Асрор Мўмин (1954)

Асрор Мўмин 1954 йил 14 январда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1979). Турли йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Спорт» газетасида бўлим мудири, Бош муҳаррир ўринбосари, Бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, «Кўзгу» газетасида Бош муҳаррир ўринбосари, Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи, «Жаҳон адабиёти» журналида Бош муҳаррир ўринбосари, Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида 1-тоифали муҳаррир, етакчи мутахассис, «Ўзбекистон миллий энсиклопедияси» Давлат илмий нашриётида бўлим мудири бўлиб ишлаган. 2008 йилдан «Ўзбекистон овози» газетасида бўлим мудири.
У «Шуҳрат» медали соҳиби (1999), «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» (2011).

ШУКРОНА

Кўрдим туну кундек икки асрни,
Кўрдим некбин зоту қанча басирни,
Кўрдим аччиқ ҳижрон, ширин васлни,
Шукур, кўрдим боқий баҳор фаслни.

Ҳурлик ҳавосидан оляпман нафас,
Қалбимда жўш урар яшашга ҳавас,
Юртим чиройидан яйрайман сармаст,
Шукур, кўрдим боқий баҳор фаслни.

Озодлик орзуим бўлди ижобат,
Бўй чўзмоқда бобо мерос қадрият.
Йўлларда маёқдир илму маърифат,
Шукур, кўрдим боқий баҳор фаслни.

Энди бу дунёда йўқдир армоним,
Кўз ўнгимда гуллар Ўзбекистоним,
Корига бахшида жону жаҳоним,
Шукур, кўрдим боқий баҳор фаслни.
 
ИШҚ ВА ҚЎШИҚ

Менинг юрагимда туғилган қўшиқ,
Сенинг юрагингдан топмаса макон.
Мен ўзимни қандай атайман ошиқ,
Шоирлигим эса бутунлай ёлғон.

Азалдан мушкулдир бўлмоқ чин ошиқ,
Шоир бўлмоқ эса ундан ҳам мушкул.
Юрагимдан жой ол Мажнунга хос ишқ,
Севгимни куйлайин мисоли булбул.

Шу ёрни севмоқлик мен учун қисмат,
Керак бўлса жоним этурман фидо.
Созим, қўлга олсам таратгин фақат,
Ёрга ёқадиган ёқимли наво.

Менинг юрагимда туғилган қўшиқ,
Сенинг юрагингдан топмаса макон.
Мен ўзимни қандай атайман ошиқ,
Шоирлигим эса бутунлай ёлғон.

УМРИМ ФАСЛЛАРИ

Учрашдик, боғимда яшнади баҳор,
Ишқ гулига шайдо қўшиқ бошладим.
Оҳу қарашларинг соғиниб зор-зор,
Ширин хаёлларинг билан яшадим.

Бунчалар шошганча етиб келди ёз,
Висолингга ташна қадам ташладим.
Ой-қуёшимсан деб айтганимча роз,
Ширин хаёлларинг билан яшадим.

Ям-яшил баргларни бехос тўкди куз,
Хазонрез йўлларда кўзим ёшладим.
Зимистон бўлса ҳам кеча-ю кундуз,
Ширин хаёлларинг билан яшадим.

Қишнинг шамолидан жунжикди таним,
Шом эди, шафаққа назар ташладим.
Шукур, пок сақладим ошиқлик шаъним,
Ширин хаёлларинг билан яшадим.

ДАВРА ҚЎШИҒИ

Қўрғони бут Ватан бизники,
Жаннатмакон чаман бизники.
Ота мерос ор-шаън бизники,
Ёшликдайин маҳзан бизники.
Қадам ташланг, ёр, ёр, ёрони,
Қўшиқ бошланг, ёр, ёр ёрони.
Порлоқ эртам бедор посбони,
Огоҳ яшанг, ёр, ёр, ёрони.
Эр бошида — аскарий хизмат,
Бурчни англаш ўзи фазилат.
Ер юзида боқий шу ҳикмат:
Тинчлик мадҳи янграсин фақат!
Қадам ташланг, ёр, ёр, ёрони,
Қўшиқ бошланг, ёр, ёр ёрони.
Порлоқ эртам бедор посбони,
Огоҳ яшанг, ёр, ёр, ёрони.
Омон-омон кунлар келади,
Жумла жаҳон нурга тўлади.
Ҳали олдда иқбол кулади,
Юртим буюк давлат бўлади.
Қадам ташланг, ёр, ёр, ёрони,
Қўшиқ бошланг, ёр, ёр ёрони.
Порлоқ эртам бедор посбони,
Огоҳ яшанг, ёр, ёр, ёрони.

ОҲУ

Муҳиб нигоҳидан ҳайиқма, оҳу!
Унинг нигоҳидан яхши паноҳ йўқ.
Йиллар ўтиб, ногоҳ ушалди орзу,
Теварак-атрофда бирон огоҳ йўқ.
Муҳиб нигоҳидан ҳайиқма, оҳу!
Унинг паноҳидан яхши паноҳ йўқ,
Ҳамиша бошингда бўлади посбон.
Нотавон сайёдлар узса ниҳон ўқ,
Ўқларга кўксини айлайди қалқон.
Унинг паноҳидан яхши паноҳ йўқ,
Йиллар ўтиб, ногоҳ ушалди орзу,
Бир нафас эшитгин дил изҳорини.
Бир нафас бўйласин покиза туйғу,
Бир нафас ҳис этсин ишқ ифорини.
Йиллар ўтиб, ногоҳ ушалди орзу,
Теварак-атрофда бирон огоҳ йўқ.
Ҳайрат водийсида ўзингиз холос,
Зангори осмонда қуёш-у Моҳ йўқ,
Ҳаттоки сабо йўқ ўғирлашга роз.
Теварак-атрофда бирон огоҳ йўқ.
Муҳиб нигоҳидан ҳайиқма, оҳу!
Сенга раво кўрмас заррача озор.
Агар қайрилмасанг, чекади ёҳу,
Яна изларингни излайди зор-зор.
Муҳиб нигоҳидан ҳайиқма, оҳу!..

СИЗ БОРСИЗ!

Қолмади яшашнинг маъноси,
Қачондир йиқитар аламлар.
Тинмайди ҳаётнинг дарёси,
Дунёда сиз борсиз, одамлар!
Тугайди қайғули достоним,
Гарчи кўп ёнимда қўлдошим.
Яшнайди туғилган бўстоним,
Элимда сиз борсиз, элдошим!
Ҳар ёнган жавдирар қароғим,
Қанчалар эзмасин армонлар.
Уйимда порлайди чироғим,
Изимда сиз борсиз, ёронлар!
Ёқмасин муҳаббат фироғи,
Янграсин бахтиёр қўшиқлар.
Висолга кўмилсин ишқ боғи,
Қаторда сиз борсиз ошиқлар!
Севгимни баралла куйладим,
Авж чоғи узилди дил торим.
Умидвор йилларга бўйладим,
Ёзмада сиз борсиз ашъорим!
Битта ёр қалбига сиғмадим,
Мен учун энди тор оламлар.
Ўзим ўз қадримга йиғладим,
Ҳолимни тушунинг, одамлар!

СEВГИ

Фироқда аҳволим ночордан ночор,
Фалакка ўрлайди фиғонимдан дуд.
Аё, дилда севги, аршда Оллоҳ бор,
Не учун бунчалар бўлдим ноумид?
Биламан, ўзимда йўқ эрур имкон,
Наҳотки, кўйида қолсам интизор.
Оллоҳ қуратига келтириб иймон,
Сенга муҳаббатим айладим изҳор.
Балки умрим бўйи чекарман жафо,
Бошимдан айланар тегирмон тоши.
Тирикман, амалим ишқингга вафо,
Тирикман, ботмайди ишонч қуёши.
Кулга айланмайин ҳижрон доғида,
Мени қайтармагин севиш аҳлидан.
Бенасиб қилмагин рамақ чоғида,
Исмини пичирлаб айтиш бахтидан!

ИЙМОН ВА МУҲАББАТ

Ширинсўз санамни шунчалар севдим,
Ҳаттоки, келибди Оллоҳнинг рашки.
Тавба қилиб, бошим саждага эгдим,
Ҳамиша баланддир Халлоқнинг ишқи.
Ё Раб! Сўра, деган иноятинг бор,
Ширин сўзни сўраб ўтиндим такрор.
Самимий севгимни айлаб истиғфор,
Марҳаматинг билан этгин бахтиёр.
Сен ўзинг азалдан соҳиби қудрат,
Бўл, дейишинг ҳамон бажо бўлади.
Дилимда собитдир имон, муҳаббат,
Бўл, деган чоғингда толе кулади.

БОҚИЙ ИШҚ

Сев, ён, яша фидойи,
Мадад ол муҳаббатдан.
Қайсдай атал савдойи,
Юксалгин садоқатдан.
Севги бермас имтиёз,
Сўрар у қаҳрамонлик.
Ёрга боринг эт инёз,
Изига бўл қурбонлик.
Фақат висол кўзлама,
Адолар билан сирлаш.
Ердан малҳам излама,
Самолар билан сирлаш.

ВИСОЛ ОҚШОМИ

Шоир аҳли бўлганда бийрон,
Боқий ишқни куйлар каломи.
Дунёни ҳам айлаган ҳайрон,
Лайли-Мажнун висол оқшоми.
Ўшал тундан айланар фалак,
Кўз юмолмас, йўқдир ороми.
Қанча бедор изласин ҳалак,
Кўрмас тотли висол оқшоми.
Аммо бизни учратган кунда,
Шўх янгради дунёнинг жоми.
Демак, бизга толели тунда,
Кулгай ширин висол оқшоми.
Яна дунё қолгайдир ҳайрон,
Шоирларнинг тошгай илҳоми.
Ойдин кеча қайтгайдир аён,
Лайли-Мажнун висол оқшоми!

МEН СEНИ УЧРАТДИМ…

Илоҳий нур сингган азалда,
Унда мавжуд ҳидоят, далда.
Қўлга олсам илҳақ маҳалда,
Сабру тўзим бўлар шеърият.
Нажот излаб ҳижрон балога,
Ночор боқдим фоний дунёга,
Дардим айтсам Арши аълога,
Ўтинч сўзим бўлар шеърият.
Дарахт куйса қолар илдизи,
Қалбда битмас айрилиқ изи.
Порлаб чиқса илҳом юлдузи,
Кўрар кўзим бўлар шеърият.
Торим бевақт узмаса фироқ,
Куйлар эдим балки яхшироқ.
Ёзмишимдан тушмайди йироқ,
Менинг ўзим бўлар шеърият.

ТЎЛҚИН

Дунё бутун, Оллоҳга қасам,
Ҳатто беиз йўқолмас овоз.
Соғинчимни сўзда йўлласам,
Қанот ёзиб айлайди парвоз.
Пайдо бўлар ҳавода тўлқин,
Дарҳол елдай излаб кетади.
Қўйилмаган осмонга тўсқин,
Дил торингни аста чертади.
Пичирлайсан розингни аста,
Тўлқин эса ортга қайтади.
Ҳузуримга келиб бирпасда
Розгинангни менга айтади.
Сирлашишга топганмиз чора,
Яшаяпмиз таратиб тўлқин.
Бахтимизни этганлар қора
Қўя олмас осмонга тўсқин.

ИШҚ РОЗИ

Азалдан коинот чексиз, бепоён,
Ҳатто сайёралар учрашмас унда.
Оллоҳ қудратига келтирдим имон.
Мен сени учратдим ушбу заминда.
Азиз замин узра қанча расуллар,
Бир-бирини кўрмай ўтди армонда.
Биз юрган кўчада очилди гуллар,
Шукр, яшаяпмиз битта замонда.
Қанча сайёралар, замонлар ошиб,
Севгилим, учрашдик толели кунда.
Ўқувчим, илтимос, ўқима шошиб,
Азалий Ишқ рози битилган унда.

* * *

Юсуфнинг кўркини бермасин Худо,
Зулайҳо ишқимда ёнганлиги рост.
У ўйлаб топмишки шундайин иғво,
Ҳатто ожиз қолди ҳақли эътироз.
Шукр, Юсуф ибрат ҳаёт йўлимда,
Туҳмат балосидан қутулдим омон.
Аё, бойлик йўқдир очиқ қўлимда,
Аммо ишқ мулкида эрурман ҳоқон.
Дунёда изнсиз узилмас барг ҳам,
Зулайҳодек ёрим интиқ кутарман.
Имон-садоқатим бўлса мустаҳкам,
Ширин висолига бир кун етарман.

* * *

Аскар юрагига қадалди бир ўқ,
Яратган, жонини сақлади омон.
Бу ўқни олишга сира ҳожат йўқ,
Юракка қўрғошин етказмас зиён.
Ҳижрон юрагимга қадади бир ўқ.
Яратган, жонимни сақлади омон.
Ёрни унутишнинг ҳеч иложи йўқ,
Юрагимни ўртар қўрғошин армон.

* * *

Иккимиз бор эдик учрашмасак ҳам,
Севги жо шеърларим ҳали йўқ эди.
Учрашдик ва сени ёниб севган дам,
Севги жо шеърларим дунёга келди.
Боқийликка даъво қилмасман асло,
Нетай, шум айрилиқ жонимни олар.
Бироқ, юрагимда бордир тасалло,
Севги жо шеърларим дунёда қолар.