Адабий танқиднинг ҳаётий зарурати (атоқли олим Сувон Мели билан суҳбат) (2015)

Бугунги адабий жараёнда танқиднинг ўрни, мав­қеи, таъсири ҳақида ижодкорлар, адабиётшунос ва тадқиқотчиларда турли хил фикр-мулоҳазалар мавжуд. Айримлар мунаққидларни сусткашликда айбласа, адабий-бадиий нашрларни, танқидчиликка доир чоп этилаётган китоблар, тўпламларни ўқиб, кузатиб бораётганлар бу соҳада жиддий ишлар амалга оширилаётгани, ижод жараёнида танқиднинг фаоллигини эътироф этишади. Аслида ҳар иккала қарашда ҳам жон бор. Негаки, бугунги ижод жараёнининг залвори, нашр этилаётган асарлар сони, салмоғи адабий танқид олдига тезкор, ҳозиржавоб ва янада фаол бўлиш талабини қўймоқда. Қолаверса, бадиий тафаккурда содир бўлган эврилишлар ҳам жиддий адабий ҳодисаларни жаҳон адабиёти контекстида, умуминсоний, умуммаданий мезонлар орасида таҳлил ва талқин қилишни тақозо этаётир…

Истиқлол адабиёти — янги даврнинг янгиланаётган бадиияти танқидчилик олдига, танқидчилик зиммасига қўяётган вазифалар, долзарб фикр-хулосалар, шубҳасиз, адабий-бадиий тафаккурнинг ривожига, ўсиш-ўзгаришлар, пировард натижада, улкан ижодий ютуқларга омил бўлади. Шу мақсадни кўзлаб таҳририятимиз танқидчиликнинг бугунги даражаси, ютуқ ва камчиликлари, муаммолари муҳокамасига бағишланган туркум чиқишларни режалаштирган. Ушбу сонда айни мавзуда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Танқид ва адабиётшунослик кенгаши раиси, таниқли олим Сувон МЕЛИнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

— Бугунги ижодий жараёнда адабий танқиднинг мавқеи, ўрни, таъсир кучи қандай?

— Саволга бевосита жавоб беришдан олдин, рухсатингиз билан, зарурий бир кириш қилсам. Адабий тан­қид ўз-ўзича суверен, мустақил ҳодиса эмас. Номиданоқ аёнки, у бадиий адабиётга чамбарчас боғлиқ, унга эш ҳодиса. Боғлиқликнинг ҳам тури кўп. Адабий танқид ва бадиий адабиётнинг боғлиқлиги сабаб-оқибат, яъни бири иккинчисидан қатъий келиб чиқадиган эмас, балки функционал. Бошқача айтганда боғлиқлик эркли ўзгарувчан миқдор, аргументнинг ўзгаришига қараб ўзгариб турадиган, боғлиқ, тобе ўзгарувчан миқдор сифатидаги алоқадорликка мос келади. Яъни илк дастак бадиий адабиёт эмас, балки ижтимоий воқеликдир. Ундан сўнг бадиий адабиёт, ундан сўнг адабий танқид. Агар биз ушбу икки ҳодиса, ижтимоий воқелик ва унга мос равишда бадиий адабиётнинг кескин ўзгарганини қайд этмас ва бу ўзгаришлар моҳиятига назар ташламас эканмиз, адабий танқиднинг бугунги аҳволига тўғри ва объектив баҳо бера олмаймиз.

Баъзан аргумент ва функция ўрин алмашиши мумкин, яъни жиддий танқидий тафаккур бўлғуси катта адабиёт учун йўл очиб бериши мумкин.

Мустақиллик ўзбек халқи тарихида мутлақ янги давр­ни бошлаб берди. Назаримда ушбу мутлақ янгилик бадиий адабиёт томонидан қалбан тўлиқ ҳис этилмаётир, Истиқлол руҳи ва виқорига мос Катта адабиёт яратилмаётир. Мен бу билан адабиётимиздаги қатор ютуқларни камситмоқчи эмасман. Лекин мустақил Ўзбекистоннинг дадил одимларини тан олган жаҳон ўзбек адабиётини биз кутган даражада эътироф этган эмас.

Дарвоқе, буюк файласуф Ҳегел қайд этганидек, фақат руҳ ҳақиқий тарихий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчисидир. Шундай экан, чорак аср давомида руҳ ҳам ўзгарди. Истиқлолнинг илк ўн йиллигида ёзилган Президентимизнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шарт­лари ва тараққиёт кафолатлари” асарида таъкидланганидек, “Ўзбек халқи Руҳининг тикланиши, миллат маънавий-ахлоқий идеалларининг шаклланиши чуқур миллийлик билан умуминсонийлик чамбарчас боғлиқ бўлган ҳодисадир” (143-бет). Яна шу асарда айтилган Мустақиллик йилларида вужудга келган “Ягона маънавий-руҳий негиз” юксак бадиий асарлар вужудидан макон топиши лозим. Шундай бўлган тақдирда жаҳонни лол қолдирадиган гениал асарлар яратилар балки.

Дарҳақиқат, ижтимоий воқелик ва жамият ўзгарди. Бадиий адабиёт ҳам ўзгарди. Лекин бадиий адабиётнинг ўзгариши ҳамиша ҳам мақбул томонга бўлди, де­йиш қийин. Модернистик йўналишдаги талай асарлар адабиётимизни замонамизнинг талаб-эҳтиёжларидан, миллий заминдан йироқлаштирди. Дунёнинг қайси бир пучмоғида туғилган намуналар адабий воқелигимизга кириб келди. Улар адабий-маърифий жиҳатдан балки фойдалидир, лекин бу йўл адабиётимиз ривожида етакчи бўла олмаслигини вақт очиқ-ойдин кўрсатди. Ҳақиқий катта адабиёт она-Ватан ва унда яшаётган халқ ҳаёти заминида яралиши шоён ҳақиқатдир.

Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида айтилганидек, “Чинакам ёзувчи одамларнинг дарду ғами билан яшаши, халқ ичига кириб бориши, ўзи учун илҳомни, янги мавзуларни шу ҳаётдан, унда бўлаётган ўзгаришлардан олиши кераклигини барчамиз яхши биламиз”. Адабиёт ушбу ҳақиқатни амалий жиҳатдан ва қалбан англаши, истиқлол даври ўзбек воқелигида рўй бераётган туб тарихий ўзгаришлар, ундаги диалектик қарама-қаршиликларни кенг ва ҳар томонлама, энг муҳими, бадиий юксак тасвирлаш йўлига ўтиши зарур.

Айримлар адабий танқиднинг вазифаси чоп этилаётган бадиий маҳсулотга баҳо бериш, унинг яхши-ёмон жиҳатларини кўрсатиш, деб ўйлашади. Бу фикр фақат бир жиҳатдан ўринли. Ҳақиқий адабий танқид жорий адабиётда аксланган замона руҳининг бадиий талқинларини кашф этиши керак, деб ўйлайман. Буюк тан­қидчи Белинский ёзганидек, “Санъат ҳам, танқид ҳам — замонанинг онгидир. Аммо танқид фалсафий жиҳатдан англаш, санъат эса бевосита англашдир. Ҳар иккисининг мазмуни бир; фарқи фақат шаклдадир. Танқиднинг муҳимлиги ҳам мана шунда”.

Хуллас, жорий адабиётимиз замонавий мавзуга, ўзбек воқелигига ялпи тарзда юз бурмас экан, адабий танқиднинг мавқеи, ўрни, таъсир кучи камлигича қолаверади.

— Адабий гурунгларда устоз мунаққидлар кўп эсланади. Жумладан, Матёқуб Қўшжоновнинг “очиқ хат”лари, Озод домланинг муросасиз, бироқ холис ва адолатли чиқишлари, Норбой Худойбергановнинг ошкора, аёвсиз танқидий мақолалари тилга олинади. Ана шу устозларимизнинг принципиал чиқишларини давом эттираётганлар борми?

— Устоз мунаққидларни эсладингиз. Уларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин. Саволга келганда, адабий тан­қид соҳасида қалам тебратаётганлар бор, ҳатто талайгина. Фақат уларни уюштириш, ижодга рағбат уйғотиш керак, холос. Лекин бир ҳақиқатни қатъий эсда тутмоқ лозим. Ҳозир давр бошқа. Ижтимоий вазият бошқа. Қадимги юнон донишманди Ҳераклит айтганидек, айни бир дарёнинг сувида икки марта чўмилиш имконсиз. Ҳар бир давр мутлақо такрорланмас. Номлари тилга олинган устозлар каби чиқишлар қилиш мумкин. Бунинг учун руҳий шарт-шароит ва фикрни жамоатчиликка етказадиган минбар керак. Адабиётга, маънавиятга боғлиқ газета-журнал муҳарририятлари кескин танқидий мулоҳазалар билдирилган мақолаларга ўз саҳифаларидан кенгроқ ўрин беришлари лозим. Сиз юқорида тилга олган устоз мунаққидларнинг чиқишларини нашр этилгани боис эсламоқдасиз. Агар таҳририят ғаладонларида қолиб кетганида уларнинг ёзилганини билмаган бўлардик, масалан.

— “Адабий танқид сусайди”, “танқидчилар мудраб қолган”, “танқид ўлган”, деган гаплар Сизнинг қулоғингизга ҳам чалингандир. Баҳоли қудрат шу соҳага аралашиб юрган мунаққид, агар у чиндан ҳам мудраб қолмаган бўлса, бу гапларни эшитганда кўнгли чўкса керак. Шундай эмасми?

— Саволингиздаги дастлабки икки гапда жон бор, юқорида айтилган фикрларни инобатга олиш шарти билан уларга қўшилиш мумкин. Лекин саволдаги “танқид ўлди” деган жумлага келганда… Танқид ҳеч қачон ўлмайди. Адабиёт ҳеч қачон ўлмагани каби. Фақат унинг шакли, фаолият миқёси ҳамда ифода ва қамров йўсини ўзгариши мумкин. Устоз мунаққид Иброҳим Ғафуров “Янги замонда танқид ўрнини тадқиқот эгаллайди” деб ёзар экан, бу фикрда жиддий асос бор. Ҳозирги вазият шунга дастак бермоқда. Лекин танқид бошқа, тадқиқот бошқа. Танқидда тадқиқот бўлиши яхши, бу унинг ишонтириш қувватини оширади. Лекин адабий танқиднинг етакчи белгиси ижтимоий ҳаёт сари йўналганлик, жорий миллий воқеликка боғлиқлик тадқиқотга хос эмас. Агар юқорида айтилганидек, жорий адабиёт замонавий воқеликка юз бурса, ижодкорларимиз халқ ичига кириб борса, замонамиз қаҳрамонларининг чинакам бадиий образлари яратила бошланса, адабий танқид ҳам ўз мавқеини тиклаши тайин.

Кўнгил чўкишига, оғринишига келганда, илож қанча, тўғри гап туққанингга ёқмаса-да, чидашга тўғри келади. Тўғри гап барибир тўғри-да.

— Айрим ҳамкасблар “бозор адабиёти”, “кўча адабиёти намуналари”ни танқид ўз тиғига олиши керак, дейди. “Танқиддан тубан” деб қараладиган бундай китобларнинг маънисизлигини таҳлил қилиб, далиллаб, асослаб бериш танқидчиликнинг вазифалари сирасига кирадими?

— Сиз айтаётган “Бозор адабиёти” орасида, айниқса, детектив жанридаги қизиқарли ва соғлом руҳдаги асарлар мавжудлигини қайд этмоқ керак. Шунинг учун уларнинг барчасини ялпи тарзда “танқиддан тубан”, деб баҳолаш инсофдан эмас. Лекин барибир уларни том маънодаги бадиий адабиётга, жиддий адабиётга киритиб бўлмайди.

Шунинг учун, саволда айтилганидек, танқид тиғига олинадиган бўлса, улар ўз-ўзидан бадиий адабиёт ҳудудига ўтиб қолган бўларди. Бунда тан­қид қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиши мумкин. Демак, уларнинг маънисизлигини таҳлил қилиб, далиллаб, асослаб бериш танқидчиликнинг фаолият доирасига кирмайди, десам ажабланманг. Гарчи шундай қилинадиган бўлса, жиддий адабиёт уларни ўзига тенг кўрган ва бундай амал улар учун тарғибот сифатида хизмат қилган бўларди.

Шу жараёнда адабий танқид зиммасида бир вазифа қолади. У юксак бадиий даражадаги асарларни чуқур бадиий-илмий таҳлил қилиш орқали китобхон диди ва савиясини кўтариши, шунда “танқиддан тубан” битиклар зукко китобхон томонидан рад этилишига, яъни ўқилмаслигига эришмоғи керак.

Яхшини алқаш ёмонни камайтирса ажабмас.

— Адабий жараёнда танқиднинг ўрни, таъсири, мавқеи суст, деб қаралса, хўш, унда бу соҳани кучайтириш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз.

— Адабий танқидни кучайтириш учун нималар қилиш керак? Буни назарий, яъни қилиниши лозим бўлган давомли ва амалий ишларга ажратиш мумкин. Биринчиси ҳақида фикр юритганда, юқорида айтган гапимни бирқадар ўзгартириб айтсам, жорий адабиёт ва жорий адабий танқидни бирдек юксакликка чорлаш, бу борада амалий конструктив йўлларни белгилаб олиш лозим. Бугунги бадиий тафаккур, бадиий онг буюк бадиий асарлар яратиб берсин. Адабий тан­қидимиз эса аввал яратилган ва бугун яратилаётган тўлақонли бадиий асарларни таҳлил, талқин ва тад­қиқ этиш орқали ўзининг юксак талабларини, миллий бадиий-эстетик принципларини шакллантирсин. Уларни умум адабий жамоатчилик онгига сингдирсин. Адабий жараён ва бадиий асарларни таҳлил ва тадқиқ қиладиган турли тан­қидчилик мактаблари пайдо бўлиши ва самарали иш олиб боришини таъминлайлик.

Амалий тадбирларга келганда, энг аввало, кенг адабий жамоатчилик иштирокида адабий танқид муаммоларига бағишланган бир йиғин ўтказиб, унда танқидимиз қолоқлиги сабабларини таҳлил қилиш, адабий танқидни буюк келажак сари шахдам одимлаётган мамлакатимиз маънавий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун чора-тадбирлар белгилаб олиш зарур кўринади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг қошидаги танқид ва адабиётшунослик кенгаши яқин ойларда айни шу масалада “Адабий танқид: бугун, эртага” мавзуида катта мажлис ўтказиш тараддудида. Ҳозир умидли ёш танқидчилар ниҳоятда кам. Ўзбек танқидчилиги келажагини бугунданоқ белгилаш лозим. Шунинг учун мазкур йиғинда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш билан бирга, уларнинг фикр-мулоҳазалари, амалий таклифларини эшитмоқ керак деб ўйлайман.

Ёш ижодкорлар ўртасида адабий танқиднинг нуфузини кўтариш лозим. Бунинг учун ҳар йили ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинарлари дастурига адабий танқид номинациясини, албатта, киритиш керак. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари зиммасига ёш адабий танқидчиларни танлаш, тайёрлаш вазифасини юклаш лозим. Токи ёшлар ўзлари ёзган асарларни ўзлари таҳлил қилишсин. Ёш ижодкорлар мунаққидликни шоир ёки ёзувчиликдан нуфузи кам деб ҳисоблашмасин.

Дарҳақиқат, донишмандлардан бири айтганидек, буюк асар ҳақида фикр алмашиш масаласи мана шу буюк асарнинг ўзидан кўра кам аҳамиятга эга эмас.

Адабий танқиднинг ҳаётий зарурати — шунда.

Аҳмад Отабоев суҳбатлашди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 36-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!