Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938)

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1897 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб мадрасада (1908—12), сўнгра рус-тузем мактабида (1912—14) таҳсил олган. Шоирнинг адабий мероси шеърият, наср, драматургия, публицистик ва адабий-танқидий мақолалар ҳамда таржималардан иборат. Шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. 20-йилларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор кўйнида лола», «Новвой қиз» сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. «Кеча ва кундуз» (1936) романи ҳамда «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) каби пьесалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). А. С. Пушкин («Борис Годунов», «Дубровский»), И. С. Тургенев («Чўри қиз»), И. Франко («Миллион», «Феруза»), Л. Андреев («Губернатор», «Осилган етти кишининг ҳикояси») сингари рус ва бошқа халқлар адабиётининг мумтоз асарларини катта маҳорат билан таржима қилган. Унинг таржимасидаги У. Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади. У 1938 йил 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, Тошкент шаҳри атрофида отиб ташланган. Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

ГЎЗАЛ

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен — шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

Кўзимни оламан ой чиққан ёққа,
Бошлайман ойдан-да сени сўрмоққа.
Ул-да айтадир: бир қизил яноққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа.
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

Эрта тонг шамоли сочларин ёйиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғ ва тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни — шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

Ул кетгач, кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда.
Ул-да ўз ўтидан бекиниб, қочиб
Айтадир: бир кўрдим, тушдамас, ўнгда.
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

Мен йўқсил на бўлиб уни суйибмен,
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен,
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб… мен суйиб кимни суйибмен?
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

ҚАЛАНДАР ИШҚИ

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Хақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсен,
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

СОЗИМ

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,
Улфат диёрига маскан қурганман,
Юзимни ўт эмас, гулга бурганман,
Самовий завқларга тўлиб турганман
Булбуллар севгини мақтаган дамда!

Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.

Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалган инларга жонлар кирғуси,
Тиканли боқчалар чечак кўрғуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси
Жандалар танимга теккан кунларда!..

* * *

Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб-ечай,
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
Сир деб сақлайинми, ё елга сочай.

Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку «уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

Очилган қўйнимда тўлғанган танинг
Кўнгилдан қилча ҳам ҳид етказмаса,
Менга яқинлашма, ай, тирик бўса!
«Севдим» деганларинг ёлғондир сенинг!.

ХАЛҚ

Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

* * *

Хаёл, хаёл… Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман.
Хаёлдаги юлдузларким, амалдир,
Оловимни алар учун ёқаман.
Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Маним истак-тилагимни эркалат!

БУЗИЛГАН ЎЛКАГА

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?
Учмохларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
-Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи,
Бу нега?

Туморчалар хамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

Андижон, 1921 йил