Рауф Субҳон (1958)

Рауф Субҳон 1958 йил 13 мартда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. ТошДУнинг тарих факултетини тамомлаган (1985). Шоирнинг «Афсонанинг давоми» (1989), «Тадриж» (1993), «Алпомиш» (насрий баён, 2004), «Саломатлик алифбоси» (2007) каби китоблари нашр этилган. «Омон қайтган тулпорлар» (1995) номли достони ҳам бор. А. Скопбиаленинг «Яша, шаввоз!», С. Седовнинг «Гераклнинг ўн икки қаҳрамонлиги» қиссаларини ўзбек тилига таржима қилган.

УМР
(«Ҳуррият қўшиғи» туркумидан)

Сен алқаб пайқамай қолган бу дунё
Пайқамас сўнишин ёнгувчи шаъмнинг,
Ишқу муножотдан фасли алмашар
Оёғинг остида айланган ғамнинг…

Пойингта ташланса лўппи-лўппи қор,
Изингдан ловуллаб юлқинса гуллар,
Бу дунё дарёдай сочса ҳамки зар,
Ажрини олгайдир талпинган қўллар.

Биз ёндик, деганда бўлган сабрсиз,
Қадрсиз илинждан мадад кутганлар,
Севиб-севилмаган тун-ку қадрсиз,
Кундуз ҳам неъматдир оғриқ ютганлар!

Гуноҳкорнинг умри шайланиб ўтар,
Сенга ёруғ амал тилайман Сабр!
Ҳар ким айтиб ўтсин Мангулик сўзин,
Дунё бу нафс эмас, эмасдир қабр…

Бонгтим бўл, ичимда жим отган тонггим,
Нигоҳ сўзим бўлгин, сақлаган тўзим.
Мен баъзан шошсам ҳам, шошмайди кўзим,
Мангулик — ўзлигим, ўткинчи ўзим.

КУЧЛИ ОДАМ
Фарҳод Файз ўғлига

1. Тилимни еттига бўлган худойим,
Етти хил ўйинга тушаман ҳар кун.
Тил учи аччиқни сезади доим,
Танглай ширинликни қилади талқин.
Тил қисқа масофа — нафс ва ҳалоллик,
Аччиқ ва чучукнинг йўли ҳам бир хил.
Синамай чайнасанг, аччиқ — малоллик
Ширин кўп бўлса, у қилади бир ҳол…
Еттига бўлинган балки умр ҳам,
Етти йўл, етти бахт, етти ғам келар.
Умр боши ширин ва ё интиҳо –
Буни яратганнинг бир ўзи билар…
Лекин шукр қилгум, гармдорини
Танглайда синамоқ тўгри келмайди.
Ақлимга солгандир йўғу боримни,
Буни биров билиб, биров билмайди.

2. Меҳримни аввало Аллоҳга бергум
Ва кейин очунга тенг тақсим қилгум…

3. Ёшлик даврим ўтар, суроним ўтар,
Ҳалоллик истаган бўроним ўтар.
Қаерга келдиму, қаёққа кетгум,
Кўксимга кўмилган армоним ўтар.
Бузилган кўприкка ўхшайди дунё.
Ким бузиб ўтару, ким ямаб қўяр…
Кўприкнинг ҳолига тушаман гўё,
Билмайман, кўрганим тушми ё рўё…

4. Ойнинг ойдинида шукр ва имон,
Қуёшсиз бўй чўзмас биронта япроқ.
Тонгнинг заррасидан умидим, умрим,
Ҳар бир нафасимга гувоҳдир тупроқ.
Таассуб сололмаймиз ҳеч бир нарсага
Аслида инсон ҳам таассубга лойиқ.
Пайғом келтирганга имон барчада,
Яратган олдида ҳар ким ҳам суюк.
Буюклар ҳам ўтган дунёдан кўплаб,
Руҳин ёғдусидан жисму тан бардам.
Ёнғоқ пўчоғидай разолат синган,
Лек ҳаёт мағизин асрашган ҳар дам.
Менинг ҳам зирқирар жисму тавоним,
Бас, омон бўлсин бу руҳи равоним…

* * *

Бу қаро кўзларни ўйнатиб кетдинг,
Боғим булбулларин сайратиб кетдинг.
Атиргулларимни яйратиб кетдинг,
Мудраган йўлларни уйғотиб кетдинг.

Боғларимнинг тонгда тўқдинг ёшини,
Рауф Субҳон енгди чўнг бардошини.
Уйинг қайда, айтгин, рангин капалак,
Йўллар остонангга кўяр бошини…

* * *

Кимнинг сўрагани кимгадир жавоб,
Ҳаётим у қадар фалсафа эмас.
Кимга пул керагу, кимгадир савоб,
Истагим савобдир, нафс-бало демас.

Нурдан-да ингичка ишқнинг толаси,
Ҳақ — ишқим топинчи, тиловатимдир.
Сўзларимни қарзларимга сарфлайман,
Умрим менинг қарзим — ибодатимдир.

* * *

Сен ҳали ялпизи кетмаган уват,
Ҳар тонг айланардинг шабнам — садафга.
Сен ҳали отингни билолмасдан бот,
Қараб қўяр эдинг кўклам тарафга.

Ҳамма такрорларди… сени такрорлар,
Яна термулардинг, жисминг гул — қулоқ.
Англаш осон эмас, фурсат қарамас,
Энди.. баҳормассан, ёз бўлдинг кўпроқ.

* * *

Кўқда муаллақман,
тунинг етар менга,
Йўқда нажотимсан,
уним етар сенга.

Мен бетоб эмасман,
тобинг етар менга,
Бенишон шон топгум,
кўнглим етар сенга.

БАХШИЁНА

«… Қуёш билан Ойни аждаҳо ютиб юборади. Уни бир ботир қутқаради…»
Эртакдан

Гул барги томчилайди,
Тол барги қамчилайди,
Ўлан айтинг, бахшилар,
Куй билан ғам чиройли.

Юрт қоронғу тор бўлса,
Ботир кўкси ер бўлар,
Қуёш ютган, Ой ютган
Аждаҳо бедор бўлар.

Тун ухлайди, кун ухлар,
Эл бўғзида ун ухлар.
Эл-юрт аждар оғзида,
Бу қоронғу дун ухлар.

Бу эртакми, эрмакми,
Бир ўлиб сўнг турмоқми,
Барча яхши-ёмонни
Ўз-ўзидан сўрмоқми…

Ҳарна кўкдан сир бўлар,
Ботир кўкси ор бўлар,
Ой, Қуёшни қутқарган
Эл оғзида зўр бўлар.

Гул барги томчилайди,
Тол барги қамчилайди,
Ўлан айтинг, бахшилар,
Куй билан ғам чиройли.

* * *

Севгилим,
Қор бўрони
Қадамларни секинлатди-да,
Юр, ғорга кирамиз,
Аждаҳолар ухлаб ётган асрий жимликда
Муҳаббат ҳақида суҳбатлашамиз…

ОҲУ

Тоғлардан термилди, боғдан кузатди,
Ботқоқлик ортида тўкислик, кўклик…
Ҳайдаса ўтмайди агар юз отни…
Орин бермагандай биронта ҳақли…

Ҳаётда бошқа бир қоида йўқдай,
Бир сакраса гўё тўлардек бағри,
Ботқоқлик ортида ҳайвонлар тўқдай
Ўтиб олса яшарми ишончи, ори?!

Ортига қарайди, одамлар ўқдай,
Пойлайди, сайёдлар кун кўрсатмайди.
Ҳеч бир жон тинч ўтмас, ботқоқлик ютгай,
Бу ҳудудда бўлмас кўнгилнинг майли…

Кўзига кўринди роҳат, фароғат,
Ўзимча яшайман, дедими оҳу?..
Бир жойга келганда ютди-ку ботқоқ,
Кўзида жим кетди хаёли, оҳи!..


АРОСАТДАГИ ОДАМГА

Аслида ичингда чироқ ёнмайди –
Ёритгин, ҳаммабоп бўлмоғинг учун…
Феълингга-ку, оқу қаро кўнмайди,
Бировга кўрсатма бу кибр-кучинг…

Аросат босгансан, ахир ёшмассан,
Ер ютмас кўлмакдай, парча осмонсан!..


РИЗҚ ҲИКМАТИ

Бу боғ жуда эрта гуллайди,
Меваси ҳам пишиб-пишмайди.
Ер соҳиби ҳар йил пуллайди,
Қўлга тушар, ерга тушмайди…

Болалари тўйиб-тўймайди,
Келган пул ғишт ё оғоч бўлар.
Соҳиб шу касбини қўймайди,
Ризқ бермаса тоғ ҳам оч қолар…

Иш роҳатин кўрмоқ бўлсангиз,
Кучга тўлинг, боғдай етилинг,
Боғ қолибди, десин ўлсангиз,
Бахт дегани меҳнат бетиним.

Ҳай-ҳай замон яхши, албатта,
Ҳар бир оннинг ўз ҳикмати бор.
Шукронасиз қолар ғурбатда,
Келажакка бугун пойдевор!..


СЎНАЁТГАН КЎЗ ХАСРАТИ

1

Қуллик
Қилган билан
Дарахт кўкармас,
Доимо эгилиб турасан банда!
Пуллик
Адо этган
Ибодат бўлмас,
Юзингни кўришга шубҳа бор менда!

Туллик
Қилдингмикан
Юзинг бурасан,
Сени дўст кўрсатмас бу ёлғон ханда!

Йилликмисан,
Асрликми, билмадим,
Қилиқларинг нишонлатдинг амаллаб,
Қандай тик боқасан ВАТАНга!

2

Кўзларингни
Чорлаб турган
Ришталар-да, узилса,
Ўрталикда
Кимдир қурган
Кўприк, девор бузилса,
Қадамингга
Интизордир
Қайтар йўлда хас ё чўп…
Атрофингда учмай қўйса
Қушлар ғужғон, тала-тўп…
Сени бир зум тарк этмаган
НАФАС — ЎЛИМ яшайди,
Қурган бўлсанг ҳаёт йўлинг,
Эккан гулинг яшайди!..

* * *

“Ойнаи жаҳон” ишқи
Фарҳоду Шириндандур,
Бу дунёнинг кам-кўсти
Фош қилган сирингдандур…

* * *

Эй дўст, жимлигимдан
Сенга не фойда?
Ақл таъма билмас
Куйланар жойда.

Тобора ер қучар:
Тун чўкар, қўнар…
Тоққа бошин қўйган
Уфқ-чи, ёнар!..

Жим, дейсан, боқаман
Яна тонг отар,
Қадим тупроқ гуллар,
Беармон боқар!..

Беармон гуллайди
Босган қадамлар,
Қай қатлам қоронғу
Билмас одамлар…

Қуёш тортқилайди
Ер қулоғидан,
Қушлар потирлайди
Ўз қўноғида…

Сукунатни тинглаш
Нақадар оғир!..
Кўрдим, тош ҳам гуллар –
Бағр… тошбағр…

Эй дўст, жимлигимдан
Сенга не фойда?
Ақл таъма билмас
Куйланар жойда…

* * *

Қисмат ҳар хил
Қадр ҳар хил
Ранг ҳар хил

Ранг кўру
Ҳол сўр демоқ
Эмас бекор

Илло бир ранг
Фарқ талаб
Турфа хилдир

Яхши ёмон
Ажрим-ажрим
Тархи бор
Бир кимсанинг
Неча юзлаб
Шарҳи бор

Кимда чеҳра
Кимларнингдур
Турқи бор

Одоб ҳар хил
Сабр ҳар хил
Феъл ҳар хил

Кимлар аҳил
Кимлар ёлғиз
Ким бахил

Дунё борки
Оқнинг оқдан
Фарқи бор

Илм олмоқ
Шу сабабми
Мадад ёр

Яхшиликнинг
Тури кўпдир
Ўнг ишда

Яхшиликдан
Нишона бор
Онг ишда

Шундоқ бўлмас
Жаҳолат ҳам
От минар

Ҳар яхшида
Бир ёмонлик
Ёт минар

Қисмат ҳар хил
Қадр ҳар хил
Ранг ҳар хил