Қуддус Муҳаммадий (1907-1997)

Қуддус Муҳаммадий 1907 йил 25 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1982). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1957). Ўрта Осиё давлат университети (1931—32) ва Тошкент тиббиёт институтида (1932—37) тахсил олган. «Ўқувчига эсдалик», «Шеър ва эртаклар» (1947), «Орзу», «Баҳор келди» (1948), «Қирқ ўғил ва қиз» (1951), «Сен туғилган кун» (1952), «Янги уй» (1953), «Кўнғизбой билан сичқонбой» (1955), «Тугмача» (1956), «Танланган асарлар» (1957), «Очил дастурхон» (1970), «Чўпон бобо қўшиғи» (1979) «Табиат алифбеси» (5 китоб, 1974—80), «Китоб ва Офтоб» (1986), «Мен сизга бир ҳикмат айтаман» (1987) каби асарлари нашр этилган. С. Маршак, С. Михалков, А. Барто ва бошқа чет эл ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1997 йил 22 июнда Тошкент шаҳрида вафот этган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1969).

АҲМАДЖОННИНГ КИТОБХОНЛИГИ

Ҳай-ҳай чиройли китоб,
Ўқимокқа жуда боп.
Бизнинг Аҳмад қаёкда?
Қидиргани бу ёқда.

Аҳмаджон келиб қолар,
Китобни қўлга олар.
Бир-бир варақлар секин,
Расми кам экан лекин.

Ана сичқон, мушуквой,
Ана хўроз, кучуквой.
Ана муғамбир тулки,
Писиб туриши кулки.

Ана ўрдак, ана ғоз,
Ана маймун — шўх дарвоз.
Хўроз қичқирар: «Қу-қу!»
Бундай йўлбарс, шер йўғ-у…

Шу билан қолар китоб,
Гўё ўқийди ҳисоб.
Талабимиз Аҳмаддан,
Кўрганини – сувратдан

Бизга ҳам айтсин, қани,
Китобда ҳамма маъни.
Хамелеон деган жонвор
Нечун узун тили бор?

Олмахон нозик ҳайвон
Нечук думи каттакон?
Ҳаммадан қизиқ укки,
Тумшуғи Эфи-дукки.

Нечун юрмас кундузи,
Нега ёнади кўзи?
Жуда қизиқ шапарак,
Худди жажжи чархпалак.

Ўрдакнинг бағри ёйиқ,
Гавдаси мисли қайиқ?
Саволим бўлди одош,
Жавоб кутаман, йўлдош!

ШЕЪРИМ, ОЧИЛ ДАСТУРХОН

Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.
Эл ўғлин қилай меҳмон,
Бўлайин улкан мезбон.
Шоирингман меҳрибон,
Қилгим келар улкан иш,
Дунёда энг кўркам иш.
Шеър булоғим қайна, жўш,
Шеържоним, бўл оққуш,
Шеърим ҳаёт боғбоним,
Шеър аскарим — посбоним.
Паҳлавон беозорим,
Кўнгилларни ёзарим,
Юрагим осмонисан,
Эл-юртим посбонисан,
Тинчлигим каптарисан,
Ўқувчим дафтарисан.
Қадрдон мактабимсан,
Юрагим, рубобимсан.
Сенсан қўшиқ, улкан куй,
Сен кирмаган бирон уй,
Сен бўлмаган байрам, тўй,
Қолмасин ҳеч бир элда.
Янгра шеърим, минг тилда.
Халқ юрагин макон эт,
Халқим кўнглин осмон эт.
Ёқимли бўл ҳаводек,
Жон озиғим наводек,
Жон бағишла ўликка,
Завқ бағишла тирикка.
Шеър десам жоним эрир,
Жону жаҳоним эрир.
Онамнинг алласи шеър,
Ҳофизлар ялласи шеър.
Халқимга мададкорим.
«Ҳайт» туяга мадорим.
Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.

БАҲОР КЕЛДИ

Қўлларида соз билан,
Гул ғунча парвоз билан,
Силкиниб парвоз билан,
Учиб турна, ғоз билан,
Қадрдон баҳор келди.

Баҳорни кутинг боғда,
Боғ эмас, дала, тоғда,
Майса яшнаган чоғда,
Қушлар сайрар бутоғда,
Севикли баҳор келди.

Ҳар нарсада ўзгариш,
Эриб, оқиб жўнар қиш.
Ҳар ёқда яшнар турмуш,
Ўрик гуллади кумуш,
Меҳнат баҳори келди.

Безанар мактаб боги,
Гулга тўлиб қучоғи.
Тошар ҳаёт ирмоғи,
Мактаб дам олар чоғи,
Ўқувчи, баҳор келди.

Ўтмасин гўзал фурсат,
Қани ғайратинг кўрсат.
Имтиҳон, синовга вақт
Ҳозирми, дарсларинг тахт,
Ҳушёр бўл, баҳор келди.