Наби Жалолиддин (1962)

Наби Жалолиддин (Жалолов) 1962 йили 2 май куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги Жонобод қишлоғида туғилган.
Афғон уруши қатнашчиси (1981-83-йй.). 1993 йили Тошкент давлат университети(ҳозирги — ЎзМУ)нинг журналистика факултетини (сиртқи) битирган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Наби Жалолиддиннинг шеърий — “Ҳур нидо”, “Ялпизли кеча”, “Сен билан қолмайман”, “Кўнгил озод” ва насрий — “Ўлимнинг ранги”, “Эркаги бор уй” китоблари нашр этилган. “Хайём” романи (Умар Хайём ҳақида) 2006-йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган. У “Ўлимнинг ранги”, “Йиғи”, “Болалар”, “Жин” каби қиссалар муаллифи ҳам.
Ўзига хос услубда ёзилган “Қурб” романи эса ёзувчининг ҳозирча сўнгги асарларидан.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

* * *

Илоҳи, бир куни уйғонсам
Тўкилган юрагим қучоқлаб,
Киприкларим похолдек ёнса,
Танамда қайрилса пичоқлар.
“Сабр! Сабр!” – деса Сарварим,
Сабрни ютолмай ютинсам.
Қисмат битик фалак дафтарин
Қайта ёзмоғини ўтинсам.
Биламан, сўзларим шамол,
Кўзларим ўчоқ бўлишин.
Кеч отгувчи орзулар хаёл,
Хаёлларнинг эрта ўлишин,
Биламан!..
Илоҳи, барибир уйғонсам…

1994

ТИЛАК

Кунларим оҳиста судралиб ўтар,
Мунгли ҳиссиётлар қийнар беомон.
Қалбимга севгини орттириб кетар,
Хаёллар чекини тутмоқ ноаён.

Беҳуда ўйларга йўқ менда тоқат,
Чалкаш хаёллардан безган бу юрак.
Қалбимдан жой олар ситамлар қат-қат,
Оғир туйғулардан жон бўлиб ҳалак.

Шукуҳсиз хаёллар, мунгли хаёллар,
Беҳуда келманг сиз, йўқ бўлинг, майли.
Умрим ўтақолсин шу муҳаббатда,
Мен бўлай Мажнуну ёр бўлиб Лайли.

1980

У МEНМАН

Ёрим, еллар сени беозор туртса,
Унинг сўзларига қулоқ сол бир он.
Елларнинг тилида ҳижрон ўтининг
Дарду фиғонидан сўйлайди инсон.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

Баъзан хаёлингни қушлар чуғури
Ўғирлаб, қўлингга гул тутса ногоҳ,
Қушнинг қўли ила нафис дил розин,
Ёринг тутаётир, бўлолгин огоҳ.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

Табиат қўйнида юрганинг маҳал,
Ёмғир томчилари қўнса лабингга.
Билгилки, соғинчдан ўртанган юрак
Ҳадя эта олди бўса лабингга.
У менман,
Олис ўлка сари чорлаган Ватан.

1982, Ҳирот

ВАҚТ

Отамни олиб кетди,
Онамни олиб кетди,
Ҳали юракдан йиғлашни ўрганмай.
Нон оқизоқ қилган дамларим ўтди.
Энди у сувларда
Ўйларим оқади тинмай.

Ёш бошимга қорлар ёғди аёзли,
Қуёшсиз умримда музга айланди.
Дилга ғамгин хотиралар ёзди
Ҳам маъюс шеърларга айлади банди.

Ана, у севгимни опичлаб борар,
Ана, орзуларни қувмоқда.
Ҳали мен уйқудан уйғонмай,
У юз-қўлини ювмоқда.

1987

МEН СEНИ КУТАМАН

Қотиб турсанг қорачиғимда,
Жисминг қолса қароғимда ҳам,
Бардошларнинг ёқасин йиртиб,
Қонишларга етказиб алам,
Мен сени кутаман!

Ҳижрон –
Бир оёқ сиққулик ўлчам,
Юрак –
Панжаларга тутилган титроқ.
Ўшал ширин ҳижронни босиб,
Юрагимни айлабон қучоқ,
Мен сени кутаман!

Сочларинг –
Юзимни сийпаган сабо,
Жисминг –
Бағримдаги бир ҳовуч висол.
Лабларинг – бойвучча,
Мен эсам гадо,
Жисмингни сув каби сипқориб, ҳалол,
Мен сени кутаман!

1988

ХОТИРА

Ўрикнинг гуллари тўкилар,
Унинг учишлари – хотира.
Япроқлар уйғонмай уйқудан
Куртакни ўйларга ботирар…

Отам бармоқлари чўккан лой сувоқ –
Хотира ям-яшил томлардан.
Тупроққа қоришган нон увоқ
Ёднома тўқчилик онлардан.

Уйдаги боламнинг бешиги
Уйқудан айрилган тонгларим.
Хонамнинг ланг очиқ эшиги,
Ўзингга интизор онларим.

1988

ВАТАННИ АНГЛАШ

Бир оз тўхтанг!
Самога боқинг!
Чеккасини кўролдингизми?
Ахир осмон шунчалар яқин –
Айтгунча бор фақат бир сўзни.

Энди эса кўзингиз юминг!
Қаттиқроқ,
Оғриб кетсин киприклар жони.
Оғридими?..
Айландими бошгинангиз минг?!..
Асранг ўшал ачишган жойни.
Асранг минг-минг айланган жойни.

1988

ҲАҚИҚАТ

Эгилди,
Эгилаверди
Синақолмади!..
Яна жулдур бўлди тўнимиз.
Ўйинчоғин талашиб
Олган боладек –
Шу букрига қолди кунимиз…

1989

КЎРШАПАЛАК

Ёруғнинг дастидан дод дея зулмат,
Қаро бағрларга уради ўзин.
Тун бир сиқим зиёни ямлаб,
Яна кўр шарпага беради изн…

Зулмат, сен ўзингсан нурли жаҳоним!..
Зиё бандалари ётурлар ухлаб.
Пинжига тиқилган кичик айвоннинг –
Ул ёруғ юзига ўтурман туфлаб…

1990

АРМОН

Умрим кушандаси одамхўр йиллар
Болалик бекатин олиб қочишди.
Нотаниш оқаётган ариқлар йиғлар,
Дардига чидолмай мен айтган тушнинг.
Фақатгина Сиз йўқ.

Ўттизга тўлгувчи мен ғариб гўдак,
Деворга бошимни уриб ёраман.
Бу сарғиш деворда сиз қилган тилак –
Ували-жували бўлиб бораман.
Фақатгина Сиз йўқ.

Соғинчнинг ранглари қўнар бошимга,
Болам онасини чорлаган сайин.
Бола бўлиб қолгим келган ёшимда
Энди мен кимларни сиз деб атайин?!
Ахир…
Ахир Сиз йўқ!

Мени қоқинтирган остона ётдир,
Меҳрибон жилмайган ёрим бегона.
Имтиҳон олаётган фоний ҳаётдин
Кетиб қолгим келар тониб девона,
Чунки бунда Сиз йўқ!..

Мана, кириб келди кетмоний фасл,
Сизнинг кетмонингиз етимдир лекин.
Сизни адо қилган унинг дастасин
Ўзбек бўлсам ҳамки синдираймикин?!
Ахир у бор…
Сиз йўқ,
Фақатгина Сиз!..

1990

УМАР ХАЙЁМ

Ой қамалиб ғариб ҳужрага,
Сузук кўзда жилва қилади.
Нигоҳ сўлғин,
Юрак ичра гар,
Мастона ҳис ўксик кулади.

Олам дарвозаси тўрт девор аро
Мастона ҳисларга турар ланг очиқ.
Тўрт сатр оралаб ойнинг жилваси
Девона фалсафа ўтади сочиб.

Сўлғин нигоҳ ичра
Сонсиз оёқлар,
Чалишиб, қоқилиб ўтар ҳар ёна.
Оёқлар бир ёну
Бош бир ён оқар,
Дунё майхонадир
Дунё майхона!..

1990

ГЎЗАЛ ИСМЛАР МАДҲИ
(Асмаи ҳусна)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1.

Ё Раҳийм, шафқатинг ёмғирдай ёғар,
Ёмғирда эриган тупроқман ўзим.
Карам уммонида балиқман магар,
«Карам қайда?» деган гумроҳман ўзим.
Ё Раҳийм, ё Раҳийм, ё Раҳийм, Оллоҳ!

2.

Ё Раҳмон, иззату икром одамга,
Ризқ берган, барчага шаклу шамойил.
Зоҳирбинлар буткул унутган дамда,
Сен фоний не бўлса берурсан, қойил.
Ё Раҳмон, ё Раҳмон, ё Раҳмон, Оллоҳ!

3.

Ё Малик, дунё-ю охират узра,
Ўн саккиз минг олам ёритар чароғ.
Тупроққа бош уриб, гўдакдай бўзлаб,
Исмингга тўлади ҳар нафасим, оҳ.
Ё Малик, ё Малик, ё Малик, Оллоҳ!

4.

Ё Азиз, бу ширин жон қадар азиз,
Жонимнинг эгаси аввалу охир.
Фоний нигоҳларга ниҳондир ҳаргиз,
Ҳар жонли, жонсизда қудрати зоҳир.
Ё Азиз, ё Азиз, ё Азиз, Оллоҳ!

5.

Ё Қуддус, зоти борки айбдан ҳоли,
Эй, кўкда қуёшни яратган офтоб.
Сен Аршдан эсгувчи раҳмат шамоли,
Нуқсонлар аҳлига бенуқсон хитоб.
Ё Қуддус, ё Қуддус, ё Қуддус, Оллоҳ!

6.

Ё Салом, оламлар меҳварин тожи,
Кўнгилга илми ҳол жолаган олим.
Фахри коинотнинг танҳо меърожи,
Нафасим поклаган исми ҳалолим,
Ё Салом, ё Салом, ё Салом, Оллоҳ!

7.

Ё Жаббор, жабрингдир жаҳаннам жабри,
Жом тутган жоҳиллар жабрингдан ғофил.
Дилга ғассол ўлса ҳидоят абри,
Ҳамиша қулоқда сури Исрофил,
Ё Жаббор, ё Жаббор, ё Жаббор, Оллоҳ!

8.

Ё Мў‘мин, набийлар келтирган пайғом,
Киприкда биллурдай титраган соғинч.
Сен уқбо тасдиғи ва дунё ёлғон-
Одамнинг бошида ўйнаган қилич,
Ё Мў‘мин, ё Мў‘мин, ё Мў‘мин, Оллоҳ!

9.

Ё Муҳаймин, аён зоҳиру ниҳон,
Ҳаддан кузатгувчи, ҳардан огоҳ у.
Қибла бўлганда ҳам, аё, тўрт томон,
Ҳар япроқ, ҳар майса кўзи беуйқу,
Ё Муҳаймин, ё Муҳайман, ё Оллоҳ!

10.

Ё Мутакаббир, о, танҳо кибриё,
Жамолда тоққинам, Аршуси юксак.
Алҳол кибр тутмиш ё қилмиш риё
Одамни айлагай нафсига эшак.
Ё Мутакаббир, ё Оллоҳу Акбар!

11.

Ё Ҳолиқ, тутмиш дил ишқинг баётин,
Шу ишқда кетурмиз жисми адамга.
Зикрингда қалбни маҳв этмас шаётин,
Ўзинг яратгувчи, соҳиб одамга,
Ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, ё Ҳолиқ, Оллоҳ!

12.

Ё Борий барорим, ҳаққул мустақийм,
Шарафли айлади Унинг бир дами.
Туфроқни ўзига қилганди яқийн
Одами Атони яратган дами,
Ё Борий, ё Борий, ё Борий, Оллоҳ!

13.

Ё Мусаввир, оламга шакл ва сурат
Берган жамолидан оқар тажаллий.
«Иқро»дек ҳаётбахш «Бўл» деган суръат
Ва «бўл»дек Қазои Қадар азалий.
Ё Мусаввир, ё Мусаввир, ё Оллоҳ!

21.

Ё Босит, руҳлантириб руҳила бизни,
Руҳ ва жон аҳлига айлаган доҳил.
Ерда халифалик – бу унинг изни,
Руҳул тажаллийга асос Ул оқил.
Ё Босит, ё Босит, ё Босит, Оллоҳ!

22.

Ё Ҳофиз, бергувчи инсонга давлат,
Фаровон қилгувчи ҳам ҳаётини.
Бахш этиб сарбаланд уйлар ва савлат,
Ерга қоригувчи даражотини.
Ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, ё Ҳофиз, Оллоҳ!

23.

Ё Рофий, гадой этгай, қаландар ҳам,
Ер тирнаб яшагай гарчи фанода.
Воҳ, Ажр кунида кўрсатиб карам,
Тирноқларин ҳурлар ювар хинода.
Ё Рофий, ё Рофий, ё Рофий, Оллоҳ!

24.

Ё Муизз, сўрганга бергувчи авлод,
Дунёда сийму зар, обрў эътибор.
Ҳам насиб айлагай иккинчи ҳаёт,
Жаннатда васлига этгай сазовор.
Ё Муизз, ё Муизз, ё Муизз, Оллоҳ!

25.

Ё Музилл, У истади, бўлди ҳақир,
Гар истаса, келгувси ночорлик ҳам.
Аё, баланд-пастдир илоҳий тақдир,
Жаннатдан қувилмиш шарафли Одам.
Ё Музилл, ё Музилл, ё Музилл, Оллоҳ!

26.

Ё Самий, тинглаган ботин сўзимни,
Ошкора зикримдан огоҳ ҳамийда.
Китобдай ўқиган ёшли кўзимни,
Мен ғофил қолганни билмиш фарийда.
Ё Самий, ё Самий, ё Самий, Оллоҳ!

27.

Ё Басийр, ҳар жойда қутлуғ назари,
Яхши-ёмонларни кўргувчи улдир.
Зикруллоҳдан руҳлар борар тозариб,
Зикр кўнгилларда очилган гулдир.
Ё Басийр, ё Басийр, ё Басийр, Оллоҳ!

34

Ё Ғофур, истаса, гуноҳлар ҳечдир,
Савобим мўл деган оҳ-воҳлар ҳечдир.
Ўзи ҳисобчидир, ўзи кечгувчи,
Ердан униб чиққан илоҳлар ҳечдир.
Ё Ғофур, ё Ғофур, ё Ғофур, Оллоҳ!

35

Ё Шокир, сийлагувчи ўзинг охир,
Кичик амалимни зиёда санаб.
Аё, қалбимдаги мангу жавоҳир,
Зикрингда зокирман мен раҳмат талаб.
Ё Шокир, ё Шокир, ё Шокир, Оллоҳ!

36.

Ё Олий, Аршудан соҳиб жамолим,
Ўзга англаёлмас буюк камолим.
Сифати ҳисобсиз, қамрови беҳад,
Ўзи жавобимдир, ўзи саволим.
Ё Олий, ё Олий, ё Олий, Оллоҳ!

37.

Ё Кабир, бору бор, вужудул вужуд,
Мавжудлар ичинда ягона мавжуд.
Набийлар, валийлар, соҳиби ҳоллар
Исминг зикридан ҳам бўлганлар беҳуд.
Ё Кабир, ё Кабир, ё Кабир, Оллоҳ!

38.

Ё Ҳафиз, асрагай жумла жаҳонни,
Осмонни қулашдан, Ерни чўкишдан.
Қуритмайин сувни, тўсмай ҳавони,
Сақлагай Қуёшнинг шамин ўчишдан.
Ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, ё Ҳафиз, Оллоҳ!!

39.

Ё Муқит, у ризқлар яратган, сочган,
Сахий қудратига қилган эгалик.
Ҳиммат эшигини баралла очган,
Сонсиз ҳотамларнинг эгаси Малик
Ё Муқит, ё Муқит, ё Муқит, Оллоҳ!

40.

Ё Ҳасиб, бошимда ҳамиша қойим,
Билгувчи тирноқдан сочимга қадар.
Сенинг ҳукминг ила қорилган лойим,
Демак, бир нафасим кетмагай бадар.
Ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, ё Ҳасиб, Оллоҳ!

48.

Ё Мажид, икроми мўл, шони юксак,
Шони юксакларда шарафланган зот.
Ойга боқиб имдод сўрайди ҳар сак,
Не кўйда жаннатдан тушган одамзот.
Ё Мажид, ё Мажид, ё Мажид, Оллоҳ!

49.

Ё Баъис, тирилтиргай охир куни,
Ҳам қабрдан дарахтдай ўсади одам.
Ҳазрати Ийсода кўрсатган буни,
Набий нафасидан ўлик турган дам.
Ё Баъис, ё Баъис, ё Баъис, Оллоҳ!

50.

Ё Шоҳид, огоҳ эрур ҳар нарсадан,
Шоҳидлиги китобида барқарор.
Она раҳмидаги томчи нутфадан
Руҳсиз жасадгача ўзи хабардор.
Ё Шоҳид, ё Шоҳид, ё Шоҳид, Оллоҳ!

51.

Ё Ҳақ, эшикларнинг эшиги тавба,
Сен томон қайтишдир, қайтиш сен томон.
Сен мутлақ Ҳақиқат, ягона ҳайбат,
Юракларга қўрқув солгувчи чунон.
Ё Ҳақ, ё Ҳақ, ё Ҳақ, Оллоҳу Акбар!

52.

Ё Вакил, яратган жумла жонзотни,
Битиргувчи ҳам уларнинг ишларин.
Имтиҳонга жой қилган бу ҳаётни,
Алмаштирган ёзини ҳам қишларин.
Ё Вакил, ё Вакил, ё Вакил, Оллоҳ!

53.

Ё Қовийй, мисли йўқ кучу қудратин,
Маҳшар майдонида бўлурмиз қойим.
Мудом чўзар экан синов муддатин,
Одам истиғфорга келмайди доим.
Ё Қовийй, ё Қовийй, ё Қовийй, Оллоҳ!

54.

Ё Матин, абадий соғу-саломат,
Мевалар яратиб, айлаган турфа.
Булоқ сувларига берган барокат,
Жонзотга тану жон қилолган туҳфа.
Ё Матин, ё Матин, ё Матин, Оллоҳ!

61.

Ё Мумийт, «ҳар куни иш-амалдадир»,*
Ажал шаробини ичиргувчи У.
Гар нафси шайтоний хос қамалдадир,
Қазо-ла васлига етказар мангу.
Ё Мумийт, ё Мумийт, ё Мумийт, Оллоҳ!
________
«У зот ҳар куни иш-амалдадир.», Қуръон, 55-сура, 29-оят.

62.

Ё Ҳай, мангу бору абадий тирик,
Омон истаганга бўлгувчи паноҳ.
Кучу қудратига топилмас шерик
Ва исботи «Ла илаҳа иллаллоҳ».
Ё Ҳай, ё Ҳай, ё Ҳай, Оллоҳу Акбар!

63.

Ё Қойюм, нафси ўзгармагай, нафси йўқ,
Ҳеч кимга эҳтиёж сезмаган Қодир.
Тилларга, дилларга зикри солган чўғ.
Ҳеч ерда кўринмас, ҳар ерда содир.
Ё Қойюм, ё Қойюм, ё Қойюм, Оллоҳ!

64.

Ё Важид, ҳукмида титрайди ҳар барг,
Ўзи билгувчидир истаганини.
Барчаси измида-тириклик ва марг,
Бандаси ололмас қистаганини.
Ё Важид, ё Важид, ё Важид, Оллоҳ!

65.

Ё Можид, денгизлар чайқалар, довул
Ва тўфонлар турса, чақса йилдирим,
Карами олдида бир учқунча, бил,
Эҳсони барини қўяр тиндириб.
Ё Можид, ё Можид, ё Можид, Оллоҳ!

66.

Ё Воҳид, мисли йўқ, йўқдир қиёси,
Ҳар недан воқиф ул ягона илоҳ.
Дунёнинг жилваси, ҳаёт жилоси –
Дўзах истиғноси, ишваи гуноҳ.
Ё Воҳид, ё Воҳид, ё Воҳид, Оллоҳ!

73.

Ё Охир, буюклигин йўқ охири,
Ҳар нарса, ҳодисот адоси ўзи.
Жумла бокирларнинг соҳиб бокири,
Одамга жон озиқ бўлгандир сўзи.
Ё Охир, ё Охир, ё Охир, Оллоҳ!

74.

Ё Зоҳир, ҳар ерда мавжуд ягона,
Сонсиз далилларда борлиги ошкор.
«У буюкдир» деган ўшал мардона
Демоқчи — «Иккинчи яна кимдир бор»*.
Ё Зоҳир, ё Зоҳир, ё Зоҳир, Оллоҳ!
____________
Ҳазрати Румий сўзи.

75.

Ё Ботин, илғамас одам идроки,
Борлиги яширин тасаввурлардан.
Қалбимда нақшин ул номларнинг поки,
Ўзи озодроқдир жами ҳурлардан.
Ё Ботин, ё Ботин, ё Ботин, Оллоҳ!

76.

Ё Волий, ҳар жонли, жонсизнинг ўзи
Ишин битиргувчи ҳожатбарори.
Одамзот умрининг баҳақ кундузи,
Икки дунёда ҳам нажотбахш ёри.
Ё Волий, ё Волий, ё Волий, Оллоҳ!

77.

Ё Мутаало, аълолардан аъло,
Ул буюк зотини билгувчи зоти.
Зикрида қойимга келмагай бало,
Иймон ҳузуридир ҳаётнинг тоти.
Ё Мутаало, ё Оллоҳу Акбар!

78.

Ё Барр, деганлар «Фақирлик-менинг фахрим»,
Ҳазрати рисолат Расули Акрам.
Меърож кечасида Аршунинг саҳнин
Фақрликнинг нури ёритган экан.
Ё Барр, ё Барр, ё Барр, Оллоҳу Акбар!

85

Ё Муқсит, мазлумлар ҳаққини золим
Зотлардан олгувчи Ҳаққул Адолат.
Кўнгилдек маъвони яратган олим
Ва комил дилларга солган ҳаловат.
Ё Муқсит, ё Муқсит, ё Муқсит, Оллоҳ!

86

Ё Жамий, тилагинг тилаги унда,
Кўнглингда ҳар кечган истакдан воқиф.
Кундузга орзуманд бўлсанг сен тунда,
Оламни ёритар Ой, юлдуз ёқиб.
Ё Жамий, ё Жамий, ё Жамий, Оллоҳ!

87.

Ё Ғаний, у жуда бадавлат, ғолиб,
Мустағнийдир ҳар кимсадан мангуга.
Шайтони лаъинни жаннатдан олиб,
Одамзот қонидан жой берган унга,
Ё Ғаний, ё Ғаний, ё Ғаний, Оллоҳ!

88

Ё Муғний, кимки не истаса бергай,
Мол-давлатга кўмар танлаганини.
Тафаккур кишиси ҳикматлар тергай,
Эслаб Фиръавндан қолган маънини.
Ё Муғний, ё Муғний, ё Муғний, Оллоҳ!

89

Ё Маний, тўсқинлик қилмаган асло
Бунёд бўлишига нарсанинг бирор.
Бир қаранг, ул сунъий юрак ва ҳатто
Ажал уруғидай қуроллар ҳам бор.
Ё Маний, ё Маний, ё Маний, Оллоҳ!

90.

Ё Зорр, қамаштирар дунё кўзларин,
Олов ёндиради, тўйдиради сув.
Даҳрнинг ярми фойда, зиёнли ярми,
Буюк мувозанат соҳибидир у.
Ё Зорр, ё Зорр, ё Зорр, Оллоҳу Акбар!

97.

Ё Ворис, эзилган бир дон остида
Чумоли ҳоли ҳам ўзига аён.
Маҳшар куни қойим ёлғон-ростида
Ўз жисмин излайди ҳар бир фоний жон.
Ё Ворис, ё Ворис, ё Ворис, Оллоҳ!

98.

Ё Рашид, на керак далилу исбот,
Аниқ кўргувчидир ҳар нимарсани.
Мазмун-моҳиятга эга ёлғиз зот,
Ноҳақ ҳукм этмагай бирон кимсани.
Ё Рашид, ё Рашид, ё Рашид, Оллоҳ!

99.

Ё Собур, сабримга соҳиб сарварим,
Зикрида тунлари бедор қулиман.
Бир кам дунё ахир, кўнгил ҳам ярим,
Дунё-армон, бино бўлган кунидан.
Ё Собур, ё Собур, ё Собур, Оллоҳ!

100

Ё Оллоҳ, асмаи ҳусна мадҳида
Бир-икки сўз айтганим бордир.
Нелар битган бўлсам нелар ҳақида
Балки энг гўзали ушбу ашъордир.
Ё Оллоҳ, ё Оллоҳ, ё Буюк Оллоҳ!

Ушбу зикруллоҳнинг савобини азиз ота-онамнинг табаррук руҳларига эҳтиром ила бахшида этдим. Оллоҳу Акбар!