Паришонхотир

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир паришонхотир одам бўлган экан. Бир куни паришонхотир хотинига:
— Эртага саҳарда туриб, сайилга бораман. Кийимларимни тайёрлаб қўйгин, — дебди.
— Келишда менга бирорта совға олиб келинг, — деб илтимос қилибди хотини.
Эрталаб тургач, паришонхотир хотинини уйғотиб сўрабди:
— Хотин, менинг похол қалпоғим қаерда?
— Қозиқда, — дебди кўзи уйқуда хотини. Иккита қозиқ бор экан, биттасида унинг қалпоғи, иккинчисида похол сават осиғлиқ турган экан. Паришонхотир «қалпоғимни оламан» деб, похол саватни олиб, бошига кийиб олибди. Пайпоғини ҳам қидириб топибди ва бир пойини ўнг оёғига кийибди, иккинчи пойини пастда ётган таёққа кийдирибди. Ўнг оёғига похол сандали, чап оёғига ковушини кийиб олибди. Ўзига-ўзи «энди жўнасам ҳам бўлади» деб ўйлабди. «Энди белимни боғлаб олсам бўлди» дебди.
— Хотин, тур, шоҳи белбоғимни топиб бергин, — деб қистабди.
— Нариги уйда, қозиққа илиб қўйилган, — дебди хотини уйқу аралаш.
Бир қозиқда унинг белбоғи, иккинчисида хотинининг рўмоли бор экан. Чорсимни оламан деб, хотинининг рўмолини олиб бойлабди. Паришонхотир, «ҳеч нарсани эсимдан чиқармидиммикан» деб ўйлаб, «йўлда ҳар хил одамларга дуч келишим мумкин, ханжарни ҳам олишим керак» деб хотинидан сўрабди:
— Ҳой, хотин, ханжар жойида турибдими?
— Ҳа, ошхонада осиғлиқ турибди, деб жавоб берибди хотини.
Ханжарнинг ёнида хотинининг соябони осиғлиқ турар экан. «Ханжарни оламан» деб, хотинининг соябонини олибди.
Кейин йўлга тушибди. Йўлда дуч келган барча одамлар уни масхаралашибди. «Тоза тентак экан, қалпоқ ўрнига похол сават кийиб олибди» деб орқасидан кулиб келаверишибди. Паришонхотир ҳам «ким бошига похол кийган, қани ўша тентак?» деб атрофдан қидира бошлабди. Орқасига қараса, бир гала одамлар «зўр қалпоғи бор эканми?» деб ўзини кўрсатишаётганмиш. Қўли билан пайпаслаб ушлаб кўрса, қалпоқ ўрнига похол сават кийиб олган экан. Аччиғи чиқиб, похол саватни шартта олиб ерга урибди ва орқасига қарамай кетаверибди. Нарироққа борганида орқасидан одамларнинг «вой тентак-ей, бир оёғига похол сандал, иккинчисига ковуш кийиб олибди-я», деб кулишаётганларини эшитиб қолибди. Паришонхотир индамай уларни ҳам ечиб кетаверибди. Салдан кейин бир йўловчи тўхтатиб ундан сўрабди:
— Биродар, нега бир оёғингизга пайпоқ кийиб олдингиз?
Паришонхотир қараса, унинг гапи тўғри экан. Жаҳли чиқиб, бир пой пайпоғини ҳам ечиб ташлабди. Йўлда шолипояга тўғри келибди. Деҳқон шоли ўраётган экан, уни кўриб:
— Нега шундай иссиқ ҳавода бош-яланг юрибсан? Ҳеч бўлмаса, соябонингни тутиб олсанг-чи, — дебди.
— Агар соябоним бўлганида, сен айтмасанг ҳам, ўзим тутиб олган бўлардим, — дебди паришонхотир.
— Белингга қистириб олганинг нима, унда? — деб сўрабди деҳқон.
Паришонхотир қараса, белида хотинининг рўмоли, соябони эмиш. Алам билан рўмолни олиб ирғитибди, соябонни эса тиззасига бир уриб синдирибди. У хафа бўлиб уйига қайта бошлабди. Бу ишларнинг ҳаммасига хотиним айбдор, уйга боргач, роса адабини бераман, деб келаверибди.
У ўзининг қишлоғига етиб келгач, ўзимнинг уйим деб ўйлаб қўшнисиникига кириб бақириб кетибди:
— Аҳмоқ, сенинг касофатингга сайилга ҳам боролмадим. Сен мени ҳаммага кулги қилдинг!
— Эй қўшни, эс-ҳушингизни йиғиб олинг. Мен сизга нима ёмонлик қилдим? — деб қўшниси турган эмиш.
У қўшнисини урушаётганини кўриб, тезда уникидан чиқиб кетибди. Шунда чойфуруш ўтиб кетаётган экан, ундан бир қути чой сотиб олибди. Мен қўшнимни бекордан-бекорга урушиб бердим, энди шу чойни унга киргизиб берай, деб ўйлаб, чойни олиб, Қўшнисиникига кириб:
— Мени кечиринг, сизни хафа қилганим учун. Шунинг учун сизга чой олиб келдим, — дебди.
— Қачон мени хафа қилган эдингиз? Сайилдан мунча тез қайтдингиз? — деб хотини сўраб турган эмиш. Паришонхотир қўшнисиникига кираман деб, бу сафар ўз уйига кириб қолган экан. Шунда паришонхотир дарров ўзини тутиб олиб, хотинига:
— Хотин, сенга совғага бир қути чой олиб келдим. Битта яхшилаб чой дамлагин, ичайлик, — дебди.