Ўринбой Усмон. Чойхонадаги бола (ҳикоя)

Чойхонада нима боракан-а, бу одамларга? Уйингда оёғингни узатиб, телевизорга тикилиб ётмайсанми? Убайнинг дадасидек «Ҳўй, хотин, чой опке, аччиқроқ дамласанг, асаканг кетадими!.. Ҳўй, ҳаммасини қулоғингга чертиб туришим шартми, бирваракай новвот опкесанг ўласанми!», дея қўшёстиққа ёнбошлаб ётмайсанми нақ Худоёрхоннинг ўзидек. Уларни қара, уйи куйгандек узун-қисқа бўп келишини. Шулар чойхонага чиқишмаганда дадам бемалол даволаниб келардилар. Э, ўзлариям бўшанглар-да, касал бўлгандан кейин биров у кишини зўрлаб, ортмоқлаб опкелармиди. Инқиллаб зўрға юриптилар-у, касалхонага ётиш ўрнига, йўғ-а, ақалли, уйда пича чўзилмасдан чойхонага бориш зарил деб туриб олдилар. Ойим айтмоқчи, жонларининг ҳузурини билмайдилар-да. «Нафақангиз етмаяптими, йўқ, кошки, эрта-ю кеч куймаланганингиз эвазига тўрт танга топиб келаётган бўлсангиз. Бормасам бўлмайди, сен тушунмайсан, чойхона бўлмаса одамлар тўзиб кетади, дейсиз-а. Нима, улар ини бузилган қушми, тўзиса? Ҳаммасининг уй-жойи бор, ўтирсин, болаларининг олдида. Ё бари сизга ўхшаб уйдан безганларми? Вой, сени гапинг — мени тупугимми-я, ҳали! Мен бу кишининг фойдасини кўзлаб жағимни оғритяпман-у, ҳеч нарсани эшитмаганга олиб чойхонага отланяптилар. Э, менга нима, оғрийдиган сизнинг жонингиз. Ҳа, балки, ўша чойхўрларингиз тузатиб қўйишар. Ҳў, Собир, сен қаёққа? Бормайсан. Чойхонадаги оғзидан боди кириб, шоди чиқадиганлар айнитворади сени!» Отам менга қарадилар: «Бормасак бўлмайди, ўғлим!» Кўзларидан шу гапни уқиб уларга эргашдим. Ойим бечора ортимиздан жавраганча қолаверди.

Ана, мени айнитадиган, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиганлар тўртта-бештадан бўлиб давра қурволишган. Шахмат ўйнашаётган битта сўрида ўнтачаям одам бор-ов. Ўйнаётган иккита-ю, томошабин, ўргатувчилар нечта. Энг чеккадаги сўрида ёлғиз бир киши хаёл суриб ўтирибди.

— Собир, бир бу ёққа кир!

Дадам чақириб қолдилар-ку. Бирон ерлари оғридими яна. Чойхонада кафтдеккина алоҳида хонача бор. Ҳали бирга келганимиздан сўнг дадам чой қайнатишни, дамлашни роса эзиб тушунтирдилар-у, толиқиб қолдилар шекилли, ўша хонага кириб чўзилдилар.

— Ҳа, келдингми, ўғлим? Ҳаммага чой дамлаб бердингми? Баракалла, чойларидан хабардор бўлиб тур-да. Кўмир ўчиб қолмасин. Сувга қараб тургин.

Э, бунча мана шу уйидан безганлар учун куйиб-пишавермасалар? Чойхонага кептими, бир пиёла чойини ичиб кетади-да.

— Дада, сиз хотиржам ётаверинг, айтганингиздай қиламан.

Самоварнинг сувига, кўмирига қараб қўйдим-да, одамларни бир бошдан кузатишга тушдим. Қани, касал бўлса-да, дадамни ҳолжонларига қўймай чойхонага чиқишга мажбур этганлар қанақа одамлар экан? «Ха-хаха-ха» — анови тўртовлон бунча кулишмаса. Бири нимадир дея гапини тугатмасиданоқ «ва-ха-ха»лайди, қолганлари гурра кулги кўтаради. Кап-катта одамларнинг бўлар-бўлмасга кулавериши… Чойхонага басмабасига кулиш учун келганми булар?

— Э, секинроқ кулсангларчи, биқинларинг тешилиб қолмасин, — шахмат ўйнаётган киши жаҳли чиқиб ғудранади.

— Ҳа, ака, ҳолингиз танг бўпқолдими, дейман. Куёвнинг ўчини ўғилдан олманг…

Гап тугамасидан қаҳқаҳа янграйди. Шахматчи бош чайқайди-ю, лекин аламига чидаёлмайди, шекилли, яна орқага ўгирилади.

— Нима? Акангизнинг икки дунёда ҳоли танг бўлмаган ва бўлмагай ҳам. Сизларнинг гапларингиздан Деҳқон акам қизариб кетдилар. Ие-ие, шуям юришми? Қайтиб олмайсизми, мабодо? Сўраганнинг айби йўқ: илгариям ўйнаганмисиз?

Бир чеккадаги ёлғиз киши қўлида пиёлани айлантирганча ўйланиб ўтирибди. Бу одамни танийман, биздан бир синф кейин — олтинчида ўқийдиган Азлар деган боланинг бобоси. Аскиячилардан бирининг кўзи унга тушди. Шунча қизиқ гаплар айтишса ҳам тишининг оқини кўрсатмаётгани алам қилди шекилли, йўғ-ей, шекиллиси нимаси, аниқ алам қилди, уни яниб олди: «Баъзиларга ҳайронман, оғайничалишлар, гўё бутун дунё ғами елкасидан босгандай манглай тириштиргани-тириштирган, на чақ-чаққа қўшилади, на кулгига. Уйланиш бўлса, уйингда ўйланавер, чойхонага чиқиб мум тишлаб ўтиргунча!..

Азларнинг бобоси эшитмаганга олдими, пинак бузмай ўтираверди. Нега ғамгин кўринади-я, бу одам? Ё дадамга ўхшаб бирон ери оғрияптими? Битта қайноқ чой дамладим-да, унга элтиб бердим. «Э, бекор овора бўпсизда, ўғил, чой бориди-ку». «Буниси совиб қопти, қайноғидан ичинг».

— Ҳўв, бола, бизгаям битта дамлаб кел! Аччиқ бўлсин, яна тежайман деб… — аскиячи ўзича ёйилиб кулди.

Тиржайган башарасига қарамай самовор томон ўтдим. Кампиракни олдим-да, ўтхонага тутдим. Кулгидан тўхтаган аскиячи қопқоқни чойнакка урарди. «Ҳўв, бола, чой опкесангчи, чойхоначи ака, қайдасиз, бу ўғлингиззи кети ёпишиб қолганми?» У қойил қилдимми, дегандай улфатларига ўгирилади-ю, оғзининг таноби қочади. Бўлар-бўлмасга кулаверишаркан-да. Гуриллаб кулишларини!

Сенга чой обориб бўпман. Ҳали биз ҳаромхўр бўлдикми? Ана, ўқлоғидай қип ёзиб қўйилган: «Ўз-ўзига хизмат». Ё нечанчи синфни битиргансиз, деб сўраб кўрайми? Ке, кўнгли оғриб юрмасин. Минг қилсаям, ёши катта. Лекин туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзар экан. Кулавериб томоғи қақраган бўлса, чойнагини кўтариб келсин.

— Ҳўв, бола, қулоғингга гап кирмас эканда, чой опке, деб неча марта айтиш керак. Ўзи, шу чойхоначининг ўғлимисан?

Бунча бақирмаса? Дадам эшитиб қолмасалар. «Собир!» Ие, ана, эшитдиларов. Ҳозир киришим билан койийдилар: «Сенга нима девдим, катталарнинг гапига «Хўп» дейишни ўргатмовдимми? Бор, дарров чой элтиб бер!» Кейин нима қиламан? Майли, оборсам-оборарман, лекин олдига дўқиллатиб қўяман. Ичимда, ол, заҳрингга ич, дейман.

— Собиржон, ўғлим, бир пиёла чой опке, дори ичволай, совуқсираб кетяпман.

Аввалига хурсанд бўлдим. Бироқ дадамнинг авзойиларини кўриб қўрқиб кетдим. Рангларида ранг қолмаган, елкалари титрарди. Чой обориб бўпман ҳалигиларга. Шуларни деб дадам бечора шу кўйга тушдилар. Битта иссиқ чой дамлаб кирдим-да, пиёлага қуйиб узатдим. Дадам пиёлани қўлларига олиб тикилиб қолдилар.

— Дада, дори ичмоқчийдингиз?

— А? Ҳозир, чой сал совисин. Собир, биронтаси мени сўраса, касаллигимни айтма, дам оляптилар, дегин.

— Майли-ю, дада, шу аҳволда ётаверасизми? Дўхтир чақирайми?

— Йўқ, тузук бўп қолдим анча. Бор, сен чойхўрларга қара.

Бунча бошқаларни ўйламасалар, дадам? Улар-чи? Чойхоначи иситмада ёниб ётадими, совуқсираб титрайдими, ишлари йўқ. Уларга қайноққина аччиқ чой бўлса бўлгани. Ана, ҳаммаси парвойи палак ўтирибди. Шахматчилар тахта устига мук тушишган, кулгига ўчлар ҳамон чойхонани бошига кўтармоқда, Азларнинг бобоси ўйланиб ўтирибди.

— Тоживой, ҳозирги зумрашалар роса беқулоқ бўпкетганми? Шунча одамни оғзингга қаратяпсан-у, битта болакайнинг бир чойнак чойига зор ўтирибсан-а! Айтганингдек, у ўзимиззи чойхоначининг ўғлимикан? Отаси қандай одамохун, хизматни қойиллатади. Бу бола бўлса, одамни тариқча писанд қилмайди-я.— Аскиячилардан бирининг менга кўзи тушиши билан ҳеч кимга гап бермаётган ҳалиги улфатини чақиб олди.

— Ўзи чойхоначи акам чарчаб қоптилар. Энди чойхонани биронта ёшроғига топшириб, анови чолларнинг қаторига қўшилсалар бўларди. Лекин пули ширинда. Бўлмаса, нафақалари катта деб эшитаман. Ё, озроқ пул оборсалар, янгамдан нақ балога қоладиларми,— Тоживой «ха-ха»лади, улфатлари қўшилишди.

Ана, дадажон, сиз нима ўйдасиз-у, булар нима хаёлда? Ҳозир бориб дўхтир чақираман-у, чойхонани ёпиб кетамиз.

— Ҳой, Тоживой, оғзим бор дея ҳар нарсани алжийверасанми? Ҳе, ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир-да,— шахмат томоша қилаётган қўшнимиз Қосим ака дадамла айтгандай йўргагида кулги текканларга ўгирилди. — Ўзинг, Ҳотам акага нима қилди, асти қизиқдингми?

— Э, бу шунчаки ҳазил-да, Қосим ака, нега жиғибийронингиз чиқади? Чойхоначи сизга почча бўлмайди-ку, чоғи? Ё қўшнингизни гапирсак, сизга тегиб кетадими? Билмапмиз, узр…

Қосим ака қўл силтаб, шахматга ўгирилди. Энди нариги сўрида ўтирган чоллар аралашишди. Тоживой нимадир демоқчи бўлди-ю, бошқаларнинг ҳам норози қараб турганлигини кўриб лаб тишлади.

Эшик очилиб, югурган чоғи, тили осилиб, ҳансираб турган бир бола кириб келди. У бир зум жойида тўхтаб қолди-ю, тўғри шахматчилар томон юрди. Ҳалиги «икки дунёда ҳам ҳоли танг бўлмайдиган» шахматчининг ёнига тиззалаб, қулоғига пичирлади.

— Ҳм, кишт дедингизми, ака, ҳали… ҳали… Жиян, сен боравер, ҳозир орқангдан етиб бораман.

— Дадам, бирга келинглар, дедила…

— Боравер, дедим-ку, сендан олдин борсам бўлдими?.. Ҳали мени мот қилмоқчимисиз? Сиз-а? Осмон узилиб ерга ёпишиб қолмасин яна?

— Акангизнинг тоблари қочиб қоптими? Йўқлатган бўлсалар, борсангиз яхшийди. Туппа-тузук юрувдилар-ку!

— Э, Деҳқон ака, шунга доғман-да. Ҳозир туппа-тузук юрганлар ҳам… Кишт, сизга!.. Бошлиқлари билан жанжаллашибдилар. Бир бегона болага тарафкашлик қиптилар. Жимгина араваларини судраб юраверсалар бўлмасмиди. Икки ойдан кейин нафақага чиқадиган одам энди бошқа иш излайдилар. Э, баъзи одамларнинг соқоли оқарса ҳам, ақли олалигича қоларкан-да. Оббо, ака-ей, шунгаям йўл топдингизми? Жиян қаёқдан келди, хаёлниям бузворди.

— Қодир аканинг идорасига янги бошлиқ келган дейишадими? Ўша идорада акангиздай ишлайдиган одам бўлса, иккита бордир, бўлмаса битта ўзлари. Бошлиқ янгилик қиптида, бўлмаса, шундай ходимнинг қадрига етган бўларди. Бунақа одамлар кўчада тушиб ётгани йўқ. Дурангга розимисиз? Акангиз кутиб қолмасинлар, Қаюмжон, интизорлик ёмон.

— Ўйнасангизчи, акамни аралаштириб нима қиласиз? Ҳар ким ўзи пиширган ошни ўзи ичади. Баҳона қилмасдан, билмайман, денг-қўйингда.

— Ўғлим, отангиз кўринмайдилар, кеча тоблари сал йўқроқ эди, чоғи, тузукмилар?

Рўпарамга Азларнинг бобоси келиб қолганини сезмапман. Қарашлари худди Азларникига ўхшаркан… Сенга бундай қараб туришса, тўғрисини айтмасдан илож йўқ.

— Мазалари қочган. Даволанишга кўнмай, чойхонага келавердилар. Ҳозир яна совуқсираяпман деб қолдилар. Дори ичволдила…

Азларнинг бобоси ташвишланиб қолди. «Мен бир кўриб чиқай», деди-ю, дадам ётган хонага кирди. Қия қолган эшикдан унинг овози эшитилди.

— Ие-ие, Ҳотамжон, кўрпа-тўшак қилвопсизми? Қимирламанг. Боядан бери ўрнингизда ўғлингиз пайдо бўп қолганига ўйланиб ўтирибман, денг. Нима қилди?

— Шу… э, ишқилиб, бурга тепди-да. Ўғил қалай, хизмат қиляптими? Одамлар ранжиб қолишмаяптими?

Юрагим орқага тортиб кетди. Ҳозир ҳалиги Тоживой деганига чой обормаганимни айтса-я… Айтса-айтаверсин, дадам уришсаям, барибир обормайман, дейман. Обормийман!

— Ўғлингиз зўр одам бўлади… Ҳа, қўл-оёғи чаққонгина, зийрак бола экан… Шу десангиз, ўтиравериб зерикиб кетдим. Бугун негадир Толиб ака чиқмадилар. Бошқалар билан ҳеч гапим қовушмайди, денг. Ўзи дардимни бир у кишига айтсам, бир сизга айтаман.

— Зайнака, ишқилиб, уй ичлар тинчми? Катта ўғил инсофга кеп қолдими?

Катта ўғли Азларнинг дадаси эмасми? Нима, унинг инсофи йўғаканми?

Хона эшиги ёпилиб, хаёлимни бузди. Билиб турибман, гапимизни эшитмасин, деб ёпволишди. Бу катталар ҳеч бизга ишонишмас экан-да. Нима, мен уларнинг сирларини эшитволиб, оламга ёярмидим? Ўрни келса, ўзлари бу бола, ҳеч нарсани билмайди, деб алдаб кетишади-ю…

И-и, ана, эшик очилиб қолди-ку. Ичкаридан чеҳраси анча очилган Азларнинг бобоси, орқасидан дадам чиқишди. Уларни кўриб чойхонадагиларнинг кўпчилиги қўзғалди. Дадамла бирма-бир ҳол-аҳвол сўраб шахматчиларнинг сўрисига бориб ўтирдилар.

— Қосимжон, ҳалиям сизга навбат тегмадими?

— Қаёқда, биз бир томошабинмиз. Мана, Деҳқон акам билан Қаюмжон суришиб ётишибди.

— Қаюмжон, зўрсиз-ку!.. Акангиз чойхонага чиқмай қўйдилар. Тузукмилар?

— Э, у кишига жин урмайди. Ёшлар билан олишяптилар-у… Деҳқон ака мунча ўйланасиз, худди мол-дунё ютқизаётганга ўхшайсиз-а.

— Акалари… Ҳм… акалари… Ука, дурангга рози бўлмаяпсан, шу ўйин сеники десам, хурсандмисан. Бор энди, акангдан хабар ол.

— Э, ўйнасангизчи, мен ҳимматга муҳтож эмасман. Билсангиз, билмадим, денг-у, менга бошқа рўпара бўлманг.

— Ҳотам ака, биз томонга ҳам ўтинг, шахматчилар ёнида тилласи бораканми, — ҳалиги Тоживой деганнинг улфатларидан бири дадамни чақириб қолди.— Юқорироқ ўтиринг, ака, ўзингиз тузукмисиз? Кўринмаганингизга хавотир олаётгандик. Ҳа, тузук бўлсангиз, энди биззи арз-додни эшитинг, — оббо, ҳозир бошлайди-ку. Ҳаммасини айтиб берса-я. Дадам яна диққат бўладилар-да. — Ака, манови улфатимиз ўғилчалик бўлди. Шунга чойхонадагиларга бир чимдим ош қиберсам, деб ният қилган экан. Шу нияти ерда қолмасин дегандик. Бирон кунни белгиласак, қалай бўларкин?

Э, гап бутунлай бошқа ёқда экан-у юрагимни ҳовучлаб ўтирибман-а. Ҳалиги Тоживой дегани кетди-ку, энди чой оборсам бўлади.

— Ҳар ким ҳам ниятига етсин. Майли, кенгашиб, маълум кунни айтамиз. Бу, укалар, ораларингда бир қизиқчи бола бориди, Тоживой деган, кўринмайдими?

— У… Бир зарил иши чиқиб қолди. Ҳозиргина кетди.

— Оббо, катталар-ей, биззи ёлғон гапирма дейишади-ю, ўзлари кўзингга қараб алдайверишади-я…

— Зўр, яшанг, Деҳқон ака, бунақаси жаҳон чемпионининг калласига ҳам келмайди.

Шахматчилар ўтирган сўрида ғовур кўтарилди.

— Э, ютуқ ҳам кўнглингга зиғирдек урар экан. Бирпасгина дам олиш ҳам керак-да. Сочлари оқарганда бир ютсалар — ютибдилар, Деҳқон акам. Шуям — тасодиф.

Ғалати одам экан-у, ютқизса ҳам ҳеч кимга гап бермайди-я. Худди биззи Убайдек. Кураш тушганда йиқилиб қолса борми, ўзим жўрттага йиқилдим, йўғасам, мен билан кураш тушмай қоласанлар, дейди.

Дадам яна шахматчилар тарафга ўтдилар. Чеккага чиқиб қолган шахматчи ёнига ўтириб, унга бир пиёла чой узатдилар. У чойни симирди-ю, пиёлани чертди.

— Қаюмжон, бир акангиззи олдига бориб келмаймизми? Анчадан бери кўрмагандим, шу баҳона бир дийдорлашардик.

— Ҳотам ака, ўсмоқчилаб нима қиласиз. Менам Тоживойга ўхшаб кетсам ҳисобми? «Аканг-аканг»лаб бошимни қотирвордиларинг-ку! Ҳамманинг гўри бошқа. Қариганда ҳар банда ўйлаб иш тутсин.

Дадам чойнакни унинг олдига индамай суриб қўйиб, чоллар ёнига бориб ўтирдилар. Қовоғи осилиб кетган мағлуб шахматчи босиб-босиб чой ичди-да, шахмат тахтасига яқин сурилди. Деҳқон акага қарши ўйнаётган йигитга ўргата бошлади: «Тўрани юрсангчи, кўзингга қара, пиёдадан ажраласан…»

Кўзимга хунук кўриниб кетди бу одам. Ҳалиги Тоживойдан ҳам хунукроқ. У ёқда акаси касал бўлиб, интиқ бўлиб, йўл пойлаб ётса-ю, бу бемалол «уни юр, буни юр»лаб ўтирса! Бирда футбол ўйнаётганимизда Убайнинг укаси Сайди йиқилиб тушди. У «вой-вой»лаб ётибди-ю, Убай коптокнинг ортидан қолмади. Шунда шарт ўйинни тўхтатдигу; Сайдини кўтариб уйига обориб қўйдик. Шу-шу Убайни ўйинга қўшмаймиз. Катталар бўлса… Бемалол гаплашиб ўтиришибди. Ҳозир уни чойхонадан чиқарворишса, иккинчи бундай қилмаган бўларди.

Шахматчилар даврасида ўтирган қўшнимиз Қосим ака ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа аланглади. Кейин тўғри дадам ўтирган чоллар сўриси томон юрди. Нималарнидир пичирлади. Чоллар бошини сарак-сарак қилиб қўзғалишди. Дадам олдимга келиб аста сўзладилар: «Собир, чойга қараб тур. Биз дарров қайтамиз». Қаёққа бормоқчилар, тағин, касал одам… Шу пайт эшик очилиб, ичкарига кўзлари қизарган бир киши кирди-ю, ўйим ўй, хаёлим хаёлда қолди.

— Ассалому алайкум, азизлар… Қодиржон, менинг жияним, бандаликни бажо келтирди… — деди у киши.

Чойхона сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди ва бирдан Қаюмжон сапчиб ўрнидан турди. Жой-жойида тек қотиб турган-ўтирганлар Қаюмжонга эмас, у туртиб юборган — шарақлаб сочилган доналарга қараб қолишди…

«Ёш куч» журнали, 1988 йил, 1-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!