Ғайратий (1902-1976)

Ғайратий (Абдураҳим Абдуллаев) 1902 йил 15 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1972). «Намуна» мактаби (1917— 18) ва Ўқитувчилар тайёрлаш 2 йиллик курсида (1918—19) таълим олган. Илк шеърлар тўплами — «Эр товуши» (1927), «Яшаш тароналари» (1928), «Олов танлар» (1932), «Танланган асарлар» (1934), «Севги» (1939), «Олтин ёшлик» (1940), «Аср садоси» (1972) каби шеърлар ва «Қутулиш» (1928), «Ҳашар» (1929), «Қора юраклар» (1931), «Ҳикоялар» (1957) каби ҳикоялар тўпламлари бор. «Оқин ҳукми» (1931), «Узоқдаги ёр» (1967), «Бахмал кирғоқ» (1971) қиссалари нашр этилган. «Онамга хат» (1935) ва «Жинаста» (1937) достонлари билан машҳур бўлган. Болаларга бағишлаб бир қанча асарлар ҳам ёзган ( «Йўқолган бола», «Ўрмон мушуги» ва бошқа). 1976 йил 17 январда Тошкент шаҳрида вафот этган.

НАВРЎЗ

Сабзаларга қўнган шабнамда
Латофатинг, кўринар аксинг.
Майин ҳислар кезар танамда,
Ҳаётбахшдир илиқ нафасинг.

Бўса олиб ғунча лабидан,
Капалаклар рашкин оширдим.
Кўнгил ишқи ва талабидан
Ошиқ булбул ашкин тоширдим.

Сени севмай бўлурми, баҳор,
Мафтун қилдинг оҳу кўзига.
Савдо солдинг бошимга такрор,
Излагайман тушиб изига.

Шафтолининг гули, бўйига,
Сархуш қилдинг ойдин кечада.
Жўшқиб оққан дарё куйига
Куйим қўшдим, бу дард барчада.

Саҳар туриб мени уйғотмиш,
Булбулларнинг оташ ғазали.
Чаманларнинг бағрига тортмиш,
Тонг юлдузи кулган маҳали.

ЯПРОҚЛАР

Япроқлар, тинмаган, яшил япроқлар,
Бокира баҳорнинг олтин сатрисиз.
Сиз умр дафтари, асил япроклар,
Гулшанни анқитган майин атрисиз.

Чаманлар базмида чалгансиз чапак,
Булбуллар ўқиса ширин бир ғазал.
Сизда ўз аксини кўраркан юрак,
Ҳаётдан завқ олар шубҳасиз тугал.

Бедор табиатнинг фасли, хислати,
Олтин саҳфангизда ноёб дебоча.
Ошиқлар қўшиғи, чин муҳаббати,
Мазмуни ўқилур кундуз ва кеча.

Бир йилнинг номаси сизда мужассам,
Сарғайган сатрлар, умр йўлингиз.
Тўймайман сизларга, боққанда ҳар дам,
Баҳор васфин ёзмиш моҳир қўлингиз.

ИЛТИЖО

Нақадар шиддатли ҳижрон ғуссаси,
Баъзида эзади айрилиқ — фироқ.
Беҳуда ўтгандай ҳаёт қиссаси,
Ёнмайди кўнглингга ёқилса чироқ.

Розиман бошимга тушса тоғ қулаб,
«Хайр энди» сўзини эшитиш оғир.
Сен кетсанг киприкка аччиқ ёш улаб,
Қоламан, юрагим ёнар бир умр.

«Хайр энди» сўзини айтар бегона,
Сен ахир меҳрибон, яқин, муниссан.
Ишқ ўтин ардоқлаб бўлдим парвона,
Қалбимни ёритган оташ бир ҳиссан.

Розиман шаънимга айтсанг ҳар хил гап,
Соғинтир, қийнагил, қилгин маломат.
Кўрганда юзингни майли бургил чап,
Зинҳор хайр демагил, эй пок муҳаббат.

«Хайр энди» сўзига бормасин тилинг,
Наҳотки чидаса қийнашга кўнглинг?!

БЎЛМА БЕПАРВО

Тун бўлса бу чексиз олам чироғи,
Кўринар тўлин ой ва унинг доғи.
Ёримга суқланиб доғда қолгандай,
Маъсум жилваланар унинг ёноғи.

Ой каби қуёшда доғ кўриб шошдим,
Кўзимга ишонмай тўлғандим, тошдим.
Билсам, ёр юзига зулфин сояси
Тушибдир, бир кўриб, найлай, адашдим.

Тарарда зулфингни бўлма бепарво,
Солмагин кўнгилга изтироб, савдо.