Салим Абдураҳмон. Қарз (ҳикоя)

Холмат қассоб ёлғиз одам. Том маънода ёлғиз. Ёлғиз одамлар икки тоифага бўлинади: биринчи тоифаси ёлғизланиб қолган одамлар. Улар ўта қайсар бўладилар. Одамлар уларнинг сўзини қонун ўрнида қабул қилиши керакдек гўё. Бу тўғрими ё нотўғрими, уларга фарқи йўқ. Агар ҳаммаси ўзлари айтганидай бўлмаса, тўнларини тескари кийиб оладилар. Ўзгалардан нафратланадилар. Буни бекитиб ҳам ўтирмайдилар. Таассуфки, бундай одамни ҳеч ким хушламайди. Уларнинг ёлғизлиги – заифлиги. Иккинчи тоифа одамлар эса ўзини ёлғизликда яхши ҳис қилади. Бахтли сезади. Кимнингдир қалбига озор бериб қўйса, қийналиб, кечирим сўрашга шошилади. Ниятига етмагунча кўнгли тинчимайди. Кимгадир зиёним тегмасин деб, одамлардан ўзини олиб қочади. Кўнгли танҳолик истайди. Унинг қудрати – шунда. Холмат қассоб шу тоифадаги одам эди.
У қишлоқ четидаги қаровсиз, икки том, бир даҳлизли, эски пахсали уйда яшайди. Қишлоқдаги баъзи тилига кучи етмайдиганлар наздида бу уй – «чолдевор». Аслида-ку, унинг чолдевордан ҳеч қандай фарқи йўқ. Лекин дунёда кўнгил деган нозик нарса ҳам бор-да…
Холмат қассоб яғири чиқиб кетган кўрпачада хаёлга чўмиб, ёстиққа суяниб ётарди. Тўрда эски ёғоч сандиқ, устида икки-уч кўрпа ва кўрпача. Хона ўртасида қўлбола хонтахта. Унинг остида қассоблик анжомлари сақланадиган қути. Ерга баъзи жойлари сўкилиб қолган олача тўшалган. Унинг бор дунёси — шу…
Қассоб ўрнидан тураркан, қарилик қурсин, дея ғудранди. Сандиқни очиб, тугунча олди. Авайлаб очди. Аёли Нодира янги келинлигида ўраган қизил рўмол… Болаларнинг ки¬йилмай қолган кўйлакчалари… Сарғайиб кетган сурат. Унда чиройликкина қиз кулиб қараб турарди. Ўнг ёноғида хол… Кўксидаги чирк боғлаб кетган яра қайта тирналди. Хаёл чарх¬палаги уни олис хотиралар қаърига улоқтирди…
Пахта экар, иши ўзига ёқарди. Эгатлар орасига қовун-тарвуз эксанг, саҳарда кўкча қовунни узиб, пичоқ тортсанг-у,¬ тарсиллаб ёрилиб кетса, мазза қилиб есанг… Бунга нима етсин! Хотини кетмони дастасига тушлик солинган тугунни илиб қўярди. Даладан қайтгач, сув сачратиб ювинар, хотини елкасида сочиқ, обдастада сув қуйиб турарди… Кейин… Нодира туғруқхонага етмади… Эшик рахига пешонасини қўйиб, энтикиб-энтикиб йиғлади. Бу алам, айрилиқ, армон ёшлари эди…
Шу тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Узоқ-узоқларга кетиб, бу ерларга умуман қайтмасликни истади. Кетди. Бир неча кун ўзига келолмай юрди. Ёлғизгина ҳамроҳи қўлидаги тугунча эди… Бировларнинг ишини қилиб кун кўрди, то Одил қассобга шогирд тушмагунча… Сўнгра устози унга оқ фотиҳа берди…
Суратга икки томчи ёш тўкилди. Қассоб ёшни кафти билан авайлаб сидирди. Сурат тиниқлашиб, аёлининг юзидаги кулгичлари яққол кўзга ташланди…
Одамни ҳаётда ширин хотира тутиб туради!..
Қассоб икки йил бурун бу ерларга келиб қолган. Қаерданлиги, кимлигини ҳеч ким билмайди. У ҳар ҳафта бозордан мол олиб, сўйиб сотади. Аксарият эл талашиб олади. Чунки кўп қисми қарзга тарқатилади. Одамлар маош ё нафақадан олиб келиб беришади. Бирор ҳафта семиз мол ололмай қайт¬са, хуноб бўлиб юради. Бундай пайтда тажанглашиб ҳеч кимга эътибор бермайди. Кимда қарзи бўлса, йиғишга тушади. Қассоблик овунчоғига айланиб қолган: фойда-зиёнига қизиқмайди. Қассоблик қилмасам ўлиб қоламан, дейди. Шу қишлоқдан бир йигитни шогирд қилиб олган. Шогирдининг ҳақини вақтида беради. У қассобнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туради.
Бугун ҳам мол ололмай келган, кайфияти йўқ. Суратни авайлаб рўмолга ўради. Кўйлакчаларга қўшиб, тугунга тугиб, сандиққа солди. Ташқарига чиқди. Кузнинг сўнгги кунлари. Ҳавонинг авзойи ўзгарган. Изғирин шамол. Уй олдидаги бир тупгина кекса ўрикнинг сарғайиб кетган япроқлари шитирлаб тўкилмоқда. Япроқлар ҳар томонга учар, шамол уларни тўп-тўп қилиб ҳар жой-ҳар жойга уйиб ташлаган… Кўчада совуқ танадан ўта бошлади. Қайтиб кириб, чопонини кийиб чиқишни истамади. Бирор ёққа кетаётганда нимадир эсидан чиққани хаёлига келса, ортига қайтмайди. Қайтсам ишим юришмайди, деб ўйлайди. Иримчи одам…
Қўлида ўзи билан олиб юрадиган заранг таёқ, яктакчан бўлиб Баротбойникига жўнади. Баротбой қирқдан ошган, басавлат, юзлари лўппи киши, маҳалланинг олди… Қачон кўрма, гердайиб, қўлларини орқасига қайириб юради. Ўзидан сал паст келадиган одамга бурнининг учида қарайди. Дунёси қанча кўп бўлса-да, барча қиладиган харажатларини тийинигача ҳисоблайди. Отаси Эгамбойдан шундай тарбия олган. Бировга унча-мунчага қарз бермайди. Берсаям қайтариб олмагунча кўнгли тинчимайди. Ўзи бировлардан қарз бўлса, у одамнинг қатнайвериб кавуши ейилиб кетади… У билан бутун қишлоқ ҳайиқиб муомала қилади, лекин орқаваротдан «Барот қурумсоқ» дейди…
Икки марта қарзга гўшт олган: бир сафар беш кило, иккинчи сафар меҳмон келиб қолди деб, ўн беш кило. Бир ойдан ошаяптики, пулини берай демайди. Бир-икки сафар кўчада кўриб қолиб, сўрай деди-ю, ботина олмади. Салобати босдими? Билмади… Оёқлари унинг уйига судради…
Дарвозани тақиллатди. Жавоб бўлавермагач, таёғи билан гурсиллатиб урди. Тўсатдан дарвозанинг кичикроқ тавақаси тарақлаб очилиб, эшикда юзларидан қон томган, жаҳли бурнининг учида Баротбой кўринди. У ҳушсиз эди. Салом-алик йўқ. Бирдан:
— Хўш, хизмат? — деди.
Қассоб дудуқланди. Айтар сўзи бўғзидан базўр тилига кўчди:
— Қарз…
Овозини ўзи ҳам эшитмади…
— А-а-а?!
— Қарз деяпман.
— Қарз… Сенинг ҳеч ташвишинг битадими? — сенсирай кетди у. — Кунора югуриб келасан, гўрга кирганингда ҳам қарз, қарз деб, тинч ётолмасанг керак. Оласан ўша пулингни. Етмай қолади дейдиган ортингда бирор тирноғинг бўлсаки…
Ушлади. Жон жойидан ушлади. Узиб ҳам олди. Қассоб довдиради. Тили калимага келмади. Қулоқлари шанғиллади. Нима деярини билмади. Тезроқ бу ердан кетгиси, ёлғиз қолгиси келди. Кетиш олдидан баттар алам қилди. Нималардир демоқчи бўлди. Аччиқ-аччиқ гаплар айтгиси келди. Шу пайт Баротбойнинг уйи томон келаётган кампирга кўзи тушди… Кўзлар бир муддат тўқнашди. Баротбойни тарбия қилган онаси. Маҳаллада бообрў аёл. Тўю маъракаларда бош-қош. Эсиз… Ўғлига яхши тарбия бера олмабди… Юрак уриши тезлашди. Ортига қайт¬ди. Қалбининг туб-тубида ғалаён уйғонди. Ўз ҳақингни талаб қилиб ололмасанг. Бунинг устига, ҳақорат қилишса… Қандай чидаш мумкин… Юраги қинидан чиққудай урар, бошида оғриқ турган, лаблари нимадир деб пичирлаб, ақли ҳеч нарсани идрок этолмас, мажолсиз қадам ташлар, боши бир томонга оғиб қолганди…
Чолдеворига яқинлашаётганини илғади. Шу томонга талпинди. Судралиб етиб келди. Етди-ю… Таёғига суянмоқчи бўлди. Гавдасини кўтаришга қўлларининг кучи етмади. Юрагини чангаллаганча гурсиллаб йиқилди. Кўз олди қоронғилашиб, дунё чирпирак бўлиб айлана бошлади. Тугунчада овқат олиб келган йигит уни шу ҳолатда кўрди…
Баротбой вазмин қадам ташлаб чорпояга, онаси ёнига келди. Онасининг кўзларидан шашқатор ёш оқар эди. Бирдан юмшаб деди:
— Сизга нима бўлди, она?
— …
— Она?
— Ҳеч.
— Гапирмайсизми?
— Хато иш қилдинг, ўғлим.
— Қассобми?.. Жаҳл устида…
— Қарзингни узишинг керак-ку, ахир.
— Албатта, узаман. Арзимаган пул-ку!
— Фақат пулмас…
— Тушунмадим?
— Сен у одамдан кўп қарздорсан.
— Нималар деяпсиз?!
— Ҳа…
Баротбой бетоқатланди.
— Она… қўпол гапирганимга айтаяпсизми?
— Уям, бошқаям. Сен унинг олдида бир умр қарздор бўлиб қолдинг.
— Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Майли, сизни ҳам қийнамайин. Кейин гаплашармиз. Арзимаган нарсага кўзёш қилаверасиз-да, она.
Баротбой уй томон йўналди. Орқадан онасининг заиф овози эшитилди:
— Кўнгли ярим одамнинг дилини оғритдинг. Кечирим сўрашинг керак. Лекин синган кўзани минг чегалаган билан… Бу катта юк. Ўзинг ўз қилмишинг билан бўйнинг¬га илган қарз. Бу қарздан қутулиш учун баъзан бир умр¬лик ҳаётинг камлик қилади. Тиғ яраси битади, дил яраси битмайди, болам.
Шу вақт мактабда ўқийдиган кенжа ўғли шошиб кириб келди:
– Дада, буви, Холмат қассоб ўлиб қопти!
Баротбой супага ўтириб қолди…
Изғирин совуқ авжига чиқди. Fира-шира туман тушган. Осмонни бир текисда булут қоплаб олган, қарғалар галаси «қағ-қағ»лаганча ҳар томонга ўйнаб, парвоз қиларди. Уй олдидаги олма шохидан сарғайиб кетган япроқ чирт этиб узилиб, оҳиста тебранганча ерга тушди. Аста-секин қор учқунлаб, шу заҳоти лайлакқорга айланди. Япроқ қор остида қолиб кетди…