Мурод Мансур. Жудолик диёри (3-китоб)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

… Сен ватан соғинчи нима билмассан ҳам, Чаман! Ватан соғинчини ватандан ҳижрат этганлардан сўра! У соғинч ўртаб келганда ҳамма нарса бир томон, ватан ҳам бир томон бўлиб қолувини, унинг ҳаволаридан бир бора нафас олмоқ, сувидан бир қултумгина ичмоқ жаҳондаги жамики нарсалардан азизроқ бўлиб кўринувини сен қайдан билардинг, дўстим?!
Майли, элим мени қувғинди деб атасин, халқим сиғинди деб билсин, мен ўзимни улар билан эту тирноқдек деб биларман!

СУЛТОНМУРОД
(«Сарҳад ошган мактублари»дан)

Муқаддима

«ИБРОҲИМ МАҚОМИ»ДАГИ ВАТАНЖУДО…

Сиз дарсхонамда ҳеч бўлмагансиз. Ўзим ҳам у ерга ҳаммадан қизғониб, ёмон кўз, ёмон назарлардан беркитиб бир нарсалар битадиган пайтларим кираман холос. Ўзи тордан-тор, битта каравоту устол зўрға сиғади. Аммо дунёда ундан осуда, ундан кенг жойнинг ўзи йўқ менга.
Ёлғиз дераза тагига ўтирволсам ҳеч ким, ҳеч нарса чалғита олмайди мени. Қолаверса, ҳаммаёққа парда тутиб ташлаганман. Ҳатто қибла тарафдаги меҳробсимон дераза ўрнидан тортиб, бу ёқдаги токчага довур оқ-оппоқ парда тортиғлиқ. Ўша «меҳроб» тарафдагисини ҳар замонда бир соғиниб, кўргим келиб очмасам, рўпарадагисига кўпдан қўл урганим йўқ. У ерда кишибилмас токчамиз бўлиб, унда нима сақланишини ҳатто Саида билмайди. Кеннойимга шипшиб қўймасин деб… айтмаганман. Қибла тарафдаги парда ортида эса, узоқ шариф диёрдан келтирилган бошқа нарса бор. Ўзиям қиблага ярашадиган. Тўғрироғи, дунё¬даги энг муборак шаҳар — Маккада олиниб, Туркиядами — қаерда қулоч етмас шилдироқ қоғозга босилган бир суврат… Табаррукки, қўяверасиз. Ранглари ҳам тиниқдан тиниқ, нурлидан нурли, ўзи шундай нозик-адо қилиб олинганки, соатлаб термулиб тўймаслик мумкин.
Ана ўша сувратдан бир қарашдаёқ кишини ром этиб қўядиган, осмонларга алоқадор бир илоҳий нур, файзи футуҳ ёғиладики, бу адоқсиз нур қайдан келяпти, дарҳол ажратиш маҳолдан маҳол.
Ҳар қандай кўҳлик нарса ҳам бир кўришли. Нари борса, икки-уч кўзни қувнатиб, сўнг оҳори тўкиладиқолади. Айниқса, у суврат бўлса. Аммо бу қанча вақт кечмасин, неча қайталаб кўрманг — ҳеч-ҳеч эскирмайди. Қайтага ҳар гал янгариб-жилоланиб, нимаси биландир сизни ром этаверади, этаверади. Сир-асрори ҳам шунда. Балки ойим қиблаи муаззама деганларича бордир?..
Бундай нарсаларнинг Ҳижоз томонлардан кела бошлаши, аввало, Худонинг инояти. Бўлмаса, уларга етишиш қайда эдию, уйларимиз тўрига илиш қайда эди!.. Биз шу ёшга кириб, Каъбанинг тасвири туширилган жойнамоз-гиламчаларни ҳам кўрмаган эдик. Шариф диёрнинг таърифи оналаримиз оғизларидан оғизга ўтиб келарди, холос. Мана энди ўша қўл етмас диёр тасвирлари…
Дарвоқе, мен ўша ёдгор нарсани қандай қўлга киритганим ҳақда айтмоқчи эдим, узр.
Жумалардан бирида «Қозиработ» жомесига борсам, китоб растаси ёнида бир тўп одам пастак ўт-девор устига ёйиб қўйилган рангин сувратлардан кўз узиша олмай турибди.
Улар шундай тиниқ ҳам нозик-адо эдики, бир қарашда сувратми, мўйқаламда ишлаб, сўнг чоп этилганми — ажратиб бўлмасди. Сўраб билдик, шариф шаҳарнинг сувратлари экан. У томонларда суврат олишу чоп этиш шу қадар ривожланиб, фарангилардан-да ўзиб кетишибди.
Чиндан-да, пиёз пўстидек нозик шилдироқ қоғозлардаги сувратлар ғаройиб даражада тиниқ эди. Нури ҳам бир бўлакча, қараган саринг дил юмшаб, бир сир босиб келаверарди. Балки ҳамма гап ўша сир-дадир. Унинг тагига етгинг келадию, етолмайсан. Кўнгил узиб ҳам кетолмайсан. Шунақа оҳанрабоси бор…
Мени нима сир босди, десам, ёнимдаги қариялар ҳам аллақандай ҳалим тортиб, мутаассирланиб қолибдилар. Қайбирлари кўзларида ёш, елкаларига ташлаган белбоғларининг учини кишибилмас мижжаларига босиб-босиб, олмоқдалар. Қайбирлари эса, у муборак тасвирларни силаб-сийпаб, юз-кўзларига суртмоққа тушган эдилар. Шунчалик табаррук…
Аввалига илғамабман, шунақа сувратлардан яна биттаси… рўпарадаги темир панжарага илиб қўйилган экан.
Ана буниси — ҳаммасидан зўр эди! Қарагандаёқ киши чиппа ёпишадиган эди. Айниқса, ўртадаги «Қора уй», унинг ортида осмонларга довур туташган қўш минора, пастда — тавоф майдонига энди кира бошлаган оқ эҳромли кишилар — шунақа жонли, табиий эдиларки, бир қарашдаёқ михланиб қолмоқ мумкин эди. Беихтиёр яқинроқ бордиму тагидан жилолмай қолдим. Ажойиб! Шу эканми, Аллоҳнинг уйи — Каъбатуллоҳ деганлари?!. Мен ўзимни унинг тагида тургандек ҳис этар, жиндек ҳаракат этсам — ўша оқ эҳромли умрачиларга қўшилиб кетадигандек эдим, тавба.
Устига ажойиб каъбапўш ёпилган «Қора уй» шунақа бир нуқтадан сувратга олинган эдики, (балки мен ўша нуқтага яқин ерда тургандирман!) ўзимни тавоф майдонига тушиб қолгандек ҳис этар эдим. Гўё чақирсам овозим оқ эҳромли кишиларга етадигандек эди. Қолаверса, Каъбатуллоҳ осмонидан устимга бир раҳмат нурими, нима ёғилиб, аллақандай сир босиб келмоқда… Мен шунча газетада ишлаб, жаҳонни неча айланган машҳур сувратларни кўриб ҳам ҳеч бу ҳолга тушмаган эдим. Жону жаҳонимни бунчалик қамрамаган эди ҳеч бири!
Бу эса ром этганди-қўйганди! Наинки ром этганди, мен ўзимни унинг бир бўлагидек ҳис этмоқдайдим. Ҳатто анави Аллоҳнинг меҳмонларидан бирига айланиб қолгим келмоқдайди…
Чиндан ажойиб эди «Қора уй» деганлари. Ўзи оддий қора тошдан-у, аммо шундай сервиқор, осмонларга алоқадорки… Ҳатто тепасидан айланиб сузиб ўтаётиб, тўхтаб қолгандек анави оқ-оппоқ паға булутлар ҳам бу уй, бу майдонга алоқаси бордек эдилар. Ҳар тарафдан роҳатбахш бир нурлар ёғилаётгандек. Айниқса, фаришталардек оқ-оппоқ эҳромли кишилар— Аллоҳ меҳмонларининг тавоф майдонига кириб келишларини кўргандаёқ одам бир орзиқиб тушар, ўшаларнинг сафида бўлиб қолгиси келаверарди. Нега шундай, сири-асрори нимада — ҳеч тушуниб бўлмасди.
Сувратчиси тушмагур шунча нарсани бир йўла қандай қамраб олибди, бу мутаносибликни қандай топибди — ақл бовар қилмасди. Балки қай нуқтадан олмасин, бундан кам чиқмас, файзи-футуҳи шундай бўлаверар? Ахир уни Каъбатуллоҳ деб қўйибдилар?! У ягона-ку бу жаҳон айвонида!
Ана энди топгандек эдим сир-асрорини: мени ром этган нарса — ўша файзи-футуҳ эди!
Ҳозир — шу туришимда ҳам қаердалигимни унутиб, тавоф майдонига тушиб боргудек бир ҳолатда, Каъбатуллоҳу унинг осмонидан ёғилаётган файзи-футуҳнинг асири бўлиб турар эдим.
Калитини топсанг, қолгани ўз-ўзидан маълум бўлиб бораверади экан, ҳозир мен сувратчининг сирини ҳам билиб қолгандек эдим. Ана у — қаердан олибди экан! Тавоф чизиғига яқин бир ерда оқ эҳромли қора қул (уни қора оёқларидан занжилигини билмоқ мумкин эди!) саждага бош уриб ётар, Каъбатуллоҳ эса, худ-ди ўша ерга яқин жойдан — саждадан бош кўтара туриб (!) олингандек эди! (Балки сувратчиси тушмагур уни шу кўк чизиққа тиз букиб туриб олгандир?! Анави саждадаги қора қулнинг ортидан — унинг кўз нигоҳи ила олгандир?)
Нима бўлганда ҳам унда мўмин нигоҳи, Аллоҳга топинадиган кишининг назари бор эди. Ўша назар билан Каъбатуллоҳга қараган киши уни бор бўй-басти ила кўрмоғи, осмонларга алоқадорлигини туймоғи ва бир умрга кўз қорачуқларига жолаб олмоғи мумкин эди. Унинг бутун жозибаси ҳам, сир-асрори ҳам шунда эди!
Ана, нимага тавофчиларга қўшилиб кетгим келаётган экан!
Ана, нимага «Қора уй»нинг сим-сиёх ёпинчиғию унинг пештоққа ўхшатиб тилла суви берилган арабий ёзувлари — Каломуллоҳ оятларидан кўз узолмаётган эканман!
Қолаверса, Каъбанинг «Иброҳим мақоми»га қараган тилла эшигию унинг ортидаги ҳарамнинг оқ минораларига қўшилиб, осмон ўзи бир оламга айланган эди. Ҳай-ҳай, қаранг, ўша мовий оламдан сузиб келиб, улкан алифдек осмон тоқига кўтарилган қўш минора ўртасида тўхтаган паға булутлар миноралар билан қўшилиб, рамзий ёзув шаклига кирган эдилар-да, бир санти ҳам жилмай туриб қолган эдилар. Бу ҳам камдек, ўша оқ жужун булутлардан роҳатбахш бир нур ёғилар, ўша нарса менга-да таъсир этаётгандек эди.
Сувратчи тушмагурлар ана шундай нарсани сувратга муҳрлаб, кейин Туркиядами, қаерда пиёз пўстидан-да юпқа шилдироқ қоғозларга босиб, бизнинг диёрларга жўнатибдиларми? Валлоҳ-валлоҳ, мўъжизадан қаери кам?!.
Шу ҳолда қанча турдим, билмайман. Бир маҳал кўзимни ўша жужун булутлардан узиб, пастда — «Иброҳим мақоми»да тўхтаб, намозга қўл боғлаган ёлғиз ҳожига қарадиму… ундан-да ғаройиб ҳолга тушдим. Ҳожининг юз бичимими, қоматими (ишқилиб алла-қаери!) жуда таниш кўриниб кетиб, бошим гир айланишга бошлади. Билмайман, назаримдами ё аслида ҳам айланармиди… яхши ҳам темир панжара бор экан, ушлаб қолдим. «Бу қандай синоат ё тасодиф?» дердим ўзимга ўзим. Балки азбаройи соғинганимдан ҳар битта одам у бўлиб кўринмоқдадир?
Бир қадам тисарилиб, яна ҳам яхшироқ тикилсам — айни ўзи, акам! Ё қодир Аллоҳ! Шунақаси ҳам бўлади эканми?!
«Иброҳим мақоми»га келганда Каъбага юзланиб, қўл боғлаганча тек қотган (нега тек қотади, намозми, Қуръонми ўқиётган!) оқ эҳромли киши шунчалар кўзга яқин ҳам таниш эдики, беихтиёр:
— Воҳ, унинг ўзи-ку! — деб юборибман.
Чиндан ҳам бу қандайин марҳамат? Сарҳад ошолмай, қай диёрларда саргардон кезган бир ватанжудони Аллоҳ ўз уйига меҳмон этиб чақириб олса? Ёрлақаса! Оталари етолмаган бир ерга етиб турса? Буни қандай тушунмоқ керак?.. Балки у ҳам эмас, бошқа ватанжудодир?.. Аллоҳ чақириғига «лаббайка ва саъдайка» айтиб борган оддий ҳожидир?..
Лекин у ким бўлганда ҳам бир топиб, сўнг йўқотган жигаргўшамизга икки томчи сувдек ўхшаб кетмоқда, унга алоқадор кўп тарихларни ёдга тушириб, бошим ўзимга хуш ёқадурган тарзда айланиб-айланиб бормоқда эди.
Шундан кейин ҳам бу сувратни сотиб олмайинми?! Азизлаб уйимизнинг тўри — қибласига илиб қўймайинми?!
Яқинроқ келинг, ҳижрат тарихининг бир гўзал — ҳам аламли, ҳам фараҳли қиссасини Сизга илиндим. Сизга Аллоҳдан сабр ва муҳаббат, ўзимга ростгўйлик тилаб,
Мақсуд Мирзо.
«Жудолик диёри»нинг аввалги
китобларидан таниш қиссагўй укангиз.

Дарвоқе, хонамда ёлғиз шу сувратгина эмас, бу тарихга алоқадор яна бир талай нарсалар ҳам бор. Шулардан бири — акамнинг «диёрдагиларга хатлари»дир.
Уни Чаман акам Тангритоғ томонларданми, қайдан топиб, бир осори-атиқашунос таниши орқали бериб юборибди. Неча вақтдан бери электр ҳисобгич ортидаги кишибилмас токча-тортмачамизда турибди, устидан парда тортиғлиқ.
Ҳали эгаларига кўрсатмаганман. Кеннойимга шипшиб қўйишларидан қочиб, шундай асраб келяпман. У мушфиқанинг эса, дарди ўзига етарли. Қолаверса, ўша хатларнинг орқасида яна бир нарса — эгаси чиқмаган бир шода марварид ҳам бор. Бу нарсаларнинг ўзига яраша тарихи борки, уни бир кун келиб очмай иложим йўқ. Ҳамонки, бу тарихни сизга илинган эканман, келинг, яхшиси, уни ўша «диёрдагиларга аталган хатлар»дан бошлай қолай.
Усиз бу жудолик тарихи Сизга ҳам, келгуси авлодларга ҳам қоронғи бўлиб қолмасин. Уни миридан сирига қадар нозик илғаб бормоғингизни ва давомини илҳақлик ила кутмоғингизни табиатнинг нозик жойларидан сўраб қоламан.
Аллоҳ уни барчамизга чиройли этсин. Омин.

Биринчи бўлим

САРҲАД ОШГАН МАКТУБЛАР

1. Қиёматли биродарим Чаманга

«Оҳ, Чаман, Чаман!
Биз қандайин ҳам шошқалоқ яратилган эканмиз?! Ҳатто Яратган эгам — Аллоҳга таваккул қилмоқни ҳам ўрнига қўя олмаймиз .
Ҳамма сабабларини жой-жойига қўйгандек эдик гўё… «Ҳозиқ тўрам» ҳам лашкар олдига чиқиб, Хайит-гоҳга йиғилган етти яшардан етмиш яшаргача халойиққа Тўрамдан кам ваъз айтмаган эдилар! Одамлар неча бор қалқиб, такбир айтишга тушган, ваъз охирида эса, «Ўлсак — шаҳид, ютсак — ғозиймиз!» дея ўша ерданоқ жангга отланган эдилар! Бунақа якдиллик, бунақа жонфидоликни дунё дунё бўлиб кўрмагандир, Чаман.
Аммо биз пистапўчоқдан кема ясамоқчи бўлган эканмиз!
Чиндан ҳам қачон ёлғон ростнинг ўрнини босибди?! Пуч тўқнинг ўрнига ўтибди?! Риё Аллоҳга хуш ёқибди?!
Биз Тўрам қайтдилар деб, шунча лашкар, шунча халқнинг кўзини боғлаб, у кишининг сояи чеҳрадошларини ўртага чиқариб қўйиб, ғалабага эришмоқчи бўлибмиз! Халқ ишонганда ҳам… Аллоҳ кўриб туриб эди-ку! Наҳот шуни назардан қочирдик?! Рост имдод билан Аллоҳдан нусрат тилаш ўрнига биз кимни аврамоқчи бўлдик? Ёғийними? Аммо аввало Аллоҳни алдаётганимизни нега ўйламадик? Ҳаммадан бурун шундан қўрқмоқ лозим эмасмиди?!
Ана шунақа, Чаман! Дунё ростлик устига қурилганини кўп ҳолларда унутиб қўямиз-да, армону пушаймонлар ёғига қоврулиб ётаверамиз кейин. Қачон одам бўламиз, босиқ-вазмин тортамиз экан, Аллоҳ шариатини маҳкам тутадиган қавмга айланамиз экан?! Шариатда эса, ҳар нарса ўз номи ила атаб қўйилган: Ёлғон — ҳеч қачон ростнинг ўрнини босмаган. Риё билан киши кўкармаган. Ҳамма нарса ростлик асосига қурилган ва тўғрилик энг биринчи фазилат саналган кишилик жамиятида ёлғоннинг боғи ҳеч қачон кўкармаган! Унинг меваси ҳамиша мағлубият бўлган, заҳар-заққум бўлган. Бу мана шу дунёдагиси. Охиратдагисини-ку қўявер.
Ана шунақа, киши шошқалоқ бўлмаса, чин саркарда қолиб, соясига эргашадими?! Биз ҳам Тўрам қолиб, у кишининг сояи чеҳрадошларига эргашиб, дориломон бир диёр қурмоқчи бўлибмиз. Ёғийларимизни суриб ташлаб, етим қолган салтанатни тикламоқчи бўлибмиз.
Ният улуғ бўлса-да, бундай сохтакорлик кетидан нусрат келмаслигини англаб етмабмиз. Уруш ҳийладир, деган гапларга учибмиз-у, ёғий қолиб, ўзимизни алдаб қўйибмиз! Балки Тўрам рози бўлмасалар, бизнинг қаеримиз кам у кишидан, деб ўйлагандирмиз? Ўзимизга бино қўйиб юборгандирмиз?..
Аллоҳга суянгулик иймонимиз қандай — ўйлаб кўрмабмиз ҳам, Чаман. Ана энди мағлубият аламини тотиб, мушкул бир аҳволда жанг майдонидан тўзиб-чекиниб, қўл етмас тоғларга бош олиб кетарканмиз, ёнимизда сен камлик қилиб турибсан, Чаман. Сенинг йўқлигинг — хабар бериб ҳам чақиртириб ололмаслигимиз — шундай билиняптики…
Узр, ошна, сендан бемаслаҳат шундай ишлар бўлиб кетди. Бу ишни сендан сир тутишни маслаҳат берганлар энди бетимга қарай олмаётирлар. Мен уларни ҳам айблай олмайман. Бу балки тақдир ёзуғи — пешонамизда боридирки, мағлубият аламини тотиб, бошни асрамоқ учун ҳам бу довон йўлига тушгандирмиз. Қиёматли ошнам, сендан гина йўқ. Жиндек хабар топсанг, ёлини куйдирсанг дунёнинг нариги чеккасидан етиб келгувчи Асрор девдек, етиб келардинг-а, ўша хабарсиз қолгансан. Хабар бермаган — биз ўзимиз айбдор. Бир хато — шунчалар қимматга тушди. Лашкар тўзигандан тўзиб, ким йитди, ким қолди — билмасмиз. Омон қолганлар бир-биримизни қора тортиб, ёлғизоёқ сўқмоқлардан Музтоққа паноҳ тортиб бормоқдамиз. Тақдирнинг ҳазилими, нима бу, бир вақт омон қолганларга назар солсак, ҳов ўша сарҳад ошган саккиз биродар — ким соғ, ким — бир-бирини ортмоқлаб, жанггоҳдан тирик чиқибмиз. Оҳ, Чаман, бундан — бу қаро кўргиликдан, жанг майдонида сўнгги қатра қонимиз қолгунча савашиб, лошимиз ўша ҳарб
майдонида қолгани авло эди! Жилла қурса, шаҳидлар қаторида кетардик!
Энди-чи, киммиз?
Тоза ниятларни бой берган, лашкарни ҳалокатга етаклаган калтабинлар биз эмасми?
Узр, қўлим муз қотиб, хатларим хунук, сўзларим қовушимсиз чиқаётган бўлса. Орқадагиларнинг етиб олишларини кута туриб, тиззамда битаётирман уни. Бу ер шунчалар совуқ, изғиринки, қоғоз намлаб, уни ёзиб улгириш маҳол. Сиёҳқалам етгунча қоғоз юзидаги нам яхлаб улгуряпти, юқорида нима қиларканмиз бу совуқда? Худо тўзим берсин ишқилиб…
Мен ҳалигача бир нарсага тушуна олмаётирман: феълимизга қараб нусрат юз ўгирса-ўгиргандир, Чаман. Аммо Тангри нимамизга бизга шафқат-марҳамат қилди, жанггоҳдан бундайин тирик чиқарди? Зиммамизга яна қандайин юмуш-имтиҳонларини юклаганки, бир-биримизни ортмоқлаган ҳолда кўриб турибмиз ўзимизни? Қайси амалимиз эвазига ёғий ўқидан паноҳ берди?
Балки бу бизга аталмиш жазодир? Ёхуд гуноҳимизни ювмоққа бир имкон — бир муҳлатмики, бундан ўша майдонда қолганимиз яхшироқ эди. Нега келиб-келиб биз — ўша Тўрамни қайтариб олиб келмоққа отланиб, сарҳад ошган саккиз биродар бу қирғинбаротдан омон чиқиб турибмиз? Бунинг сир-асрори нимада? Аллоҳ биз қусурли бандаларига қусримизнинг касрини билдириб қўймоқ учунгина шундай қилдими, тирик қолдирдими? Тўғри, ким ярадор, ким қанчалар ҳолдан тойган, дунё кўзига қоронғи бир тарзда тўпланиб турибмиз. Калта ўйлаган бир ишимизнинг аччиқ мевасини татиб турибмиз. Лекин барибир омон қолганимиз ғалати — у ё бир мўъжиза, ё Аллоҳнинг карами. Балки Аллоҳ ибрат учун бизни дийдор кўрсатиб қўйгандир? Ростдан ҳам бир-биримизнинг юзларимизга қарай олмасдик. Гўё мана, ёл¬ғоннинг умри қаергача етди, демоқчи бўлардигу, айтолмасдик.
Бу дунёда кимдан нимани сир тутмоқни ҳам билмоқ керак экан, Чаман. Азму қароримизни ҳаммадан сир тутсак ҳам… сендан яширмаслигимиз керак эди. Сен менинг бу дунёда энг ишонимли дўстим эдинг, орқадошим эдинг. Сенга бир учини чиқарганимда ҳам… қайтарган бўлардинг бу фалокатдан. Соя — соя-да: бўй-баст, юз-чеҳра, овоз ўхшагани билан қалб-чи, шижоат, иймон-чи, деган бўлар эдинг. Ҳамма Тўрам бўлаверибдими! Халойиқни оёққа турғазиб, ёғийни енгаверибдими?! Амаллари Аллоҳга хуш келаверибдими, деган бўлар эдинг. Сен ҳақсан. Қани эди ҳаммамиз ҳам у кишидек Аллоҳга таваккул қила билсак, Пайғамбар йўлларини ушлай билсак.
Ушлай олмаймиз, ожизлигимиз шунда. Сен бўлсанг, бизни бу сохта шижоатлардан қайтарган бўлардинг. Ёким довқур деб аталишга учдикми? Шундай номлар кўзимизни кўр, қулоғимизни кар қилиб қўйганмиди ё? Шуларни ўйласам, юрагим орқага тортиб-тортиб кетади, симиллаблар кетади, Чаман. Ахир тонг-ла Маҳшарда Аллоҳнинг ҳузурига қай юз билан борардик унда? Тағинам Аллоҳ охират шармисорлигидан асрабди, Чаман. Ниятга қарабди. Ният эса, дориломон бир диёр қурмоқ эди…
Илк қўналғадаёқ (қўналғаки, улкан қоя тагидаги супрадек супачада — хатни ҳам шу ерда давом эттиряпман!) нафас ростлар эканмиз, Элчин ботурнинг устози Қори аканинг насиҳатлари бошқаларга билмадим-у, менга қандай ёқиб тушганини бир эшитсанг эди.
— Тағинам Аллоҳнинг карами кенг. Қайси бир амалларимизга у бизни қон ва оташ дарёсидан омон чиқарибди. Бу ёғига синови осон кечмас. Энди маҳкам бўлинглар, ўзига таваккул қилинглар, — дедилар у киши.
Қори ака бизни хушёр бўлишга чақиряптилар десам, орқасидан сўраб қолдилар:
— Биласизми, қиёмат куни биринчи бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурига кимлар чақирилгай?
— Савол-жавобгами? — дедик ҳайратга тушиб.
— Шундай, ҳамманинг Аллоҳ ҳузурига бориши бор. Лекин биринчи чақирилиб, биринчи сўраладиганлар…
— Билмасак…
— Биринчи бўлиб шаҳид чақирилади экан. У олиб келиниб, Аллоҳ берган неъматлар танитилгач: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўралади, экан…
— Йўғ-э, деб юборибман мен..
— Ҳа, ҳа, «Сенинг йўлингда жанг қилдим ва шаҳид бўлдим», — дейди экан у.
— «Ёлғон айтдинг, сен шижоатли деб аталиш учун жанг қилдинг. Шундоқ дейилди ҳам», — дейди экан ул Зот. Сўнг фаришталарга амр этилиб, у юзтубан судратилганча жаҳаннамга итқитилар экан…
Юрак орқага тортиб, «воҳ» деб юборибмиз. Ахир биз ҳам шу ҳолга тушувимизга бир баҳя қолган экан-ку, Чаман!
Худо кўрсатмасин, агар шу жангда шаҳид кетганимизда нима бўлар экан?! Аллоҳ Ўзи асрабди!
— Ана, нимага учиб, нимага дучор бўлай деган эканмиз?!
Думини гажак қилиб олганча югургилаб бораётган чаённи кўрганда киши қай аҳволга тушади?! Ҳозир этларим орасига ана ўшандек бир жимирлов югурган эди, Чаман. Ўзим эса, яхшиям ёғий ўқига учиб-нетмабмиз, дер эдим, Аллоҳга шукрлар айтардим. Бу ёғи жон фойдага қолган, эндиям охиратни ўйламаслик мумкин эмасди.
Чаман, биродарим, Аллоҳ менга иккита дўст ато этган бўлса, ўшанинг биттаси сенсан. У агар битта бўлса, ўша ҳам ўзингсан!
Бу диёрларда мен бир ривоят эшитдим: Аллоҳ қиёмат куни одам боласидан меҳрни кўтариб, ўзига қайтариб олиб қўяди экан. Ана ўша қиёматда ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади экан. Ота болага, бола отага қарамас, қиз онани, она қизини «танимас» экан. Шафқат йўқолади экан. Раҳм-марҳамат деган нарсалар ўртадан кўтарилади экан. Ана шу дамда бир қориндан талашиб тушган Ҳасан-Ҳусанлар, Фотима-Зуҳралар бир-бирларидан қочадилар экан, савобимдан сўраб қолмасин деб. Бир пайса савоб анқонинг уруғига айланиб, уни тиланиб юриб ҳам топиб бўлмай қолади экан.
Ана шундай кунда бир пайсагина савоби етмай қолган бир банда зир югуриб ҳешу ақраболарини излаб юрса, ҳеч ким қайрилиб қарамасмиш. Жигарига борса, жигари юз буриб кетармиш. Бир умрли ёр-биродарларига борса, улар ўзлари кимдан сўрашларини билмай турадилар экан. Ниҳояти бир пайса савоб топилмаса-я! Жаннатдан қандай умид узсин? У яна таниш излаб югургилаб кетибди. Ахийри хомушдан-хомуш туриб қолган бир биродарини учратибди.
— Эй азиз биродар, у дунёдаги яқинлигимиз ҳаққи, ёрдам қил. Бир пайсагина савоб етмай дўзахга тушадиган бўлиб турибман. Ҳеч ким раҳм қилмаётир,— дея ўтина кетибди.
Шунда ҳалиги таниши кутилмаганда:
— Сен бир пайсани тополмаётган бўлсанг, ў-ҳў, менга йўл бўлсин экан, — дебди валломатлиги тутиб: — Мени бор-йўғи бир пайсагина савобим бор экан, ол, шу билан ишинг битса, — деб юборибди…
Ана шу тоб буни кўриб турган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:
— Эй ёлғиз бир пайса савобини биродарига илинган бандам, қайт, — деб чақиради экан ва: — биродаринг қўлидан тут-да, иккингиз жаннатга кирингиз, — деб марҳамат қилади экан…
Сен менинг ана шундай биродаримсан, Чаман. Орқадошимсан. Ҳеч кимда раҳм-шафқат қолмаган кезда ҳам сенга ишонмоқ мумкин! Мен қачонлардир қилган бир яхшилигим эвазига — хўв ўша Зокир-говни чироқпоя қилиб кетганимизда ўтқазиб қўйишгани, почча қутқариб олгани борганларида айтган сўзим, сенсиз чиқмаганим учун — шунча яхшиликлар қилдинг. Аллақачон қамалиб кетадиган мендек одамни қай диёрларга чиқариб-қутқариб юрибсан. Кафил турмагил — кафансиз кетасан, десалар-да, ўз билганингдан қолмай келасан. Жаҳон валломатлари дўстга садоқатни сендан ўргансинлар.
Агар сен бўлмасанг, кафил турмасанг, қадамим бу диёрларга тегиши, бу жиҳодларда юришим даргумон эди. Юргизиб қўйишмасди: аллақачон қуёш бетини кўрмайдиган жойларга тиқиб ташлашар эди, валлоҳи аълам. Сен бўлмасанг бизни бу ҳалоскорлар сафига қўшиб қўярмидилар! Тангритоғга йўлатарми эдилар! Ниятимизни билишсаёқ, пешонамиздан отардилар.
Сен чиндан қиёматли дўстсанки, бу ёқда бизни асрадинг, у ёқда аҳли аёлимни қанотинг остига олиб ўтирибсан. Бу яхшиликларингни қиёматга довур қайтара оламанми экан? Қайтара олмасам рози бўлиб қўясан, ошна. Ёлғиз Аллоҳдан ўтинчим шуки, бу силаи раҳмларинг ажрини Ўзи минг баробар қилиб қайтарсин. Бу дунёда юз кўриштирмаса… йўқ-йўқ, фаришталар омин демай туриб, Аллоҳдан бир ўтинчим бор: у бизни жилла қурса, бир бор кўриштирсин, дийдорингни шунчалар соғинганман! Қолаверса, дунё кезиб сендайин бир садоқатли дўст топмадим…
Чаман, тақдир ёзуғида нималар бор, билмасмиз. Агар қайта кўришолмасак деб ушбу мактубларни сенга атаб қўноқ бўлган манзилларимизда қолдиришни ният қилдим. Дўстим, уни ўзинг билган услубда — ҳов ўша улуғ жиҳодчи Закий Валидийнинг тан соқчиси Хорис раҳматли ўйлаб топганидек қилиб, шишага солиб, қўноқ бўлган жойларимизнинг қибла тарафига кўмиш ва харитага тушириш ниятидаман. Уларни биз намоз ўқиган жойларнинг меҳроби четидан топгайсан. Харитани сенга етказгайлар.
Дуоларида эслагувчиларимизни Аллоҳ Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Яратганнинг Ўзи дастимизни узун, ниятларимизни пок қилсин.
Биродаринг Султонмурод.
Улкан қоя тагидаги
илк қўналға».

* * *

Ўша шиша топилдиқдан чиққан бошқа найча-хатчада шундай битиклар бор эди: (Уни ҳам ўз ҳолича юқоридаги хатга илова қиламиз).
«…Субҳаналлоҳи! Не кунларга қола бошладик? Олдинда яна не кўргиликлар бор экан?
Тик оёқда тура оладиганлар Қори акага иқтидо қилиб, шомнинг фарзини ўқиб олгунимизча шундай воқеа содир бўлса-я!..
Ўша маршал Тўрамнинг сояи чеҳрадошлари (ҳа-ҳа, ўша хос табиблари), бўй-баст, суврат, шакл-шамойилда бир туки кам бўлмаган, ваъз айтганда у кишидек илҳомланиб-жўшиб кетгувчи ва ўзини тўрам деб кўрсата билгувчи киши — Қўшшоқ тўрам бирпасда айниб қолса-я. У ётган ерида ҳар биттамизнинг отимизни атаб чақирар, бошларини тўлғаб алаҳлар эди.
— Ботур, Тўрамнинг розиликларини олмабми эдик? У киши нега индамайдилар?.. Нега жимдан-жим турибдилар? Қайтингиз ҳузурларига. Рози-ризолик тилангиз. Биздан рози бўлсунлар, — деб тўлғонади. Пешонасини маржон-маржон тер қоплаган, ўзи ҳар биримизга бир илинж-ла термулади. Аммо биз қани туролсак, намозни бузолмаймиз, унга ҳам ёрдам беролмаймиз.
Алаҳлаяпти десам, жон халпида васият қилаётган экан.
— Аллоҳ ўзи кечирсин, — дерди Қўшшоқ тўрам ютақа-ютақа, — мен сизларни қай йўлга бошлаб қўйдим? Нега бировнинг ўрнига ўтдим? Айтинг, Қори ака, менинг ҳолим… тонгла Маҳшарда не кечгай?
Қори ака икки ёнга салом бера, унинг ёнига ошиққан эдилар. Қўшшоқ тўрамнинг бошларини тиззаларига олиб, юзларини силаб, пешоналаридан ўпдилар:
— Нега кечирмасин, Қўшшоқ тўрам. Ахир ният қандай эди! Аллоҳ ризолигини истаб ўртага чиққан эдингиз-ку. Ният — жиҳод эдими, ахир?
— Дарвоқе, ният шу эди, пок эди-ку… Ўзингга шукр, лаа илаҳа иллаллоҳу…
Унинг мижжларидан икки томчи ёш юмалаб бориб, Қори аканинг тўни баригами, қаерга сингиб йўқолди ҳам, у энгаҳ ташлаб, боши бир ёнга бурилди-қолди ҳам. Қўшшоқ тўрам жон таслим қила олмай турган экан, кўз ўнгимизда шом асносида узулди-қўйди. Кўп қон йўқотган эди, бояқиш, у ёғига торта олмади. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, у киши Ҳозиқ Тўрамнинг сояи чеҳрадошлари бўлибгина қолмай, хос табиблари ҳам эди, маййитни машъала ёруғида шаҳид қавмида энгил-боши ила тупроққа бердик. Рўзи Маҳшарда шу қони ила Аллоҳ ҳузурига тирилиб борсин, илоҳим.
Биродарлар, Музтоққа кўтарилаверишда учрагувчи биринчи қоя тагидаги қабрни — мужоҳид қабри деб билгайсизлар. Аллоҳ қабрдаги савол-жавобларини осон қилган бўлсин, илоҳим. Эртага навбат кимники, ҳеч ким билмас. Қай биримиз кўкка даҳанини тираб турган у довонга ета оламиз, қай биримиз ета олмасмиз — ёлғиз Аллоҳ билгай.
Довон ошолсак — ғолиб деб, ошолмасак — шаҳид деб билгайсизлар.
— Умид дорам, денг. Шояд Тангрим барояд ё раб деса, — дедилар Қори ака.
У киши энди бизнинг йўлбошчи-имомимиз бўлиб қолган эдилар».
Хатнинг сўнггида: «Шунақа гаплар, Чаман. Ойтўра онамизга салом айт. Дуоларида эслагувчиларимга ҳам дуои саломларимни етказ. Хайрли кеч» деган жумлалар бор эди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.