолган йили орзиқиб кутилган Ленин мукофотини ҳам қўлга киритди. Тўғри, адабиёт соҳасида эмас, балки геология соҳасида ва бунинг устига бир гуруҳ дўстлари билан биргаликда. Аммо республика жанубидаги қадимдан маълум бўлган олтин кони ва ундан хом ашё олишга Рашидовнинг қандай алоқаси борлигини ҳеч ким сўраб ўтиргани йўқ. Нимага у бадиий асарлари учун бу мукофотни олишни истамади экан, тушуниб бўлмайди. Ҳолбуки, унинг СССР Ёзувчилар Союзи секретарлари, марказий газета ва журналларнинг бош редакторларидек мартабали ҳомийлари бор ва ҳаракат қилса ниятига эришуви тайин эдику… Бунинг устига Ленин мукофоти Давлат комитетининг раиси Г. Марковни бизда ўзбек адабиётининг кўп йиллик ва ишончли дўсти деб билардилар. У адабиётимизнинг «энг яхши» — Рашидовга яқин бўлган ёзувчиларнинг асарларини рус тилига ўгиришда жонбозлик кўрсатган эди.

—     Биламизки, Сиз ҳам ўша йиллари анча жабр тортдингиз. СССР Ёзувчилар союзининг яқинда бўлиб ўтган Пленумида Одил Ёқубов Сизнинг ҳар бир асарингизни танқидчилар найза билан кутиб олишганини айтиб ўтди. Шундай шароитларда Сизнинг ижодий фаолиятингиз қандай кечгани ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

—     Дастлаб ҳаммаси жойида эди. Тошкентда илк қиссам чоп этилди, иккинчисини нашрга тайёрладим. Матбуот саҳифаларида ижобий мулоҳазалар билдирилди. Шундай қилиб, мен дафъатан тўхтаб,— қайга кетаяпман ўзи? — деб ўйлаб кўрмасимдан олдин, гўё ҳозиргина тушган ғилдирак изидан юраётгандек барча ишларим яхши кетаётган эди. Мен теварак-атрофни синчковроқ кузата бошладим ва ҳаётни унинг барча мураккабликлари билан тасвирлашга киришдим. Ҳаммаси шундан бошланди. Бу ўринда 1968 йилда «Дружба народов» журналида босилган қиссам — «Бўлак манзилгоҳлар»ни назарда тутяпман. Ёзувчилар уюшмасининг котибларидан бири унда «фитна» аломатларини кўради ва Рашидовни бундан хабардор қилади. У эса топшириқ беради: кўриб чиқилсин! Кечиктирмай «Литературная газета»га ҳам кўрсатма юборишади ва тез орада ўша китобнинг бир оз қисқартирилиб, таҳрир этилган қатъий оҳангда жарангловчи «Нет такого пункта — Гаждиван» сарлавҳали чақимчилик руҳидаги хати газетада босилиб чиқди. Бу махсус сигнал эди. Кўп ўтмай ижодий союзларнинг Рашидов иштирокида ўтган пленумида мени «воқелик»ни қораловчинликда айбладилар. Қиссанинг босилиб чиқиши йўл қўйилган хато ва камчиликлар сабабли ошиб бораётган халқ норозилигидан қутилиш учун бошлаб юборилган янги «танобини тортиб қўйиш» кампанияси билан бир вақтга тўғри келиб қолди. Ҳукумат омма норозилиги сабабларини ижодкор зиёлиларга боғлади ва интеллегенцияни «гуноҳлари кечирилган эчки»га айлантирди. Айниқса, ҳаётни, нарса ва ҳодисаларни «қора бўёқларда» тасвирлаётган, «оҳ-воҳ» чекавериб халққа янги-янги ғалабаларни қўлга киритиш олдидан янада уюшиш, руҳланиш имконини бермаётган ёзувчиларга нисбатан жуда нотўғри, тескари муносабат пайдо қилинди. Танқидларга изма-из амалий чоралар кўрилди. Навбатдаги китобим нашрини тўхтатишди, ўзимни муҳаррир бўлиб ишлаётганим — киностудиядан кетишга мажбур қилдилар. Табиийки, режиссёрга воқеаларни бутунлай бошқача талқин этиш талабини қўйиб, «Бўлак манзилгоҳлар» асосида суратга олинаётган фильмнинг йўлига ҳам ғов ташладилар. Моддий қийинчиликларга қарамасдан, мен тушуниб етдимки, хизмат курсисига ва кимнингдир амалдорларча иродасига тобе бўлмаслик ҳам жуда улуғ бахт экан. Ўз ижодини мен билан бир вақтда бошлаганларнинг кўпчилиги мансаб поғоналаридан тобора юксалаётган бўлсалар-да, «ўз қўшиқларини ўзлари бўғиб ўлдиришаётганидан» уларнинг нигоҳларида ҳасрат ва қўрқув шарпалари борган сари тез-тез кўринадиган бўлиб қолмоқда эди. Мен эса қанчалар қийин бўлмасин, чидашга қарор қилдим. «Хайрхоҳлар» менга ҳам Рашидов ҳақида мақтов мақолалари ёзишни, шундагина ҳаммаси яна жойига тушишини маслаҳат бердилар. Мен эса ҳайрон бўлардим: ҳали ҳеч ким танимайдиган ёш ёзувчининг мақтов сўзлари Рашидовга нима кераги бор экан? Ўз адресига ёғилаётган мадҳиялар хорига қўшиб қўйиш учунми?! Аммо кейинчалик билдимки, Рашидовдек зўравонлик талабгори бўлган раҳбарга менинг мақтовларим эмас, балки шошқалоқлик билан, «чуқур ўйламай» адабиётда ўз йўлини топишга интилаётган яна бир ёш ёзувчи гуноҳкорона бош эгиб, ўзининг «романтик ўй-хаёллари» устидан кулиб, унинг ҳузурига келиши — шу фактнинг ўзи жуда муҳим экан. Агар мен «хайрхоҳлар» маслаҳатига кўра иш тутсам, «хўжайин»: «Эҳ, соддадил ёш дўстим»,— деб меҳрибонлик билан жилмаяр, шу ондаёқ нашриётларга китобларимни чиқариш ҳақида буйруқ берган бўларди. Менинг бундай йўлга кирмаслигимга ишонч ҳосил қилишгач, хавф солиш, турли тазйиқлар ишга тушиб кетди. Бу «эҳсон»лардан менинг яқинларим, қариндошларим ҳам «бебаҳра» қолмадилар. Худди ўша кунлари М. Гандининг «Менинг ҳаётим» номли китоби қўлимга тушиб қолди. Уни қайта-қайта ўқиб, мен ёмонликка қарши актив хужумга ўтмаган тақдирда ҳам, омма олдида уни фош қилиб ташламасам-да, фақатгина у билан ҳамкорликка киришмай туриб ҳам кўп нарсага эришувим, сабр-бардош қилиб, охир-оқибатда енгиб чиқишимга ишондим. Ахир ҳар қандай ёмонлик ҳам қандайдир туганмас куч-қудрат ҳисобига эмас, балки бизнинг тубанлашувимиз, майдалашувимиз ҳисобига, юрак интилишларини бой беришимиз ҳисобига яшайди. Қабоҳатнинг илдизларини, мақсадини пайқадингми, ундан нафратланиш, узоқроқ туриш керак. Албатта, мен тутган йўл Рашидов қилмишларига очиқдан-очиқ қарши чиққан Абдулла Қаҳҳор ва бошқа адиблар йўлига қараганда заиф, лекин бу ижтимоий мижоз билан боғлиқдир. Йиллар ўтгани сайин менинг атрофимда пайдо бўлган бўм-бўшлик кенгайиб борди, Рашидов ташмачиларининг ҳар ерда ҳозир назаридан қўрқиб, кечагина дўстингман деб юрганлар ҳам мендан узоқлашдилар. Ёзганларимни Тошкентда нашр этмай қўйдилар, Ёзувчилар союзида мени эсдан чиқардилар…

—     Биз бугун бутунлай барҳам беришга ҳаракат қилаётган ҳар қандай жиноий ишлар — порахўрлик, қандай қилиб бўлмасин юксак планларни бажариш учун уятсизларча сиқувга олиш, қўшиб ёзиш, очиқдан-очиқ кўзбўямачиликлар — ҳаётимизнинг бутун иллатли кўринишларини Рашидов номи билан — «рашидовчилик» билан боғлаймиз. Ҳайронман, Рашидовдек шахсияти ўртамиёна, савияси паст ва қўпол одам қандай қилиб ҳукумат тепасига чиқди ва халқ бошига шунча кўргуликларни солди экан? Наҳотки, турли «обрўли» алоқалар, хушомадгўйлар, ўэидан қудратли одам олдида жим туриш ва ўзидан кучсизларни ўз вақтида қулатиш қобилияти орқали эришган бўлса? «Рашидовчилик»нинг пайдо бўлиш механизми қаерларга, қандай манбаларга бориб тақалади?

—     Демократия ва ошкораликнинг йўқлиги «танқиддан холи» зоналар, «танқиддан холи» раҳбарларни юзага келтирди. Олий, юксак мансабларга номзодлар кўрсатишда, кўпинча иккинчи даражали факторлар, ҳатто тасодиф ҳам катта роль ўйнайди. Республика Компартияси Марказий Комитети секретарлигини ҳам бошқа бирор муносиб одам эмас, айнан Рашидов эгаллашида ҳам тасодифнинг ҳиссаси бор. Ўша давр воқеаларининг актив иштирокчиси, кекса большевик Р. Ғуломовнинг айтишича, Бюрода биринчи секретарни сайлаш масаласи ҳал этилаётганда Рашидов номзодини ёқлаганлар ва унга қарши чиққанлар тенг келиб қолган экан. Марказий Комитет Пленуми ўтадиган кун ҳам аниқ бўлишига қарамай, Бюро аъзолари бу борада баҳслашишни давом эттираверишибди. Шу пайт, худди афсонадагидек, Тошкентга келган КПСС МК вакиллари Н. С. Хрушчевга қўнғироқ қилишиб, «ўзбек дўстларимиз сира бир қарорга келишолмаяптилар»,— дейишади. Номзодлар рўйхатида кимлар бор?,— сўрайди Никита Сергеевич. Рўйхатни ўқийдилар. «Мен булар орасида фақат Рашидовнигина биламан, Ҳиндистон сафарида бирга бўлган эдик»,— дейди Хрушчев. Унинг Бюро аъэоларига етказилган мана шу гапи сайловнинг Рашидов фойдасига ҳал бўлишини таъминлайди. Бу ўринда Рашидовни ҳукумат тепасига чиқарган даврни ҳам ҳисобга олиш керак — 1959 йилнинг ўрталари «эрувчанлик» яна изғиринлар билан ўрин алмашган, уфқларда турғунлик айсберглари кўрина бошлаган мураккаб ва зиддиятли давр эди. Бошқача айтганда, Рашидов раҳбарликнинг авторитар, бюрократларча буйруқбозлик, «Сталинсиз сталинизм»га хос усулларини қайта тиклаган Брежнев «саройи»га ташриф буюрган эди. Қирқинчи йилларнинг охирида «Қизил Ўзбекистон» газетаси редакцияда Рашидов билан бирга ишлаган ёзувчи Мирзакалон Исмоилий республиканинг бўлажак раҳбари ўша йиллари Сталиндан, унинг «халқ душманлари»ни фош этганидан қанчалик фахрланиб яшаганини сўзлаб берган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар союзи раислиги лавозимида озгина фурсат ишласа ҳам, Рашидов ёзувчилар ўртасидаги «космополитизмга қарши кураш» ва «миллатчиликни тугатиш» каби бир-бирини сотган компаниялар ишида актив қатнашади.

—             Айтишларига қараганда, бу қанча ажабланарли бўлмасин, халқ орасида ҳамон Рашидов хотирасига ҳурмат сақлашар эканлар. Наҳотки шу рост бўлса!..

—             Афсуски, «раҳбарга нисбатан муносабатнинг ижтимоий феномени», унинг барча босқичлари, кўтарилиш ва паст тушиш ҳоллари бизнинг социологларимиз томонидан ўрганилмаган. Бу нарса, айниқса, раҳбарлик лавозимидаги ходимлар учун конституцион йўл билан чегараланган муддатлар бўлмаган жамиятда муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, ҳар бир янги тайинланган раҳбарни омма аввал бошда бинойидек танқидий руҳ билан кутиб олади, аммо кўп ўтмай бу руҳ совиб, кейинчалик, жамоатчилик фикри «танқид остонаси»дан тошиб ўтганида бутунлай йўқолади. «Танқид остонаси»нинг йўқлиги раҳбарнинг айблари ва камчиликлари унинг фазилатларига айланишига сабаб бўлади. Брежнев даврида биз ҳам ҳаётнинг тобора оғирлашаётганини гўё бўлиши муқаррар ҳодисадек қабул қилган эдик. Рашидов билан ҳам худди шундай бўлди. Ўзбекистондек улкан пахта монокультураси майдонида ҳаёт йилдан-йилга чидаб бўлмас даражада оғирлашар, Рашидовга бўлган иззат-икром, «доно, саховатли, халқ бахтини ўйлайдиган «миллат отаси» деб унинг «шахсини улуғлаш» тобора авж оларди. Бунда Рашидовнинг шахсий сифатлари — ўзини тута билиш қобилияти, сўзда ва амалда турлана олиши ҳам жуда қўл келди. Унинг портретига қараб, саховатпеша чеҳрасидан, майин нигоҳларидан бошқа социал шароитларда бу одам улкан масжиднинг имоми бўлиши ва келувчилар орасида ҳурмат қозониши мумкин эди, деб ўйлаб қоламан. Уни ҳеч иккиланмай «сиёсат — ифлос қўлларнинг ижодидир» деган жумланинг муаллифи деб гумон қилса бўлади. Ана шундай раҳбарлар сиёсат фойдасини кўзлаб, ўзларига дўст ва ҳамфикр кишиларни ҳам, худди Рашидов Марказий Комитет Бюросидаги ўртоқлари Р. Ғуломов, М. Муҳаммаджоновларга нисбатан иш тутгани каби, бемалол сотишлари мумкин. Улар ёлғонни ҳақиқат деб, қонунбузарликни — эзгулик деб тақдим этаверадилар. Рашидов шахсига нисбатан «танқидий қараш»нинг йўқолиши биланоқ, Ўзбекистонда амалга оширилган ибратли ишларнинг ҳаммаси — ер силкинишидан вайрон бўлган Тошкентнинг қайта тикланиши ҳам, Мирзачўлнинг ўзлаштирилишию саҳрода Навоийдек янги шаҳарнинг барпо этилиши ҳам «миллат отаси»га нисбат бериладиган бўлди.

—             Бу худди биринчи беш йилликлар, Улуғ Ватан уруши ва урушдан кеиинги тикланиш йилларидаги ютуқларнн Сталин шахсига боғлайдиганларнинг кўплаб топилишига ўхшайди.

—             Бизнинг «маҳаллий Сталинимиз» — Рашидовни ҳам, гўёки уни Ёзувчилар союзининг аъзоси, шоир деб ном чиқарган собиқ ички ишлар министри Яҳёев, яъни «маҳаллий Берия»нинг қора ишларидан бехабар бўлган дея ҳимоя қилувчилар топилади. Айтиш керакки, ўтган беш йилликлар мобайнида республикада катта ишлар амалга оширилган, аммо уларнинг бари халқнинг мардонавор ва оғир меҳнати меваларидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда нотўғри хўжалик юритишнинг оғир оқибатлари — ўзлаштирилган Мирзачўлдаги юз минглаб гектар ботқоқликка айланган ерлар, Орол денгизининг фожиали тақдири ҳақида гапирсангиз кўпчилик ҳолларда яна ўша сохта шуҳрат қозонган «танқидга эътиборсизлик» ишга тушиб кетади: «Рашидов эмас, унинг атрофидагилар айбдор»,— дейишади. Худди мамлакатимиз бўйлаб уйқусида Сталиннинг «қайтиши»ни туш кўрадиганлар топилгани каби, бизда ҳам «рашидовчилик» даврини соғинаётганлар оз эмас.

— Бунинг устига, матбуотда Рашидовнинг адабий қобилиятини узлуксиз мақтаганларига қарамасдан, бу ўртамиёна асарларни унинг ўзи ёзмаган деган гаплар ҳам эшитдим…

—     1982 йилда бизнинг «етакчи адибимиз» ўқувчиларни янги асари — «Дил амри» қиссаси билан севинтиришга аҳд қилгани ҳақида жар солинган эди. Рашидовга яқин ёзувчиларнинг ишончли гуруҳи Марказқўмга «муҳокама»га чақирилиб, барча бир овоздан янги шоҳ асар яратилганини қайд этганди. Қисса журналда босилиб чиққандан сўнг, асарларидаги мавзулар, образлар, ифода ва ҳикоя қилиш усуллари «миллат отаси»нинг повестига «кўчиб қолган» муаллиф — «адабий эгизак»нинг ҳам номини атай бошладилар. Жиддий, чуқур текстологик текшириш Рашидов асарларининг ҳақиқий авторини аниқлашга ёрдам бериши турган гап. Худди «Кичик Ер»нинг чинакам муаллифи аниқлангани каби. Ахир «Огонёк» журналининг шу йилги 4-сонида уруш ветерани Ф. Снегировнинг адолатли ёзишича: «Брежнев бу асарнинг автори эмас, демакки, ҳеч қачон у «атоқли, машҳур адабиётчи» ҳам бўлолгани йўқ. Билолмайман, қандай қилиб бу бегона асар учун унга Ленин мукофоти беришди экан? Кундалик ҳаётида бирга ишлайдиган дўстларини ҳам олдиндан тайёрланган шпаргалкасиз қутлай олмайдиган одам қандай қилиб Ёзувчилар Союзининг аъзоси бўлиб қолдийкин?» Шу каби Рашидов ҳам эркин гапиришдан қўрқар, сийқа сўзлар ёзилган, рангсиз текстдан кўзини узиб, мудраётган залга қарай олмасди.

—     Рашидовдан сўнг адабиётдаги аҳвол қандай бўлди?

—     Минг афсуслар бўлсинки, Рашидовдан кейин ҳам биз ҳақиқатнинг ёлғон билан, истеъдоднинг сохта талант билан, соғлом ва эркин руҳнинг пассивлик, қўрқоқлик, итоатгўйлик билан курашини эмас, балки гуруҳбозларнинг ўзаро кураши гувоҳи бўлдик. Узоқ йиллар Рашидов сиёсатини юргизган, «миллат отаси» каби кўплаб роман ва достонларнинг муаллифлари бўлган арбобларни маданият соҳасини мустаҳкамлаш учун сафарбар қилдилар. Улар турли давлат комитетлари, ижодий союзлар ва журналларни эгаллаб олдилар.

Бизда нима учундир, республиканинг ижодий потенциали ҳар бир кишига ҳамма учун ёзиш имкониятини беради деб ҳисоблашади. Шунинг учун бўлса керак, министрларни, ички ишлар ва прокуратура ходимларини Ёзувчилар союзи аъзолигига қабул қила бошлашди. Гуруҳлар курашининг шарқона хусусияти шуки, у ўлим ёки бошқа кўнгилсиз фожиалар билан якунланмайди. Кучли гуруҳ ҳолдан тойганини ўз қўл остига олади, биргаликда ҳаракат бошлашади. Республиканинг «етакчи адиби» шон-шуҳратини таъминлаганлар бугун ҳам худди шундай иш олиб бормоқдалар. Илгариги устунликни, ўч олишни қанчалар орзиқиб кутмоқда улар! Дастлабки енгилгина хавф ўтиб кетди, қайтадан гуруҳларга бирлашиб олишди, энди бир муддат окопларда ётишиб, яна ҳужумга ўтадилар. Айримлари эса ўзларининг илгариги лавозимларини ҳам эгаллади. Улар аллақачон бутун бошли ёш ижодкорлар авлодини сароб мақсадлар йўлида қурбон қилишга улгуришган.

Шу йилнинг январь ойида республиканинг юқори раҳбарияти ўзгарди. Бугун ошкоралик ва демократия, адабиётга сидқидилдан хизмат қилиш фақатгина эзгу умид-интилиш бўлибгина қолмай, балки ижодий ҳаёт нормасига айланишини жуда-жуда истардим. Бугун 25—30 ёшда бўлганлар адабиётимизга янгиланиш олиб киришига ишонгим келади. Шарқда эрта камолга етадилар, аммо ижтимоий ҳаётга доим ҳам эрта аралашавермайдилар. Мен адабиётга фойдаси тегадиган ўнлаб ёшларнинг номини санаб ўтишим мумкин. Яқинда улардан бирига нашриёт давлат комитети ва республика Ёзувчилар союзининг мукофотини тақдим этдилар, аммо у: «Мен мукофотлар учун ёзмайман, уни ухлаётган ва мукофотланишини туш кўраётган биронтасига бера қолинглар»,— деб мукофотдан воз кечди. Адабий амалдорлар хафа бўлишди: «Биз уни иззат-ҳурмат қилсак, у бизнинг раъйимизни қайтарди…» Мен бу ёш шоирни инсонларча тушундим — у узоқ йиллар ҳийла-найранг, хушомадгўйлик чинакам талант эгаси учун ёт бошқа иллатлар рамзи бўлган мукофотга ўз муносабатини билдирган эди.

Суҳбатни Н. Загальская олиб борди.

«Огонёк» журнали, 1988 йил, 29-сон