Калтакланган домла

Қадим замонда бир камбағал эр-хотин бор экан, уларнинг ёлғиз ўғиллари бор экан.
Кунлардан кун ўтиб бола катта бўлгач, уни мактабга ўқишга беришибди. Бола ўқиб юрганида отаси ўлиб қолибди. Бола онасининг тарбиясида юра берибди. Она ўғлининг домласига турли-туман мазали таомлар пишириб юбориб турибди. Бундан хурсанд бўлган домла кўнглида шумликни ўйлаб, «Бу боланинг онаси яхши пазанда экан, ўзи ҳам ниҳоятда сулув бўлса керак», деб ўйлаб болани ёнига чақиртириб:
— Болам, мен учун ойингни сўраб қўй, — деб тайинлабди.
Аста-секин домла бу гапни ҳар куни такрорлайдиган бўлиб қолибди.
Ўзининг оиласи бўлишига қарамай, боланинг онасига ғойибона ошиқ бўлиб қолибди. У болага:
— Мен уйларингга меҳмон бўлиб бораман, ойингдан сўра-чи, нима дейди, — дебди.
Бола домласининг гапини онасига айтибди. Онаси ҳам рози бўлибди. Бу гапни эшитган домла оёғининг чўлоқ бўлишига қарамасдан, тезда боланинг уйига етиб келибди.
Боланинг онаси домлани иззат-ҳурмат қилиб, чой қуйиб ўтирибди. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, домла хотиннинг қўлидан ушлаб ўзига томон тортибди. Хотиннинг қўлидаги иссиқ чой тўкилиб, домланинг қўли куйибди.
Шунда боланинг тоғалари келиб қолишибди. Домланинг қилмишини эшитиб, уни уриб-уриб ёғ чиқарадиган жувозга боғлашибди, ундан олиб ун тортадиган кашкашга боғлашибди. Домла қочиб зўрға қутулибди. Орадан анча вақт ўтгач, хотин ўғлига:
— Болам, домлангни меҳмондорчиликка олиб кел,— деб тайинлабди.
Бу гапни эшитган домла:
— Кет, йўқол, ойингнинг ёғи билан уни тамом бўлган бўлса керак, онанг ҳам қурсин, ўзинг ҳам қури, бор, кўзимга кўринма, — деб домла болани ҳайдаб юборган экан.