Авлиёхон Эшон (1957)

Ўш вилоятининг Лайлак туманидаги Андархам қишлоғида туғилган. 1978 йили Ленинобод Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини битирган. «Тунги тиловатлар» (1991), «Қайғу гули» (1995), «Тилсим» (2006), «Кўзгу ичида» (2008), «Сирли пардалар» (2009), «Яхшилик» (2011), «Райҳоний рангли сувратлар» (2012), «Тавба эшиги» (2014), «Маҳжуб» (2016), «Икки маҳал гуллайдиган олмалар» (2018) номли китоблар муаллифи.

ВАЗИФА

Мен ўзимни енгишим керак!
Бунинг учун етарли асос –
Бу ёруғ дунёга
Ўзгани эмас,
Ўзимни енгмоққа
Келганман,
Холос.

МУҲАББАТ

Кўксимга сездирмай кирган оққушлар
Кўзлар косасида элтадилар сув.
Оппоқ булутларни кийган юрагим,
Соғинч дарёсида юзларингни юв,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – Сулув.

Шафақранг қадаҳга чўмилган булбул
Оқшомгул баргидан ёзар дастурхон.
Шамоллар силкитган кўк дарахтининг
Тилло сандиғидан тўкилади дон,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – Дармон.

Суви қочиб кетган қудуқлар ичра
Эрийди гуркираб ўсаётган тош.
Туннинг шохларига ўзини осар,
Ғамзада  армонлар кўзларида ёш,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – Бардош.

Меҳрибон парилар тегрангда учар,
Гул сочиб самовий сурмаранг тахтдан.
Кўзимда чақинлар юклаган кема
Умид соҳилида кўтарар елкан,
– Муҳаббат келмоқда,
муҳаббат – Ватан!

ОЧУН

1.
Бу ислимий икки чизиқни
Қўймайин деб тўсатдан бузиб,
Бу аёлнинг қошига ҳаттот
Қилқаламни олган юргизиб.
Бирам нозик бармоқлар билан
Эшилган тун – қора сочлари.
Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улгу ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар.
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзгу тутиб оқади сойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.
Юрагимни сеҳрлайди ишқ –
Мулкни талар ҳижрон қўшини.
Қафасидан айро жон қуши
Ойинага урар тўшини.
Кўзларимдан қора боғични
Ечиб бўлмас – аёл талаби.
Унга таслим бўлурман, бирдан –
Бузилади юрак қолаби.
Бармоғига жонимни ўраб,
Етаклайди, унинг қулиман.
Кўкрагимни тўлдирган ҳаво
Жисмим ердан узар, куламан.
Бу аёлга кўнглимни боғлаб,
Тортилади саноқсиз ришта.
Бу ҳам энди мағлуб бўлди деб,
Оҳ чекади қирқта фаришта.
Энди аёл – ғолиб малика,
Ёйиб ташлар сарват, сепини.
Сувга шўнғиб тошлар тераман,
Маҳкам тишлаб қармоқ ипини.

2.
Бу аёл дор остида
Ўйнаб, тизади маржон.
Маржон тоши тош эмас –
Ип тишлаган қирқта жон.
Борми малҳам истаган
Юрагин ямоғига,
Келсин, хино қўймоқчи
Бу аёл бармоғига.
Бўлса агар харидор
Толим-толим сочига,
Дил қонин суртиб қўйсин
Аввал дор оғочига.
Кимдир боқиб кўзига,
Қолмоқ бўлса ёдида,
Икки қабоғин ситиб,
Майдаласин жодида.
Бор бўлса талаб аҳли,
Кирмасин олов-ўтга,
Жисмин кафанга ўраб,
Солиб келсин тобутга.

ОҚШОМ ТАШБЕҲЛАРИ

Оқшомгул ёқади чироқларини,
Қоп-қора кўйлакка сачраб кетар чўғ.
Дарахтлар туширар байроқларини,
Шамолнинг қўлида яроғлари йўқ.

Қумғонлар аёлдай оловга кирар,
Бўйнидан тўкилар дурри маржони.
Шўх сувлар илдизга қараб югурар,
Бармоқлар тафтидан яйрайди жони.

Устунлар ўраниб олар чопонга,
Ҳовлини айланиб сўз юрар – илиқ.
Сачратиб исини ҳамма томонга,
Хокандоз ичида ўйнар исириқ.

Бошига ёқутни қадар осмонлар,
Ўт-ўлан яширар оққушларини.
Супалар устида ўтирган жонлар
Дуога тўлдирар ҳовучларини.

Сузмалар халтаси олма шохидан
Тупроққа тўкади қайғуларини.
Ҳурлари гул териб кўнгил боғидан,
Қийиққа тикади туйғуларини.

Оқшом ўтиб кетар. Тушиб келар тун.
Fичирлаб бўшайди эски сўрилар.
Ўчоқлар бошидан ҳайдалар тутун,
Одамдай қорайиб турар мўрилар.

ИШҚ

Шабнам билан ювиб қорачиғини,
Аёл келтиради кўнгил чўғини.

Ул чўғни дур каби териб етти ҳур,
Юрак риштасига тизиб ўтказур.

Бир қатим нур тишлаб мулойим қушча,
Ишқин изҳор айлар бор товушича.

Бармоғинг тегади, фалак чилтори
Чалинар – эрийди уфқлар қори.

Фаришталар ёқиб тун чироғини,
Гулга тўлдиради ой қучоғини.

Чақмоқлар музлаган кўксини ёпиб,
Чўғ сўраб келади изингдан чопиб.

Даҳри дун ичинда одамсан, ўтлуғ,
Кўксингда бир ялов, қадаминг қутлуғ.

Юрак ишқдан ўзга оғриқни туймас,
Оловни ушласанг, қўлларинг куймас.

КУЙ

Тилло тумор кўкрагимнинг
Деворига қоқилган.

Дил ёришар – жон иплари
Шам мисоли ёқилган.

Сир қолмади – кўзларимнинг
Иншолари ўқилган.

Куй томчилар – мусиқанинг
Қўшиқлари тўқилган.

Ой – сиймтан, қулоғига
Исирғалар тақилган.

Нур тўкилар – юлдузларнинг
Чаноқлари чақилган.

ҚИШ. ДАЛВ

Замҳарир қиш – борлиқ тасвирин
Чизаётган моҳир мусаввир,
Бир кечада райҳоний рангли
Сувратларни айлади таҳрир.
Дарахт кеча қуёшга тутиб,
Ол-қирмизи ёноқларини,
Уқалайди бугун совуқдан
Оғриётган бармоқларини.
Пода чимдиб кетган майсанинг
Эшитмасдан шивир-шивирин,
Қордан чиқиб турган туғларин
Синдиради аччиқ изғирин.
Одам юрмас овлоқ йўлларда
Чарх уради қорлар қуюни.
Отхонанинг туйнугидан от
Чўзиб-чўзиб қўяр бўйнини.
Қирга туташ боғларга қарши
Бошланади шамол ҳамласи.
Оқшомлари чўғдай чисирлаб,
Ёрилади тутлар танаси.
Ўчоқларда ёнган ҳўл ўтин
Тутунлари қоплар хонани.
Қизлар нозик бармоқларига
Қўндиради ангишвонани.
Пешайвонга сепилган донни
Чўқиб юрар чумчуқлар – инсиз.
Эшик совуқ, молхоналарда
Қолар бўлди сигир соғинсиз…

БИР ҲОВУЧ ЧЎF

Ҳаёт – гулхан, юзларимга
Тушди иссиқ сояси.
Вужудимни чирмаб-чирмаб,
Ўйнади ўт толаси.

Олов босиб кечди умрим,
Fам келди кул титгани.
Бир ҳовуч чўғ топилмади
Кўнглимни иситгани.

ИМОМ FАЗЗОЛИЙ

1.
Одам ҳақиқати – маънои ботин,
Дил – подшоҳ, мусаллам тутмиш баданни.
Дорил нажотига интилган руҳнинг
Даргоҳи Аҳадият асл маъдани.
Вужуд – шаҳар бўлса, қўл ва аёғинг
Унинг фуқароси – ҳунарманд улус.
Fазаб ила шаҳват ханжар кўтариб,
Ҳар тун халойиққа бўлур юзма-юз.
Ул омили хирож, роҳзан ва ёғий,
Ҳеч таслим бўлмасдан подшоҳ – дилга,
Шаҳар аҳлин талаб, кўзларин боғлаб,
Етаклаб келтирар тунги қатлга.
Ул чоғда кўнгилнинг вазири – ақл
Тадбир кўзи ила боқиб атрофга,
Подшоҳ ғанимларин ибодат сори
Етказиб, чек қўяр бор ихтилофга.
Зеро ақл бирла кенгашиб кўнгил,
Шаҳват ва ғазабни тутса илкида,
Саодат йўллари очилиб, дилнинг
Низоми ҳукмрон бўлур мулкида.
Одам ўз вужуди мамлакатига
Подшоҳлик қилса, Аллоҳга банда –
Бўлмоққа шойиста бўлғай, Ёр юзин
Кўрмоқ насиб этар унга ўшанда.

2.
Ўзининг нафсини танимай ҳануз,
Банда танимагай Ҳазрати Ҳақни.
Саодат тухмини қўлга киритмай,
Билмоғинг маҳолдир ўзгани, халқни.
Гар ризо эмассан бундай даъвога,
Бўлурсан эл ичра кулги, уятлиғ –
Егани нон топмай, шаҳар аҳлига
Ош ваъда айлаган гадо сифатлиғ.

3.
Дунё мисли соя, яқинроқ борсанг,
Сендан қоча бошлар… Бисёр хатари –
Юзига қизларнинг ниқобин тортган
Кампирдай етаклар ҳалокат сари.
Дунёнинг аҳлини Ҳазрати Исо
Шўр уммон сувини ичавериб, боз –
Чанқоғи зиёда бўлган бир гуруҳ
Ташна одамларга этганди қиёс.
Дунё – карвонсарой, мусофир учун
Тайёр қилиб қўяр йўлнинг озиғин.
Фақат аблаҳ одам таом улашган
Олтин табаққа ҳам қадайди кўзин.
Гарчи бу оламнинг бор лаззатидан
Қўл йиғмоқ равомас, айласанг фикр.
Лекин бори аъмол фақат Аллоҳга
Ибодат қилмоқдир, маърифат, зикр.

СЕВГИ

Ер эрий бошлади…
Ой тўшаб қўйди
Оёғим остига зангор пойандоз.
Очкўз бўшлиқларнинг елкаларига
Экилган юлдузлар гуллайди қийғос.

Оқбадан булутнинг майин сочлари
Илондай ўралар билагимга жим.
Осмон эшиклари юрагим янглиғ
Маъюс нигоҳингдан очилар сим-сим.

Бир улкан юракнинг ёлғиз кулбаси
Менга ватан бўлур, сенга – манзилгоҳ.
Уфқ тандиридан узилган патир
Ўртада ушалар, қайғурсанг – гуноҳ.

Қуёшни кутамиз тахтиравонда,
Гуллар косасида куй чалар бода.
Қушларин кафтига қўндирган дарахт
Узун илдизларин ёзар ҳавода…

Биздан бахтиёр йўқ, йиғлайсан, малак,
Муҳаббат гулларин маҳкам  қучоқлаб.
Пойандоз устидан юриб борамиз,
Юракни энг баланд парвозга чоғлаб.

АЗИЗ САИДГА АРЗИ ҲОЛ

Пешонамни тилкалар Омоч.
Чақалоққа ном қўйдим – Армон.
Учиб кетар яшил Қалдирғоч.

Қўшчи ботиб борар тупроққа.
Тиззасини куйдирар қайғу.
Юрак тушар бирдан титроққа.

Бошоғидан қулаб тушар дон.
Ердан сизиб чиққан сув – қайноқ.
Дастурхонда тишланмаган нон.

Бахтнинг музлаб борар танаси.
Кўзи очиқ катта ғалвирда
Қовурилган буғдой донаси.

***

Ким ёмонлик қилди,
Уни кечирдим –
Тинди кўксим ичра ғамлар қуюни.
Дуога қўл очдим,
Рақибим тағин
Тўлдириб олгунча тошга қўйнини.
Раббим, мени кечир,
Гумроҳ бандани
Уйғота олмадим ғафлат хобидан.
Билмади –
Бўйнига гуноҳим олиб,
Айрилиб қолганин
Бор савобидан.
Ул ҳануз йиғмайди қўлин ёқамдан,
Ҳамон бузолмайди ёмон аҳдини.
Мен дейман –
Юрагим бир умр туйсин,
Кимнидир кечириб яшаш бахтини.
Худойим,
Ул ожиз банда кўксида
Ёнаётган самум оловин ўчир.
Унга
Бор қилмиши учун қайтарган
Шунча яхшилигим оз бўлса,
Кечир…

ТЎРТЛИКЛАР

1
Дил – нуроний жавҳар, эмас обу гил,
Илоҳий асрорга махзандир, манзил.
Ул хомуш бўлса ҳам, фақат тинимсиз
Аллоҳ зикри билан гўё бўлур дил.

2
Кўнглим – қул, ақлимдир унинг подшоҳи,
Гоҳ ақлим қулайди, бўлдим гувоҳи.
Ўтмишда қиёс кўп – исён кўтариб,
Қул ҳам шоҳ тахтига ўтирган гоҳи.

3
Дунё деб, бир лаҳза оч ўлмадинг, дил,
Жумбоқсан, тугундай ечилмадинг, дил.
Юсуфнинг кўйлаги юзингда, бироқ
Ҳамон кўзинг юмуқ, очилмадинг, дил.

4
Ботинни англамас зоҳид лоф ургай,
Ҳеч қачон покламай дил ғуборини.
Сийрат кўзин очган ишқ аҳли кўргай –
Бу оламда пинҳон Ҳақ асрорини.

5
Дилни гоҳи ўтга солиб тобладим,
Гоҳ сувда совутдим, келмиш ўзига.
Тандир ичра чўғда пишар маҳали
Сув сепиб тургандай ноннинг юзига.

6
Руҳим – ипак арқон, тан-вужудимни
Маҳкам боғлаб, тутиб тургай, узилмай.
Куну тун қайнатиб турсанг ҳам, шакар –
Новвотга эврилмас ипга тизилмай.

7
Аҳли дунё сархуш, ғафлат ичинда,
Нафсини тизгинлаб солмагай изга.
Ўз ҳолини билмас, гўдак сингари
Қўлига не тутса, солар оғизга.

8
Иккисини боғлаб турар бир ришта,
Узилса, бу дунё куяр оҳидан.
Руҳ вужудга банди, балки шу сабаб –
Ул азобда яшар тан гуноҳидан.

9
Ўз илмига амал қилмай, мунофиқ –
Лоф ургай, қулоғинг тутма нақлига.
Уммон ўртасида шамол бўлмаса,
Елкандан наф йўқдир кема аҳлига.

10
Эй Эшон, тафаккур кўзи ила боқ:
Мўъжиза пайдодир бори одамда.
Вале, ким мақсудга етгайдир, Ишқсиз –
Ҳеч маъни қолмагай эди оламда.

11
Дунё маним деди, нафси қўпганлар,
Дунё ғаним деди, қўрқиб чопганлар.
Биз-ку, аросатда юрибмиз ҳамон,
Бу дунёдан кетди ақл топганлар.

12
Мени енгиш учун тарафкаш излаб,
Эл-улус ичинда қўзғаманг нифоқ.
Мени мағлуб этиш жуда ҳам осон,
Фақат ўзим билан тузиб иттифоқ.

13
Нафси балодир ул, итоб айламиш,
Бизни ғулом билиб, азоб айламиш.
Оламга бир назар солмоқчи эдик,
Дил кўзига ўзин ҳижоб айламиш.

14
Кўклам шохларингга ташлаб кетди чўғ,
Ёз бўйи порладинг – яшил аланга.
Сен қайси ҳикматга изоҳсан, дарахт,
Ўт ичра куймасдан ўсдинг баландга.

15
Бизда не гуноҳ бор, этмайин огоҳ,
Ёр юзин ниқоб-ла яширди ногоҳ.
Таҳлика ичинда ғам чекма, кўнгил,
Гоҳи фалакда ҳам тутилгайдир моҳ.

16
Мен дунёни суйдим, ул эса мени,
Гарчи ўт-оташга солди жонимни.
Бир марта оҳ урсам, акс садо янглиғ
Юз бор такрор этгай оҳ-фиғонимни.

17
Ғуссани қулатдик, юракни очиб,
Совға-салом билан чиқдик ташқари.
Чопарлар етмади ёки адашди –
Ҳамон кўринмайди қувонч лашкари.

18
Тасаввурда кўрдим дунё аксини,
Тафаккур маҳали қилдим баҳсини.
Фақат тазарруга етган чоғимда,
Англадим дунёнинг асл мағзини.

19
Золим ва ҳавойи нафс бўлса ғолиб,
Тан ила руҳингни гуноҳга қоргай.
Зикр-ла ислоҳ эт, пок бўлур, чунки
Кундуз узайганда, кеча қисқаргай.

20
Дўстдан шафқат етар, ғанимдан – озор,
Англаб ет, бу ҳикмат фалсафасини.
Зеро димоғингга келтирар шамол,
Гоҳи гул, гоҳида тутун исини.

21
Заҳматсиз муродинг бўлмагай ҳосил,
Бир ҳовуч сув ичмай, қолурсан ташна.
Тайёрин ким кўрмиш, ҳатто Айюб ҳам,
Ерга оёқ ургач, кўз очди чашма.

22
Руҳим, мени кечир, топмадинг қадр,
Терс маъно кўринди дунё ишида –
Бир умр айланиб тушибман садр,
Тупроқ бўладиган тан ташвишида.

23
Саодат истасанг, таслим бўл, эй дил,
Либосинг алмаштир Ишқ жомасига.
Зеро тўфон чоғи Аллоҳ амри-ла,
Ҳеч зарар етмади Нуҳ кемасига.

24
Дайр ичра бошимга тегди ғам тоши,
Бўғзимда бир фиғон тинмади узоқ.
Тили мис деворга қаттиқ урилиб,
Баланд садо бергай сокин қўнғироқ.

25
Дил озода гулдир, нозик ва латиф,
Чаман ичра сочгай анбар бўйини.
Авайла, ўт-алаф ўрнида кўриб,
Неча ҳайвон ўтгай чўзиб бўйнини.

26
Эй ғусса, дўст бўлдик, шодлик эш эмас,
Мендан айру тушмоқ сенга хуш эмас.
Гоҳ қувонч келганда, ўгирдик юзни –
Ўз дўстидан кечмоқ бизнинг иш эмас.

27
Ҳабибдан сўрадим: «Нуфузинг баланд,
Худога хуш келмиш қайси бир ишинг?»
Ул деди: «Мен дилни оқартдим, сенинг
Қоғоз қорайтирмоқ бўлди юмушинг».

28
Шеъримда гавҳар оз, тупроғи кўпдир,
Бузилган вазнию туроғи кўпдир.
Ям-яшил дарахтга қараб тушундим –
Унинг мевасидан япроғи кўпдир.