Усмон Қўчқор (1953-2017)

Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1975). «Ҳаяжонга кўмилган дунё» (1982), «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), «Чамангул» (1996), «Ширқ» каби шеърий китоблари нашр этилган. «Қувғун» достони ва «Имом Бухорий» шеърий драмасининг муаллифи. Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» ва «Шайх Санъон» драмаларини, Юсуф Самадўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати» романларини ўзбек тилига таржима қилган. 2017 йил 21 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Дунёнинг йўқ бизга ҳамон парвоси,
Арзирми дардимиз тўксак қорларга.
Чорлаб турганида осмон парвози –
Осилмак истасак юксак дорларга.

Арзирми баҳорда қайтган қушларга
Кўзлардан ёшларни лайсондай қуйсак.
Юсуф таъбирини айтган тушларга
Ишонсак, бошларни остонга қўйсак.

Моғор гўшаларга, арзирми, ҳабиб,
Ҳур шамол сингари ҳур-ҳурлаб борсак
Адирин таниган турналар каби
Заминга тушмай қур-қурлаб юборсак.

Қора булутларни яшиндай ёриб,
Чаманга тикилмоқ фарз эмасми, айт.
Умидни хунбор кўз ёшинда қориб,
Ватанга йиқилмоқ арзимасми, айт…

* * *

Сочларинг бунча ҳам қора, суюклим,
Ялдо кечасини қўшиб ўрдингми?
Кўзларинг ундан минг бора, суюклим,
Корадир…
Мен кўрган кунни кўрдингми?

Ўзга рангни қандоқ топай улгуриб
Ҳаёт-мамот деган вақт орасинда.
Сочингу кўзингта термулиб туриб
Куйламоқ қийиндир бахт борасинда…

* * *

Ишқ — жунун, сўнгандан кейин англанган,
На илож, ишқ – Ҳакдан тортиқ деганлар.
Авжланар сув сепган сайин аланга,
Қаттиқроқ куяди қаттиқ севганлар.

Қандай савдоларга беланди бошим,
Оҳ, қачон бу юрак тошга айланар.
Ичимдан бир исён келади тошиб,
Бу исён кўзимда ёшга айланар.

Ошиқнинг аҳволи феълидан аён,
Кўрганлар ачиниб кетади нари.
Бу шўрлик қавмга минг йилдан буён
Ёлғон бир тасалли: «Ўтади бари…»

Оҳимдан муҳит бир силтанади-да,
Тоғдан пастга қақшаб қуйилар тошлар.
Ишқнинг бу зулмкор салтанатида
Ёлғон ростга ўхшаб туйила бошлар…

* * *

Томоша шавқи бор эди ройимда
Ўн саккиз минг оламларингни.
Нечун ўрмалатиб қўйдинг пойимда
Чумолидан майда одамларингни.

Бу ўша —
йўлидан ҳамиша озғон,
Деб мени осийга йўйдинг-ку доим.
Эрк десам…
бошимга бу шиша қозон —
Осмонни тўнтариб қўйдинг, Худойим.

* * *

Сайеҳ!
Энди мендан ранжима,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Сўрамайман сендан ганжина,
Шу жойгача олиб келдим мен.
Қолганига омадинг берсин,
Бу сарҳаддан ўтмасман зинҳор…
Ўзинг кетавергин,
жин урсин,
Ёлғоннинг ҳам…
чегараси бор…

* * *

Ҳисобсиз эмасдир суви уммоннинг,
Юлдузлар ҳисобсиз эмасдир, болам.
Ҳисобда ҳар қийлу қоли замоннинг,
Ҳисобда ҳар шодлик, ўкинч, ғам-алам.

Борар манзилиму ўтар кўпригим
Чизилган — харита каби — китобда.
Қай лаҳза узилар қай бир кипригим –
Ҳисобда турибди, ҳисобда…

* * *

Замин тўзон сочар. Осмон — аланга…
Қизариб боқади офтоб ҳам уфқдан.
Қудуқлар кўмилган… Карвон таланган…
Шом тушар… Бошланар афтода хуфтон…

Ёлғиз ўзи қолди. Паноҳ — Худодан.
Омон қолганини саодат билар.
Саҳрода қибласин йўқотган одам
Дуч келган томонга ибодат қилар…

* * *

Мовий дунёлардан бир насим келур,
Маним бу насимга ҳавасим келур.
Жисмим бунда менинг, рухим ундадир –
Мовий дунёлардан нафасим келур.

Менинг хотиротим — заминдек қадим,
Ёшим баробардир Қуёш ёшига.
Лекин ҳеч бепарво қарай билмадим
Хилқатнинг ҳар битта гулу тошига.

Гуллар ўзлигини англадими, бас,
Тош ҳам тошлигига иқрорми бугун?..
Чап кўкракда санчиқ ҳамон босилмас,
Икки қош ўртаси тугундир, тугун.

Тошлар чатнай бошлар, гулларда титроқ,
Сегоҳ оҳангида эсади насим…
Ҳали бу дунёда яшайман узоқ,
Ҳали бу дунёдан қайтмас нафасим.