Мухтор Худойқулов (1937)

Мухтор Худойқулов 1937 йил 1 ноябрда Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаган (1959). Турли йилларда «Ёш ленинчи» газетаси редаксиясида адабий ходим, «Қизил Ўзбекистон» газетасида адабий ходим, Тошкент давлат университети журналистика факултетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент бўлиб ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултети матбуот кафедраси профессори.
Унинг «Қоя ва палахса» (1962), «Дарё ва пўкак» (1968), «Зирапча» (1973), «Қирқ масал» (1985), «Ўйлаб топилмаган ҳикоялар» (1994), «Габрово латифалари ва ҳангомалари» (1999), «Отам ҳақида ҳақида ҳикоялар», «Киракашликнинг киройи ҳангомалари» каби китоблари чоп этилган.

Умид

Ҳар киши этгай жаҳонда яхши имкондан умид,
Деҳқон дондан умид, маъдан топар – кондан умид.

Воажабким, етгуси не истаса турфа кўнгил,
Андалиб истар чаман, чуғз вайрондан умид.

Бахтини излар одамлар ишқ-муҳаббат комида,
Бир умр дилда ҳамиша ёру жонондан умид.

Ўтди йиллар, ўчмади дилда шўх истакларим,
Эгма қош, писта даҳан, кўзи фаттондан умид.

Шеър аҳлин истаги бир гўзал байту ғазал,
Этгуси гоҳи-гоҳида яхши достондан умид.

Ишлагил, тер тўк жаҳонда, эларо номинг қолур,
Қилмагил ортиқча мақтов, шуҳрату шондан умид.

Мухторо, чўктирма дилни, чин умид бирлан яша,
Эларо бордир мақол: – “Чиқмаган жондан умид”.

Сенсиз

Ўтиб бормоқда аста неча ою йил сенсиз,
Эгаси йўқ ҳовлидай ҳувиллайди дил сенсиз.

Айрилиқ армонидан букилмоқда елкалар,
Қандайин кўтарурман бу юк оғир, зил сенсиз?

Қаҳқаҳавор даврани қайда кўрсам қочурман,
Кулги тугул юракка сиғармиди қил сенсиз.

Меҳр ила муҳаббатга интизорлик қақратур,
Қондиролмас ташналик, ҳатто, оби Нил сенсиз.

Қулоққа тушар гоҳи севги, висол сўзлари,
Аммо, сира тушунмам, бу қандайин тил сенсиз?

Бошим узра ёйилмиш мусибатнинг чодири,
Руҳимдаги маҳзунлик энди муттасил сенсиз.

Пок хотиранг ҳамиша тирик яшар қалбимда,
Бахту саодат энди менга ярим, бил, сенсиз.

Йўқ

Кеч тушди, йўл қоронғу, милтиллаган чироқ йўқ,
Учраса хавфу хатар ярайдиган яроқ йўқ.

Келди мавсуми кузак, айни хирмон чоғидир.
Дону дун йиғмоқ учун қўлда дуруст ўроқ йўқ.

Соч-соқол ўсмиш бироз, мўйи лаб ҳам қўшилиб,
Тартиба солмоқ учун ҳафсалаю тароқ йўқ.

Неча кундир бир соҳир куй-қўшиққа ташнаман,
Минг қулоқ тутсамки, лек, Савти ажам, Ироқ йўқ.

Ки, висол водийсидин бўлдик бадарға водариғ,
Эмди бизга тоабад: дард йўқ, фироқ йўқ.

Яхши билки, бу жаҳонда ишқ ўтиға куйса ким,
Тонг-ла, маҳшар келганида қийноғу сўроқ йўқ.