Икки ўжар

Икки дўст бир кун туз конига бориш учун сафарга чиқишибди. Қайтишда дарё бўйида келаётган эканлар, бир гужумни кўриб қолибдилар. Бу гужум юм-юмалоқ, жуда ҳам чиройли, худди қайчи билан қирқиб, текислаб қўйгандай экан. Улардан бири:
— Бу гужумни ким бундай чиройли қилиб қайчи билан қирқиб қўйди экан? — дебди. Иккинчиси:
— Гужумнинг ўзи тўғалоқ , ҳеч ким буни қайчи билан қирқмаган, — дебди. Биринчи дўст:
— Йўқ, қайчи билан қирқилган, — дебди. Иккинчиси:
— Ўзи шундай, — дебди. Шу билан иккиси баҳслашиб, гужумнинг олдига боришибди. Олдига боргандан кейин гужум яна ҳам чиройли, яна ҳам текис бўлиб кўринибди. Гужумнинг соясида ўтириб, дўстлар яна баҳс бошлашибди. Баҳс бориб-бориб уришга айланибди. «Ўзи шундай тўғалоқ» деган дўсти «Қайчи билан қирқилган» деган дўстини жаҳл устида дарёга итариб юборибди. Дарёга йиқилган дўсти сузиб бораркан: «Қайчи билан қирқилган», — деб кетаверибди. Дарё бўйида қолгани ҳам овозининг борича: «Ўзи тўғалоқ!» — деб қичқираверибди. Дарёга йиқилгани борган сайин ҳолдан тояверибди. Шунда ҳам «Қайчи билан қирқилган» деганга ўхшатиб, икки бармоғини очиб-ёпиб бораверибди. Дарёнинг тагига чўкиб кетаётганда ҳам икки бармоғини қайчи қилиб қолган экан.