Ҳар ким қилса, ўзига

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир кампир бор экан. У кампир бўз тўқиб тирикчилик қилар экан. У доим «Ҳар ким қилса, ўзига» деб юрар экан. Ҳатто бўз тўқиб ўтирганда ҳам шу гапни такрорлайверар экан. Қўни-қўшнилари бу кампирни жуда ёмон кўришар экан.
Кунлардан бир куни қўшнилари подшонинг ёнига бориб, кампирнинг устидан арз қилишибди, уни тоза ёмонлашибди:
— Подшоҳим, бизнинг кўчамизда бир кампир, ўзи бўз тўқийди, юрса ҳам, турса ҳам, бўз тўқиб ўтирганида ҳам «Ҳар ким қилса, ўзига» деб ўзича жаврайвериб, қулоқ-миямизни қоқиб қўлимизга беради. Подшохим, шу кампирни бир илож қилиб йўқотсангиз, деб келдик.
Подшо бир оз ўйланиб турибди, кейин уларга қараб:
— Сизлар ўз уйингларга боргандан кейин бир товоқ ошни «шоҳимиз кеча зиёфат берган эди, бизлар бориб зиёфатни еб келдик. Бормаганингиз учун подшоҳимиз сизнинг насибангизни бериб юборди», деб айтинглар, — дебди. Кампирнинг қўшнилари уйларига бориб, палов пиширишибди, бир товоққа ошни солиб, кампирникига олиб борибдилар. Кампирга:
— Шундай-шундай, мана шу паловни подшо бериб юборди, — дейишибди. Кампир:
— Ҳар ким қилса, ўзига, ҳар ким қилса ўзига, — деб қўшниларининг қўлидан паловни олибди-да, катнинг устига қўйибди. Кейин яна: «Ҳар ким қилса, ўзига, ҳар ким қилса, ўзига», деб ўз жойига бориб, бўзини тўқийверибди.
Подшонинг икки ўғли бор экан. Улар кампир яшайдиган жойга яқин ерда бир мулладан сабоқ олишар экан. Болалар ўқишдан қайтаётганларида кампирникига кириб, бўз тўқишини томоша қилишар экан, чўллаганда кампирдан сув сўраб ичар эканлар. Ўша куни подшонинг ўғиллари ўқишдан қайтиб келаётиб, яна кампирникига киришибди, сув сўрабдилар, сувни ичиб бўлгандан кейин қарасалар, катнинг устида бир товоқ палов турибди. Болаларнинг қорни оч экан. «Ошдан беринг», деб туриб олишибди. Кампир бўлса: «— Ҳар ким қилса, ўзига, ҳар ким қилса ўзига», — деб туриб, болаларга:
— Ея қолинглар, — дебди. Болалар паловни ўртага қўйиб, паққос туширишибди, ўринларидан турмасдан йиқилибдилар. Кампир дод-фарёд кўтариб, подшонинг ҳузурига югуриб борибди ва бўлган гапни бирма-бир айтиб берибди. Подшонинг буйруғи билан ҳалиги қўшнилар овқатга заҳар солиб беришган экан.
Подшонинг болалари тил тортмай ўлиб қолибди. Шундагина подшо кампирнинг «Ҳар ким қилса, ўзига» деганининг маъносини тушунибди. Ҳа, у кампирга ёмонлик қилгани учун ўзи икки боласидан ажралибди. Кампирнинг қўшниларига жазо берибди, лекин фойда бермабди.