Шоди Отамурод (1978)

1978 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Биринчи китобим” рукнида “Соғинч ранглари” шеърий тўплами чоп этилган. Ҳозирда «Туркистон» газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири.

СЕВГИ

Зоҳирда учраган аломатларим,
Ботинда қайғумдир, ҳам омадларим.
Табассум айласа сарвқоматларим,
Ишққа ишорадир, севгидан белги.

Болалик пайтларим эркин қуш эдим,
Болалик ҳам ўтди, бу бир туш, дедим.
Сени ўқисин деб ёзган бу шеърим,
Ишққа ишорадир, севгидан белги.

Диққатим тортади майсада шабнам,
Бедорлик қўлимга тутқазган қалам.
Ҳавасларим, бедорлигим ҳам
Ишққа ишорадир, севгидан белги.

Сутга чайилгандек икки кабутар,
Шивирлар, ўртада қандай гап ўтар.
Мактубларин ёзиб кўкка ўқитар…
Ишққа ишора бу, севгидан белги.

Ишқ қилич сермаса тонг билан шомда,
Қуёшнинг ҳолин кўр қонталаш жомда.
Юлдузлар, кўзёшлар – чексиз маржонлар,
Ишққа ишорадир, севгидан белги…

ЯХШИ ҚИЗ

У яхши қиз эди чинакам,
Унутмасман эрка чоғларни.
“Севаман”ни айтган бўлсам ҳам,
Яна айтишимни хоҳларди.

Кулган бўлса кулгандир мендан,
Балки унга шу бўлган ҳузур.
Хафа қилиб қўймадимми, деб
Сўрамаган ҳеч қачон узр.

Эркаланиб кетарди бирам,
Қўлларимга қўлин боғларди.
Мен ёнига қайтган бўлсам ҳам,
Яна қайтишимни хоҳларди.

Овози йўқ занжирми севги,
Боғланганим ростмиди унга.
Кийик каби зийрак ва сезгир,
Бор гўзаллик хосмиди унга.

Муҳаббатим бўлган эмас кам,
Бахш этгандим боғу тоғларни.
Мен-ку унга етган бўлсам ҳам,
Яна етишимни хоҳларди.

Эслатарми севги байроғин,
Хайр демоқ-чун кўтарилган қўл.
Хуш ёқарми қушлар сайроғи,
Ҳижрон томон бурилганда йўл.

Эслаганда кўзларимда нам,
Билмам нечун – Ўзин оқларди.
Мен ёнидан кетган бўлсам ҳам,
Келиб-кетишимни хоҳларди…

СЎНГСЎЗ

Айланиб
Айланиб
Келади
Дунё,
Айланиб
Дилимни
Тилади
Дунё.
Тилимда
Сўнгги сўз
Айлангунича,
Айланиб
Айланиб
Бўлади
Дунё!

* * *

Мен ошиқман, бу дунё надир,
Ишқпарастман, ҳолимдир хароб,
Синиб қолган юрагимдадир
Ишқ аталмиш қип-қизил шароб.

Севсанг, сенинг ишқингман тайин,
Севмасанг гар, сенга аталмаганман.
Мен ожизман, балки гулдайин
Пешонангга битилмаганман.

Мен танҳоман, ойу кун йиллар,
Балки сен ҳам мендайин танҳо.
Мени севар фақат шу йўллар,
Ҳали мендан тўймаган дунё.

Суйдирдинг-ку, билмасдан туриб,
Севилмакни, суйиб-куйишни.
Кетолмассан, энди ўчириб
Пешонамга ёзилган ишқни.

ОНА

Бир қўлда бешикни, бир қўлда эса
Дунёни тебратар она деган зот.
Қайсидир бир аёл бефарзанд бўлса,
Бефарзанд деб уни атаманг, ҳайҳот!

Гарчи, у аёлнинг кўзларида нам,
Тебратмоқ иши-ла банддир бу қўллар.
Ахир, у ҳам она, у ҳам бундай дам
Дунёни тебратиб айтмоқда алла.

ОВОЗИМ

Овозим – энг оғир байроқ,
Гўё ерга тўшалган гилам.
Мабодо, мен кўтарсам баланд,
Симторлардай титрайди олам.

Овозим – бу энг оғир куйдир,
Куйдирки, ҳеч йўқдир поёни.
Мабодо, мен қўшиқ куйласам,
Қўшиқ босиб қолар дунёни.


ГЛОБУС

Бул зотнинг юзидан ўтиб бўлмайди,
Бул зотнинг юзидан ўтмоқ не керак?
Ҳар битта ажини –
Тортилган чизиқ,
Ҳар битта ажини –
Битта чегара!


ҲАЗИЛ

Қошиқ эди, «қ» кетиб,
Ошиқ бўлди бир зумда.
Кулфат эди, «к» кетиб,
Улфат бўлди бир зумда.
Тайёр эди, «т» кетиб,
Айёр бўлди бир зумда.
Қорнин ўйлаб ҳар сафар,
Қошиққа ошиқ бўлди.
Аммо, қорни ёрилиб,
Кулфатга улфат бўлди.
Барибир, барибир,
Тайёрга айёр бўлди.

* * *

Сену мендек ёлғиз инсонни
Ҳижрон ютиб борадир, гулим.
Муҳр қилиб қалбга ҳижронни
Умр ўтиб борадир, гулим.

Муҳаббатнинг ўтли чўғидан
Малҳам олмоқ балки кифоя.
Ўлдиргучи фурсат ўқидан
Бизни қилмас ҳеч ким ҳимоя.

Сен у ёндир, мен эса бу ён,
Ўртада бир дарёдир, гулим.
Нега жимсан,
Не гирён учун,
Умр ўтиб борадир, гулим.

Фурсат – тилсим, фурсатни қўлдан
Бермоғимиз азобдир-азоб.
Адашмайлик, гулим, бу йўлдан.
Вақт олдида сақлайлик одоб.

Кўзёш бўлиб гўё киприкдан
Томган сувга етарми қўлим?
Иккаламиз солган кўприкдан
Умр ўтиб борадир, гулим.

* * *

Сен гапирганда ёнимда туриб,
Олис-олисларга кетар хаёлим.
Олис-олислардан келаётгандай
Бўлаверар сенинг овозинг.
Сен гапирганда.