Тўрабек Бўронов (1943-2014)

Тўрабек Бўронов 1943 йил 5 ноябрда Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Уйғур қишлоғида таваллуд топган. Узоқ йиллар матбуот соҳасида ишлаган. “Пахтакорлар овози”, “Урганч ҳақиқати”, “Дўстлик байроғи” (ҳозирда номлари ўзгарган) газеталари редакциясида мухбир сифатида фаолият юритган.
Кейинчалик нафақага чиққунга қадар вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармасида турли лавозимларда меҳнат қилди.
“Ҳаёт ҳикматлари” шеърий тўплами муаллифи.
2014 йил 3 феврал куни вафот этган.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ёлғончи дунё дер, дерлар бевафо.
Жийда дарахтини қийшиқ дейдилар-
Мевасини эса дейдилар даъво.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Чуқур ўйга толиб, кўп фикр қилдим.
Бир бола ўн ёшда донодай сўзлар,
Саксон ёш жоҳилни бола деб билдим.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Йўқотиб бўлмаскан барча иллатни.
Баъзилар ҳақ йўлдан адашса атай,
Қаёқдан оламан унга ҳурматни?!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ечимин тополмай не бошлар ғовлар.
Ҳайвонот оламин тақдири шундай,
Инсон-чи?! Во ажаб бир-бирин овлар!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Бор экан қанчалар ечимсиз мавзу-
Гўдак тезроқ катта бўлсам дер экан,
Чоллар гўдакликни қиларкан орзу.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Баъзилари содда, баъзиси мубҳам.
Ватанин севар, деб, ишонолмайман,
Ўз остонасини унутган одам.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ҳурматим бўлмаса ота-онамга,
Довруғим кетса ҳам бутун оламга,
Ишониш мумкинми мендай одамга?

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Минг йил умр керак уни ечмакка.
Биров ёмғир ёғса ризқ деб қувонар,
Бировни безовта қилади чакка.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ечммин тополмай бўлдим кўп карахт.
Нодон доноликни қилармиш даъво,
Қачон бутун бўлган қийшайган дарахт.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Неча кундан бери юрибман хомуш.
Дунё, бағринг ғамга тўлиқ экансан,
Нечун сен яралдинг мунча фаромуш?!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Бўлмағур ишларга сарф бўпти вақтим.
Эвоҳ, кеч англадим, афсус, минг афсус,
Вақт билан бирга кетибди бахтим!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
От бош бермас жилов бўлмаса маҳкам:
Ёрини алдаган бирор нокасга
Кафил йўқ, алдайди Ватанини ҳам.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Бир кун алаф, бир кун гуллар узарман.
Чўққига чиқибман қай йўллар билан,
Тушишга нарвон йўқ, қулаб тушарман.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Инсон қалби экан гоҳ тафтли, гоҳ муз.
Кўкларга кўтарса мисоли бир пар,
Эҳ, ўлдирар экан баъзида бир сўз!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ҳаётда учраркан ҳар турли қилиқ.
Юзидан нур ёғар учрашганида,
Изимдан тош отар ўша мунофиқ.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Арпа экан олар, албатта, арпа.
Лекин бир жумбоққа тишим ўтмади,
Хоин қайдан пайдо бўларкан, тавба?!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Бир отанинг тутди кўкни ноласи.
Фарзанди ноқобил эмиш, во ажаб!
Кўкдан тушмаган-ку унинг боласи?!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ғам экан қувончнинг доим йўлдоши.
Жоҳилнинг бурнини осмонда кўрдим,
Негадир эгикдир дононинг боши.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Лиммо-лим тўлиқдир сирларга бунча.
Олтин зангламайди минг йил захда ҳам,
Ялтироқ қоғоз-чи? Сувга тушгунча.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Қанча кириб борсанг олисдир анча.
Мевасиз дарахтга қарамас ҳеч ким,
Мевали дарахтга тош отар қанча!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Қанчалар юксакка етса ҳам бошинг-
Кибрланиб кетма, баланд-баланддан
Шиддат-ла тушади ҳар томчи ёшинг.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Бунча чигал қилдинг, эй Парвардигор?
Ёлғончи дунёда юз йиллар яшаб,
Бир кунча чин умр кўрмаганлар бор.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ечимин тополмай бўлдим кўп карахт.
Нодон доноликни қилармиш даъво
Қачон бутун бўлган қийшайган дарахт.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Арзийди минг марта қойил қолсалар.
Оддий боларини кўринг, беради
Сийлаганга асал, текканга заҳар!

* * *
Дуннинг ишлари турли ва қизиқ:
Ҳаётнинг ўнги гул, чап ёни тикан.
Кетингдан бир из қолмаса, билки,
Бекор минглаб йил йўл юрганинг билан.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ақлим қосир қолади барчасига ҳам.
Кунлик эҳтиёжим-нозу неъматнинг
Кўпи оғу экан, озроғи малҳам.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Инсон ўз ҳалолин қилмайди писанд.
Ёнингдаги олов иситар,ахир,
Олисдаги чўғдан ким бўлган хурсанд?

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Қабристонга бориб лол қолдим буткул-
Ҳашамдор қабрни тош босиб ётар,
Оддий бир қабрдан кўкарибди гул.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Анчагина ерни айладими гулзор.
Атай бир тиканни юлмаган эдим,
Вақт келиб тикани берди кўп озор.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Саломимга раҳбар берди қўл учин.
Ногоҳ бир каттакон ташриф қилувди,
Югурди қўшқўллаб кўришмоқ учун.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ўй суриб тагига етмайсан ҳарчанд:
Деҳқон етиштирар турли ноз-неъмат,
Ўзи оч қолади, ўзга баҳраманд.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ковлаб охирига қани кими етди.
Бир қушча тутувдим, боқдим кўп йиллар,
Дарчани очувдим, учди-ю кетди.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Тавоф қилиб юрдим ёш қиз изини.
Ул пари айтдики:-
— Кўрмайсанми, чол
-Соқолинг ичида ажал инини?

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ҳар соатинг йўқлик сари бир қадам.
Фойдали ишларинг бўлади қанот,
Қилган ёмонлигинг мутлоқ жаҳаннам.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Фикрим қамровига сиғмайди улар.
Биров хандон кулар, бирови йиғлар,
Ажабо, бирови ҳам йиғлаб кулар?!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Турли ўйи бори-йўқ ақлим кемирди.
Дунёни бол дея тотдим тинмасдан,
Водариғ, билдирмай умрим емрди!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Пишиқ тўқилмаса йиртилар мато.
Инсон қилган ишни қилдим-ку мен ҳам,
Ҳайҳот барча ишим бўлибди хато!

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Ҳовуз ҳам бижғийди чиқмаса суви.
Ҳунар ўргандиму сарф этмабман а,
Билдим, тушганида ҳовузнинг куни.

* * *
Дунёнинг ишлари турли ва қизиқ:
Баъзан ғамгин юрдик, баъзида хандон.
Ҳаёт шундай дея, яшайверибмиз,
На бир кофирдурмиз, на бир мусулмон.

* * *
Ким амал қилмас озодаликка- соғлиги кетар,
Фарзандларининг суянчиғи-тоғлиги кетар.
Сув билан олов ўз ўрнида ҳурматга лойиқ,
Ҳаёт ришталарин узвий боғлиги кетар.

* * *
Одам бўлай десанг, ҳаёт китобин ўқи,
Ўзинг ҳам ҳикматли достон, ҳикоят тўқи!
Одам ўқиш, ижод учун келар дунёга,
Бир нафинг бўлмаса, яхши борингдан йўғи!

* * *
Ҳаётда доим бор қонун-қоида,
Жонинг поёндоз қил отанг пойига,
Фарзандларим одам бўлсин десанг гар,
Отангнинг иззатин қўйгин жойига.

* * *
Олаҳаккада бор чиройли қуйруқ,
Товус чиройига мутлақо гап йўқ.
Безаги йўқ, оддий бўлса ҳам менга,
Ҳаммасидан афзал уйдаги товуқ.

* * *
Тўғрилик инсонга хос бир муддао,
Обрўйинг кўкларга кўтарар ҳатто.
Бир эгри кўрмадим тўғри йўл олган,
Ўқ нишонга тегмас сал кетса хато.

* * *
Ишингда, сўзингда бўлмаса ёлғон,
Турмушинг зийнатли, хушҳол, фаровон.
Ёлғон аралашса туганмас ҳеч иш,
Бу ҳолни атарлар охири замон.

* * *
Тўғриликни дилга эътибон пайванд,
Обрў-эътиборим ошганди ҳарчанд.
Бугун барисидан мосуво бўлдим,
Бир эгри қадамим бериб қўйди панд.

* * *
Қўй, дўстим, ачинма, малҳам керакмас,
Вафоси бўлмаса санам керакмас.
Дилдаги дардимни ёза олмаса,
Минг марта синсин-эй, қалам керакмас.

* * *
Баъзан хаёл олиб қочар йироққа,
Инсон нафс деб юрар доим қийноқда.
Агар айланишин тушунса эди,
Тупроқдан яралиб, яна тупроққа.

* * *
Юрсам юрди, турсам турди бу соям,
На нафаси қисди, на ҳориб-толди.
Ёруғ кунларимда ажралмас дўстим,
Тун тушган замоно дарҳол йўқолди.

* * *
Ғафлат уйқусида аллани нетай,
Бир чимдим ақли йўқ каллани нетай,
Зар билан безасанг фойдаси йўқдир,
Бу товуқ каллага саллани нетай.

* * *
Жоҳиллар йўлимга доим ғов бўлди,
Зеҳн-заковатимга бир гўрков бўлди.
Бу дунёдан ўтдим. Ўша нодонлар
Доно, деб уйимга серқатнов бўлди.

* * *
Ой, десам юзингни камлик қилади,
Нигоҳингюз мингта шамлик қилади.
Боқишларингга тоб беролмай кўзим,
Севинчдан ўзини намлик қилади.

* * *
Ғариблар бир бурда нон топса шоддир,
Гўё бутун олам чексиз,ободдир.
Нафси балоларга минглаб берсанг ҳам,
Оз кўриб, чеккани фиғону доддир.

* * *
Турли либос кийиб, мен ҳурман дейди,
Эл ичра покдомон, машҳурман дейди,
Ҳар кеча ўралиб айшу ишратга,
Ишим шу, мен шунга мажбурман, дейди.

* * *
Мен нимжон танаман, мадад бўлақол,
Бу ғамнок кўнглимга ҳамдард бўлақол,
Измингдаман, қўлим кўксимда доим,
Мен оддий бир банда, сен мард бўлақол!

* * *
Узсанг ҳам розиман, раъно гулингман,
Ҳижрон оташидан қолган кулингман,
Сенинг бир амрингга жоним садақа,
Буйруққа мунтазир оддий қулингман.

* * *
Мени сўраганга омон, деб қўйинг,
Найранг, алдов билан жавлон, деб қўйинг,
Ўзим танлаб олдим бу йўлни ахир,
Беайб шайтон, ўзи шайтон, деб қўйинг.

* * *
Бир фотиҳа бергин,эй, доно одам,
Ҳеч кимдан ҳеч қачон бўлмай сира кам.
— Фотиҳа нимаси, ҳақ йўлдан юр сен,
Шунда фахр этар жумлаи жаҳон!

* * *
Ҳаёт деганлари асли бир катта бозор,
Аччиқ ҳам, чучук ҳам истаганча бор.
Шодлик бир бурчакда мунғайиб турар,
Ғам сотилган ерда гавжум харидор.

* * *
Қўллари кўкка чўзганча она,
Худога ёлвориб қилади нола-
-Не ёмон ишларни қилдим буни деб,
Нечун бердинг менга бетайин бола?!

* * *
Одамзод феълига тушуниб бўлмас,
Ўзини санайди ҳеч қачон ўлмас.
Заминни берсанг ҳам бақрайиб туриб,
Осмонни сўрайди,ҳеч кўзи тўймас.

* * *
Отанг моли беш кунлик, меросингга керилма,
Босар-тусаринг билмай, манманликка берилма.
Бу ҳаётда ҳар ишнинг ҳисоб-китоби бордир,
Бир кун вақти келганда хас-хашакдай терилма.

* * *
Разил, қора ишларинг жонимга тегар,
Ғийбату бўҳтонларинг бўлди, бас, етар.
Нимани талашамиз бу кенг жаҳонда,
Иккимиз учун ҳам парча ер тегар.

* * *
Дони бор, суви бор бир қафас ичра,
Ғамданми, қувончдан сайрайди қушча.
Мен ҳаётқафаси ичра бандиман,
Не қилай, сайрашга ҳолим йўқ қилча.

* * *
Қилмишимиз иғво, туҳмату бўҳтон,
Шайтон ҳам ёқасин ушлайди ҳайрон.
Ҳеч қолипга тўғри келмас ишимиз,
Инсонмиз, аммо йўқ инсондан нишон.

* * *
Яланғоч юришинг қилмай ҳеч канда,
Йиртиғимга кулдинг, бефаҳм банда.
Ўзинг инсоф билан айт-чи, эй, ғофил,
Эл ичра менми, сен, бўлдик шарманда?

* * *
Дунё жумбоқлардан титрайди бедор,
Ножўя қилиғи, алдови бисёр,
Бир инсон жон олиш қасдида юрар,
Бирови жонидан кечишга тайёр.

* * *
Кўрдик, кўраяпмиз, кўрамиз ҳамон,
Молу давлат дея берганларни жон.
Тоат-ибодатлар бир четда ғариб,
Занг босган темирдай ташландиқ иймон.

* * *
Елиб-югуриб ўтар умрим кун аро,
Кексалик ботқоғига ботиб тобора.
Бир етим бошини силамабман-эй,
Охират яқин, бироқ, юзларим қора.

* * *
Ризқ дея қўл чўздик, самога бизлар,
Иш қилмай кучандик дуога бизлар,
Ҳайвондан фарқимиз кўп-ку, биродар,
Нима учун келдик дунёга бизлар!

* * *
Сендек маъшуқани кўрмаган жаҳон,
Ногоҳ кўрганда ҳам ақли лол-ҳайрон,
Бунча макр-ҳийлани қайдан олгансан,
Тавба, деб ёқасин ушлайди шайтон.

* * *
Ишлов берилмаса ҳечдир жавоҳир,
Маромга етмаса мева ҳам тахир,
Ким илму одобдан бебаҳра бўлса,
Тирик ўликлардан фарқи йўқ ахир.

* * *
Биров лоф уради кенг дея бағрим,
Бирови осмонга чиқарар нархин.
Хушомад мақтовгаучсам мабодо,
Бормикан аҳмоқдан заррача фарқим.

* * *
Май ичсам ёндирар гулгун юзимни,
Мардларга ўхшатиб қўяр ўзимни.
Эвоҳ, билмайман, май қачон боғлади-
Ичгандами ёки кейин кўзимни?

* * *
Нола-фиғон қилар ҳар ўтган дамдан,
Олган нафаси-ю, босган қадамдан.
Қорилган эканми бундайлар лойи-
Кўз ёшдан суви-ю, тупроғи ғамдан.

* * *
Меҳнаткаш одамдан келмайди зиён,
Ўшалар туфайли турмуш фаровон.
Агар шу захматкаш бўлмаса эди,
Ағдар-тўнтар бўлиб кетарди замон.

* * *
Қанот қоқиб ўйнар митти капалак,
Бир кунлик умрига хурсанд бир малак.
Юз йил умр кўрган инсон додини
Баъзан сиғдиролмай қолади фалак.

* * *
Қачон пайдо бўлган билмайман олам,
Лекин шундан бун йўлдош қайғу-ғам.
Бирни оз кўради, иккини кўпроқ,
Бир инсон кўрмадим юрган хотиржам.

* * *
Муҳаббат ўтида куймаса дилим,
Ошиқлик қўшиғин айтмаса тилим.
Баҳридан кечарман бундай вужуднинг,
Юрак-бағрим бўлсин минг тилим-тилим!

* * *
Саланглаб юришни қўйгин,эй ўртоқ,
Инсонга хос эмас юрмоқлик саёқ.
Фикрингни бир жойга жамлаб ўйлагин,
Турмушда бўлмайин десанг ўйинчоқ.

* * *
Турмуш дегани бу – ёғдасан баъзан,
Гоҳида адирда, боғдасан баъзан.
Ёлғон сўзларингга таҳсин айтарлар,
Ҳақ сўзни айтолмай доғдасан баъзан.

* * *
Йўлиқиб қолганда нотаниш аёл,
Турли кўчаларда кезади хаёл.
Бегонадан келар дўзахнинг ҳиди,
Жаннат-ку уйдаги ул жуфти ҳалол.

* * *
Ажратмай яхши-ю ёмон ҳаммани
Ялтироқ нарсанинг тортади дами.
Қалампир, олманинг ранглари бир хил,
Ўхшаш бўлса ҳамки, ҳеч бирмас таъми.

* * *
Беҳуда вақт сарфлаб, тавофни нетай?
Фойдаси тегмаса, савобни нетай?
Донолар дедиким:-Сал инсофга кел!-
Кўзларим оч бўлса, инсофни нетай?

* * *
Мол-давлат ақлини олган эй, овсар,
Диёнат, рўшнодан бўлибсан абгор.
Ажалнинг отига мингандан кейин,
Бойлигини олиб кетган қайда бор?

* * *
Дилбар, сени бир умр севганим бўлсин,
Сенга атаб минг шеър битганим бўлсин.
Агар у дунёга равона бўлсам,
Исмингни ёд этиб кетганим бўлсин!

* * *
Бой эди. Қўл чўзди, етди Фарангга,
Дунё қаллоблари унга берди тан.
Вақт етиб Азроил келди, аттанг-а,
Насибаси бўлди бир қулоч кафан.

* * *
Ҳайронман, ёлғончи дунё ишидан,
Шамоллар баъзида тескари эсса-
— Ўғлим соғлигингга зарар,-деб отам,
Носвой отиб олиб – чекмагин, деса.

* * *
Соғман, деб юрганлар қимтинар нечун?
Очолмайди сира дилин дафтарин…
Соғларда кўрмадим бирорта эркни,
Телбаларда кўрдим ҳурликнинг барин!

* * *
Куз. Хазон бошланди
Сап-сариқ япроқ-
Дарахтнинг тагига оҳиста қўнди.
Баъзилар четларда юрибди қандоқ-
Япроқча бўлолмай?!
Юрагим тўнгди.

* * *
Қидирдим, топмадим бир дардсиз одам,
Ғам-алам домига тушмаган инсон.
Бир ёқда қайғулар ёпишар маҳкам,
Бир ёқда Азроил сўраб турар жон.

* * *
Менинг ўтмишимни билай десангиз,
Қалб дафтарим очиб бўлманг оввора.
Ғамнинг изи тушган юзимга қаранг,
Юз мингдан бирини билсангиз, зора.

* * *
Айтди, тўйга бордим, ҳеч ким менсимас…
Бир раҳбар кетида кўрдим ўнини.
Шу пайтда Афанди тушди эсимга,
Янгилаб келсаммикан тўнимни?

* * *
Бир банда жонини берди Жабборга,
Тобутнинг қошида бошимиз эгик.
Кўпчилик ёпишиб, қўймас кўмишга…
Хаёлимдан ўтди:- Демак, у тирик!

* * *
-Табиат, ишингга қойил эмасман,
Жонзодни қарама-қарши қўясан.
-Тана қилма, одам, ўзларинг ахир,
Бир-биринг кўзингни чўқиб ўярсан!

* * *
Дўстларинг кўп бўлса, бир жону бир тан,
Ҳар кунинг байрамдир, ҳар он тантана.
Дўст деб юрганинг гар чиқса душман,
Мағлубсан, мағлубсан, мағлубсан яна!

* * *
Ваъдангда вафо йўқ бирор марта ҳам
Ҳеч ишинг тушганми аҳдга, субутга?!
Дўст ачитиб айтар, душман кулдириб,
Ранжима, ўхшатсам ёғмас булутга.

* * *
Ёлғончининг иши бўлгайми дароз,
Сўзида, ишида субут бўлмагай.
Бундай одамларни толга ўхшатдим-
На корга ярагай, на-да гуллагай.

* * *
Ёш ниҳолнинг сояси йўқ,
Сояга мўл қари толлар.
Ёш ёғдуда кўрмаганни,
Қоронғуда кўрар чоллар!

* * *
Мендан салом, сендан алик…
Бўлсак доим хушкалом.
Шу оддийлик бўлмаса-чи,
Ҳаёт қурир батамом.

* * *
Қачон жиноятга бўлибди шафқат?
Бежо қилиқларинг келтирар нафрат.
Ўзингдан қидиргин барча гуноҳни,
Аксингни кўрасан кўзгуда фақат.

* * *
Яхшилар бор – қалбинг ичра оташдир,
Кўнгил узугига бебаҳо қошдир.
Ҳаётда ҳамоҳанг кўрар кўзингдир,
Нурини беминнат сочган қуёшдир.