Абдусаид Кўчимов (1951)

Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 майда Самарқанднинг Ургут туманида туғилган. Тошкент Давлат педагогика институтининг озбек тили ва адабиёти факултетини тугатган (1968-1972).  Илк китоби-”Кашфиётчи болалар” 1975 йилда чоп этилди. Шундан сўнг унинг “Ҳалқа”, ”Қиёфа”, ”Менинг юлдузим”, “Умид дараҳтлари”, ”Чаноқ”, ”Икки баҳор” каби шеърий ва насрий китоблари нашр қилинди. “Баланд тоғлар” (2002)сайланма китобига ёзувчининг қиссалари, достонлари, шеърлари киритилган. А. Кўчимов Ҳалқаро ЮНEСКО мукофоти, Ғафур Ғулом номидаги мукофот билан тақдирланган. Унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, ”Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени берилган.

ВАТАН

Бошингда осмону, қошингда қуёш,
Тасвиринг чизолмай мусаввир ҳалак.
Шоир сўз ахтариб қотиради бош,
Булоқдай қайнайди ошуфта юрак.
Париваш жамолин қилади кўз-кўз,
Бағрингда барқ урган ҳар гул, ҳар қиёқ.
Фақат шоирингга етишмайди сўз,
Фақат мусавввирга етмайди бўёқ.

ҲАВАС

Улгу олиб яша доим ҳавасдан,
Булбулдек сайрашга интилсин қумринг.
Фақат соя бўлиб қолма ҳавасга,
Ҳавасга эргашиб ўтмасин умринг.
Ярқироқ юлдуздек чарақла сен ҳам,
Изингдан гулласин сирли тилсимлар.
Кимгадир ибрат бўл, ҳавас бўл ҳар дам
Сендай бўлмоқликни ҳавас қилсинлар.

СИР

Фош қилдинг, деб сиримни
Ўртоғингга айтасан.
Айтармиди сирингни
Унга ўзинг айтмасанг?

БОБОЛАРИ

— Э, бу фалончининг набирасими?
Бобоси мард эди, бағри кенг, ўктам.
Унисиникини… эслаёлмадим,
Биз ҳам қариб-чуруб қолдик-да, бўтам.
Қаранг, кетганига юз йил бўлса ҳам
“Фалончи” бобомиз ўлмаган эди.
“Униси” дунёни тарк этганига
Ҳали икки йил ҳам бўлмаган эди…

ЎЗБЕК НЕГА УХЛАМАЙДИ?

Ҳазил

Ўзбегимнинг тантанаю тўйлари кўп:
Югур-югур шому саҳар тўхтамайди.
Ярми бедор — элу юртга ош берай деб,
Ярми эса — ош ейман деб ухламайди.

КЎЗА

Музейда кўзани синдириб қўйиб,
Аламдан теракдай титранди фақир:
— Кетса бўлмасмиди уйгинам куйиб,
Минг йиллик экан-а, минг йиллик, ахир…
Бахт ҳам бамисоли бир ноёб кўза,
Қадрига етганнинг толеи бекам.
Асролмай, синдириб қўйганнинг эса
Кўрпаси аламдир, тўшаги — тикан.

МЕҲР

Узоқ элга жўнашдан аввал,
Бозорни хўп айланиб боқди.
Тополмагач совға мукаммал
Эски танишига сим қоқди:
— Сен томонда энг тансиқ нима,
Нима азиз, нима муқаддас?
— Ҳаммаси мўл. Фақат озгина,
Озроқ меҳр олиб келсанг, бас.

ТИЛАК

Тоабад порласин кўзинг — юлдузинг,
Ҳамиша бек бўлгин ўзингга ўзинг.
Майли, бу дунёга тўйсанг тўй, фақат,
Фақат гўзалликка тўймасин кўзинг.

УЙҚУДАГИ ШЕР

Баҳайбат бир шерни ухлатиб қўйиб.
Сайёҳлар сувратга тушардилар жим.
Мен ҳам тўрхалтамни бир четга қўйиб.
Тўқай султонининг ёнига бордим.
Вужудни бир титроқ қоплади шу дам,
Биламан, бу қўрқув ўткинчи эди.
Лекин ёлдор йиртқич ухлаб ётса ҳам
Ғоят ваҳимали, қўрқинчли эди.

ЮТҚАЗДИМ

Ҳамроҳ бўлиб қўрқоққа,
Кўп вақтимни ўтказдим.
У ютқазди.
Мен аҳмоқ,
Ундан ҳам кўп ютқаздим.

НОШУКУР

Мусо пайғамбарга бердилар савол:
— Борми Фиръавндан ёвуз, арзанда?
Ҳазрат жавоб бериб дедилар дарҳол:
— Ношукур банда у, ношукур банда…

ЖАВОБ

Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,
Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига,
Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида
Арта билолдингми чанг-у ғуборни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Битта ғишт қўйдингми майдонларига,
Бир васса ўйдингми айвонларига,
Бир мисра қўшдингми достонларига,
Кураб ташладингми томлардан қорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Кимдир узиб кетса дилбар гулларни,
Кимдир бузиб кетса сарвар йўлларни,
Кимдир эзиб кетса музтар дилларни,
Дуосин олдингми меҳрга зорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Уруш-жанжалларга хамиртурушлар,
Иллатфурушлар-у, миллатфурушлар,
Афиф осмонингга қилса хуружлар,
Ҳосуд ҳақирларга тикдингми дорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

Жавобинг бўлмаса мумтоз-мукаммал:
Қўлингда зулфиқор, белингда камар,
Дулдул тулпорингга ёр бўлса қамар —
Йўлдошинг сабъаи сайёр бўлади,
Муқаддас жавобинг тайёр бўлади.

ТАНТИ ЎЗБEК

Саховатли сахий куздек
Саодатли элдир ўзбек,
Буқабўйин – ман-манларга
Парво қилмас жанда-бўздек.
Жаҳондаги бирон миллат,
Эл-улусдан йўқдир ками.
Юлдузлардек боқий қудрат –
Аждодларин қутлуғ шаъни.
Боболарин қанча халқлар
Бизники, деб талашади.
Бундай шараф – шоён тахтлар
Ўзбекка хўп ярашади.
Азал-абад сочар ёғду
“Авесто”дек бўстонлари.
Жасоратга жасур кўзгу
“Алпомиш”бек достонлари.
Дўстларига меҳри қуёш,
Дўстларига қурбон жони.
Пашша каби эзар, бебош
Аллоп-қаллоб, бевафони.
Ҳавас билан боқар дунё
Тоғдай кўркам савлатига.
Дур маҳлиё, нур маҳлиё
Ўзбекистон давлатига.
Не-не фотиҳ, не-не ҳоқон
Синаб аччиқ омадини,
Эга олмай тутди мотам
Ўзбекнинг алп қоматини.

МИРЗО УЛУҒБEК ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА

Юлдузларни санаш мумкиндир балким,
Ҳисоблаш мумкиндир сайёраларни.
Санаб саноғига етолмас ҳеч ким
Ўзбекзаминдаги алломаларни.
Мана, минг йилларким ҳайратда башар
Беруний, Навоий, Куброларимга.
Яна минг асрлар таъзимга шошар
Мирзо Улуғбекдек даҳоларимга.

ЭТЮД

Зангор тоғлар орасида
Нуркапалак галасидай,
Ой нурида жилоланар
Оққушларнинг боласидай.
Садафми ё шакар қаймоқ,
Ё жом тўла кумуш танга.
Ё бир этак, ё бир қучоқ
Ўрик гули – оқ аланга.
Патир-путир қилар гўё
Тўрга тушган балиқчалар.
Ипакми, оқилонми ё
Милдираган ариқчалар.
Тақсимчада чош балхитут,
Қайнаб тошган бир коса сут;
Тўдасидан ажрабми, ё
Чопаётган нуқра булут.
Ойисига солмай қулоқ
Тепаликдан мисли елдай
Учаётган шўх қизалоқ
Эмасми бу – митти булоқ?
Югурганда қиқир-қиқир,
Қиқирлайди қояю қир.
Йўлларига тўшалади
Яшил дала, ўру адир.
Оҳ, булоқчам, оқ булоқчам,
Кокилларинг тарам-тарам,
Нурга тўлсин ойдин йўлинг,
Асло кўрма ташвиш, алам.
Синовларнинг ўчоғидан
Соғ-саломат ўтиб олгин.
Наҳру уммон қучоғига
Ўйнаб-кулиб етиб олгин.

ФИЗИКЛАР ФАЛСАФАСИ

Бир-бирига муҳаббат
Бўлмаса бу дунёда,
Сайёраю қитъалар
Айланарди рўёга.
Меҳр нури оламга
Мангуликни бахш этди.
Нютон шу меҳрдан
Буюк қонун кашф этди.

ЛОЛАЗОР

Чўқилайди япроқларини
Шамолларнинг захча — қушлари.
Тиғдай ботар дудоқларига
Капалакнинг сўйлоқ тишлари.
Ҳар эпкиндан мурувват кутиб,
Ҳар ларзадан чекмас нолалар;
Ғуссаларин ичига ютиб,
Яшнаб турар қирмиз лолалар.
Маъруф Жалилнинг сўзи
Ҳаётда бировга бермадим озор,
Ҳаётда бировнинг йўлин кесмадим.
Балки, шунинг учун қадру эътибор
Тополмай яшадим,
униб-ўсмадим…
Бировни қўллашга етмади кучим,
Дўстлар қувончига қилдим ҳаваслар.
Аммо, изларимдан маломат-пичинг
Тошини отдилар кўп ярамаслар.
Доимо тисланиб, айланиб қочдим,
Улар-чи, соядек чопди изимдан.
Кимга меҳрим сочдим – қучоғим очдим,
Жолалар оқизиб кетди кўзимдан.
Қисматим шул экан,
Тангрим, нетайин,
Эзиб-янчолмадим нокас — касларни.
Энди ўзимга бер, олиб кетайин
Дунёдаги барча ярамасларни.

ЎЗБEК НEГА УХЛАМАЙДИ?
(Ҳазил)

Ўзбегимнинг тантанаю тўйлари кўп:
Югур-югур шому саҳар тўхтамайди.
Ярми бедор – элу юртга ош берай деб,
Ярми эса – ош ейман деб ухламайди.

БАХТ

(Озод Шарафиддиновнинг ўгити)

Бахт қани, қайда деб, чопма, оғайни,
Шоён ўйларингни этмагил карахт.
Чинни пиёлангга қуйилган чойни
Битта ҳўпламоқнинг ўзи олий бахт.

ҚИСМАТ

У орзу қиларди бургутдек кезиб,
Ҳаммадан баландда туришни.
Кимнидир оёғи остида эзиб,
Кимнингдир устидан юришни.

Қисмат тиригида қилмади вафо,
Мана, ниятига бугун етишди:
Халойиқ уйидан қабргача то,
Елкада кўтариб кетишди.

ШИВИР-ШИВИР

Ёмғир, дўлга қилмайман парво,
Чўчимайман ғовур-ғувурдан.
Ҳайиқаман томчидан аммо,
Ва қўрқаман шивир-шивирдан.

ШАМОЛ

Енгил нарсаларни излайди шамол,
Енгил нарсаларни пойлаб ётади.
Енгил нарсаларни топдими, дарҳол,
Кўкка олиб чиқиб, ерга отади.

ЎРМОНДАГИ ҚОИДА

Ёввойи ўрмоннинг қонуни булдир:
Муқим тураверар майда патталар.
Катта дарахтлар-чи, кесилар “шир-шир”,
Кесилиб кетади доим катталар.

ҚЎРҚМАСАНГ

У ёққа ўтсам ҳам туртасан,
Туртасан, бу ёққа ўтсам ҳам.
Нимадан бунчалар қўрқасан,
Бир уриб йиқит-да, қўрқмасанг.

ШОҲ ЭДИПНИНГ АРМОНИ

О! Келсайдим дунёга қайтиб,
Шоҳ бўлсайдим ярим жаҳонга.
Тожу тахтга раҳматлар айтиб,
Топширардим Шукур Бурҳонга.

ЎЗИМГА НАСИҲАТ

Ёмонларга йўлама яқин,
Ёмонликни унутгин тезда.
Яхшиликни унутма лекин,
Яхшиларни ҳар куни эсла.

МАҚТОВ

Сизни мақтаганни севинг, эркаланг,
Мен ҳам мақтовчига мурид – фирқаман.
Мақтовчи зотларни суяман, аммо
Ҳадеб мақтагандан жуда қўрқаман.

МОРБОЗ

Қир четида ёлғиз хонадон –
Овлоқ эди қирнинг бу бети.
Бу томонда кўп эди илон,
Бу уйда ҳам илон кўп эди.

Ётар эди бедапояда,
Сирғаларди токзор оралаб.
Гоҳ қўрқинчли, сирли соядай,
Турар эди шифтда мўралаб.

Ажиб экан, инсонда ҳавас
У ҳам дилда хуш сеҳр туйди.
Ҳайвон ёхуд қушларга эмас,
Илонларга меҳрини қўйди.

Ажабсиниб қаради ҳамма,
Ота-она норози бўлди.
Илонбозлик ҳаваси, аммо
Ҳавасларнинг дорози бўлди.

Бирга ўсди илонлар билан,
Эсламади хавфу хатарни.
Тунлари бу совуқ махлуқни,
Қучоғида олиб ётарди.

Одамлигин унутди одам,
Илонлигин илон унутди.
Икки қутб – иккита олам,
Бир вужудга айланиб кетди.

Довруғ солди илон ўйнатиб,
Донғи юлдузларга қўндилар.
Морбозларни қўйди ўйлатиб,
Қойил қолди ҳатто ҳиндулар.

Кўплар унга ташаккур айтди,
Кўплар кулди, кўплар кулдирди.
Ҳайҳот! Бир кун томоша пайти
Уни илон… чақиб ўлдирди.

РУБОИЙ

Оҳ, оҳ! Ойда қатра доғни кўрмадим,
Ойнадай осмонда зоғни кўрмадим,
Аммо кайфим учди заминга боқиб,
Биттаям бағри бут, соғни кўрмадим.

ТЕЛЕВИЗОР

Ҳаётнинг энг тиниқ ойнаси эди,
Томоша қилардик бутун дунёни.
Кураш майдонига айланди энди,
Бугун у чинакам кураш майдони.
Қитъани қитъадан суриши мумкин,
Осмоннинг юзини мумкин буриши.
Худо кўрсатмасин, бошлаши мумкин
Ҳатто, навбатдаги жаҳон урушин.

САВОЛ

Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Абдулла Орипов

Мен ҳам илтимосдан тўйганман, устоз,
Отарга ўқим йўқ, кўрарга кўзим.
Аммо қай манзилга бош урмай, бехос
Яна: “Илтимос…”дан бошланар сўзим.

Илтимос қилмасанг, қовоқлар уюк,
Зичлаб қулоқларга тиқилган пахта.
Миқ этмас қаршингда ўтирган “буюк”,
Димоғдор қарашлар совуқ ва сохта.

Илтимос қилмасанг, гоҳ яқин кишинг,
Галга солиб турса, қилиб турса ноз;
Илтимос қилмасанг, битмаса ишинг,
Айтинг, не қилайлик, муҳтарам устоз?

ҚУДУҚДАГИ ТОШ

Қудуқнинг тубида милтиллаган тош,
Ёлғиз одам тўккан ёшга ўхшайди.
Ёлғизлик дардига дучор бўлган бош,
Қудуқ тубидаги тошга ўхшайди.

Сенинг кўзларинг ҳам тўлгандир ёшга,
Ёлғизлик дардига мубтало бошсан.
Дўсту ёронинг йўқ ўзингдан бошқа,
Сен ҳам қудуқдаги бечора тошсан.

ТОМЧИ

Томчидан огоҳ бўл, ёмғирдан эмас,
Томчи ташвишингга ташвиш қўшади.
Боболар ҳар сўзни бекорга демас:
Томчи томаверса, тошни тешади.

ЖИННИЛАР

Жиннихоналарда даволар эди,
Ақли ноқисларни, эси пастларни.
Пана-пастқамларда кимлардир энди,
Табиб қилмоқчимиш шундай касларни.
Террорчи ниқобда юзини тўсиб,
Падаркуш худкушлар устидан кулар.
Ё тавба, дунёни тўзғитиб – бузиб,
Қайта қурар эмиш энди жиннилар.

СОЯ

Ҳадеб кўкрагингга муштлама, ҳадеб
Ҳуда-беҳудага йиртмагин ёқа.
Ўзига шунчалар берган билан зеб,
Балиқ бўлибдими бирон қурбақа!

Дарёлар оқдими кийман – тескари,
Мангудир фалакка туташ қоялар.
Эй, соя, бефойда чиранишларинг,
Ахир вақтинчадир барча соялар.

Шу оддий ҳикматни сезмайсан нечун?
Нечун ўз-ўзингни санайсан қоя?
Сени бу дунёдан йўқ қилмоқ учун,
Ипакдек бир қатим шуъла кифоя.

ҲОЛАТ

Сен беаёв ёндирдинг – ёндим,
Суякларим чарсиллаб ёнди.
Танам лахча чўғ бўлгандан сўнг,
Ичимда зўр ёнғин уйғонди.
Сени шартта оловга отдим,
Тиниб кетди, кўзларим тиниб;
Энди эса лабда табассум,
Ўтирибман чўғда исиниб.

* * *

Шу каснинг йўлида нега кўкардим,
Ким менга дуч қилди бу касни?
Бошидан тиллолар тўкардим.
Шу касни йўқ қилган нафасни.
Биламан, то ўла-ўлгунча,
Асло тинч қўймайди бу ғаним.
Бу бадбин касга тенг бўлгунча,
Ўлганим яхшироқ, ўлганим.

ЭЛЕГИЯ

Митти куртак, момиқ гул бўлди,
Довчаларга айланди гуллар.
Дастурхонлар мевага тўлди,
Ҳузур қилдик неча ўн йиллар.

Ҳосил қилмай қўйди қария,
Гулдан қолди, мевадан қолди.
Ҳаёт шу-да.
Қисмат шу, дея,
Кесиб, чопиб, ўчоққа солдик.

Оловида пиширдик таом,
Лахча чўғин солдик сандалга.
Эрта-индин, хулласи калом,
Бормоқчимиз кунда ковларга.


ТУЗЛАМА

Ҳазил
Жоним, менга ўзга даво излама,
Жоним, ҳамма дардга шифо – тузлама.
Қизғанмасанг бўлди фақат меҳрингни,
Жоним, юрагимни фақат тузлама.

БАХТ

Чарх уриб гуллаган боғдир севган дил,
Севилган қалб эса сеҳрли олам.
Аммо, бахтлиларнинг энг бахтлисидир
Ҳам севган, ҳам севиб, севилган одам.

ОСМОНИМ

Биз тупроқ, ер эдик,
Сиз баланд осмон,
Биз қақроқ чўл эдик,
Сиз мовий уммон.
Қул каби ғарибу нолон эдик биз,
Шоҳ каби кабиру даврон эдингиз.
Ястаниб ётибди еру кўк аро,
Чеку чегарасиз, бетимсол саҳро.
Ҳар баҳор мен Сизга гуллар тутаман,
Интизор кутаман, зор-зор кутаман.
Сиз ҳануз назарга илмайсиз, аммо
Мен ҳам суйкалишни қўймайман асло.
Ўтди, эҳ-ҳе, қанча баҳорлар, кузлар,
Ўтди, ўтаётир кеча-кундузлар.
Сиз эса ўшасиз, ҳамон ўшасиз,
Осмоним, ёнимга қачон тушасиз?