Сайёра Жабборзода. Тавқи таъзир (ҳикоя)

Қишлоғимизнинг бор ерида катта-кичик гужум дарахтлари ўсиб ётади. Мактабга бораётиб, йўл бўйи, бу сершох ва улкан дарахтларга отамнинг ҳам қулочи етмаса керак деб ўйлардим. Ўтсам ҳам, қайтсам ҳам дарахтлар билан саломлашиб, ўзимча сўзлашаман. Бир сафар одатдагидек, уларга кундалигимдаги “беш” баҳони айтиб мақтанаётган эдим, бирдан янграган кулгидан чўчиб тушдим. Синфдошим Равшан мени кузатиб турган экан.
– Тентакларга ўхшаб дарахтлар билан сўзлашяпсанми?
– Ўзинг тентаксан! Билсанг, улар мени ҳар куни мактабдан қайтишимни кутиб туришади. Уларни бир кун кўрмасам соғиниб қоламан.
Ўшанда бешинчи синфда ўқирдик.
Мактабимизнинг орқа тарафидан катта ариқ оқиб ўтарди. Май ойининг охири, ўқишлар тугай деб қолган. Ҳаво исиб кетганидан ўғил болалар ўқитувчиларимиздан яширинча ариққа сувга тушгани боришади. Бир сафар биз қиз болалар ҳам уларга қўшилиб, чўмилгани борадиган бўлдик. Болалар сув ичида яйраб сузишар, бир-бирлари билан ким ўзар ўйнашарди. Бир менгина сузишни билмаганим сабаб, бир четда уларга ҳавас билан тикиламан. Қизлар ҳарчанд ундамасин, журъатим етмаганидан рози бўлолмадим. Ахийри улар “Қўрқоқ, қўрқоқ” дея бараварига бақира бошлашди. Уларнинг гапи алам қилиб, қўлларим билан юзимни бекитиб йиғлаб юбордим. Шунда ўша Равшан:
– Нега унга ёпишиб олдинглар, қўйинглар ўз ҳолига, – деди.
Биров бир нарса деса, албатта бир оғиз гап қўшмаса туролмайдиган Дурдона бошини сувдан чиқариб:
– Вой, қизлар, Наиманинг ҳимоячиси бор экан. Майли, куёвтўранинг гапини қабул қилдик, – деди киноя аралаш.
Гурра кулги кўтарилди. Синфдошларнинг масхаралаб, кулишлари жон-жонимдан ўтиб кетган эканми, қандай ўзимда куч топдим, ҳайронман, кийим-пийимим билан ўзимни сувга отибман. Шу туришимча сув юзига бир қалқиб чиқдим-у, нимадир мени яна сув тагига тортиб кетди. Қўрқиб кетганимдан қўлларим ва оёқларимни пала-партиш шалоплатишдан тўхтатолмайман. Оғзимга сув тўлган, ёрдам беринг­лар деб сўрашга ҳолим йўқ.
Бир маҳал мен томонга қараб Равшаннинг жон-жаҳди билан сузиб келаётганига кўзим тушди. Яқин келиб, сочимдан шундай тортдики, оғриқдан кўзларим ачишиб кетди. Икковлашиб, талашиб-тортишиб сувдан бир амаллаб чиқиб олдик. Сув ичида ҳуд-беҳуд ҳаракатлар қилаверганимданми кўзим юмилиб, ҳолсиз қум устига чўзилдим. Бироз тин олгандай бўлиб, кўзларимни очсам, тепамда у менга тикилганча турибди. Юрагим шувуллаб кетди…
Бу қандай ҳиссиёт эканлигини билмасдим, лекин шу пайтда у кўзимга дунёдаги энг азиз кишимдек туюлиб кетди.
– Хайрият-эй, ўлиб қолдингми, деб ўйлабман. Тур, ўқитувчимиз келаяпти. Биров хабар берган шекилли, – деди у ўғил болаларга хос буйруқ оҳангида.
Ўша куни бутун синф ўқитувчиларимиздан роса дакки эшитдик. Чўмилиш деган гапни қайта тилга олмайдиган бўлдик. Мен эса мактаб эшигидан кирдим дегунча, кўзларим билан Равшанни ахтарадиган, агар дарсга келмаса ўзимни қўярга жой тополмайдиган бўлиб қолдим.

2

Талашиб-тортишиб мактаб йиллари ҳам ўтиб кетди. Синфдошлар ҳар ким ҳар хил ўй, мақсад билан чор томонга тарқаб кетдик. Равшан ҳамма фанлардан “аъло”га ўқигани боис биринчилардан бўлиб университетга қабул қилинди. Мени ҳам “ўқишга топшир” деб, кўп ундади. Аммо отам розилик билдирмагани учун Равшанга бу йил ўқишга ҳужжат топширмоқчи эмасман деб қўяқолдим. Тўғрисини айтишга эса, ғурур ўлгур йўл қўймади. Унинг олдида ўзимни гўё кўнглим тўқ, парвойим йўқдек қилиб кўрсатардиму, у кетгач, юм-юм йиғлар эдим…
Орадан йил ўтиб, ахийри, онам билан икковлашиб отамни кўндирдик. Ўзим орзу қилган Тиббиёт институтида ўқий бошладим. Тошкентга уни деб келганимни билдиргим келмас, қиз бола ҳолимга сир бериш ўлимдан ҳам оғир туюларди. Маҳалладаги дугоналарим, синфдошлардан эшитишим бўйича у ўқиш пайтида қизлардан роса “коллекция” қилган эмиш. Гоҳ “бошимга ураманми уни”, деб тураману, аммо яна балки бари “миш-миш”дир деган тасаллига куним қолиб, гумонларим худди қуёш чиққандан кейин тарқаб кетган булутлардек, дил-уйим чароғонлашади.
Равшан ўқишлари орасида ҳам келиб мени кўриб, ҳол сўрашиб кетишни канда қилмайди. Қалбимни минг хил ўй кемирса ҳам, унинг ҳол сўраб келишларидан юрагимнинг туб-тубида умид бўй бера бошлади. Шундай пайтларда ғаму, шодлигимни дарахт дўстларимга, гужумларга айтишга шошаман.
Бу орада дугоналаримнинг ҳам бирин-кетин совчиси чиқиб, тўйлар кўпайиб қолди. Тўй бўладиган кунга барчамиз ўқиш, ишларимиздан рухсат олиб, эртароқ келишга шошилардик. Ахир барча қадрдон синфдошлар йиғиладиган, тўйиб суҳбатлашадиган, рақсга тушадиган ширин дамларни ўтказиб юбориб бўладими. Бошқа қизларни билмадим-у, мен бундай файзли лаҳзаларни бой беришни истамас эдим. Ахир у ерда Равшан ҳам бўлади-да…
Айниқса, Хуршиданинг тўйи хаёлимдан кетмайди. Ўшанда қизлар Равшаннинг кўнглини билиш учун роса ҳаракат қилишди. Равшан эса нуқул фалсафа сўқар, чиройли гаплар билан вазиятдан чиқишга уринарди. Синфимизга биз ўнинчини битказаётганда келиб қўшилган, шўх, ҳар қандай даврага қўшилиб кетаверадиган Искандар киноя қилган бўлди:
– Мавлоно, қўйинг энди, қизларга раҳмингиз келсин. Бу бечоралар ҳам жилла қурса бир кеча тинч ухлашсин. Юрагингизни банд этган гўзалнинг номини айтмасангиз ҳам, қай манзил, қай макон моҳи эканини илғатинг.
Равшан бироз сукут сақлаб турди-да:
– Айтсам, сизларни хафа қилиб қўяманми деб қўрқаман, – деди.
Унинг бу гапидан бир томони ажабланган бўлсам, бир томони, юрагим ҳапқира бошлади.
Бир маҳал унинг энг яқин ўртоғи Расул:
– Наимахон деб айтиб қўя қолинг, Мавлоно. Шундай кунда ҳам қизларни қийнайдими одам деган? – деса бўладими.
Расулнинг ҳазилга йўйиб, кулиб айтган бу гапини шундоғам мендан шубҳаланиб юрган синфдошлар чинга йўйиб, “Ана, ана айтмадикми” дея қарсак чалиб юборишди. Мен қулоқларимга ишонгим келарди-ю, аммо унинг ўзидан бу гапни, ҳеч бўлмаса, шунга ўхшаш шаъмани эшитмаганим учун дилим ғаш эди. Шундаям, қизлар, айниқса, Равшаннинг олдида ўзимни ерга ургим келмай, шошиб гап қўшдим:
– Сизларнинг топиб олганларинг мен, – дедим ўзимни жаҳли чиққанга солиб. – Ўшанда Равшан қайданам мени қутқариб қолган экан. Ичингда бошқа мардинг топилмаганидан кейин у бечораям нима қилсин. Энди шу қилган савоби учун сизлар унга умрининг охиригача товон тўлатмоқчисизлар?
Бу гапимдан кейин, музокара-ю, мунозарага якун ясалди.
Шундан кейин неча бор Равшан билан кўришдик, мен зимдан унинг оғзини пойласам-да, у бу мавзуни бошқа давом эттирмади. Балки, айтишга хоҳиши бўлса ҳам, менинг ўшандаги гапим унинг иззат-нафсига теккандир. Тилим ҳам сайрамай ўлсин. У бечора энди айтаман деб турганида бу гапим билан: “Мени қутқарди деб, севмасам ҳам сенга турмушга чиқишим керакми” деган гап айтибман-ку. Уф-ф, бунчалар аҳмоқ бўлмасам. Ахир у Расулнинг луқмасига ё “Йўқ”, ёки “Ҳа” демади-ку. Балки, кўнглида бошқа қиз бўлса, кўпчилик ичида буни ошкор этиб, мени изза қилгиси келмай, аяганидан жимгина, кулиб қўя қолишни афзал билгандир? Аммо, менинг исмим энг яқин дўстининг оғзидан чиқди-ку. Демак, улар ўзаро суҳбатлашганда Равшан унга дил ёрган. Бўлмаса, шунча одам гувоҳлигида Расул бу гапни айтишга журъат қилмаган бўлар эди.

4

Ўқишим тугагач, мен шаҳар тез тиббий ёрдам марказининг лаборатория бўлимида ишлай бошладим. Ишим унчалик қийин эмас. Таҳлил топширишга келган беморларга керакли кўрсатмаларни бажаришларида ёрдам бераман. Врачлар текширувдан ўтказган қон таҳлилларининг жавобларини бўлимма-бўлим даволовчи докторларга етказиб берилишини назорат қиламан.
Равшан эса ҳуқуқшунос бўлиб етишди. Шаҳримизнинг энг кўркам, салобатли идораларидан бирида ишлай бошлади. Бир томони унинг келажаги порлоқ бўлиб бораётганидан қувонсам, иккинчи томондан ичимда нимадир тинчлик бермас эди. У “катта” одам бўлиб кетса, мендай оддий врачни назарига илмаса керак. Борган сари уларнинг оиласидагилар мени келин қилишига умидим етмай борарди. Унинг отаси ювош табиатли, зиёли одам бўлгани билан, онаси тез феъллик эканини эшитган эдим. Оилада онасининг гапи гап эмиш.
Ҳар сафар ичимда ана шу ўй бош кўтариши билан, товонимгача музлаб кетгандек, вужудимни қалтироқ ваҳимаси қопларди. “Қўрққанга қўша кўринади” деб қадимгилар билиб, топиб айтишган экан. Синфдошлар уни узоқ қариндошига уйлантиришармиш деган гап топиб келишди. Мен эса (гарчи ичимни ит тирнаб турган эса-да) кулиб қўя қолдим. Улар бундан ажабланишиб яна мени сўроққа тута бошлашди.
– Нима бало ишни пишитиб қўйганмисизлар, ё? Пинагингни бузмайсан. Авваллари у ҳақда бирор гап эшитгудай бўлсанг, айтган одамни туғилганига пушаймон қилдирмагунча тинчимасдинг.
Мен яна кулиб туравердим. Улар буни ўзларича йўйишиб, ўз йўлларига кетишди. Қизлар билан гаплашганимга қанча бўлди, билмадим, Равшан мени йўқлаб келиб қолди. Одатдагидай уйимиз олдидаги катта тут тагидаги супада ўтириб мириқиб суҳбат қурдик. Супа атрофига экилган сада райҳонларнинг ҳиди атрофни тутган. Супа устида шохлари тарвақайлаган балх тут япроқлари шамолда солланиб, эркаланади. Оғаётган қуёш бизнинг суҳбатимиздан узоқлаша олмай асабийлашганидан, уфқни алвон рангга бўяйди.
Қизлар кўнгил бергани олдида ҳаяжондан ўзини йўқотиб, айтар сўзини ҳам унутиб қўярмиш деб эшитардим. Мен эса аксинча, уни кўрдим дегунча, жоним киради. Ўз-ўзимдан гапдон бўлиб қоламан. Кўпинча у тинглайди, мен гапираман. Қайси мавзуда бўлмасин, сўзимиз сўзимизга қовушаверади. У билан гаплашсам, худди юз йилги дардларимдан халос бўлгандай енгил сезаман ўзимни. Бугун ҳам шундай бўлди. Синфдошлар, ишхонадагилар ҳақида тўлиб-тошиб гапира бошладим. У одатдагидек, гапларимни маъқуллаб, ора-сира гапга қўшилиб ўтирди. Шу топда дунёга ўт туташиб кетмайдими, у менинг ёнимда эканлигидан бахтиёр эдим.
– Наима, – деди у бир маҳал. (Исмимни айтиш оҳангига маст бўлиб, жонимни суғуриб олса ҳам рози бўлгудай ҳолга келаман. Назаримда унинг йигитларга хос салобатли сасидан қумрилар ҳам яна бир бор гапиришини интиқ кутиб, тин олиб турадигандек):
– Мени отамнинг қадрдони, Юсуфбой аканинг қизига уйлантиришмоқчи. У қиз билан кичкиналигимизда, уйимизга келишганда бирга ўйнар эканмиз. Биздан тўрт ёш кичик…
Бошимга кимдир болға билан ургандай, гарангсиб, кўз олдим жимирлай бошлади. Нима деб жавоб қайтаришни билмай каловланиб қолдим.
– Ўтган ҳафта мени қиз кўрдига олиб бориб, уч-тўртта қизни кўрсатишди. Қизлар худди анави “Суюнчи” киносидагидек изинма-кетин кириб кела бошлашди. Қизиқ бўларкан-ей, биринчиси эшикни очиб, бизга кўзи тушиши билан анойи қилиб тилини чиқарди-да, шартта эшикни ёпди…
Менинг хону монимга ўт туташди. Тилим қуриб, қулоқларим шанғиллай бошлади.
– Иккинчиси чойнакни секин келтириб қўйиб, чиқиб кетди. Кейин учинчиси кирди. Ёшгина, оддий қишлоқ қизи. Яна бошига оддий докани рўмол қилиб ўраб олган. Боқишлари бирам уятчан. Мен ўшанисини танладим. Сен нима дейсан, Наима? Содда, ҳадеб ўзига оро беравермайдиган қизлар яхши қизлар бўлади деб ўзинг айтардинг-ку. У ҳам худди сенга ўхшаб, пардоз-андоз қилишни хуш кўрмайдиганга ўхшайди.
У гапиряпти-ю, мен худди ўлиб қолган одамдек эдим. Бутун аъзойи баданим мавжудми, мавжуд эмасми буни ҳатто сезмасдим ҳам. Туғилганимдан буён жисмимда забон деган нарса бўлганми, йўқми буни ҳам идрок эта олмасдим. Агар бўлганида ҳам ҳозир унга кучим етмаслигини билиб турар эдим.
– Лекин ички туйғум билан сезяпман, у қизни танлаб адашмаяпман. Онам ҳам у яхши одамларнинг боласи, улардан ёмонлик чиқмаган деяпти. Сен неча йиллик қадрдон дўстим, энг яқин синфдошимсан. Шу ёшимгача сен нима деган бўлсанг, доимо тўғри чиққан. Шунинг учун доим яхши-ёмон гапим бўлса, биринчи сенга айтгим, сен билан маслаҳатлашгим келаверади. Сен ақлли, мулоҳазали қизсан.
Ўлганимнинг кунидан жилмайдим. Унинг ҳам чеҳраси ёришиб кетди. Шу пайт ичкаридан синглим сас берди:
– Опа, ишхонангиздаги Санобар опа сизни телефонга чақираяпти.
Шу ерда суҳбатимиз бўлинди. Равшан кетишга чоғланди:
– Бўпти, мен ҳам борай. Сениям ишларингдан қўйдим. Яна гаплашамиз.
У кетди. Аммо бу сафар бир ўзи эмас, жону жаҳоним танимдан суғурилиб у билан бирга кетди. Уйга, телефон олдига базўр судралиб, менинг қуруқ жасадим, лошим кирди…

5

Ўша куни уйга кириб, телефонга жавоб бердимми, йўқми, кейин нима қилдим, сира эслолмайман. Ўша кундан кейин на еб ичишимда, на яшашимда бир туйирлик ҳаловат қолмади. Бир гапириб, ўн куладиган қиз, ёлғизнишин бўлиб қолган эдим. Ишга ҳам биров судрагандек, боришим кераклигидан, мажбурлигимдан бориб келаман. Ақл-ҳушим ўзимда эмаслигидан бир неча марта қон таҳлилларини адаштириб юбориб, бошлиғимиздан роса дакки эшитдим. Бори олам-у, одамзоддан кўнглим совиди.
Мен учун дунё ғам ёмғирига тўлган кунларда унинг тўйи хабари ҳам келиб етди. Бирдан бутун оламни қоронғилик босди…
Онам, отам ҳай-ҳайлашиб мени касалхонага келтиришибди. Ўзим ишлайдиган касалхонадагилар ҳам ҳайрон. Келиб бири олиб, бири қўйиб тасалли ахтаришади:
– Ўзи кейинги пайтда мазанг йўқлиги юриш-туришингдан маълум бўлиб юрувди.
– Одам дегани бундоқ ўзига қараши керак. Майли, ҳали соғайиб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасан. Фақат яхшилаб даволаниб чиқишинг керак.
– Ҳа, мана ўзимиз даволаймиз-да!
Атрофим тўла одам. Кўнглимга муолажа тугул, қил сиғмайди-ю… Қанийди, ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қолса. Ёки батамом ухлатиб қўйишса яхши бўларди. Энди менинг касаллигимни ҳеч қандай дори-дармон билан даволаб бўлмаслигини кошки бировга тушунтириб бўлса…
Аввал сира эътибор қилмаган эканман. Шунчалар хунук кўринар эканки, бу касалхона дегани. Девордаги бўёқлардан тортиб, токчалардаги узун-қисқа гуллар, оғир ва ҳар ғичирлаганида асабларингни таранглаштириб юборадиган каравотлар… Шу ерда ётишга мажбур бўлган ўзимдан ҳам кўнглим айнийди.
Ана шундай рангсиз ва маънисиз кунларнинг бирида касалхонага У кириб келди. Эгнидаги қора костюм-шим, оқ кўйлак ва алвон бўйинбоғ ўзига шундай ярашган. Кўз ўнгимда худди эртаклардаги шаҳзода турарди. Болалигимиздаёқ мени ўзига асир қилган ўша табассуми билан ҳол сўраб, қўлидаги гулдастани эътиборли иззат билан менга узатди.
Руҳий оламимдаги рутубат хонани ҳам қоплаб олгандек, гўё нафас олишга изн бермас эди. Бир нафасда олам ёришиб, хонам ичи кенгайиб кетгандек бўлди.
– Бу нима ётиш? Ҳой қиз, шундай кунда синфдошларга уни қил, буни қил деб бош-қош бўлиб туриш ўрнига, бу ерга келиб, ўрнашиб ётиб олибсан? Қани тур, кетдик, тўйим сенсиз ўтишига йўл қўймайман.
– Нималар деяпсиз, уни зўрға эпақага келтирганимизда обкетиб, яна касал қилиб олиб келмоқчимисиз?
Уни кўрган кўзларим, хонага у билан қўшилиб кириб олган, менинг соғайиб кетишим учун туну кун жон койитаётган ҳамширалар Маҳфуза опа билан Нодирани кўрмай қолган экан. Нодира ҳамишаги одатига кўра куюнчаклик қилди:
– Наима опамга ҳали кўп юриш мумкин эмас-у, сиз тўй дейсизми?! Тўйда куни билан тик оёқда юриш осон эканми? Тўйингиз ўтгандан кейин борсалар ҳам дарвозангизни ёпиб қўймассиз?
– Ўҳ-хў, болалик пайтимиз сен менга “телохранител” эдинг. Бунча ҳимоячини қаердан топдинг? Ҳа, майли. Соғайганингдан кейин келинингни қўлидан чой ичишга борарсан. Келинни олиб келишга кетаётувдик, сени кўрмасдан ўтиб кетолмадим. Соғайиб кет.
У кулиб гапираяпти-ю, менинг ичимда бир нарса “чирт” этиб узилиб кетгандек бўлди. Аммо тилимдан шу сўзлар учгани, узоқ-узоқлардан қулоғимга акс садо берди:
– Табриклайман Рав-ша-н! Бахтинг бутун бўлси-и-н!

6

Охирги марта юзма-юз туриб, унинг исмини тилга олганимга ҳам мана йигирма йиллар бўлибди. Бу давр ичида қанча лойқа, қанча тиниқ сувлар оқиб ўтиб кетди.
Ўша воқеалардан кейин мен туппа-тузук юриб бораётиб ҳам бирдан ҳушдан кетиб қоладиган касалга йўлиқдим. Бу касаллигим тезлик билан аввал қариндош-уруғлар, сўнгра қўни-қўшнилар ўртасида овоза бўлиб кетганигами, кейинги пайтда мени сўраб эшик тақиллатувчиларнинг ҳам оёғи узилди.
Равшан касалхонадан чиққанимдан кейин мени сўраб, уйимизга келди. Аммо мен онам ва синглимдан “Унинг олдига ҳеч кимни қўя олмаймиз” деган баҳонани айттирдим. У бошқа йўқламади.
Онда-сонда танишлардан унинг бир-биридан ширин ўғил-қизларни дунёга келтириб, аёли билан бахтли яшаётганини эшитиб ҳам суюнардим, ҳам…
Мен боримни ишга бағишладим. Ишхонага ҳаммадан олдин бориб, ҳаммадан кейин қайтаман. Оз-оздан руҳиятимда кўтаринкилик уйғониб, оламни яна рангин бўёқларда кўра бошладим. Айни шу кунларда мени жамоамизнинг қўллови билан таҳлиллар бўлимига бош врач қилиб тайинлашган.
Бугун уни кўрдим. Ҳа, кўрдим. Аммо ёлғиз эмас. Шу пайтгача бирор мартаям уни аёли билан бирга кўрмаган эдим. Вақт – табиб, дейишарди, бу гап ёлғон экан. Ёнидаги рафиқасини кўриб ҳам юрагим потирлайверди. Ичимни ҳавасми ё ҳасадми, нимадир оғритиб тишлади. Аёл шунчалар мунис эдики, унинг тортинчоқ табассуми, нозиккина қадди, ҳатто бошидаги қаймоқ ранг рўмоли, эгнидаги тўкилиб турган ипак кўйлагигача ҳаёга, ибога ғарқ бўлгандек эди. Беихтиёр икковига тикилганча қолдим.
Эр-хотин йўлак бўйлаб таҳлил хоналарига кириб-чиқишар, негадир иккаласининг ҳам юзи маъюс эди.
Лабимни оғритиб тишладиму, ортимга бурилиб кетдим.
Бир маҳал қабулхонамдаги ҳамшира қиз мен ўтирадиган хона эшигини очиб:
– Наима Ҳамидовна, сизни сўраб келишди, – деди.
– Ассалому алайкум.
Остонада турган Равшанни кўриб, эсим оғаёзди. Ўтирган стулимдан базўр суғурилиб, уларнинг олдига пешвоз юрдим.
– Келинг, келинг, Равшан Нурбоевич, қандай шамоллар шарофати билан эслаб қолибсиз?
Қўлимни узатиб кўришмоқчи эдим.
– Э, раҳмат-е, расмиятчиликни қўйсангиз-а, – деб мени қучоқлаб, бағрига босса бўладими? Уялиб кетганимдан юзим, қулоқларимгача қизариб кетганимни сезиб турардим. Андиша устунлигидан, тезлик билан бағридан ўзимни бўшатишга интилган ҳаракатимни илғаган синфдошим бошини сал эгиб чаккамдан ўпди.
– Каттакон бўлиб кетибсиз. Чин дилдан табриклайман. Ҳатто “сен” дейишга ҳам тортинади одам.
Мен қўлимни кўксимга тутганча, ердан кўзимни ололмас, не деб гапиришни билмай каловланар эдим.
– Кўришинг, бу рафиқам Азизахон. Азизахон ҳам сизни кўришга жуда кўпдан буён орзуманд эди.
Биз бир-биримиз билан қўл бериб кўришдик. Шу пайт юрагимда нимадир бош кўтаргандай бўлди.
Улар билан хонада ярим соатча суҳбат қилдик. Равшан рафиқасини кейинги кунларда бироз ҳолсизланиб, мадори қочиб юрганини, таниш докторнинг маслаҳати билан умумий кўрикдан ўтказиш учун шифохонамизга олиб келганини, аммо шифокорлар таҳлил натижаларини ўрганиб, аёлида саратон касаллиги ривожланаётганини аниқлашганини гапириб берди.
– Таҳлил натижалари балки янглиш бўлиши мумкин. Сиз шу ерда эканлигингизни билиб, шу иш билан ўзингиз шуғуллансангиз деб илтимос қилгани кирган эдик.
Хотинининг аҳволидан қаттиқ қайғураётган синфдошимнинг ҳолатини англай туриб, (ё тавба!) негадир ичим ёнди. Равшан гапираяпти-ю, мен вужудимда чумоли юргандай безовталаняпман. Буни билдирмасликка ҳарчанд уринмайин, ўзимни ошкор қилиб қўйдим, шекилли, Равшан:
– Наимахон, сизни безовта қилиб қўйдигов, майли, энди биз борақолайлик. Юринг, Азизахон, – дея аёлига юзланди.
Улар олдинма-кетин ўрниларидан туришди.
Улар билан хайрлашар эканман, Равшаннинг илтимосини бажаришига икки-уч кун вақт кераклигини, бу вақт ичида таҳлил натижаларини яхшилаб ўрганиб чиқишим лозимлигини айтдим.
У ишхонамга келиб кетганидан кейин бундан йигирма йиллар илгариги кунлардагидек на уйқумда, на кундузимда ҳаловат қолди. Равшан менинг олдимга ўз дарди билан келиб, ўзи билмаган ҳолда менинг дардимни ковлаб кетган эди. Хаёл ва ботин ичра ғалаён қилишга чоғланган бир куч юрагим тубидаги ўксик армонни мавжлантиришга қасд қилгандек. Бу куч тўлқини ҳар сафар қирғоққа талпинганида унутилишга мажбур этилиб, ўша денгиз қирғоқларига сочиб юборилган ҳис-туйғуларимни денгиз ўртасига суриб келишга жаҳд этарди…

7

Ўшанда менинг бутунлай соғайиб кетишим учун ота-онам қўлларидан келганини аяшмади. Докторларнинг тавсияси билан мени санаторийга жўнатишди. Атрофи қуюқ арчазорлар билан ўралган баланд тоғ тепасидаги баҳаво маскан озурда руҳиятимга ажиб сокинлик, осудалик олиб кирди. Айниқса, тоғнинг энг юқорисига олиб чиқадиган, тошлардан бежиримгина қилиб ишланган зиналар устида оҳиста одимлаб, юқорига кўтарилиш менга жуда ёқарди. Атроф тўла арча, заранг дарахтлари, тоққа чиқаверган сари учрайдиган ёввойи дўлана, тош зина ён-верида очилиб ётган гулхайрилар… Муолажа таъсирими ёки табиатдаги осудаликданми вужудим, руҳиятимда ажиб тетиклик уйғона бошлади. Энди бори борлиқ гўзаллашган, оламда борлигимни ҳис қила бошлаган эдим.
Уйга қайтиш муддатим яқинлашган кунлар синфдошим Расулни учратиб қолдим, ёнида хотини сўмрайиб турибди. Уни санаторийда кўрган куним “Хуршиданинг тўйидаги воқеа ҳақида сўрайман” деб, дилимга тугиб қўйган эдим. Лекин сўролмадим, журъатим етмади. Ҳол сўрашиб, йўлимга кетавердим.
Эртага “уйга кетаман” дейилган кун Расул мени йўқлаб, хонамга келди:
– Кетишингдан олдин бир тўйиб суҳбатлашай деб олдингга келавердим, ўртоқ. Хайрият, бугун хонангда экансан. Неча марта йўқлаб келсам, ҳали муолажага, ҳали тоққа чиққани кетган дейишди. Ҳовлидаям кўринмадинг?
– Сизларни безовта қилиб қўймай деб юрувдим.
– Аёлимдан хафа бўлма. Фарзандимиз бўлавермаганига сиқиляпти, бечора. “Биламан, туғиб бермасам, бошқа аёл топиб оласиз”, деб ҳадиксирагани-ҳадиксираган. Аммо ўзи дили тоза аёл.
Узоқ суҳбатлашдик. Бир пайт у мендан:
– Наима, хафа бўлмасанг, сендан бир нарса сўрамоқчиман. Туппа-тузук юрган одам, тўсатдан… Бунга сабаб… Равшан эмасми? – деб сўраб қолди.
Мен ундан саволнинг бу тарзда берилишини ҳеч кутмаган эканман. Шу сабаб, унинг саволига жавоб беришни ҳам, бермасликниям билмасдим.
– Кейинги пайтда соғлигинг ҳақидаги ҳар хил миш-мишлар юрганига… ташвишланиб қолдим. Шунчалик ўзингни олдириб қўйишингга бу ҳаёт, одамлар арзийди деб ўйлайсанми? Ўзингни қийнаб, ич-этингни еб битиришинг адолатдан эмас!
Кўзларимдан сизиб чиққан икки томчи марварид, деразадан тушиб турган офтоб нурида ялтираб, ерга думалади. Дарров қўлларим билан ёшимни артдим.
– Агар гапимга хўп десанг, ҳамма нарсани унутиб, ҳаётингга бошқача назар билан қара. Уни янгитдан бошла!
Мен энди ортиқ ўзимни тутиб туролмай, юзимни қўлларим билан бекитиб, унсиз йиғлашга тушдим. У дераза олдига бориб бироз ташқарига қараганча жим турди. Сўнг шу кўйи деди:
– Гапларим сенга оғир ботишини биламан. Равшаннинг сенда кўнгли бор эди. Аммо…
Мен қулоқларимга ишонмай, кўзёшларимни ҳам гизламасдан унга тикилдим.
– Аммо, оиласидагилар бунга розилик билдиришмади чоғи.
– Ахир у менга умид бермаган, Расул!
– Беролмасди ҳам. Чунки, бир сафар саккизинчи мартга табрик ёзаётганида онаси кўриб қолиб, қўлидаги қоғозни совға-саломларга қўшиб, тандирга ташлаб ёқиб юборган экан.
– Қайси айбим учун?
– Ҳеч қанақа! Онасининг қўрс феъллилигини билмайсан-да. У гапини икки қилган одамни ёқтирмайди. Ўғлига ҳам “Биз кимни маъқул кўрсак, шунга уйланасан” деган гапида қаттиқ турган. Нима қилишини билмай юрган Равшан бир куни бор гапни менга айтиб берди. Унга “Онанг, Наимани яхши қиз эканини билганидан кейин, ўзи розилик бериб юборганини билмай қолади. Сен онангга Наимани бир кўрсат” десам, “Йўқ, онам айтганидан қайтадиган аёл эмас. Агар ўз айтганимни қилиб уйланганимда ҳам, Наиманинг ҳаёти бир умр азобда ўтади. Унга озор етказишни истамайман”, дегандай гап қилди.
– Ҳозир-чи, ҳозир қийналмаяпманми?
– Шунинг учун айтаяпман, Наима. Ўзингни бундай абгор қилишга арзийдими у? Ўзингни қўлга олиб, ҳаётда сен ҳам ўз бахтингга эришишинг керак.
…Руҳан ўзим билан ўзим олишавериб, ҳолдан тойганим учунми, келишилган уч кун эмас, гўё орадан уч юз йил ўтиб кетгандек туюлди. Олдинги икки кун Равшан билан ўтган ширин хотираларни эслаган, хаёлан у кунларда яшаган бўлсам, кейинги кун Равшаннинг гўё, “Хотинимга ёрдам бер, илтимос” дея, илтижо илинжи билан боққан кўзлари таъқибида яшадим. Ўзимни атайин бирор иш билан чалғитмоқчи бўлардим-у, аммо яна кўз ўнгимда Равшаннинг илтижоли кўзлари намоён бўлаверарди. Бу кўзлар хаёл ва хотирот узра чизиқ тортиб, ботинимдаги аламли исён ҳам тенгма-тенг бош кўтара бошлади. Қанчалик чиранмай ўзимга ўзим бас кела олмасдим…
“Тавба, бунчалик хотинига қайғурмаса. Бир вақтлар менга қайғурганмиди? Хўш, дўст экан, ўз кўнглидагини айтаётган пайт, лоақал сенинг кўнглингда ким бор деб сўраганмиди? Лекин аёли хақиқатда фариштали аёл экан. Қайғурса, жон куйдирса арзийдиган. Мен-чи? Мен! Мен арзимасмидим? Яратганга ҳам ҳайрон қолади киши. Инсонни шундай чиройли қилиб яратади-ю, яна секингина унинг вужудига битта касалликни ҳам қўшиб жўнатади. Бу касалликка эса, уни яна Яратганнинг олдига қайтариб олиб бориш вазифаси топширилган бўлади…”
Жисмимни руҳан зўриқиш ва чарчаш қамал этса-да, берилган уч кун ичида аёлнинг касаллигини аниқладим. Менинг таҳлилларим ҳам Азизани кўрикдан ўтказган врач қўйган ташҳисни тасдиқлади. Ҳозир Азизада саратоннинг яширин шакли кечмоқда. Олинган таҳлилларни ўта синчковлик билан текширмаган врач, бу касалликни аниқлай олмаслиги аён эди…
Илло, мени бир шайтоний куч бошқара бошладиким, энди мен истасам-да, аввалги Наима бўла олмас эдим!

8

Равшан болалигидан айтилган жойга, айтилган вақт-соатда, ҳатто бир дақиқага ҳам кечикмасдан етиб боришни одат қилган. Синфдошим бугун ҳам шифохонага, айтилган вақтда етиб келди.
– Ассалому алайкум Равшан Нурбоевич, яхши келдингизми?
– Ваалайкум ассалом Наимахон, раҳмат. Ўзингиз соғ-омонмисиз? Уйдагилар тинчми?
– Раҳмат. Сиз яхшимисиз, Азизахон?
Гарчи ботинан буни истамасам-да, зоҳиран шундай қилишга одамгарчилик важидан мажбур эканлигимни англаб, ўзимдан-ўзим ижирғанардим. Уларни хонам томон бошлар эканман, яна ичимдаги ўша золим овоз мени қийнашда давом этарди: “Уйдагилар дедими? Бу билан қайси уйимдагиларни назарда тутди? Ёки шу пайтгача оилам йўқлигини писанда қилмоқчими? Ҳали оилаликман деяптими? Ёнидаги ҳурпайган товуқни ҳали замон ажал ўз комига тортай деб турибди-ю!”
Уларни иш хонамдаги стулларга таклиф этгач:
– Равшан Нурбоевич, Азизахон. Қадрдонларим, авваламбор менга билдирган ишончингиздан миннатдорман. Сўзимни бошида шуни айтиб ўтай, гап шу хонадан нарига чиқмайдиган бўлса, бир гап айтаман.
Уларнинг юз ифодаси ва Азизанинг “Йўғ-эй, ўлибмизми?” деб, кейинги сўзни эшитишга барча аёлларга хос тезоблик билан қизиқаётганидан розиликларини уқиб, муддаога ўтдим:
– Мен Азизахоннинг таҳлил натижаларини яхшилаб ўргандим. Қайта ва қайта текшириб кўрдим. – Гап шу ерга етганида, атайин тин олиб, жим туришим керак эди. Бу шифохонага келганимга кўп йиллар бўлгани сабабидан, беморларнинг таҳлил натижасини эшитаётганда бутун вужуди қулоққа айланишини, врачлар оғирроқ касаллик белгиларини аниқлашганини айтишганда бу беморга қаттиқ таъсир қилишини, баъзи бир беморлар ҳатто, талвасага тушиб қолишганини кўравериб пишиб кетган эдим. Гоҳида ташҳисни аниқлаган врачга ишонмасдан лаборатория мудирига бошқатдан текширув ўтказишини талаб қиладиган беморлар ҳам чиқиб қолар, баъзида ташҳис хато қўйилган ҳоллар ҳам учраб турар эди. Ҳозир менинг олдимда худди шундай беморлар ўтиришганини касбим тақозоси англатар эди. Улар врачнинг ташҳиси хато бўлишини, ҳарқалай, таҳлилларни текширувдан ўтказадиган улар таниган, яқиндан билган “ўзининг одами”га илинж билан, “ҳеч қандай касаллик йўқ экан” деган сўзни эшитишни истаганликлари учун келиб турган эдилар.
– Таҳлил натижаси саратон деган ташҳисни мутлақо рад этади, – дедим мени тинглашга жон қулоғи билан илҳақ бўлиб ўтирганларга бирма-бир қараб, қатъий ишонч билан.
– Наима Ҳамидовна қандай… бу-уу, ахир врачлар?!
Оний лаҳзада “демак ёлғон айтишган” деган фикр миясида чақмоқ кескинлигида “ялт” этиши билан, кўп йиллик юрист, ноҳақликдан бўғилиб ўрнидан туриб кетаёзди.
– Ўзингизни босинг, Равшан Нурбоевич. Сўзимнинг бошида сизларни олдиндан огоҳлантирганим бежиз эмас эди. Гап шу хонадан чиқмаслигига сўз бергансиз!
Қатъий қилиб айтилган сўздан Равшан Нурбоевич бироз тинчлангандай бўлди. Боз устига Азизахон ҳам:
– Отаси, тинчланинг, қанд диабетингиз ошиб кетади. Мен шундайлигига ишонардим, – деди беғуборлик билан.
Азизанинг сўзидан кейин мен сўз “от”ини қамчиладим:
– Сиз учрашган врач Дилдора Ботировна ҳақида жуда кўп шикоятлар тушиб туради. Мен буни сизларни яқиндан таниганим ва узоқ йиллик қадрдон дўстлигимиз боисидан ошкор этаяпман. Ҳатто унинг келган беморларга бундан-да оғир ташҳис қўйиб, руҳан қўрқитиб, алдаб пулларини олганлиги ҳақида шифохонамиз ходимлари ичида гап-сўзлар юради. Аммо одамларни ўзингиз биласиз, Равшан Нурбоевич. Ҳатто, ўзларининг ҳаётига бефарқ бўлган бу оломон, ўзгалар учун бирор ерга бориб кўрсатма беришни мутлақо исташмайди. Шунинг учун, Азизахон, мен касал эканман деб ўзингизни чўктириб қўйманг. Сиз умуман касал эмассиз. Бундан кейин ҳам Худо хоҳласа касал бўлмаслигингизга мен кафил.
Ўз ролимни қойилмақом бажарар эканман, сўзларимдан тоғдай тасалли олган Азизанинг кўзларида қувонч порлади. Юрист бўлишига қарамасдан ҳар қандай “топиб” айтилган сўз таъсирига тез тушиб қоладиган Равшан эса менинг, яъни “дўсти”нинг гапидан:
– Ана кўрдингизми, Азиза бийи, нима дегандим? – деб, азбаройи қувониб кетганидан врач олдида эканликлариниям унутиб, қўллари билан Азизанинг қўлларини қўш қўллаб сиқди.
Бу ҳолатдан жону, жаҳонимга ўт туташиб кетаётган бўлса-да, кўнглимда ўзимнинг роль ўйнаётганимни тасалли қилиб, тишимни-тишимга босдим.

9

Болалигимизда бобо-бувиларимизнинг “Умр мисли оқар сувдай гап, кўзингни очиб-юмгунингча кетиш тадоригини кўриб тураверасан”, дейишларини кўп бора эшитганмиз. Бу гапларнинг мағзини тузук-қуруқ англамаган эканман. Ҳозир ёшим саксонда. Аммо менга вақт тўхтаб қолгандай, худди бир жойда депсиниб тургандай туюлаверади. Ёки у замонларда даҳр чархпалаги зувиллаб айланган-у, шу кунларда ҳолдан тойган одам ҳолига тушиб, имиллаяптимикан? Ахир ота-онам вафот этиб кетишганига ҳам неча замонлар бўлди. Ундан кейин акаларим, янгаларим кетишди бу дайри фанодан. Аммо мен кетолмай юрибман…
Бир тарафи янгаларим кетгани дуруст бўлди, негаки ана ўшалар мени отам хонадонига сиғдиришмади. Топган баҳоналари “Болаларимиз улғайиб қолишди, уларни уйлаб-жойлашимиз керак. Сиз каттакон ишда ишлайсиз, ҳукумат сизни уйсиз қўйиб қўймайди” деб, мени алдаб-аврашди. Сиқилаверганимдан озиб-тўзиб чўпдай бўлиб кетдим. Барибир жигар-жигар экан. Менга раҳми келган синглим Нилуфар гарчи, эри рўйхушлик бермаса-да, ўз уйига олиб кетди. Нилуфарнинг уч ўғли ва бир қизи бор. Ўғил болалар отасига тортган – баджаҳл, одам исини ёқтиришмайди. Иккита ўғли уй олиб, алоҳида чиқиб кетган. Аммо ора-сирада келиб қолишса ҳам мени тинч қўйишмайди. Бирови:
– Хола, ишлаб юрган пайтингизда шу, ўзингизга битта “дом” олиб қўймаган экансиз-да. Бундай боқиманда бўлиб ўтирмасдингиз, – деса, иккинчиси:
– Хола, бизнинг маҳаллада Салим ота деган етмиш ёшларга чиққан бир бобой бор. А, энди сизларга ёшнинг нима аҳамияти бор? Барибир одамлар чол-кампир дейишади. Бола-чақаси ташлаб кетган эмиш. Аниқ эмас-у, ҳарқалай одамлар шундай дейди. Зато, уй-жойи бор! – деб, ҳиринг-ҳиринг қилишиб жиғимга тегишгани-тегишган.
Аммо мен индамайман. Биламан, болалар барибир бироздан кейин уйларига қайтиб кетишади. Агар уларни бундай тантиқ гаплари учун жеркийдиган бўлсам, синглимнинг кўнгли оғрийди. Энди минг қилганда ҳам уларнинг лойини янгилаб бўлармиди?!
Синглим уларни жонидан ортиқ кўради. Қани унга болалари, невара-чеваралари ҳар куни келишса. “Бой молини гадой қизғанибди” деганларидай, бу менга ёқинқирамайди. Болаларнинг қий-чувидан ҳовлида қиёмат қўпади. Улар кетгандан кейин ҳам анчагача ўзимга кела олмай юраман. Гоҳида эса дилим ўксийди. Нега энди ўшанда турмуш қилиб кетавермадим? Менга оғиз солганлар бор эди-ку?! Агар ўшанда барисига қўл силтаб эрга чиққанимда, бугун синглимнинг уйида сиғинди бўлиб ўтирмаган, ўзимдан йигирма-ўттиз ёш кичик болаларнинг даккисини кўтаришга мажбур бўлмас эдимми?
Биламан, улардан хафа бўлишим ўринли эмас. Энди тўримдан гўрим яқин бўлиб қолган одамман. Қолаверса, қилган гуноҳларим эвазига Оллоҳнинг жазосини олиб, кейин унинг даргоҳига боришим керак. Яратган олдига бундай юзим шувутлиги билан боришим у қилган гуноҳларим олдида урвоқчаям бўлмай қолар-ов. У ёқда… раҳматли Равшанжон билан Азизахоннинг кўзларига қандай қарайман? Балки шунинг учун Оллоҳ жонимни олишга шошилмаётгандир. Мана шундай ёлғиз тун-кечаларда ўзим билан ўзим гаплашишдан ўзга чорам бўлмаса на қилай?! Ичимни куйдириб ётган дардимни бировга айтишга шу кунгача журъат топа билмадим. Энди аниқ биламан, бу “фасод”ни ўзим билан гўрга олиб кетишим аниқ…

10

Эр-хотинни шифохонада кўрганимдан кейин бошқа учратмадим. Таниш-билишлардан қанча сўраб-суриштирмайин ҳеч кимдан “Азизанинг аҳволи оғирлашди, энди умид йўқ экан” ёки “Равшаннинг аёли рак экан, касаллик уни еб битирибди. Афсус, билмай юраверишибди,” деган ўша ўзим интиқлик ва қўрқув билан кутган хабар ҳадеганда қулоғимга чалинавермади. Аксинча, “Равшан аёлини олиб, хориждаги санаторийга дам олгани кетибди” ёки “Равшанни юқорироқ лавозимга кўтаришибди. Ўзиям роса иқтидорли, тушунган одам-да”, деган гапларни эшитардим, холос.
Орадан кўп йиллар ўтди. Синфдошлар сим қоқиб Азизахон оламдан ўтибди, дейишди. Мен ҳам улар билан қўшилиб таъзияга бордим. Таъзия билдиришга келган-кетганлар олдида бошида дўппи, эгнига чопон кийиб, бошини қуйи осилтириб турган Равшанни кўриб, ичим музлаб кетгандай бўлди. Тенгқурлари орасида улардан кўп ёш кўринадиган, ҳалиям ёшликдаги кўркини йўқотмаган синфдошим бир кунда қариб қолгандай эди.
Азизахоннинг маъракаларидан кейин Равшан ҳам тўшакка михланди. Бир гал синфдошлар “Бўл, ҳо, бўл” деб, уларникига мени ҳам олиб кетишди. Касал кўришга келган синфдошларни кўриб Равшан ўзида йўқ суюниб кетди. Айниқса, уларнинг орасида мени кўриб, бир қувончига минг қувонч қўшилганини унинг кўзларидан англадим.
Синфдошлар узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Болалик, ёшлик йилларини эслашдик. Менинг Равшанни деб қизлар билан жиқиллашиб юрганларимни эслаб, роса мириқиб кулишдик. Вақт алламаҳал бўлиб, уй-уйига кетиш учун ўринларимиздан тураётганимизда Равшан:
– Сизларга мингдан-минг раҳмат. Дунё тургунча тургайсизлар. Сизлардек содиқ дўстларни менга ато этган Оллоҳдан беадад миннатдорман… – дея, яна нималарнидир демоққа оғиз жуфтлаган эди, Расул:
– Тўхта, тўхта. Шу ерда тўхта. У ёққа кетиш учун биратўла розилигимизниям олиб қолмоқчимисан. Йўқ, бу ҳисобга ўтмайди. Ҳали яна кўп келамиз, – деди.
– Эй, жўра, бердисини айтгунча уриб ўлдирадиган одатинг сира қолмади. Тўғри айтасан. Ҳали невара-чевараларимнинг тўйларида ўзларинг бош бўлиб турасизлар. Мен сизлардан бошқа нарсани илтимос қилмоқчи эдим. Наимахон шошилмасалар, уларга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор. Агар йўқ демасалар. Кейин неварам машинасида элтиб қўярди.
Энди гапни Дурдона илиб кетди. Оғзидаги бор-йўғи икки дона тишига тилини босиб, висиллаганча:
– Ҳа, гап бу ёқда дегин. “Гап тагида нимкоса” қилмасдан, невара-чевараларни деб ўтирмасдан, энди бошлашни ният қилаётганимиз, ўзимизнинг тўйимизга десанг-чи.
Ҳаммалари хохолаб кулишди. Ҳамма-ҳамма билан-у, Равшаннинг бу сўровидан ичимга бир қалтироқ кирди. Равшан келганлар билан хайр-хўшлашгунча, хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқдим. “Демак, билган. Ҳа, аниқлаган. Шунча пухталаган бўлсам ҳам, барибир юристлигига борибди-да”.
Ташвишга тушганимдан хаёлга берилиб кетган эканман, Равшаннинг:
– Наимахон, – деган сасидан чўчиб тушдим.
–Узр, сизни безовта қилиб қўйган бўлсам. Раҳматли аёлимнинг кетар чоғидаги сўзлари бўйнимда қарз бўлиб қолмасин деб, сизни олиб қолишга мажбур бўлдим. Кейин, сиз билан энди бошқа кўришамизми, йўқми…
Мен Равшаннинг бу тахлит гапига жилла қурса, “Йўғ-эй, ҳали жуда кўп яшайсиз” деб, тасалли сўз айтиш ўрнига, мум тишлагандек, жим эдим.
– Азизахон давосиз касалнинг дастидан жуда кўп озор чекди. Аммо, сизнинг ўша пайтдаги гапингиздан ўзига жуда катта далда олган экан. Ўлими олдидан: “Отаси, Наимахон синфдошингизга менинг номимдан раҳмат айтиб қўйинг. У киши ҳақиқий шифокор экан. Касалимни била туриб, бизни тушкунликка тушиб қолмасин деб, “касал эмассиз” дея қатъий ишонтирди. Агар ўшанда ҳа, касал экансиз десалар, мен бундан йигирма-ўттиз йил олдин ўлиб кетган бўлар эдим. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, ўғил-қизларни уйлаб, невара-чевара кўриш насибамда бор экан. Бу ҳам бўлса Наимахоннинг шарофатидан. Уларга миннатдорлигимни етказинг”, деди.
Унинг кўзларида ёш йилтиллаб, киприги намланди.
– Нафақат мактаб йилларимизда, балки бутун умр, менга қўшиб, аёлимга ҳам “телохранител” бўлган экансиз. Сизга минг раҳмат, Наимахон. Сиздай дўстим… – у буёғига нима дейишни билмадими, ёки умуман бошқа сўз айтмоқчи эдими, англолмадим. Бироз тин олиб турди ва ердан бошини узиб, менга шундай тикилдики, яна бир дақиқа шу тахлит тикилиб турса, йиғлаб юборишим аниқ эди. Аммо Равшан томоғига бир нима тиқилган одамдай, бирдан йўталиб қолди, бироз тин олгач, сўзини келган жойидан давом эттирди. – …қадрдоним борлиги учун Яратганга умрим охиригача шукроналар айтиб яшайман.
Ичимда сўзлар бўрондек исён солар, аммо мен жим эдим. Орага тушган сукут ортида кимдир менга “Бўлди Наима, тур энди, уйингга кетадиган фурсат етди” деяётгандай эди.
– Сизга айтишим зарур бўлган гапим фақат шугина эмас. Азизахон мендан яна бир нарсани илтимос қилган эди. Неварам, ўғлим Рашидбекнинг ўғилчаси бу йил етти ёшга тўлади. Азизахон ана шу неварамизни сизга ўғил қилиб беришимизни ўғлимдан ҳам келинимиздан илтимос қилиб, мендан васиятини адо этишимни ўтиниб сўраган.
У гапираяпти-ю, чамамда менинг қулоқларим чиппа битиб қолди. Сўзларини эшитмаганимдан, кўзларимни катта-катта очиб, оғзига тикиламан. Ниҳоят миям ва қулоқларим орасида худди тўлқин тарқатаётгандай акс садо бераётган шанғиллаш тиниб, гаплари қулоғимга узуқ-юлуқ кира бошлади.
– Болалар “Ойи, хориждагидай янги удум ўрнатмоқчимисиз? Бизда бундай қилишмайди-ку” деб қанчалик қаршилик қилишмасин у айтганидан қолмай неварамизга Равшан деб исм берди. Азиза худди буни олдиндан билгандай, бизга билдирмасдан секин-секин тадорик кўрган экан, – синфдошгинамнинг сўник нигоҳи яна жонланиб, юзига табассум югурди. – Жуда одобли, зийрак бола бўлган. Яхшилаб ўйлаб, нима қарорга келсангиз бизга маълум қиларсиз. Аммо шу ерда, болаларимнинг олдида яшайсиз. Рашидбек бизга қўшни туради. Келинимиз ҳам яхши одамларнинг боласи. Азизахон, бу гапни болаларга билдирганида, сиз билан бирга яшаш фикри ўша келинимдан чиққан. У сизни уларнинг олдига кўчиб чиқишингизни интиқ бўлиб кутаяпти.
Равшан гапириб туриб бироз тин олди. Мен эса, юрагимни нимадир босиб қолгандай изиллаб йиғлаб юбордим.
– Нима бўлди Наимахон? Дилингизни оғритиб қўйдимми?
Қулоғимга унинг ҳув мактаб вақтларидаги ўктам овози келгандай бўлди.
– Агар гапим сизга маъқул келмаган бўлса…
Қани шу пайтда ер ёрилса-ю, шаппа мени ютиб юборса.
– Йўқ, йўқ. Асло ундай эмас, дедим уятдан нигоҳимни ердан узолмай. – Азизахоннинг бағрикенг аёллиги кўнглимни бўшатиб юборди. У кишини фақат бир мартагина кўрганман. Улар мени… шунчалик ўзларига яқин олади деб ким ўйлабди дейсиз. Аммо мен бундай илтифотга лойиқ эмасман. Гўринг нурга тўлгур Азизахондан бениҳоя миннатдорман. Энди мен борай, тузалиб кетинг.
Агар яна сўзимни давом эттирадиган бўлсам, улар олдидаги юзи шувутлигимдан синфдошим бохабар бўлиши тайин эди. Аста ўрнимдан туриб эшик томон юра бошладим. Шунда эшик очилиб, хонага бир йигит ва келинчак “Ассалому алайкум,” деб кириб келишди. Келган йигит худди ёшликдаги Равшаннинг қуйиб қўйгандай ўзгинаси эди. Мен сўрашишга ҳам ботинмай йигитга тикилиб тураверибман.
– Наимахон, булар ҳозир мен сизга айтган ўғлим ва келиним. – Синфдошимнинг овози мени ўзимга келтирди, у болаларига юзланиб сўради: – Равшанбек қани?
Келини:
– Вой, дадажон, ҳозир шу ерда эди, – деб югуриб ташқарига чиқиб кетди.
Бироздан кейин ёқимтойгина болани етаклаб кирди. Унинг кулиб туришларидан бу синфдошимнинг ва гўринг нурга тўлгур Азизахоннинг невараси, жажжи Равшанбек эканини ботинан илғаб турардим.

11

Ўша кундан ҳеч қанча вақт ўтмай Равшан ҳам бу оламни тарк этиб кетди. Энди мен чиндан ёлғизланиб қолган эдим. Равшан билан фоний дунёдаги охирги учрашувимиздан сўнг тушимга тез-тез Азизахон кириб, чиқадиган бўлди.
…Қачон қарама, қўлида бир бош чиллаки узум. “Опажон, узумдан тотининг, буни сизга деб атайлаб олиб чиққанман,” деяверади. Мен эса, мен бадбахтни кечиринг, сингил, деб йиғлаганим-йиғлаган. Тонгда ёстиғим жиққа ҳўл бўлиб уйғонаман.
Бу дунёга келган бор умид, истакли одам, кимнингдир корига ярасам, Оллоҳ берган умрни яхшилик ила безасам дейди. Мен-чи, мен нима қилдим? Етиша олмаган севгим аламини бир бегуноҳдан олдим. Унинг вужудини касаллик бемалол емиришига имкон яратдим. Ҳалиям у бечоранинг бахтига Яратган ва яқинлари, фарзандлари бор экан. Шуларнинг яхши-ёмон кунларида бирга бўлиш илинжи билан яшаб, касални енгишга ўзида куч топа билган. Хаста вужудининг ташвиши етмагандай, менинг ҳолимдан ташвишланиб, бутун оилани етти ёт бегонага, яна душманига неварасини фарзандликка беришга кўндирибди. Нега мендайларни ер кўтариб турибди?!
Уч кун бўлди лоҳасман, вужудим қақшайди. Мазам қочган кундан бошлаб, тушимда Равшан ва Азизахон билан андармонман. Айниқса, Азизахон хафаланиб, “Нега неварамиз билан яшашдан бош тортдингиз? Улар иссиқ-совуғингиздан хабар олиб туришарди-ку?” деб, ҳоли-жонимга қўймаяпти. “Сизга айтадиган гапим бор, оз қолди, тез орада учрашамиз” деганмишман.
Вужудим гоҳ исиб, гоҳ совиб кетгандай, кўзимни уйқу элитаверади… Тушиммикан болалигимдан катта бўлган қадрдон уйим олдидаги ўша катта тут тагида, супа олдида турган эмишман. Супада эса бир кампир гарчи ёнида ҳеч ким бўлмаса-да, ўзича бир нималар деб гапириб ўтирарди…
Ғира-шира тепамга синглимнинг келини келганини, устимга кўрпани тортганини кўрдим. Суягим қарсиллаб кетгандек, танамга оғриқ югурди. Одам тушида оғриқ сезганини эшитмаган эканман, ёки ўнгиммикан? Узоқдан келаётган қироатли сас вужудимга роҳат тарайди.
…Тавба, бир зумда кўзим олди равшанлашиб, супадаги кампирга йиттилаб қарадим. Астағфируллоҳ! Худди ўзим-а! Шу пайт кампир менга еб қўйгудек тикилиб деди:
– Нимага ҳайрон бўласан? Сени соғиниб келдим. Тикилиб турмасдан келиб ёнимга ўтир.
Ўзим англамаган ҳолда унинг сўзларига бўйсуниб, супа четига омонат чўкдим.
– Ўрнашиброқ ўтирсанг-чи, ахир бу ер сенинг ҳам севимли жойинг эмасмиди?
У буни қаердан биларкан, момонинг юзига саволомуз тикиламан.
– Ҳа! Сен севиб қолган ўша йигитни, мен бир умр унута олмадим. Уни юрагимдан чиқариб ташлай олмадим.
Унинг гапидан хафа бўлиш ўрнига “пиқ” этиб кулиб юбордим. Менинг кулганимни кўрган момо ҳам жилмайиб, сўзида давом этди. – Нега куласан шайтон қиз? Бу бир шарти кетиб, парти қолган кампир бўлса, бунга бундай гапларни ким қўйибди деб ўйлаяпсан-а? Боя менга тикилганингда, мени ўзинг эканимни таниган эдинг, шундайми? Буни танамиздаги руҳ англатади. Фарқимиз шуки, сен навқирон, гўзал, айни муҳаббат ёшидаги Наимасан…
У бироз тин олиб, билинар-билинмас “уҳ” тортди:
– Бу ерга уни соғиниб, ўтган ўша кунларни сўнгги бор эслагани келдим. Сен ишқида ўт бўлиб ёнаётган, ҳар куни йўлига минг бор интиқ бўлиб кутадиган Равшаним билан хаёлан бир зумга бўлса-да, суҳбат қургани келдим.
– Нималар деяпсиз? – дедим ажабланиб. – Ахир сизнинг ёшингизда… муҳаббат ҳақида гапириш?..
– Бу сенинг айбинг. Ҳа-ҳа, сенинг айбинг! Менга бундай ёмон қарама. Сен уни шунчалик қаттиқ севган экансанки, хоҳласам-да, уни юрагимдан чиқариб ташлай олмадим.
Шу сўзни айтаётиб момо аянчли овоз билан йиғлай бошлади.
Супа устидаги момо томонга сурилиб, унга тасалли бермоқчи бўлдим. Аммо ҳарчанд қўлларимни чўзмайин, қўлларим унга етай демасди…
– Эсингдами, бир кун Равшан бир ривоят айтиб берган эди, – давом этди кампир. – Эмишки, Яратган ер юзидаги бори жонзотни йиғиб, уларга қирқ ёшдан умр берган. Бироз вақт ўтиб, жами махлуқот яна Яратганнинг олдига жам бўлишибди. Кимдир раҳмат айтган, яна қайси бири норозилигини билдирибди. Шунда от: “Эй Яратган, менга қирқ йиллик умр кўплик қилар экан. Мен қариб қолдим, аммо шунга қарамай одамзод мени ишлатишдан тўхтамаяпти. Қуруқ устихоним билан мен унинг ишларига ярамайман. Берган ёшингнинг ярмини ол, ўтинаман”, – дебди. Шу пайт одам қўлини кўтариб, сўз сўрабди: “Эй, Оллоҳ шу отдан қирқадиган умрингни менга қўшиб берсанг, қирқ ёш менга камлик қилади”. Оллоҳ рози бўлибди. Шу пайт ит ҳам тилга кирибди: “Менга ҳам қирқ ёш кўплик қилаяпти. Мендан ҳам ярмини ол”. Яна одам қўл кўтариб: “Итдан қирқадиган умрингниям менга қўшиб беравер, карамингни аяма, Парвардигор”, дебди. Оллоҳ бандасининг илтижосини қабул қилибди. Қирқ йил ўзига ато этилган умр, йигирма йили отдан, яна йигирма йили итдан олиб берилган экан. Демак, инсон олтмишгача ҳар қандай меҳнатдан қайтмайди. Саксонга чиққан одамдан ёш сўралса, аксарият, буни икки қирқ деб қўя қолади. Яъни, саксон – “Сак” (ит), “сон” (саноқ), ит саноғида умр кечирар экан. Майли, буям бир ривоят, лекин саксонга кирган одамга сира ҳавас қилмаган бўлар эдим, – деган эди у… Оҳ, мен ҳозир Равшан айтган ўша ит сонидаман. Ҳеч кимга керагим йўқ. Ортимдан қоладиган изим ҳам йўқ. Фариштадай аёлинг эзгулик, олийҳимматлилик деб ўйлаган нарсаларингиз бу менинг сенга хиёнатим эди. Шундай қилсам, сен ундан тезроқ айрилиб, ёлғиз қоласан деб ўйлабман. Аммо Худо ҳам яхши бандаларини тириклигида мукофотлар экан. Азизахоннинг вужудидаги саратон эрта-индин вужуд эгасини еб тугатиши аён эди. Ўттиз йиллик умр эса, бу жаннатий аёл учун Оллоҳнинг илоҳий инъоми бўлса ажаб эмас. У дунёдаги жаннат, дўзах деган гаплар ростлигига тўғриси энди ишонгим келмайди. Чунки гуноҳли-ю, гуноҳсиз бандаси бу дунёда қилган амалларининг ажру савобига фақат шу дунёда жавоб бериб, кейин унинг ҳузурига борар экан. Равшаннинг гапида жон бор. Саксонга кирган одамга ҳавас қилиб бўлмайди…
Бир пайт қарасам, момо ўтирган жойида йўқ. Узоқдан қаттиқ шовқин эшитилди. Ўша томонга қараб чопдим. Йўл бўйида бир тўп одамлар йиғилган. Каттакон, ҳайбатли бульдозер қадрдон дарахтларимни қўпориб ташламоқда. Гужумлар ҳали қўпорилганига сония ўтмаган бўлса-да, аллақачон япроқлари тўкилиб, шохлари қуриб қолган. Ерда бирон илдизи ҳам қолмаган…
Кўзимни очсам, синглим ёнимда йиғлаб ўтирибди. Унга кўзимни тикканимни кўриб, ўрнидан қўзғалди, каравот ёнига яқин келиб, юзимга меҳр билан тикилди. Туғишганимни кўриб, хурсандлигимни билдириш учун, оғриниб бўлса-да, жилмайишга уриндим.
– Нилуфар, сизлардан минг бор розиман. Сизлар ҳам рози бўлинг!
Бирдан вужудим енглайиб, болу пардай юқорилаётганимни сездим. Бўйнимдаги тавқи таъзирдан – жазо ҳалқасидан озод, ёруғлик таралиб турган томонга қараб учаяпман-у, қандайдир истак “тезроқ, тезроқ” дея мени олдинга қистайди. Бир маҳал, ёруғликнинг энг қуюқлашган жойида бир шарпа, қўл силкиб, имлаётганини илғадим. Яқин борсам, ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги Равшан жилмайиб турибди…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 4-сон