Ғулом Фатҳиддин (1955)

Ғулом Фатҳиддин 1955 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Воҳим қишлоғида туғилган. ТошДУ (бугунги Миллий университет)нинг журналистика факультетини битирган . Бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, «Ғулом Фатҳиддин – ҳисссиёт шоири, ҳиссиёт эса ҳаёт ва унинг ранг-баранг таассуротлари билан доим туташ».

Қайтиш

Мана, ҳузурингга отландим, яна.
Яна қайтаяпман,
қўлларим бўм-бўш.
Бу гал, ҳатто, гул ололмадим,
ололмадим бирорта совға.
Бу гал, сенга
олиб бормоқдаман ўзимни зўрға….

Мана, ҳузурингга бораяпман, яна…

Тўрт фасл ҳақида  беш шеър

I
Қайдасан?
Қайдасан,
баҳор?
Сен-ла учрашмоққа
сени кўрмоққа –
жуда олис,
жуда мушкул йўл босиб келдим:
бу ерларга,
бу кунларга…
Наҳот, мен шошилдим?
Наҳот, кечикдим?

II
Атрофда шовуллар қадимий мавзу,
Шовуллар қадрдон саратон фасли.
Гўё, завқу жўшган шўх қиз – Наврўзнинг
Гўзал сиймосида жўшар сармастлик.

Тобора ўт қалар замин бағрига
Меҳри жўшиб кетган қуёш кўзлари.
Туришар лабида осилиб, зўрға
Мевали дарахтнинг рангли сўзлари.

Такрор этавериб, тегар жиғингга
Бойқуш совуқ куйни, нохуш навони.
Фақат ёз айтмоқда ўз қўшиғини,
Бу қўшиқ баҳорнинг руҳий давоми.

III
Титраб кетди мен суянган тол,
Қотиб қолди кўзимда юлдуз.
Аҳволимга боққанича лол,
Милтирайди сўнаётган кўз.

Фикрим ўқиб, жимирлар барглар,
Шох сесканиб ўгрилар майин.
Чекинар ой саросимида,
Тик боқмоққа ботинолмайин.

IV
Юзига сим тўр тутган
Шинам уйнинг дарчаси.
Тун лабида қимтинар
Ойнинг сўнгги парчаси.

Юлдузлар нола чекар
Деразадан йироғда.
Ўртаниб кезар бедор
Куз кимсасиз бу боғда.

Ёмғирлар томчилайди,
Гоҳ барг қулар ўксиниб.
Яшолмас энди улар
Шамолларга бўйсуниб.

V
Меҳмонхона деразасини
Зириллатар кулги жаранги.
Аёзларда ётар исиниб
Ўжар қишнинг шоҳона ранги.

Ҳансирайди сулув тасвирлар
Оқ туманлар пинжига кириб.
Муздан кулоҳ кийган қасрлар
Адашади мен билан юриб.

Шоҳи ниқоб тортган юзига
Умид янглиғ жабр тортган бахт
Чақиради имлаб ёнига
Оппоқ байроқ кўтарган дарахт.

Унутилган ўтларда ёниб,
Тугун каби туйилар қоним.
Айт, қайларга кетяпмиз, жоним,
Ухлаб ётган баҳорни олиб?