Хуршид Дўстмуҳаммад. Умид гули (ҳикоя)

Ҳақиқат фикрлар алмашувининг оқибатидир. Фикр фикрга доя. Инсон инсон билан, суҳбату анжуманлар билан тирик, барҳаёт. Балиқнинг ватани уммон бўлгани каби одамнинг ватани – уни тушунган, унинг сўзларига қулоқ тутгувчилар орасиндаги сершавқ машварат онларидадир. Хоссатан, суҳбатдошинг айтқонингни зийрак илғаса, фикр алмашувчилар посангиси тенг келса мунозара мағзи қуюқлашар. Шу қабилда калаванинг йипи топилгани сари сўз сўзга, жумла жумлага, мавзу мавзуга уланади. Ичингда қайнаб-тошаётган дардларингни хумордан чиқароқ тўкасан, сочасан! Билъакс тингламоқ, тўғри уқмоқ қасдидаги инсонлар бўлмаса айтқон сўзларинг зое.
Ўзим англамаган ҳолда кўпда суҳбат мақомидан фойдаланишимнинг боиси шундадир эҳтимол? Драмалар-ку, бош-ояқ суҳбат асносида ёзилмоғи табиий, мундай қарасам, аксаран мақолаларим ҳам суҳбат ёхуд мурожаат тартибинда битилган, ҳа, адашмаяпман, ҳатто шеърларимни айтмайми?!
Хона соҳиби бир-бир одим ташлаб юқори рахи баланд шифтга бўйлашгудай дераза ёнига келди-да, хаёлини банд этган ўй оқимини ҳуркитиб юборишдан эҳтиётлангандек ташқарига маҳзун термилди.
Ўктабр яримламай қишнинг нафаси изғиб қолди. Нонушта пайти йилт этиб борлиқни ёритган қуёш зумда ғойиб бўлди-қўйди. Пешин эди, у қўноққа қайтаётиб бирпас ҳавонинг авзойини кузатиб турди. Осмонни паққос қалин қора булут қоплай бошлаган, ҳавонинг авзойида пиликнинг учича ёруғлик белгиси сезилмас, балки ўзидаги тундлик сиёҳи била дов-дарахт, атроф-жавониб, одамларни-да бош-оёқ бўяшқа бошлаганди.
Аввалига майда ва якка-ярим дайди томчилар бетига урилди. Назарида томчилар илиққинадек туюлди, шу боисми, ортиқ эътибор қилмади, одатига кўра об-ҳаводаги бундайин ажабтовур ўзгарувчанлик асрорини билишга шаҳд қилган одам қиёфасида дам осмонга, дам ёмғир томчиларига, дам ён-веридан илдам ва шошқинч қадамлар билан ўтиб бораётган йўловчиларнинг аҳвол-руҳиясига разм солди.
Ёмғир тезлашди, томчилар зичлашди. Томчилардаги хиёл олдинги илиқлик ўрнини музлик эгаллади. Бироқ ҳаводаги кескин ўзгаришлар унга заррача таъсир кўрсатмаётгандек – қилт этмади, у худди улкан шаҳарнинг инжиқ ва тушунуксиз ҳавоси билан юзма-юз сўйлашмоққа аҳд қилган одамдек, унга бир ўзи бас келмоқчидек, керак бўлса, қайсарлик-кажлик билан қоқилган қозиқдек тек қотиб тураверди. Одам об-ҳавонинг эмас, об-ҳаво одамнинг измида бўлмоғи фойдалироқ ва мароқлироқдир!..
Ёмғир туйқус зўрайди, бу одам қочиб ўзини панага олса гўё ҳозиргина дилидан кечирган ақийдаси олдида мулзам-бесубут бўладигандек бир одим ҳам жилмади. Узун чакмонининг ёқасини кўтариб тугмаларини охиригача қадади, тўсатдан забтига оладиган шамол учириб кетмасин деган ўйда айвони ихчам шапкасини бостириб кийди. Тураверди.
– Молодой человек, почему вы не убегаете? Дождь-то усиливается?!
У кишининг қад-қомати келишган, қалин қора қошлари, узун ва тўғри бурни, қораликда қошидан-да қолишмайдиган қуюқ тукли тақа мўйлаби, ҳаммасидан ҳам ўткир нигоҳи уни чандон серзалвор кўрсатар, ботинида тўлиб-тошган ғурур ва нафсонияти унинг ана ўша зоҳирий салобатида акс этарди.
У рўпарасига келиб тўхтаганича пастдан тепага – ўзига анграйган қадди дол кампирга бош эгиб қаради. Мовий, беғубор нигоҳ. Инқилобга қадар нақадар гўзал бўлган бу кўзлар! Муштипар волидаларга хос меҳрибонлик, оддий-жайдари ўрус аёлларигагина хос ғамхўрлик барқ уриб турибди бу кўзларда.
– Пусть усиливается!.. Лился бы этот дождь хоть сорок дней, хоть сорок лет!..
Туси униққан ва ғарибгина рўмолига бўйни, кўкси аралаш чирмаб ўралган кампир ўрта ёшлардаги бу ғалати кишининг ажабтовур сўзларига тушунмади, муддаосини илғамади ҳам, “Не дай бог! Не дай бог!” деганча устма-уст чўқина-чўқина жадал юриб нари кетди.
Эшик оҳиста, ҳатто назокат билан тиқирлади. Хона соҳиби овоз бермасидан бурун қўш тавақали залворли эшикнинг бир қаноти қия очилиб, таниш башара кўринди.
– Ўртоқ профессор, ижозат этсангиз, чиқиндиларни олай…
Бу олий илмий мартабани у шу ерга келиб орттирди. Унинг исм-шарифини ким биринчи бўлиб “профессор” унвонини қўшган ҳолда тилга олгани ёдида йўқ, дастлаб эшитганда бу сўз қулоғига ғалати чалинди, эриш ҳам туюлди, дорилфунунда эмас, манави мударрис-ўқитувчилар отелидаги югурдак хизматчилар наздидагина тилга олинаётганига ҳайрон бўлди ва… тез кунларда айтса айтар, дея бу арзимас ташвишга қўл силтади – кўнди-қўйди.
“Ўртоқ профессор” ёзув курсиси биқинига тақаб қўйилган чиқинди саватига имо қилди. Новча, қотмадан келган, ранги захилгина, миллати нотайин хизматчи эркак қадди-қоматига ярашмаган майда қадамлар билан тўғри чиқинди ташланадиган саватча тепасига бориб, уни бўм-бўш халтасига ағдарган бўлди-да, сўзсиз-несиз изига қайтди.
Саватча бўм-бўш эди.
Ёмғир қор аралаш майдаламоқда. Изғирин шамол изғий бошлаган, қор-ёмғир томчилари қамчин учларидек шиддат билан дарахт япроқларини, бино томларини, улардан ўтиб ерни саваламоқда.
Дарҳақиқат, неки ёзган бўлса бари суҳбат кўринишида. “Мунозара” ўзгача чиқди! Кўпчиликка маъқул келди у. “Бухоронинг нажиб миллати бўлған ватандошларим”, дея бошлаган эди уни.
Профессор ўйга толди, оҳиста, шивирлаб айтган сўзлари ўз қулоғига ўзгача – гўё илк дафъа айтилгандек ёқимли эшитилди. Ўн тўрт йил бурун ушбу асарини ёзган маҳалдаги кўтаринки кайфият кўксида гупуриб қайта уйғонгандек бўлди. Уйғонган кайфият жунбишида ўзгача қироат ила, ўзга бир мақомда кўтарилиб такрорлади: “Бухоронинг нажиб миллати бўлған ватандошларим!..” Шул каби даъваткор оҳангда айтар сўзлари ҳозир ҳам оз эмас, лекин қачон айтади, қандай айтади… айтишға йўл қўйишадими?..
Сукунат бағрида сўниб улгурмаган акс садога қулоқ тутди. Шифти баланд хонанинг бурчак-бурчакларига разм солди, деразадан ташқарига – қор-ёмғир аралаш бўралаётган шилта-шалаббо кўчага, бири биридан юпун йўловчиларнинг ўтиб боришларидаги таҳлика-саросима ва жонсараклик замиридан қандайдир хулосалар ясамоқ умидида уларга термилди. Йўқлик ва ночорлик шаҳарни, кўча ва хиёбонларни, манави совуқ сукунат оғушидаги хонани тўлдирган мавҳумлик олдида айтишга-да арзимасдек нимарса эди.
Ўйлаб кўрилса, “Мунозара” нафақат Бухоро миллатига, мана шу масковлик авом омма учун ҳам аҳамиятли. Ўқисалар, онгласалар, кўзлари очилса… Ахир ҳаётни яхшилайман деган жамият борки янги ва қадимни қиёслай билмоғи даркор. Зеро, қадим ва жадид ўртасинда ҳамиша ихтилоф мавжуддир, шул ихтилоф илдизларини топмоқ ва турмушда аларга барҳам бериш чораларини қўлламоқ учун ҳам ҳар бир замон ўз маърифатли зотларини етиштиргай. Шул ниятни дилга тугмоқ учун эса мунозара даркор. Дилдан бошланган мунозара пировардида дилға ва турмушға ободлик келтиргай.
Хона соҳиби ёзув курсиси ёнига борди-да, тик турган кўйи икки-уч тўртлик қоралама битилган қоғозга разм солганича пичирлаб ўқиди:

– Кеч бўлди, тиниб битди товушлар,
сўнди бутун уйларда чироғлар,
тебранмади ер узра оёғлар,
зулмат яна ҳар ён оқа қолди…

Ташқарида қор-ёмғир эмас, кундузни тунга қориштиргувчи зулмат ёғмоқда, зулмат. Ҳали кун ботишига анча бор, лекин борлиқ зимистон қаърига чўкиб улгурган, Масковнинг кундузи шом қоронғилигини кутишга тоқатсиз – қуюқ ва қалин абрга бурканади-да, эринчоқлик ила гумроҳ уйқуга чўмади.

– Кўклар сари чаққон кўтарилган
тоғ гавдали уйлар,
қўнуқлар,
саройлар…
қоп-қора ҳайкал тусин олди…

Профессор курси узра эгилиб қаламни тутди, қоралама нусха шеър мисраларига таҳрир киритди. Лазиз бир хотира ёдига тушган одам янглиғ илдам юриб дераза томон борди. Ёлғиз хонанишин одам бошқа нима ҳам қиларди, хусусан, олим, шоир, қаламкаш мардум – кечагина жондек ширин она юртида гуриллаб жавлон ураётган, орзу-ҳавасларининг чеки кўринмаётган, шу орзу-ҳаваслари йўлида тиним билмаётган, кечани кундуздан, кундузни кечадан қизғаниб меҳнат қилаётган инсон фавқулодда кўч-кўронига ҳам қарамай манавиндай ёт ўлкаларга итқитиб ташланса – заҳар-заққум ҳаводан ўзини қаерга қўйишини билмай манавиндақа хонага қамалиб ўтирса – ёзув курсиси бирлан дераза ёнига қатнашдан ўзга юрар йўли қолармиди!
– Устоз, – деди Файзуллахўжа иттифоқо анжуманлардан бирида уни четга чорлаб, – сиз зудлик ила Масковга жўнайсиз!
– Масковга? Зудлик билан?!
– Жонли шарқ тиллари институтида мударрислик қила турасиз, шунга келишдик.
У тамом тушуниксиз ҳайрат ила Файзуллахўжага разм солди, бироқ жумҳурият раҳбари гоҳ бошини солинтириб оёғи остига, гоҳ атрофга қараётган бўлганидан унинг тушунуксиз аҳволда ўнғайсизланаётганини пайқади, фақат фавқулодда хабар соҳибининг овозидаги хотиржамлик, босиқлик унинг учун юпанч вазифасини ўтади. Шундай эса-да, товушини пасайтириб савол қотди:
– Тинчликми ўзи?
– Тинчлик, устоз, лекин нотинчлик иси келмоқда… Қарорнинг орти қоронғилик.
Файзуллахўжанинг ҳуркитилган жайроннинг игналаридек тепага қаратиб таралган сочлари бир силкиндию ўзи нари кетатуриб, тўхтади, ортига ярим ўгирилганича устознинг кўнгли учун бўлса керак, товушига атайин ўктам тус берди:
– Вазият ойдинлашгунига қадар ўша томонларда бўла туринг, хабарлашамиз.
Хабарлашиш қайда! Озмунча айтар сўзи, равшанлик киритиши зарур саволлари пайдар-пай туғиляптими бу ерда! Лекин уларни кимга айтади, кимга ёрилиб-ёзилиб баён этади?! “Қарорнинг орти қоронғилик…” Ўтган йил фасли баҳор кунларида Масковда қабул қилинган “Бухоро масаласи” қароридан сўнг жумҳурият осмонида қора кўланкалар қуюқлаша бошлади. Шу йилнинг ёзида эса Марказқўм котиби Рудзутакнинг Бухорога махсус ташрифидан кўзланган мақсад ўша малъун қарор бандларини амалга ошириш эканлиги сир бўлмай қолди. Файзулла айтмоқчи, Бухорони нотинчлик иси тутди.

– Ҳаво бузуқ!..
– Кўк юзида қоп-қора
Кўмир каби қатор-қатор булутлар…
Кўмир каби булутлари – ёт эллар…

Қаердасан, Абдулҳами-ид-д?.. Худди Масковга келгандек, шу кунги ҳавонинг авзойини ўз кўзлари билан кузатгандек ёзган-а! Дилбар шоир, тенгсиз шоир!.. Шу сингари ҳароратли сифатлар ила Файзуллахўжага тавсия қилганди уни, Файзулла барака топсин, Абдулҳамидга “Бухоро ахбори” газити муҳаррирлиги вазифасини топширди. Абдулҳамид астойдил ишлади, тер тўкиб ишлади, шу тарзда ишончни оқлади ва надоматлар бўлғайким, унинг ҳам жавобини беришди – кетказишди. Чўлпондек шоирнинг хизматидан воз кечишди!.. Ваҳоланки – профессор ташқарига қаради – ваҳоланки, ҳали қош қорайишига бирмунча эрта, эрта эканлигига қарамай кундуздан кўра кўпроқ шом қоронғисига ўхшаб кетаётган кундуз зимистонида ҳамон савашда давом этаётган қор-ёмғирни кўз илғамай қолганди.
“Ўртоқ профессор” дераза ортидаги зулмат қоплаган қоронғилик гўё қора хитойи қоғозию, унга оқ ҳарфлар ила битилган сўзларни нигоҳи илғаб-илғамай узуқ-юлуқ ҳижжалашга тутинди:
– Бухоронинг нажиб миллати бўлған ватандошларим!.. Неки ёзған бўлсам, она юртим афкори умумиясини ватандошларим дея тилга олдим. “Мунозара”… Сўнг “Ҳинд сайёҳи”ни ёзганларимни эсласам!.. “Бухоронинг ҳоли” отлиқ мақолам… Етти-саккиз йил бурунги шапалоқдеккина сўз, ҳатто ўзим ҳам унутғандекмен, бошқаларнинг эса шаксиз ёдларидан кўтарилған… Амрга қарши исён қилған бўлсам… Тўғри-да, яхши сўзлар, тавозелару ёлборишлар ила ҳукуматни йўлга кетурмакликни орзулаш бориб турган соддадиллик, гўллик. Талаб қилған бўлсам, ул амрга қўшилиб амрлик ҳам барҳам топганига неча йиллар ўтди… Ундин кейинроқ Насруллоҳ парвоначи афанди ҳазратларина йўллаган мактубимда айтған гапларим гап: ҳар қанча кўз ва қулоқларингизни беркитиб олсангиз ҳам қадим миллатимизнинг фарёдига, юртимиз хароблигига ачинмасликнинг иложи йўқ… Хўш, ҳожи домулло Абду-р-рауф афандим! – ўзига ўзи баралла хитоб ила давом этди у – қаерда хатоликка йўл қўйдилар? Тилдан илинган ерлари қаерда?..
У дераза рахига кифтини босганича ташқарига қулоқ тутди. Дераза ойнаси икки қаватли эканлиги боис ташқаридан деярли тиқ этган шовқин-товуш ичкарига ўта олмас, ҳозир ҳам хона соҳибининг қулоқни динг қилишидан наф оз эди.
Хўш, ўша ачинарли ҳаёт заррача дейлик ўзгардими? Бухоро амрлиги бўлди нимаю Бухоро жумҳурияти бўлди нима?! Аксинча, эндиги аҳвол таҳликалироқ, мудҳишроқ кўриниш олаётгандек…

Зулм аст онки хонаи моро хароб кард,
Зулм аст онки сийнаи моро кабоб кард.

Тошкентда ижодий ишларга ғарқ эдим, Бухорога чақиришди. Узоқ йили, айни наврўз арафаси. Бу таклифни жавобсиз қолдириш она юртим, она тупроғимга хиёнатга тенг эди. Қолаверса, Беҳбудий ҳазратларининг васиятларини унутмоқлик чандон хиёнат! “Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар!..” Тезлик ила йўл бошлангизлар! Тезлик ила!.. Бухоро биздан, биз Бухородан… Шул ҳолда даъватга лаббай демаслик зулмат қаърида ивирсиб ётишга кўникишдан ўзга нимарса эрмас!..
Илло икки йил ичида озмунча ишлар амалга оширилдими?! Янги, гўдак мисол жумҳурият атак-чечак қадам олмоғига мадад берғувчи таянч юмушлар адо этилди.
Эҳ-ҳе-е, уни қай вазифаларга рўпара қилмадилар, не-не юмушларни зиммасига юкламадилар. Бироқ уларнинг ҳеч бирини ҳожи домулла афандим, яъниким “ўртоқ профессор” ўзи учун вазифа ё юмуш деб эмас, бурч деб қабул қилди. Билими, истак-орзуси, фаҳм-фаросати ўлароқ инсоний мажбурият дея қабул қилди. Имони комил – қай ишга қўл урмасин, янги ва ёш жумҳурият маданиятини ривожлантириш, юксалтиришдан улуғроқ вазифа йўқ деган ақида жиловини тутди. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш дейсизми, халқ дорилфунуни ташкил этишми, босим мақоланавислик ижоди ва театр ташкил этишми – бари-барида маърифатни танҳо халоскор деб билди. Ҳеч бир ерда ниятини пинҳон тутмади. Очиқ айтди, очиқ ёзди, очиқ фикрлади.

Кундуз сакиз-ўн ёққа югурган,
чопган,
йиқилишған,
яна турған,
ўнг, сўл уни тепкан…

Нияти эзгу, соғингани – юртига-халқига яхшилик эди. Афсус…
Бу борада у ёлғиз эмас эди. Ёлғиз Файзуллахўжанинг икки ўт-аланга орасинда қоврилиб юриб кўнглига тугган ниятларини айтмасинми?!
Эшик оҳиста тиқирлади. “Хизматчилардан бири” деди у ичида энсаси қотиб. Хизматчилар тақиллатадилар-да, ичкаридан жавоб кутмай кириб келаверадилар. Худди кимдир уларнинг қулоғига профессор билан шу қабилда муносабатда бўласизлар деб қуйиб қўйгандек – эшикни тақиллатиш ҳам, жавобни кутмай ичкарига кириб келиш ҳам, ҳатто “ўртоқ профессор” дея мурожаат қилишлари ҳам азбаройи аллатовур дастурда битилган мажбуриятлар риояси-ижросидек, икки томчи сувдек бир хил.
Хона соҳиби бу сафар ҳам шундай бўлишини кутиб овоз чиқармади. Шунда эшик яна тақиллади.
– Заходите, – товуш берди у. – Дверь открыта.
Шундан сўнггина эшик қия очилиб, мутлақо кутилмаган…
– Ия-ия! Ваҳ ажабо, оҳ ажабо, жон ажабо! – дея ҳайратини яширолмай ўрнидан ирғиб турди афандим. – Ўзимнинг кўзимми? Наҳотки?! Ҳамон ишонмаяпман, ишонолмаяпман!
Остонада ўртадан тик қоматли, хипчадан келган, кўрган кишининг биринчи навбатда йирик-йирик кўзлари ва кенг манглайи ўзига мафтун этувчи, сочлари ортга силлиқ таралган, шу маҳалдаги Масков турмуш тарзига қиёсан олганда бирмунча пўрим кийинган ёш-навқирон йигитча турарди.
– Ассалому алайкум, устоз, – деди йигит дабдурустдан ўйлаган сўзини тополмаётгандек ўнғайсизланиб. – Безовта қилдим… Сизни кўргим келди, шунга… огоҳлантирмай…
– Нечун огоҳлантирасиз? Нечун огоҳлантириш даркор, Маҳмуджон иним? Ахир худобехабар бул мусофирхонага юртдошим, маслакдошим, қаламдошим қадам ранжида қиладилару, биз безовта бўламизми?
Меҳмон йигит қўлларини боши узра баланд кўтариб пешвоз чиққан мезбон билан остонадан икки одим ичкарида қўл олишди. Мезбон эҳтиром ила меҳмонни қўш курсидан бирига таклиф қилди.
– Эшитгандим, хабарим бор, – деди устоз дарҳол суҳбатни қизғин тус олишини истагандай. – Яхши жойлашдингизми? Ўқишлар дурустми? Қийинчилик йўқми, ҳайтовур?
– Йўқ, аввалига бироз чўчигандим, сўнг тез кўникиб кетдим.
– Ётиш-туриш, таом-калом деганларидек?..
Меҳмон чеҳраси чарақлаб жилмайди.
– Жойида, – деди у ҳам суҳбат авж пардаларда бошланганидан мамнунлигини яширмай. – Қорнимиз тўқ, устимиз бут. Ахир буюк инқилоблар шаҳрига илм излаб келганмиз, устоз.
– Оҳ-ҳо-о, секинроқ айтадиларми, жоним иним! Бешикдан то сўнгги нафасга довур илм изла, деганлар улуғларимиз.
Меҳмон йигит жавоб қайтармади. Хонанинг қуйидан юқорисига қадар кўз югуртириб ҳавасланди.
– Шароитингиз бадастир экан. Дарслардан бўш вақтларингизда истаганча…
– Ўҳ-ҳў-ў, нимасини айтадилар, нимасини! Ижоддан бўлак ташвиш қайда? Ватанда масъул юмушлар измида қолиб, ижод дов-дастгоҳини бир муддат йиғиштириб қўйишга мажбур бўлгандик. – Ўйлаб кўрса, ҳў-ў ўша Истанбулда яшаган уч-тўрт йил сермаҳсул ижод қилған, бу ерда ҳам бекор ўтмаяпти кунлари. Кайфияти борми-йўқми, руҳиятидаги безовталикдан қатъи назар, бор алами қоғоз-қалам устида: “Қиёмат”ни ёзиб битирди. Уч-тўрт кундан буён, ана, ётса-турса янги шеър хаёл-ҳаловатини банд этған. Бироқ у булар ҳақида оғиз очишни ўзига эп кўрмади, зеро ўзи ҳақида эмас, сўзни шогирдга дохил мавзуға бургиси келди. – Тангри раво кўруб, мана шундай манзилларда умргузаронлик тушимизға кирмаганди. Насиба, насиба… Ўзларидан сўрасак? Ижтимоий фанлар нечоғлиқ завқли ва мураккаб бўлмасун, ҳар қалай, бадиий ижоддан у қадар йироқ эмас. Ҳам ҳаёт қучоғида, ҳам ижод тулпорида, шундайми, шоир?
– Сиз… – Меҳмон йигит ўтирган жойидан ёзув курсисида ёйилиб ётган варақларга, улардаги шеърий машқларга назар ташлади. – Сизнинг ижодингиз учун айни имконият-да, бу ер, тўғрими, устоз?
Устоз дабдурустдан бу саволга жавоб қайтаришни лозим кўрмади шекилли, бир зум сукут сақладию қоғозлар остидан букланган газетани олиб, ички саҳифасини очди.
– Шахматга қалайсиз, шоир, шахматга?
– Шахмат борми? – сўради меҳмон.
– Манавини қаранг, – деди устоз суҳбат мавзусини бошқа ўзанга буриб олганидан енгил тортиб, газета саҳифасига имо қилар экан. – Жаҳон тождори Капабланка ўн икки ёшли гўдаклик чоғида ўз мамлакати ғолиби Корцони таслим қилған ўйин ёзувини берибдилар. Ўн икки ёшда-я!.. Йигирма етти йўлда шоҳнинг жон сақлайдиган катаги қолмаган! Офарин, дейсиз, офарин!
Устознинг ҳаяжону ҳайрати шогирдга юқмади, юқмаса-да, илтифот юзасидан ўзини ҳайратланган кўрсатди, холос.
– Шу-унча иш-ижод орасида шахматга фурсат топишингиз ҳайратли, устоз, – деди у.
– Истак бўлса, фурсат топилади. Бу қадимий ва беҳад сеҳрли ўйин ҳақинда бир рисола яратиш ниятим ҳам йўқ эмас.
– Ёзинг-ёзинг, – деди меҳмон йигит ва бирдан боягина бошлаган гапини так­рорлагандек келган жойига қайтди. – Шу-ундай имконият яратилган жойда мўл-кўл ижод қилишингиз табиий.
– Имконият-имкония-ят… – Мийиғида кулимсираб деди устоз. – Кўкдин тушди бизга бу имконият, кўкдан. Хонадан ҳуда-беҳуда чиқмайман, биласиз, фурсатни ҳавога совуриш одатим йўқ, инчунин ёлғиз қолғанда кўпдан буён қўнгилда йиғилган ниятлар қоғозга тушмоқда.
– Битиб қолган кўринади… – деб ишора қилди меҳмон йигит шеър қораламаларидан нигоҳини узмай.
– Биз – ҳаваскор, асл шоир – сиз.
– Ундай эмас, устоз. Хижолатга қўйманг… Ижозат берсангиз, ўқиб кўрсам.
– Марҳабо, марҳабо!
Меҳмон йигит варақлардан бирини олиб ундаги ёзувни ўқишга тутинди. Мисралар ғоятда майда арабий ҳарфда битилган, боз устига таҳририй тузатишлар туфайли равон ўқиши қийинроқ кўчди.
Устоз ёддан ўқиб, ёш меҳмонининг мушкулини енгиллаштирди:

Кеч бўлди, тиниб битди товушлар,
сўнди бутун уйларда чироғлар,
тебранмади ер узра оёғлар,
зулмат яна ҳар ён оқа қолди.

Меҳмон йигит дам мезбон шоирнинг қироатига, дам қўлидаги қоғозга кўз қирини ташлар, бу тарзда бошини сарак-сарак тебратиши ўқиётганига – кўзи, тинглаётганига – қулоғи ишонмаётган одамга ўхшаб кетаётганди.
Шеърхонлик тугадию орага оғир жимлик чўкди. Устоз ёш шогирдидан бир имдод кутар, шогирд эса сукунатни қай сўз ила бузишни билмай қийналар, эҳтимол нима жин уриб шу дамда бул хонага кириб келгани учун ич-ичидан ўзини койиётганди.
– Сарлавҳаси?.. – савол қотди у бошқа арзирли сўз тополмай. Дедию, берган саволига кутилажак жавоб ноқулай аҳволини баттар оғирлаштиришини зум ўтмай кечикиб англади.
– “Менинг кечам”.
– Тахминим тўғри чиқди…
– Қандай тахмин? Мос эмасму?
Меҳмон йигит бу қисқа савол-жавоб асносида ўзини бирмунча ўнглаб олди чоғи, кейинги сўзларида дадиллашди.
– Шеърнинг номи сифатида мос келар, бироқ шеърнинг ўзи…
– Хўш-хўш, айтаверсинлар.
– Узр, устоз. Айтмоқчи бўлганим… бунчалар тушкун? Бунчалар қора?
– Ташқари қора-да, – дарҳол изоҳ берди устоз.
– Ташқари – кундуз, устоз.
– Кундуз? Зимистонга бурканган кундуз. Ана, боқинг деразадан, кўринарми кўзингизга сиз айтған кундуз?
“Ўртоқ профессор” ёш ватандошига синовчан разм солди. Меҳмоннинг авзойи­да ўзгариш сезмади. Боягина – у келмасидан бурун ёддан ўқиган мисраларни овоз чиқариб такрорлади:

– Ҳаво бузуқ!..
– Кўк юзида қоп-қора
Кўмир каби…

Меҳмон йигит бехосдан нохуш нарсани босиб олган одамдек силтаниб тушди. Овозидаги титроқ унинг мувозанатдан чиққанини янаям бўрттириб тасдиқлади.
– Очиқ айтсам, сиз эътимод ила эслаганингиз бу мисралар ғоятда дағал, улар менинг кўнглимга оғир ботадир.
Устоз шогирддан бу қадар беписандларча дангалликни кутмаганди.
Тўғри, ҳали бир қадар ёш эканига қарамай тенгқурларидан кўра кўп ўқиган, рус адиблари ва шоирлари ижоди билан яхши таниш. Хотираси, қувваи ҳофизаси чакки эмас. Бошланғич қаламкаш эканига қарамай истеъдод учқунлари чарақлаб кўзни қамаштиргани унга бўлган ҳурматини чандон орттирди, шунинг далдасида ўтган йили босмадан чиққан тўпламга унинг шеърларинин ўзи саралаб киритганди.
Устоз ёш меҳмоннинг чақмоқдек нигоҳи, кенг пешонасига тушган бир тутам тим қора мойланган сочига термилганича мавзуни ўзгартирди.
– Сизларда ижод учун шароит йўқми? – Сўради у товушини атайин меҳрибонона оҳангда товлантириб. Ва саволига жавоб кутмай гап йўналишини янаям бошқа ўзанга буришга уринди: – Ижодга шароит бўлмаса, навқиронсиз, кўзга яқинсиз, иним. Ўрисчада ҳам тилингиз бурро. Тағин… ўрис қизларининг қармоғига…
Меҳмоннинг қизариб кетганини кўрган устоз хайрият деб қўйди ичида. Ҳар қалай уялди-ку, демак, ўйловсиз эмас, ўйловли одам – фикрли одам деганидир. Ўйловлар ва мулоҳазалар эса фаҳм-фаросатни уйғотар, қалбларни юмшатар ахир.
– Отангиз нима касб қилганлар? – Сўрашга сўрадию, бу билан на суҳбат, на суҳбатдошни, балки ўзини чалғитишга уринаётганини сезди. Шу тобда унинг ҳеч бир мавзуда баҳс қўзғашга тоқати йўқ эди. Ўзи не сермулоҳаза, сертаҳлика ўй-хаёлларда юрибдию, кечагина ижод кўчасига кириб келган зиғирдек бола… ҳа-ҳа, мурғак полапон билан пачакилашиб ўтиришдан не маъни?! Ёниб турибди, ерга урса коптокдек сапчиб турибди, ҳозир айни кўзи кўрганига ишонадиган, ақл кўзи билан кўришга эса ғўрлик-хомлик пайти. Азбаройи миясига зўрлаб қуйгандан кўра унинг ўзи англаб етса, тушунса – илгарини кўра билса… Демак, – устоз кутилмаганда чиқарган хулосасини ичида яна бир карра пишитиб олди – шоирлик учун қуруқ истеъдоднинг ўзи кифоя эмас, ҳаётий тажриба ҳам зарур экан-да!..
– Отам… дастлаб ҳунармандчилик қилганлар, кейинроқ ҳунармандлар кооперативида масъул лавозим… хуллас, биз фарзандларини ҳалол ризқ билан боққанлар.
Жавоб устознинг шундайига ҳам ранжиб улгурган дилига оғир ботди. Тағин вазминлик қилди, ичидагини ташига чиқармади. Отанг ҳунарманд бўлган экан, кооперативчи бўлган экан, бу суҳбатга еган луқманг ҳалол-ноҳалоллигининг нима дахли бор?! Еган ошим ҳалол, демак, ўзим ҳам, ёзган шеърим ҳам ҳалол демоқчими?! Бордию, шундай бўлган тақдирда, айтар бўлсам, назмий ҳалоллик ҳаётий ҳалолликдан-да покизароқ, ҳалолроқ ҳисобланадур, полапоним!.. Ёхуд мисол тариқасида ёдаки келтирилган тўрт мисра тақсиримизға айилдек ботдими?! Шеър муаллифи чаёнмидики, уни эслашнинг ўзи заҳарли ниш ўрнига ўтса?!
– Биламан, устоз, ўша андижонлик шоиримизга ихлосингиз баланд. Шеър сўзини ипакдан тўқийди деб кўкларга кўтариб мақтагансиз, ҳатто тахаллусини ҳам ўзингиз ёки… Мунаввар қори билан танлаб бергансизлар. Менинг унга ҳеч қандай хусуматим йўқ, фақат унинг билиб олгани юртнинг қайғуси, ўлканинг бузилғани! На севинчни кўради, на қурилиш-бунёдкорликдан қувонади! Ҳамонки, Вадуд Маҳмуднинг “Чўлпон ўзбекнинг янги шоиридир” деган таърифи чин бўлса, шогирдингиз янги ҳаётни ёзсин, инқилобий ўзгаришлардан илҳомлансин!..
Орага бир чимдим, лекин ёқимсиз жимлик чўкди. Жимликни яна меҳмон йигит бузди.
– Мени тўғри тушунинг, устоз, – деди у, пича вазмин тортиб, лекин сўзларни бурро-бурро талаффуз қилар экан. – Менинг назаримда, шеър – сиёсатга пўписа воситаси эмас. Шундай эмасми?
– Шеър – дард.
– Эҳтимол, билло…
– Дард эса – сиёсат!
Меҳмон йигит тилини тишлади. Шунга қарамай у ўзидан ёши икки баравар улуғ ва илми урфонда забардаст инсон билан баҳсда бўш келишни истамаётгани сезилиб қолаётганди.
– Дард сиёсатга айланган паллада шоирдан ҳушёрлик ва холислик даркор чамамда. Сиз учун ва биз учун ҳам ҳурматли шоиримизда эса ўша холислик тақчил.
Сўзини айтиб тугалламаган меҳмон йигитнинг манглайидан дувуллаб тер томчилари тўкилди. “Хай аст бар рухи ту ё гулоб?!” деб юборди ичида устоз. Такрорлади: “Хай аст бар рухи ту ё гулоб-б?!” Ич-ичидан тўлиб-тошиб чиқаётган ғазаби бўғзига келиб қадалди, бироқ бутун иродасини тилини тийишга сарфлади, қалтирай бошлаган бармоқларини яшириш мақсадида қўлларини курси остига суқди. Ғазаб тўфонидан ҳосил бўлган иродани атайин баралла яйраб кулишга қаратди, меҳмон йигитни ўз қарашлари таъсирига олиб киришнинг уддасидан чиқолмаётганидан мутаассирланди шекилли, гапни бир бошдан ётиғи билан уқдириш ниятида ўнақай сўз ўйлай кетди.
Эшик тиқирлади. Оҳиста очилди. “Товарищ профессор”, деган овоз эшитилди. Овоз билан бир вақтда хонага юмалоққина, лекин юзлари силлиқ, қуюқ малла сочи таранг ўрилган ёқимтойгина аёлча табассум ила кириб келди ва янаям сирли жилмайганича, иккала эркакка ер остидан мўралаб қўйиб дераза токчаси, кийим илгич шкафнинг ён-вери ва девор рахларини дока латта билан шошилмай артишга киришди.
– Ижозат сўрамай, огоҳлантирмай тозалашга кираверади.
Соҳиби хона шундай деб қўйди-да, кўз қири билан аёлчанинг ҳаракатларини кузатаётиб ёш шоирга айтадиган сўзларини ичида пишитиб олишга уринди. Ватандош йигит эса ҳе йўқ-бе йўқ безбетларча бостириб кирган хотинни кўрмагандай, устознинг пичингини тушунмагандай бояги алфозда давом этди:
– Сиз устоз бўла туриб шогирдингизнинг таъсирига берилишингиздан ҳайронман. Дунёнинг нариги чеккасидаги Бухородан чақириб олиб… Кечирасиз, қулоққа ёқимсизроқ овозалар тарқабдими?.. Аввалига мутлақо ишонмадим, кейин…
– Кейин ишондилар, шундайми? – Дағал, таҳдидли овозда сўз қотди устоз.
– Й-йўқ, асло… Овозалар чин бўлса мана шу-ундай нуфузли ўқув даргоҳига муаллимликка тайинлашармиди?!
– Рудзутакнинг сўзлари чин бўлса…
– Рудзутак катта одам. Марказқўм котибининг сўзлари ёлғон демоққа эса тил…
– Тилингиз бормайди, шундоқми?! Ленинчи товаришлар ёлғон сўз айтишларига ақллар бовар қилмас. Ҳар куни ўқийман ўша чин-н сўзларни, такрор-такрор кўз югуртираман-н.
– Нимани ўқийсиз? Нимага кўз югуртирасиз?
Мезбон ўрнидан турди-да, бир-бир қадам босиб кийим илгич шкафни очди, унинг юқори жавонига буклаб тўшалган газета варағини икки қўллаб тутганича келтириб ёзув курсиси устига ёйди.
– “Известия”ми?
– Шундоқ.
Меҳмон йигитнинг кўзи дарҳол газета саҳифасининг пастки ўнг бурчагидаги сарлавҳага тушди. Овоз чиқариб ўқиди:
– “Смена правительства в Бухаре”… “Беседа с секретарем ЦК РКП товарищем Рудзудаком…”
Ўқишдан тўхтади.
– Ўқисинлар, бемалол ўқисинлар, – деди бамайлихотир устоз.
Меҳмон йигит бармоғининг учини матн бўйлаб юргизиб мақолани шошилиб ўқишга киришди:
– Нозирлар кенгаши раиси ва ташқи ишлар нозири Отахўжаев… молия вазири Сатторхон, маориф вазири, яъни сиз… яна Аминов, Ёқубзода ва бошқалар давлат банки сармоясини ҳавога совуришда айбдор деб топилдилар ва ҳукумат таркибидан чиқарилдилар… Бу газетни қаердан олдингиз?
Устоз боягиндан кўра анча вазмин тортганди.
– Шкаф жавонидан.
– Шкаф жавонига қандай келиб қолган?! – Меҳмон йигит газета саҳифасига кўз югуртирди. – Августнинг ўн биринчи кунидаги газит қандай қилиб сизнинг қўлингизга тушгани?..
– Тасодиф.
– Тасодиф? – Ишонмай сўради меҳмон.
– Юқори жавонга тўшалганича қолган экан, хизматчилар унутганлар. Буни тасодиф дейдилар-да, иним, тасодиф.
Йигит шундагина чанг-чунгни артиб-тозалаётган аёлча томон ўгирилди.
– Уважаемая, – дея мурожаат қилди овозини мулойимлаштириб.
Аёлча табассум билан йигитга қаради.
– Слушаю, молодой человек.
– Ҳожати йўқ! – деди паст, лекин қатъий овозда устоз. – Бунга алоқаси йўқ.
Меҳмон йигитнинг лутфи оғзида қолди.
– Большое спасибо, благодарю, – деди устоз аёлчага мулойимлик билан.
Аёлча ҳайрон бўлганини сездирмади, бу ғалати муомаладан ажабланиб кулимсиради-қўйди.
– Давлат маблағини совуриш айбини бўйнимизга илишди, сўнгра, мана, мударрислик вазифасини ишонишди. Ишлаяпмиз…
Меҳмон йигит гап нима ҳақда бораётганини эслаб қолди шекилли, бирдан тусини ўзгартирди. У газетдаги мазкур суҳбатдан хабардор эдими ёхуд мана шу ерда илк сафар ўқидими – мезбон шу тахминига доир ўйларини охирига етказолмади.
– Ҳар қалай, – деди йигит мижғовланиб, – нима бўлган тақдирда ҳам манавиндай шарт-шароитлар муҳайё этилган хонани эмин-эркинликда яшаш ва ижод қилиш учун ихтиёрингизга бериб қўйган эканлар, сиз “Менинг кечам” деб шеър ёзишингиз… Билмадим, устоз, билмадим…
“…чин ила шикан қилғил!..” – Беихтиёр оғзига келган машҳур мисрани кўнглидан кечирди устоз. Шогирд эса афтидан ҳаяжонини охиригача изҳор этиб улгурмаганди.
– Тушунмадим, устоз сизни, тушунолмадим, – деб тугаллади ниҳоят у мулоҳазасини ҳам тантанавор ва ҳатто танбеҳона оҳангда.
“…игнадин тикан қилғил!..” – дея ҳайқирди устоз ичида, шу аҳволи ўзининг тасаввурида ёпирилган пўртана комида қолган одам аҳволига ўхшаб кетди. Кўзи ўзига тиккасига қараб турган меҳмон йигитнинг йилтиллаган кўзлари билан тўқнашди. Бирор кори ҳол юз бермаслиги учун ҳам оғзига келган сўзни айтишга мажбурият сезди.
– У ҳолда… Мен “Менинг кечам” деган бўлсам, сиз кундуз деб ёзинг, ёзганингизни “Менинг кундузим” деб номланг.
Меҳмон йигит узоқ излаган ташбеҳига муносиб таърифни ниҳоят топган ­шоирдек қувониб кетди, ҳаяжонини яширмади ҳам:
– Ёзаман! “Менинг кундузим”ни албатта ёзаман! Зудлик билан ёзаман!
– Э офарин! Уҳ офарин! Воҳ офарин-н! – Устоз муаллим кулгисини пардалаш мақсадида атайин ҳайратланяптими ёхуд ҳайратлар баҳонасида қаҳ-қаҳа отаётирми – бунинг фарқига бормаган меҳмон йигитни устознинг залворли товуши, товушига қўшилиб айтган сўзи баттар лол қолдирди. – Ажаб қиласиз! Шундай деб ёзинг! Баракалло, ҳазо-ор баракалло! “Менинг кундуз…”, астағфируллоҳ, “Сизнинг кундузингиз”, сизнинг!..
Бадиий бақувват шеър ижод этмоқлик учун қуруқ истеъдоднинг ўзи кифоя қилмас, бунинг учун тажриба, ҳаётий тажриба ҳам зарур экан. Ҳаётий тажриба – нозик дид, ҳаётий фаросат, ҳаётий нигоҳ…
Устоз боягинда хаёлидан кечган ўйларини айнан такрорлаётганини сезса-да, бундан бошқа ҳеч вақони шуурига келтиролмади шу тобда. Меҳмон йигит эса… наҳотки “Чиғатой гурунги”да шоирлик ва нафис назмий маҳорат бобида берилган сабоқлар, бир йилгина муқаддам “Ёш ўзбек шоирлари” тўпламидан жой бергани учун устозга миннатдорлигини ифода қилишга сўз тополмай қалтириб турган навқирон шоир Масковга ўқишга келибдию устозга насиҳат қилишга, насиҳат ҳам гапми, танбеҳ беришга ўзини ҳақли санамоқда?! Эртанги куни-тақдири олдидаги мавҳумликдан оғир руҳий ҳолатда ёлғиз яшаётган устознинг аччиқ киноясини англаб етолмайдиган даражада зийракликни бой берган бўлса?!
– “Мижмар” тахаллуси билан ёзган асарларингизда аксинча ўт-олов, ёруғлик-чироқ мўлроқ эди чамамда, устоз?
– Мижмар?! – Устоз дабдурустдан гап нима ҳақда бораётганини англолмади. Кўзларини юмиб, фикрини тиниқлаштиришга уринди. Лаблари асабий титраганини ҳатто қуюқ мўйлаби ҳам яширолмади. Эслади чоғи, кўзлари чарақлаб очилди, кулимсиради. – Ҳа-а, Мижмар, Мижмарни сўраяпсиз-а? Ё, алҳазар, унутаёзибман.
– Ҳозиргина сиз номини эслаган шоиримиз беш-олтита тахаллусда… ўз исми билан ошкора ёзмаслик журъатсизлик аломати эмасми?
Устоз Чўлпоннинг шаънига қаратилган пичингни охиригача эшитса дилбар ва рубобий шеърлар яратган садоқатли шогирдига хиёнат қилаётгандек ҳис этди ўзини.
– “Мижмар”дан ҳў-ў Истанбулда воз кечганман, – деди “Етар, бас қил!” деган оҳангда. – Тахаллус танлаш мутлақо шахсий хоҳиш-ирода иши. Айтдим-ку, сиз ўз тахаллусингиз остида “Кундузи”нгизни ёзиб кўринг. Сизнинг назарингизда кундуз бўлса, кундуз бўлақолсин. Сизга тортиқ этилган яшаш ва ўқиш учун шарт-шароит меникидан кам эмас кўринади.
Меҳмон йигит мезбоннинг овозидаги кесатиқ оҳангини пайқамади.
– Албатта ёзаман. Келтириб, сизга ўқиб бераман, – деди у некбин кайфиятда.
– Шояд…
Устоз бошқа сўз тополмади. Суҳбат яна давом этгудай бўлса, соғинчларга тўла устоз-шогирд дийдорлашуви ўнглаб бўлмас хижолатвозликка айланиши муқаррарлашаётган эди.
“Профессор” одатдаги қизиққонлигини, тажанглигини қандай қилиб енга олганига ўзи ҳам ҳайрон, назарида жисми бошқа-айтаётган сўзлари, оғзидан чиқаётган лутфи карами бошқа эди. Навқирон шоир йигит эса ёшлик-ғўрлик иштиёқи тўлқинида вазият-ҳолат замиридаги тарангликни пайқамаётган, фаҳми, ўй-хаёлини тамомила “Кундуз” банд этган эди…
Меҳмон ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин устоз уни кузатиб ташқарига чиқди. Унинг бу ҳаракатларида меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиш нияти астойдил эдими ёхуд ичкарида давом этган асабий суҳбатдан озорланган қалби очиқ ҳавони истадими, ҳар қалай қўналғадан йигирма-ўттиз одимлар нарида бошланган қуюқ дарахтзор томондан гуп этиб урилган совуқ намчил ҳаводан кўксини тўлдириб нафас олди.
Устоз ичидан гупуриб афтига тепчиган туғённи қоронғида ёш меҳмон йигит пайқамаганлигидан мамнун бўлиб, енгил тортди. Шу заҳоти кўкдан тушгандай пайдо бўлган қўш отли фойтун келиб тўхтадию, меҳмон хайрлашганича лип этиб сакраб унга минди.
Устоз дарахтзор томон юришда давом этди. Юргани сайин кўз ўнгидаги зулукдай қоронғи парда янаям қуюқлашди. Ёмғир бояги шаштидан тушган, битта-яримта томчилаётганди. Тим қора, тунд булут шаҳар осмонини буткул қоплаган, бош кўтариб қараган одамни тепадан эзиб-янчиб, оёқ остига қориштириб ташлагудай важоҳатда босиб тушаётган эди.
– “Кечам” десанг ҳам, “Кундуз” десанг ҳам шафқат қилмас бу мудҳиш зимис­тон, миллатдош иним! “Кечам” десанг ҳам, “Кундуз” десанг ҳам!..
Устоз очиқ кўксига игнадек санчилаётган совуққа эътибор бермай осмонга қаради, атрофга аланглади. Ёнида ҳеч кимса йўқ – қоронғилик қаърида ёлғиз, танҳо ўзи пойи пиёда бораверди. Оҳиста, деярли шивирлаб айтди:

– Кўк йўқ эмиш, ер йўқ эмиш, қуёш билан юлдуз йўқ…

Ўрмонзор оралаб ичкарилайверди. Бетига зах, моғор иси гуп этиб урди. Писанд этмади. Оёғига қуруқ-ҳўл хазон аралаш чаплашди. Ҳар қандай маърифатли қалб соҳибини юҳодек ютиб юборишга қодир ўрмонни тарк этишни-да ўйламай, йўқ, аксинча тепа шохлари кўринмас баҳайбат дарахтларни босиб-янчиб ўтиш қасдида шахдам қадамлар ила илгарилайверди. Зимистонни ларзага солгудек, танасига қучоқ етмас дарахтларни илдиз-пилдизи билан ағдар-тўнтар қилиб ташлагудек важоҳатда, бор овозда ҳайқириб ўқиди:

Кўк йўқ эмиш, ер йўқ эмиш, қуёш билан юлдуз йўқ,
ой йўқ эмиш, замон-да йўқ, кеча билан кундуз йўқ.
Йўқ бир нарса, йўқ бир кимса, йўқ бир сифат, йўқ бир исм,
йўқ бир нисбат, йўқ бир ҳолат, йўқ бир маъно, йўқ бир жисм…

Яна ва яна такрорлади, кўксидан-вужудидан отилиб чиққан аланга рўпара­сидаги дарахтларга тармашди, атроф ёришди, қаддини тик тутиб зулмат қоплаган олисларга мамнун кўз тикди. Кўзидан, аъзои баданидан тинимсиз таралаётган нур йўлига шуъла бўлиб тўшалди – жуда олис бир нуқтадагина элас-элас ёруғ шарпа кўринди. Устоз диққатини жамлади. Чуқур хўрсинди. Энтикиб кетди. Синчиклаб тикилди, шивирлади:

– Олдимизни тўсган булут парчаси
Кучли бир ел кўргач турмас, йиртилар,
Умид гули… Умид гули бизим учун ҳам туғар…
Қайғурмагил! Қайғурмагил, сира, эй ҳақ туйғуси!.. Ҳақ туйғуси…

* * *

Орадан роппа-роса бир кун ўтди. Ҳали қош қораймаган эди, эшик тақиллади, “ўртоқ профессор” одатдагидек жавоб бермади. Эшик очилиб… кечаги меҳмон йигит кўринди.
– Шеър тайёр, опкелдим! – деди у устозидан суюнчи тилаётган шогирдлик кайфиятида қувониб.
Устоз ҳанг-манг бўлиб қолганини сездирмай кулимсиради. Бир кунда, бир зумда ёзилган шеър!.. У бир сўз айтиб улгурмай ёзув курсиси устидаги варақда “Менинг кундузим”га кўзи тушди.
Шу оқшом ижодий мулоқот, аниқроғи, таҳририй тузатишлар хийла чўзилди. Пировардида устоз икки энлик мактуб ёзиб шогирдининг қўлига тутқазди:
“Инқилоб” жаридасиға.
Ушбу икки янги шеър – каминанинг қаламига мансуб “Менинг кечам” ҳамда ёш, навқирон шоиримиз мирза Боту битган “Менинг кундузим” шеърини назмий мубоҳаса сифатида бир саҳифада чоп этсангизлар.
Камоли ҳурмат ила Абдурауф Фитрат. 1923 йил 14 ўктабр. Масков”.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 2-сон