Ёдгор Обид (1940)

Ёдгор Обид 1940 йили Тошкентда туғилган. 1981 йили Москвадаги М.Горкий номидаги адабиёт институтини тамомлаган.
«Оққуш ҳақида эртак» (1975), «Тақдир» (1975), «Юлдузлар кипригида» (1980), «Суҳбат» (1985), «Бону» китоблари чоп этилган.

БОБУР

Таним — тупроқ,
Юрагим — тош,
Руҳ — туғён.
Ўкинчларим — шамол,
Армонларим — қуюн.
Лаҳадда ҳам тинч кууймади бу замон,
Қиличимни келтир, ўғлим Ҳумоюн!

Тақдир ҳукми бўлса шоҳлик — не гуноҳ,
Беш юз йилким дашном ёғар куймайин.
Фарёдга айланди мен ётган туфроқ,
Қилиcимни келтир ўғлим Ҳумоюн!

Мен сиғмаган юртнинг ҳоли не бўлди,
Бориб қай бир тилда кўнгил сўрайин.
Наҳот қаддин букмаган эл букилди…
Қиличимни келтир, ўғлим Ҳумоюн.

Мезон бўлиб ҳаволанди номус-ор,
Ёт туфроқда энди қандоқ ётайин…
Туроннинг на ҳадди ва на ҳати бор,
Қиличимни келтир ўғлим Ҳумоюн.

Оғринар ҳаттоки сарғайган сўнгак,
Жаҳаннам ўтида майли куёйин..
Сўнги ишончимга келтирмайин шак,
Қиличимни келтир ўғлим Ҳумоюн.

* * *

Бир япроқ узилди. Бир япроқ-
Бутоқдан айрилди шу замон.
Бир япроқ узилди. Бир япроқ-
Чарх уриб бормоқда ер томон.

Бир япроқ узилди. Бир япроқ-
Орзудек парпирар ҳиромон.
Бир япроқ узилди. У япроқ-
Ҳазонлар бағрида бир ҳазон.

* * *

Борлиқни босганда қаро тун,
Бағримга отилиб кирган ой-
Қандайлар ҳаёлсан мен учун,
Гоҳ армон, гоҳ ором, гоҳ орой…

Орзудек қалбимни эркалаб,
Тафтингга тортурсан, чулғорсан.
Шивирлаб, бағримга ўт қалаб-
Борлиғим қўзғорсан, тўлғорсан.

Навога айланган ҳар нигоҳ-
Нурлари силайдир кўксимни.
Силайдир… Титрайдир у ногоҳ…
Пардалар қоплайдир кўзимни.

Узиккан юрагим бетоқат.
Айрилиқ ваҳмидан руҳ бежо
Ҳаёл-бор умиддан баҳраманд…
Бағримга отилиб кирган ой.