Хуршид Нуруллаев (1959)

Хуршид Нуруллаев 1959 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат меъморчилик-қурилиш институтини тамомлаган (1981). Ҳозирда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармаси бош услубчи-маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. Ижод намуналари республика матбуотида чоп этилган.

*  *  *

Чидайман,
Мағрурлик иснодни бўйнига олар,
Шарм-ҳаё измига бўйсўнмас уят.
Тил сукут сақлашдан гунг бўлиб қолар,
Қароридан кечмас умидвор ният.

Чидайман,
Хуноб бўлар гумон исботи ўтмай,
Хижолат қадримга қазийди қабр.
Ёр ёдин хаёллар юрар унитмай,
Маломат қаҳрини ютади сабр.

Чидайман,
Ҳажрнинг сеҳридан ўзгарар дунё,-
Юлдузлар, ой, қуёш, гуллар – ёр васли.
Вужудим қуш бўлиб учади гўё,
Ошиқлик ўзликдан воз кечмоқ асли.

Чидайман,
Заррача безовта бўлмасин ваҳим,
Мозий мисолида менинг кўнглим тўқ.
Ҳолимга кўз ёши тўкмасин раҳим,-
Мен ҳали Мажнунга айланганим йўқ.

Чидайман,
Ўзгани кўрсатиб, бермангиз савол,
Дарвишнинг бир умр ишлари тиғиз.
Мени беҳуш қилган наҳот шу аёл,
Ўттиз йил илгари мен учратган қиз.

Чидайман…

*  *  *

Ишқнинг ўчоғига ўт қалар ҳижрон,
Қалб қувғин қушдайин тополмас қўним.
Гумоннинг тиллари бунчалар бийрон,
Чорасиз ҳасратга қолдими куним.

Сабр олтинига учган қатъият,
Умидни юзхотир қилар сўнгги бор.
Вафо содиқликни қилса ҳам ният,
Ишонч водийсига тарқалар ғубор.

Хотира ўтмишим суратин чизар,
Руҳимга қанотин ёзар осойиш.
Кўнгил сарҳадида  бир соғинч эсар —
Қисматга  тан бермай ўртанар хоҳиш.

Истак шууримдан ғурурни ҳайдар,
Васлингга етмоқ-чун излайди имкон.
Меҳр кўзда экан, севгичи, қайда, —
Ишқнинг ўчоғига ўт қалар ҳижрон.

*  *  *

Ҳушёрлик жиловин тутсам-да маҳкам,
Ишқнинг тузоғига дуч келдим охир.
Ошиқлик дардига бормикан малҳам,
Ҳижроннинг лаҳзаси бунчалар оғир.

Орзиқиб етишган висол онидан
Чақмоқнинг умри ҳам узундек гўё.
Маҳбуби йўқ бўлса ошиқ ёнида
Саротон куни ҳам зулматдек сиёҳ.

Очганми бирор ким ишқнинг сирини,
Дилларга муҳаббат қўяр экан бош,
Қобиллик тарк этса бир успиринни,
Бир жиззаки йигит тортади юввош.

Менчи, юлдузлардан юпанч истадим,
Уйқуни ғафлат деб, қилдим уни оқ.
Умримга ачинмай вақтни қистадим,
Тез ўтсин, висолга етай деб тезроқ.

Висоллар туҳфами аршу-аълодан,
Ошиқлик ҳаққига муқаддас инъом.
Руҳ эмас, вужуд ҳам гўё самода,
Ишқсиз жон кўрмагай бундайин икром.

Ишончни комиллик қачон этди тарк,
Қачон рашк кўнглимни айлади нотинч.
Умидлар шаҳиддир, орзу жувонмарг,
Қалбимда армон деб ном олган илинж.

Шу армон туфайли яшарман балки,
Бахтиёр онлардан хотира ёдгор.
Севгидан бошқаси бари қалбаки,
Ишқи бор одамга худо мададкор.

*  *  *

Гулим,
Рашк мени изингга пойлоқчи қилди,
Кўнглимдан бош олиб кетди ҳаловат.
Гумонлар бўғзимга тошдек тиқилди,
Охир ишқ васлига етди талофат.

Орзулар кўкида чарх урган хаёл
Надомат чоҳига тутқундир бугун.
Тош бўлиб ботади қалбга бир савол:
Наҳотки тақдирим айладим тугун.

Танҳолик юкидан толиқар кўнглим,
Гавжумлик татимас ҳатто бир лаҳза.
Ҳаётим шамини  ўчирса ўлим,
Руҳимга сололмас бунчалар ларза.

Ишқнинг кемаси ғарқ гумон кўлида,
Ҳижрон оролида жисмим жон сақлар.
Дуч келди дегунча армон йўлида
Кўнглимни надомат тиғи чавақлар.

Биламан, йўлингга туташмас йўлим,
Қалбингда қолдирдим ўкинч ва гина.
Сендан фақат менга ёд қолди, гулим,
Ишқинг хотираси – ноёб хазина.

*  *  *

Келсангиз,
Ташрифингиз бўлар кўнглимга байрам,
Юракнинг рақсидан кўксим дарз кетар.
Изингиз силасам гулдек авайлаб,
Бошимни қўймоққа соянгиз етар.

Келинг,
Армонлар тумандек тарқалсин изсиз,
Қувғинга учрасин паришон хаёл.
Наҳот, шул дамгача яшадим сизсиз,
Орзум осмонида яшаган аёл.

Келмасангиз,
Танҳолик маҳв этар умримни буткул,
Бездирар қадрини йўқотган ҳаёт.
Қалбимда ниш отган ишқ аталмиш гул
Ҳижрон дарёсидан сув ичар, ҳайҳот.

Айтсангиз,
Ўзгага ёр, дея юрмасман ғам еб,
Юрагим тош этиб номингиз уйгум.
Ёри бор аёлни севиб қолдим, деб,
Ёлғизлик қисматин тақдирга йўйгум.

Айтинг,
Бўйин товлаяпти қалбим сабрга.
Бир сўз кифоядир, “ҳа” ё “йўқ” деган.
Барибир, армонсиз кетгум қабрга,
Чунки ошиқ бўлиш улкан бахт экан.

*  *  *

Нигоҳинг жонимнинг жиловин тутган,
Юрагим ўйноқлар кўзим тушган он.
Ўтмишни хотирам гўё унутган,
Йўқ каби сиймонгдан ўзга бир жаҳон.

Тунларнинг оёғи наҳот кишанбанд,
Ҳотамлик қилар вақт бахил ҳижронга.
Йўқ эрсанг осмоннинг димоғи баланд,
Ер эса тош каби ботгандек жонга.

Сенингсиз кунлардан йўқолар маъно,
Кўк босиб тургандек эгикдир бошим.
Қошимда қилса ҳам гуллар таманно,
Васлингсиз яшашга етмас бардошим.

Сабримнинг умрини чўзади умид,
Дийдоринг тасвирлаб чарчамас хаёл.
Ошиқлар қисмати бўлса ҳам ўгит,
Ўзгалар раҳмидан кўнглимда малол.

Тонг отар – илтижом эшитган Аллоҳ,
Келасан, юришинг фаришта рақси.
Ҳеч нарса бўлолмас висолдан аъло,
Кўзимда гуллайди жамолинг акси.

МУҲАББАТ МУЛКИ

Хаёл кенглигига қўйдинг чегара,
Идроким ўйларга яна бўйсунди.
Муҳаббат ёдидан оларкан баҳра
Қалбимда оташ бир орзиқиш  унди.

Хотира уйида югурдак хаёл
Кўнглимга соғинчни келади бошлаб.
Армон — ишқ қолдирган мерос ҳам малол,
Бошимни эгади зилдек кўз ёшлар.

Шодлигу ғамларим қисматга кирим,
Эртароқ бир ҳақни айласам баён,
Умиднинг қўлида гарчи тақдирим,
Ҳаётнинг мазмуни кун каби аён.

Бу дунё азалдан муъжиза, хилқат,
Ошиқлар юраги — муҳаббат мулки.
Ишқнинг даргоҳига кирмоқ бор фақат,
Севгини жон бериб тарк этмоқ мумкин.

ИШҚНИ ТУШУНИШ

Токай сиз ҳижронга кўрсатиб раҳим,
Шавқатни аяйсиз мен нотавондан.
Кўнглимни тўфондек босади ваҳм,
Наҳот айрилсам сиз моҳитобондан.

Кўкрагим қадайман  замин кўксига,
Қалбимнинг тафтини босолмас  тупроқ.
Жавобсиз севгидан  кўнгил  ўксиган, —
Муҳаббат боғига киролмас у тоқ.

Осмон чексизлигин қилгандек аён,
Англатгим келади,  ишқимдир беҳад.
Бўлса Қайс севгида мажнуни жаҳон,
Минг бора  зиёддир менда бу жиҳат.

Бир қалбнинг ишқидан яралмас висол,
Кўнгиллар жуфтлиги муҳаббат сайли.
Шуълага талпинган парвона мисол,
Васлингиз  ўтида  ўлсайдим майли.

Биламан, севгандан севилган ортиқ.
Лекин ишқ олдида қолгум иснодга, —
Хаёлга келмасам эсланса ошиқ,
Содиқлик деганда тушмасам ёдга.


ЖОННИСОРЛИК

Соғинч судраб келса, сойнинг бўйига,
Беҳол тиз чўкаман ҳижрон юкидан.
Мен қандай тушмайин мажнун куйига,
Ярадор бўлса қалб севги ўқидан.

Бу ерда интизор  мудом  бир армон,
Надомат хумордан чиқгудек тинч  жой.
Мунгли нигоҳимни қилиб андармон,
Шовқинсиз, тўлқинсиз,   ўйчан оқар сой.

Қўёш сув бетида чўкмаган олтин,
Товланар, ҳолимни наҳот билмаса.
Хижолат чеккандек еллар олар тин,
Бир сўз айтмоқликка ботинмас майса.

Шохи кесилган тут сув ичра кирмай,
Эгилар, узоқдан келгандек  чақнаб.
Сойга туша бошлар, гўё билдирмай,
Гурзига ўхшаган хира кўланка.

Гарчи ҳафсаласин йўқдек охири,
Соя чўмилмоққа бекор уринар.
Қирғиққа тирмашган толнинг томири
Ориқ бармоқларга ўхшаб кўринар.

Зафарон юзимни кўриб, эзилиб,
Тоғларнинг ортига бекинар қуёш.
Чақмоқнинг тиғидан бети тилиниб,
Булутлар боладек тиёлмас кўз ёш.

Сойнинг баданини чимчийди ёмғир,
Тошмалар босади сувнинг юзини.
Чумчуқлар толларга бекинар бир-бир,
Шаллоба ҳолимдан узмай кўзини.

Хотира мулкини хатлайди кўнглим,
Соғинч туйғусига армоним маҳтал.
Ўртанмангиз, гарчи кўзларим мунгли,
Мен ишққа жон билан тўлайман бадал.

БИР ИШҚ ТАРИХИ

Кетасиз,
Ҳаловат тарк этар кўнглим уйини,
Ғариб бир гўшага айланар дунё.
Бошимда чарх урар ғамнинг қуюни,
Юрагим қоронғу тундан ҳам сиёҳ.

Куясиз,
Иснодга қўймоқчи бўлади гумон,
Дўст қилиб кўрсатар ўзини тўҳмат.
Шубҳага ишқ уйи қўноқ бўлган он
Хавотир даштига қувғин муҳаббат.

Кўрасиз,
Юрибман уйимда мусофир каби,
Жудолик ҳижронга ташланган хўрак.
Кўнгил узолмайман сиздан, сабаби,
Ишқнинг ватанига айланган юрак.

Кутасиз,
Ишонч ҳам гоҳида бериб қўяр панд,
Кўнглимни уй қилиб олар надомат.
Ишқ қалбни ўзга бир қалб билан пайванд
Этса гар, шул экан тақдирдан  омад.

Келасиз,
Муз каби эрийди кўзимда  таъна,
Раҳм ҳукмин ўтказар кўнгил уйига.
Қўлимни кафтингиз тутаркан яна,
Рақс тушар юрагим ишқнинг куйига.

Куласиз,
Руҳимдан қувғинга учрайди ғашлик,
Масрурлик эгаллар қирғоқ бўйини.
Наҳот хуррам дамлар сизга қарашли,
Кечагидек ётмас қалбим куюниб.

Кирасиз,
Кўнглимга киргандек, хонамга бир кун,
Негадир ийманиб кўтараман бош.
Кимдир чимилдиқни кўтарар бе ун,
Чақнаб кетар уйнинг бурчида қуёш.

ЧИН ЙИГИТ ОРЗУСИ

Севгини  ўзига ватан этмиш жон,
Тотиб ишқ  майидан сархушу шодон.
Кўнглим соғинчларга тўлган ошиён,
Қалбим ҳовучида ардоқлай сени.

Ошуфта аҳволим мажнунга ҳавас,
Ифорда гуллардан ўтказиб нафас,
Сочингни бошимга айлагил қафас,
Еллардек самимий қучоқла мени.

Ишқ гўзал қасрини қурмиш қалбимга.
Мос тушмиш тақдирнинг кори таъбимга.
Боссин бахт муҳрини ташна лабимга —
Элтай арш-аълога дудоқ-ла сени.

Шаънини топтамоқ мард  йигитга ёт,
Беғубор икки дил топишса эл шод,
Бебаҳо қийматинг айла мукофот,-
Жисмингда  яширган  бутоқ-ла мени.

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ

Ўтган ҳар дақиқа хотира асли,
Кунларни ўтмишга хатлаб борар вақт.
Бир лаҳза нигоҳга  қўнган ёр васли
Ошиққа бир умр татигулик бахт.

Асрлар писандмас тоғлар ёшига,
Чинорнинг умридек яшаш бир ният.
Ногаҳон офатни чорлаб қошига
Ер-кўкни ларзага солар сония.

Кимгадир қисқадек туюлар кунлар,
Имиллаб ўтгандек баъзиларга он.
Мунажжим тақдирни излаган тунлар
Булутлар ортида юлдузлар хандон.

Ҳар қандай қисмат ҳам кутар ўз дамин,
Мутлақ синоатдир эртанги тақдир.
Одамзод ўткинчи, омонат замин,
Абадий мавжудлик бўлса у ҳақдир.

Неки мавжудод бор қисматга маҳкум,
Наф топмас эртадан излаган нажот.
Ҳар қандай оғир йўл тинч  топар якун,
Чавандоз вақтида қамчиласа от.

ИШОНМАНГ

Номардлар гапидан тонса  ажабмас,
Қаловин топса қор — ёнса ажабмас,
Таъмагир нафсидан қонса ажабмас,
Аҳдидан қайтди мард, деса ишонманг.

Ёмонлар озаймас кўпайса гўрлар,
Султон суягини бунчалар хўрлар.
Зарарга мол бердим, дея судхўрлар
Онт ичиб, ич-этин еса ишонманг.

Қаҳратон қиш чоғи кўрсатиб жамол,
Қуёш бир ниҳолга беролмас камол.
Бир куни бўронга айланар шамол,
Баҳорнинг елидек эсса ишонманг.

Булбулсиз гул ғариб, хордир навосиз,
Ошиққа  мажнунлик ордир жафосиз.
Не ғамки, дунёда бордир вафосиз,
Айтса у «ишқ ёлғон  қисса», ишонманг.

Эзгулик мулкига қасд бўлиб навбат,
Ишқ шамим сўнишин қилса ёв даъват,
Қалбимда яшайди севги.
Муҳаббат
Ўлар, деб   бошимни кесса ишонманг.

*  *  *

Заковат – инсонни буюк этган куч,
Улуғлик – эзгулик бўлган тафаккур.
Туйғулар тунгамас, ойдинликка ўч
Яхшилик қолдирмоқ — суннат, ташаккур.

Ақл – хижолатдан асраган неъмат,
Ирода – мақсадга учирган қанот.
Ҳасад – диёнатга қарши хусумат,
Ҳавас – қаноатдан файз топган ҳаёт.

Яшаш – бахтни англаш, суюш, суюниш,
Севмоқ — танда қалбнинг борлигин туймоқ.
Мотам – бандаликка кўниш, куюниш,
Оила – сулола тошига янги ном ўймоқ.

Умр —  туш ва хаёл яшаб ўтган вақт,
Орзу — қанот қоқиб толмаган истак.
Ишқ — армон юртида соғинч бўлган  бахт,
Севги – ҳақиқатга айланган эртак.

*  *  *

Энг аввал япроқлар пайқади кузни,
Баргларнинг юзига хавотир қўнди.
Ёзи билан эмиб тоғлардан музни,
Барибир, жилғанинг ҳаёти сўнди.

Булутлар қораяр, недан бу завол?
Чидолмай гоҳида тўкар у кўз ёш.
Тилла тангалар, деб хазонни шамол,
Шошганча, ҳар ерга қила бошлар чош.

Чақмоқ — биз билмаган балки сирли сўз,
Англаб етолмаган таъна ё илинж.-
Ернинг жамолини соғинган юлдуз
Булут баданига тортарми қилич.

Барглари тўкилган, антиқа дарахт,-
Мевалар бўшатмас  қўлини шохдан.
Қиш келган, узишга ҳали ҳам барвақт,
Мўъжиза — хурмалар жой олди  боғдан

Куз, маюс нигоҳинг ўртади жонни,
Ахир саодатку кутилган якун.
Қай фасл бўлмасин, еру-осмонни
Ҳар тонг қарши олсин келаётган кун.

*  *  *

Кел.
Гиналарни ўлдир шафқат тиғи-ла,
Орзулар чинқириб йиғлайди, гулим.
Қалбим қафасдаги қушдек сиқилар,
Рашкнинг ботқоғига тушди бир йўлим.

Кел.
Севги қисматин ҳал этмасин тилим,
Ишқда очмагайлар ишонга аза.
Бағри куйган ойдек юрагим тилим,
Афсус дунёсида номим овоза.

Кел.
Fанимлар қувончи етмасин кўкка,
Севги ўлмаслигин юлдузлар айтсин.
Гумон қушларини тутайлик ўққа,
Аразлаган ишонч юракка қайтсин.

Кел.
Ишқнинг уволига қолмасин бу жон,
Армон азобидан қилгил ҳимоя.
Бечора юрагим умидга дужон,
Кел, қалбим қийналар, ўзинг бўл доя.

ҲАҚҚОНИЯТ

Муродинг ҳосилмас мақсадсиз йўлда,
Зулматга боқса кўз, билки сўқир  у.
Гар ишонч бўлмаса омад йўқ қўлда,
Ишқ – висол кўйида яшаган  туйғу.

Улуғлик – эзгулик қолдирган  мерос,
Хатолик этагин тутар хавотир.
Ақлнинг измидан чиққан эҳтирос
Тақдирни чилпарчин қилмоққа қодир.

Умр бир лаҳзага қиёсдек, гўё,
Мангудек туюлган ҳаёт бир эҳсон.
Синоат тоғига ўхшайди дунё,
Чўққига тикилар пойида инсон.

Ошиқлик – ўзликни англатган неъмат,
Ишқ аҳли шукрона айтмоққа ҳақли.
Аксар бир   ўй  сурар:  «дунё ғанимат»,
Муваққат саналган  одамзот  ақли.

Жон тирик бўлса гар тутмаслар мотам,
Аёндир умрнинг бу фалсафаси,
Ўлишни ўйламас бирорта   одам,
Олганида  ҳатто   сўнгги нафасин.

ОШИҚ АҲДИ

Юрар йўлингизга айлансам эди,
Товонингиз ўпиб ўтарди умрим.
Пойингиз тафтида суягим, этим
Кул бўлиб, туярди бахтни шуурим.

Хуш ҳаво бўлардим, нафасингиздан
Ҳузур топар эдим, ҳеч зот туймаган.
Оҳ,  шаҳид бўлмоқлик бахт дастингиздан,-
Мен ҳижрон ўтида ёниб тўймаган.

Биламан, умримиз Аллоҳдан ҳадя,
Не қилай, олгум йўқ сизсиз бир нафас.
Билсангиз,  сен каби севсайдик, дея
Ошиқлар ҳолимга қилурлар ҳавас.

Йўқ, демай ишқ учун  кечардим жондан, —
Ёр васли кўйида шарафдир ўлсам.
Ошиқнинг ўтса ҳам умри ҳижронда,
Мен яна севардим қайта туқилсам.

ҲИЖРОНДА АНГЛАДИМ…

Кечиргил, қайсарлик касб этган ғурур,
Кўнглимни ўкситган рашкнинг даъвоси.
Қалбимни ёт санаб кетгандек сурур,
Гумондан қутулмоқ йўқдек давоси.

Ўйламай руҳингга озор етишин,
Худбинлик таъналар тошини отар.
Бардошинг босади тишига тишин,
Туҳматнинг наштари юракка ботар.

Хатонинг кўзи кўр бўлса ҳам, лекин,
Минг бора йўқотмиш тилло асони.
Ҳижронда англадим ишқнинг нелигин,
Жон чекмай топгандим сендек расони.

Севгида йўқотмоқ ўлимдан оғир,
Азага маҳкум қалб, мотамсаро руҳ.
Кулбамда сезаман ўзни мусофир,
Юракда бир армон – чексиз тазарру.

Ёдимга ўтмишнинг хуш дамин солиб,
Кўнглимни кўтармоқ бўлар хотира.
Лекин ғойибона ишқнинг висоли
Қалбимга надомат юкин орттирар.

Нетай, ишқ олдида бошим эрур хам,
Ёр номи бир бора жой олса лабдан,
Гуноҳ ё адашиш, ҳатто нафрат ҳам
Ўчира олмаскан севгини қалбдан.

ЎРТАНИШ

Ерга кўк ташрифи якун топган он,
Хотирам бисотин тита бошлар тун.
Кўксига юлдузлар тақади осмон
Чақмоқ кўзларингни эслатмоқ учун.

Хаёллар сурсин деб тонггача ёлчиб,
Чим кўрпалар тўшар қирғоғига сой.
Чеҳранг кўрсатгандек даричанг очиб,
Уфқдан мўралаб, чиқиб келар ой.

Нафасин ичига ютгандек замин,
Бошимга елкасин тутар қари тут.
Ёдимга солмоқ-чун висолнинг дамин,
Атрофнинг унини чиқармас сукут.

Сочларин ғашига теккандек шамол,
Телба ел бўйнимдан қучади ногоҳ.
Ой сойнинг бетида кўрсатиб жамол,
Сенинг танҳолигинг этади огоҳ.

Малолдир ҳижронда ўтган бедорлик,
Тун умри висолсиз бунчалар дароз.
Ҳамдардлик қилмоқчи бўлса ҳам борлиқ,
Ёлғизлик дардидан этолмас халос.

Кундузлар кулбамдан чиқолмай, беун,
Айбимдан куюниб, йиғлайман юм-юм.
Ҳеч кимдан сирини яширмаган кун,
Кўчаларни атай қилгандек гавжум.

Айрилиқ қисматин яратган ўзим,
Тонг отар, ўртаниб уйга қайтарман.
Сен-ла учрашмоққа шувутдир юзим,
Балки узримни ҳам эрта айтарман.