Ёнғин Мирзо

ОНАМ ДЕРМАН

Бу оламда улуғ зот ким
Десанг, доим онам дерман.
Ҳаётим устуни синмас,
Мададкорим онам дерман.

Гул умрим машъали ўчмас,
Хаёлдан суврати кўчмас.
Дилимга оқ дили пайваст,
Вафодорим онам дерман.

Кўзим нурию дармоним,
Умид-шодлик ва армоним,
Кеча-кундуз нигоҳбоним,
Халоскорим онам дерман.

Она фарзандга бол бергай,
Саодат чечагин тергай.
Ҳам ардоқлаб, ҳам ўргилгай,
Чаманзорим онам дерман.

Узоқ кетсанг қолар доғда,
Кутар бедор саҳар чоғда.
Муқаддас она тупроқда
Умидворим онам дерман.

Аё Ёнғин, онанг эт шод,
Ёзиб мадҳини қилгин ёд.
Она бирла ҳаёт обод
Чароғбоним онам дерман.

ТАБАССУМ

Оромижон бир табассуминг,
Эт армуғон бир табассуминг.
Ўтма жонон чимириб қошинг,
Жонга дармон бир табассуминг.

Айтгин дилдор, тўлин оймисан,
Баҳордаги тошқин соймисан,
Латофатга шунча боймисан,
Сўрайди жон бир табассуминг.

Дилни-дилга боғлар нигоҳинг,
Кошки ўзим бўлсам ҳамроҳинг,
Кечар эдим бўлса гуноҳинг,
Орзу-армон бир табассуминг.

Сочларингни майда ўриб кел,
Ишқ боғимга булбул бўлиб кел,
Саҳар чоғи нурга тўлиб кел,
Бахтдур жонон бир табассуминг.

ҲАЁТ

Мен дегайманким, азизим, боғу бўстондир ҳаёт!
Сен дегайсанким, ҳабибим: тубсиз уммондир ҳаёт.

Баҳс этиб очса бўлурму ҳар башар тақдирини,
Мен дегайманким, берилган яхши эҳсондир ҳаёт.

Сен дегайсанким нигорим, эҳтимол шундай, вале
Баъзида чексиз азобу, кимга осондир ҳаёт.

Мен дегайман: ишқимиздек бағридан қўймас мудом,
Нолима, аслида билсанг, яхши достондир ҳаёт.

Сен дедингким: севгимиздек сайқали бор, сайқали,
Ким висолдан маст-аластдир, кимга ҳижрондир ҳаёт.

Мен дегайман: қўлга давлат қуши қўнди, яйратай,
Сен дегайсанким нигорим: сергак посбондир ҳаёт…

…Ҳар қалай суҳбатда Ёнғин бўлди ойдин ўйларинг,
Ёрим айтгандай: машаққат ҳамда жонондир ҳаёт!