Омон билан Ёмон

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда икки дўст бўлган экан. Бирининг исми Омон, иккинчисининг исми Ёмон экан. Уларнинг иккаласи ҳам оилали, бола-чақали экан.
Омон тўғри сўз, камтар, раҳмдил экан. Ёмон эса, ёлғончи, бахил экан, дўсти Омоннинг бахтини ҳеч кўролмас экан. Ёмоннинг кўпдан бери Омоннинг хотинига кўзи куйиб юрар экан, Омоннннг хотини ҳам Ёмон билан қизиқиб қолган экан Омоннинг эса бундан хабари йўқ экан.
Бир куни қишда, Омон кечаси эшикка чиқса, чорбоғда, қорнинг устида битта ҳандалак палаги думалаб ётган экан. Ҳандалак палаги гуллаган ва ҳатто биттаси етилган ҳам экан.
Омон ҳайрон бўлиб, кўрган нарсасини хотинига кириб айтибди. Хотини ҳам ташқарига чиқиб, ҳандалакни кўриб, эрига шундай дебди:
— Сиз мачитга бориб, бу сирни одамларга айтсангиз, ишонмайдилар. Шунда сиз улар билан шартлашинг. Сиз, албатта, ютасиз.
Омон эрталаб мачитга бориб, кўрган нарсаларини одамларга айтибди. Одамлар ишонмабдилар. Омоннинг хотини эри мачитга кетиши билан дарров ҳандалакни юлиб олиб, Ёмоннинг уйига борибди. Ҳандалакни унга бериб, бўлган воқеаларни айтиб берибди,
Ёмон ҳам дарров мачитга борибди. Мачитда ҳамма Омоннинг гапидан ҳайрон, «Қишда ҳандалак етилмайди-ку, Омон ҳам ёлғончи экан-да», деб туришган экан. Омон:
— Гапим рост, ишонмасанглар мен билан шартлашинглар, —дебди. Шу пайт Ёмон:
— Омон ёлғон гапиряпти. Қишда ҳам ҳандалак бўларканми? Омон билан мен шарт ўйнайман, — дебди.
Омоннинг аччиғи келибди. Одамлар нимадан шарт ўйнар эканлар, деб ҳайрон бўлиб қараб турибдилар.
Ёмон шартни айтибди:
— Агар чорбоғингда ҳандалак палаги бўлмаса, мен уйингга кириб, биринчи нимани ушласам, ўша ушлаган нарсам меники бўлади. Агар сенинг гапинг рост бўлса, сен меникига борасан ва биринчи ушлаган нарсанг сеники бўлади. Бошқа иккинчи нарсани ушлаш мумкин эмас. Агар очкўзлик қилиб, иккинчи нарса ушланса, ўша нарса билан ўлгунча уриш.
Мачитдаги одамлар Омонга уч соат вақт берибдилар. Уч соатдан кейин ҳаммалари унинг уйига боришга келишибдилар. Омон келиб қараса, уйидаги ҳандалак палаги йўқ эмиш. Омон хотинидан сўрабди. У билмаслигини айтибди. Омон нима қилишини билмай, хафа бўлиб турса, сўрининг тагидан итининг мушук билан суҳбатини эшитиб қолибди. Мушук:
— Эй, дўстим ит, кўрдингми хўжайинимиз жуда хафа. У мачитда шарт ўйнаган эди. Ҳандалакни эса хотини Ёмонникига олиб бориб берган. «Сен келиб, биринчи бўлиб мени ушлайсан», деган. Энди Ёмон келиб хўжайиннинг хотинини биринчи ушлайди ва олиб кетади. Омон эса, ютқазиб шарманда бўлади, — дебди. Ит:
— Эй мушуквой, агар Омоннинг эси бўлса, ҳозир хотинини ясантириб, томга чиқариб қўяди, Ёмон келиб, шотининг биринчи поғонасига оёғини қўйиб, кейингиларини ушлайди. Хўжайин эса, дарров Ёмонни тортиб тушириб, шотини биринчи поғонасини бериб, қолган поғонаси билан уни уради, — дебди.
Омон ит билан мушукнинг гапларини эшитиб, дарҳол хотинини ясантириб, томга чиқариб қўйибди ва хотинига:
— Мен рухсат берганимдагина пастга тушасан. Агар сўроқсиз тушсанг ёки қамирласанг, ўлдираман, — дебди.
Уч соат ўтгандан кейин мачитдаги кишилар билан Ёмон келибди. Кишилар қарашса, ҳандалак йўқ экан.
— Энди шартингни бажаргин, — дебди кишилар Ёмонга. У Омоннинг хотинини қидириб уйни қараса йўқ, томнинг тепасида ўтирган эмиш. Ёмон шошилиб дарров шотиларни ушлаб томга чиқа бошлабди. Омон шотини тепиб, Ёмонни йиқитиб юборибди. Одамларга қараб:
— Нимага Ёмон очкўзлик қилиб биринчи ушлаган нарсасини олмай, бошқа нарсаларни ушлайди, — дебди Омон.
Шартга мувофиқ Ёмонга шотининг биринчи ушлаган поғонасини шотидан суғуриб қўлига берибдилар. «Очкўзлик қилганинг учун» деб Омон уни шотининг бошқа поғоналари билан роса урибди.
Омон одамларга бўлган воқеани айтиб берибди. Ёмонни уйидаги ҳандалакни олиб келиб, кишиларга кўрсатибди. Ҳамма Омоннинг қилган ишидан қувонибди. Ёмонни эса ҳайдаб юборишибди.