Фозил Фарҳод. Кўклам куйи (ҳикоя)

Тоғам Ўктам Тожи ўғлига бағишладим!

Шумхабар бемаҳал овул оралаган бўридай хаёлим ва ҳаётимни остин-устун қилиб юборди. Қўрада ҳуркиган қўйлар орасида совлиқни йўқотган қўзидай нима қиларимни билмай қолгандим. Ер ўқидан чиқиб кетгандай эди. Ҳаммаси эрталабки соат саккизда дўхтирлар қўлимга қандайдир қоғоз тутқазганидан кейин бошланди. Ажабсиниб унинг нималигини сўрадим. Ташхис, дейишди. Ҳеч нима англамай: «Буни нима қиламан?» дедим елка қисиб. Шунда улардан бири кўзини каравотимга ёндош тумба устидаги гулдонга солинган лолаларга тикиб: «Дўстим, нима десам экан, бу ошқозоности безингиздаги ўсма сурати, сиз оғир касалликка чалингансиз!» деди зўрға, кейин нигоҳларини алвонранг лолалардан узмай, чуқур нафас олди-да, эшитилар-эшитилмас қилиб қўшиб қўйди: «Афсус!» Ялт этиб дўхтирга қарадим. Унга юзланганимни сезиб, кўзини жавон томонга олиб қочди. Кўзларни қувиб етдим. Ажабки, нигоҳларимиз шкаф ойнасида тўқнашди. Қарашларимнинг даҳшатини кўзларида кўрдим. Кўзини олиб қочаётганини билдирмасликка қанчалик уринмасин, пистирмага тушган қуёндай иложсиз қолганди. Барибир бардоши етмади, нигоҳини дераза томонга бурди – олис-олисларга беркитгиси келди. Жим қолдик. Бошқа дўхтирлар хабарни эшитгач бўладиган ўзгаришни томоша қилиш учун мендан кўз узишмасди. Шунда улардан бирига: «Бу хабар ёлғон-а?» дегандай илтижоли тикилдим. У бош силкиди, бу тасдиқмиди, инкормиди – билолмадим. Биров юзимга тарсаки туширгандай бўлди. Гўё уйқудан уйғондим. «Мен соппа-соғман», деб, ўрнимдан қўзғалмоқчи эдим, дўхтир: «Сиздаги касаллик анча олдин бошланган, лекин яширин кечган, кечаги хуруж бўлмаганида буни сираям билмасдик», деди деразадан кўзини узмай. «Менга жавоб берасизларми, уйимга кетсам майлими?», дедим ўрнимдан туриб. «Ҳа, бугунча жавоб берамиз», – деди шумхабарни етказган дўхтир жилмайиб. Буни унинг ойнадаги аксидан кўрдиму яйраб кетдим. «Ҳазилни қийиб қўяркансиз-а?» деб кулиб юбордим. Дўхтир тағин жиддий қиёфага кирди-да: «Мен ҳазиллашганим йўқ, қўлиздаги ташхисга қараб гапиряпман, буниси рецепт, даволанишга тайёргарлик кўринг!», дея яна бир қоғоз узатди. Унинг охирги гапи менга «Ўлимга тайёргарлик кўраверинг!» дегандай туюлди. Айтилган гаплар ҳазилмаслигини англадим. Улар билан қандай хайрлашганимниям билмай эшикка йўналдим.

Йўлакка чиқдим-у, нимамнидир йўқотгандай бесаранжом ҳолга тушдим. Унинг нелигини ўйлаб бироз туриб қолдим. Изимга қайтиб, палата эшиги олдида дўхтирларнинг ўзаро гурунгини тасодифан эшитиб қолдим:

– Янги ускунамизга ишонадиган бўлсак, бечоранинг бир кунлик умри қопти, эртага тонггача бормайди!

Музлаб кетдим. Музлаблар кетдим. Танамдан реза-реза совуқ тер оқа бошлади. Кўксимга недир санчилгандай бўлди. Дўхтир худди: «Эртага пойтахтимизда ёмғир ёғади», деган хабарни етказаётган «об-ҳавочи»дай хотиржам гапирди-я! Тана бошқа дард билмас, деб шуни айтишсалар керак-да!

Хонага қайтганимни кўриб улар бирдан оғзига талқон соволишди. Бир-бирига маъноли қарашганини сездим. Ҳеч нарса демадим. Дея олмадим. Улар вағир-вуғурлашиб менга далда берган бўлишди, бироқ қулоқларим кар бўлиб қолганди. Эсанкираганимдан қўлларим ичкиликка муккасидан кетган одамнинг қўлларидай титрардики, камзулимнинг тугмаларини қадай олмасдим.

Қаердандир пайдо бўлган ҳамшира стаканда сув узатди. Қалтироғим шиша идишдаги сувни-да чайқатарди. Стакан лабларим ва тишларимга теккач-да титроғим босилмади. Ҳолатимга ажабсиниб термилиб турган ҳамширага қарадим. У ғоят чиройли эди. «Эртага ўласан!» деб ҳукм ўқилгандаям одамзод гўзаллик қошида ожиз қоларкан. Қалтироқ бироз босилди. Амаллаб бир ҳўплам сув ютдим.

Эртага бўлмаса-да қачондир барибир ўлим ғолиб келишини ўйлаб, сал ўзимга келдим. Шунда камзулимнинг тугмалари осонгина қадалди. Қарасам, ботинкамнинг ипи боғланмаган экан, боғични боғлашга сал қийналдим. Бу табиий эди. Доим уйдан чиқиб кетарканман, аёлим боғичларни боғлашимга йўл қўймасди. Юмушни доим ўзи завқ билан бажарарди. Уст-бошимни тузатиб, йўлакдаги ойнага қарадим. Рўпарамда ҳали сочига оқ қўнмаган, юзига ажин ораламаган, ҳаётга ташна ўттиз беш ёшли навқирон йигит гавдаланди. Ота-онам, ука-сингилларим, ўғлим ва аёлимнинг менсиз кунлари қандай ўтишини ўйлаб титраб кетдим. Шунда ҳамширанинг: «Соатингиз!» деган сўзи хаёлимни қочирди. Ҳа, боя унутган нарсам шу экан. Қиз маъюс жилмайди-да, соатни тақишга ишора қилди. Уни тақдиму беихтиёр милларига қарадим. Неча бўлганини кўра олмадим. Умрим дақиқа сайин озайиб бораётганини ҳис қилдиму кетишим керакгинини англадим.

Йўлак деворидаги одамларни ҳар хил касалликдан огоҳ этувчи чақириқлар бемаъни битиклардай туюлди. Мана, эсини таниганидан бери иситмаламаган ва укол нималигини билмаган одам ажал билан бақамти бўлиб турибди-ю, бу ёзувлар инсонни ўлимдан қандай сақласин? Ҳаммаси Худонинг амри билан бўлади.

«Эй, Худойим! Олдингга шунча гуноҳ билан қандай бораман-а?»

Юрагим орқага тортиб кетди. Ташқарига отилдим. Ёмғир севаларди. Ҳавони симирдим. Ўпкамга ҳар куни миллион-миллион марта кирадиган ҳавонинг ғоят мусаффолигини бошқача туйдим. Сув остида узоқ қолиб, ташқарилагач ютоқиб нафас олган одамдай эдим. Ўзим билан ўзим гаплаша бошладим:

«Айтгандай, бугун ойнинг нечанчи куни?»

«Кеча 28 февраль эди».

«Унда бугун биринчи март!»

«Демак, баҳорга ўтибсан-да!»

Шунда соатимнинг санани кўрсатувчи ойначасига қарадим. У 29 феврални кўрсатарди. Ихтиёрсиз жилмайдим.

«Кабиса йили!»

«Қишнинг охирги куни».

Умрим яна бир кунга узайгандай туюлди.

«Баҳорнинг биринчи куни эса эртага».

«Эртага…»

Эртага эрталаб уйқудан уйғонмаслигим, эрта ҳеч қачон келмаслигини ўйлаб увушиб кетдим. Шунда ортимдан келган товуш хаёлимни бўлди: «Кечирасиз, ёмғирда ивиб қоласиз, буни олинг, кеча шошганимдан ўзимникини тополмай, акамнинг соябонини кўтариб келувдим. Мени эса салдан кейин ўзлари мошинада опкетади».

«Кеча» сўзидан кейин овозни танидим ва ҳамшира менга гапираётганини сездим. Ортга ўгирилдим. У айбдордай кўзини опқочди. Соябонни узатаркан, юзимга югурик нигоҳ ташлади-да, ортга бурилиб, тез-тез қадам ташлаб кетди. Қарашларидаги менга нисбатан дардкашлик ва ачиниш ҳиссини қанчалик яширишга уринмасин, барибир шаҳло кўзлари сездириб қўярди.

Соябонни ёймадим. Чунки ёмғир ёғаётгани парвойимга келмасди. Боз устига азалдан ёмғирда соябонсиз сайр қилиш менга ёқарди. Осмонга тикилдим. Шунда ҳамма-ҳаммаси эсдан чиқди. Ҳаётни яхши кўриб кетдим. Яшашга бўлган иштиёқим шу даражада кучайдики, хатто у дунёсидан қайтишга тайёр эдим. Ҳаёт нақадар ширин, нақадар завқли, нақадар улуғвор-а! Ёмғир кўз ёшимдай юзимдан оқа бошлади. Бу ҳол қанча давом этди, билмадим, лекин касалхона ҳовлисида узоқ туриб қолган эдим.

Негадир шошилмасдим. Аниқроғи, бугун шошилмай яшагим келди. Балки шунда ҳаёт маъносини кўпроқ англарман. Шу пайтгача шошилиб нимага эришдим? Оқибатда барибир ўлим билан юзма-юз бўлиб турибман. Кейинги ўн йилимни сарҳисоб қилдим. Эсда қоларли ҳеч қандай кун ёдга келмади. Қоғозлар орасида ўтган ўн йил-а! Шунда йилларим маъносиз, рангсиз ўтгандай туюлди. Шу ўй билан бекатга етибман. Гўё мени ўлим сари тезроқ элтиб қўйиш учун автобус ҳам боришим биланоқ кеп қолса бўладими. Уловга чиқиб, ўзим яхши кўрадиган орқа ўриндиққа чўкдим. Инсоннинг ҳар куни, ҳар дақиқаси, кези келса, ҳар сонияси қадрли ва қайтмас эканини ҳис қилдим. Эҳ, шуни аввалроқ англасам бўлмасмиди! Энди қолган ҳар дақиқамни қадрлайман! Неки қилгим келса, фақат ўшани бажараман! Бошқа бари бекор! Бугун режа тузмайман! Ишга бормайман! Газета менсиз чиқар! Ҳамма-ҳаммаси кўнгил амри билан бўлади! Фақат кўнгил амри билан!

Ойнага бош қўйдим. Кўзим очиқ турарди-ю, аммо дунё қоронғи эди. Шаҳарнинг баланд бинолари юракка санчиб қўйилган совуқ пичоқ дастасига, жимжимадор шошқин мошиналар танамни эзғилаб бораётган саратон ҳужайраларига ўхшарди. Етаклашган йигит билан қизни кўриб Садоқат билан илк танишган кезларим эсимга тушди.

…Талабалар ётоқхонасининг ошхонаси. Овқатимни олиш учун совутгични очишим билан тўғралган кўкат солинган ликопча лап этиб ерга тушди. Идиш-ку синмади, лекин кўкат сочилиб кетди. Нима қиларимни билмай қолдим. Шунда қозон бошидаги қорамағиз қиз: «Нарсангизни олиб кетаверинг, ўзим йиғиштириб оламан, кўкат ўзи эски экан-ку!», дея мени хижолатдан қутқарди. Ўшандаёқ юрагимда ажиб илиқлик пайдо бўлди ва у тақдирим эканини англаганман.

Келишимни юраги сезганми ё деразадан кўриб турганми, қўнғироқни босмасимдан аёлим эшикни очди-ю:

– Ассалому алайкум! – деди мийиғида кулиб.

– Ваалайкум ассалом!

– Яхши келдизми, навбатчилик яхши ўтдими?

– Худога шукр! Ўзинг яхшими?

– Раҳмат! Ювиниб олинг, чой қўйгандим, дамлаб бераман!

Хотиним кўзимга доимгидан яхши кўриниб кетди.

– Биласанми, Садоқат, сен дунёдаги энг яхши аёлсан!

– Бугун бошқачасиз? – деди у чой дамларкан.

Ювиниб, ошхонага кирдим. Куймаланаётган аёлимни кўриб, ўзимни бахтли сездим. Ортидан бориб секин қучдим. «Дарров соғиниб қолдизми?», деди ийманиб. Юзини кўрмасам-да ёқимли жилмайганини сездим. «Сени соғинмай бўларканми, тентаккинам!» дедим сочини ҳидлаб. «Ғийқ» этган эшик овози мени сергаклантирди. Қўлларимни тортиб олдим. Ўғлим кўзларини ишқаб, «дада», деб менга интилди. Тиззанладим[1]. Келиб бўйнимдан қучди. Боламнинг белидан маҳкам қучоқладим. Кўзимдан ёш қуйилиб кетди. «Дада, йиғлаяпсизми?» деди ўғлим буни сезиб. «Йўқ, ёмғирда сочим ҳўл бўлувди, шунга…», дея алдадим ёшимни артарканман. «Ўғлим, бор, бет-қўлингни ювиб кел-чи, даданг билан чой ичамиз», деди хотиним ўзи сезмаган ҳолда мени ноқулайликдан қутқариб. Ўғлим чопиб ваннахонага кирди. Мен хонтахта ёнидаги доимги жойимга чўкдим. Аёлим чой қайтараркан, юзимга тикилди-ю:

– Сизга нима бўлди, кўзиз қизарибди? – дея ерга қаради.

– Чарчадим, навбатчилик оғир ўтди, – деб юзимни ундан олиб қочдим. Ўғлим келиб, мени хижолатдан қутқарди. Онаси олдимизга таом келтирди. «Ўзингам ўтир», дедим. У қўлидаги юмушни қўйди-да, ёнимга ўтирди. Нонушта қилдик. Оилам билан сўнгги бора дастурхон атрофида ўтирганимни ўйламадимам. Чой ичдик. Гапни нимадан бошлашни билмай, каловландим, охири зўрға: «Бугун қишлоққа жўнайсизлар!», дедим. Ўғлим «уррэ», деб қичқириб юборди. Садоқат саволомуз қаради. «Хизмат сафарига кетяпман, тез кунда изларингдан бораман, баҳонада энамнинг рўзғорига қарашиб келасан», дедим. Аёлим аввалига унамагандай бўлди, қовоғимнинг уюлганини кўриб «хўп», дегандай бош ирғади.

Балконга чиқиб, сигарета тутатдим. Деразани қия очиб, ташқарига термилдим. Ёмғир бир маромда севаларди. Ялонғоч дарахтлар ҳаётнинг ўткинчилиги ҳақида ўй сураётгандай эди. Санай бошладим. Бир, икки, уч…

«Эртага тонггача бормайди!»

…ўттиз тўрт, ўттиз беш. Дарахтлар-да ҳазиллашаётгандай ўттиз бешта чиқди. Шу уйда ижарада турганимдан бери уларнинг ўттиз бешта эканини пайқамабман.

«Эртага тонггача бормайди!»

Ўттиз олтинчи дарахтни жавдираб қидира бошладим. Шунда чопиб келиб, оёқларимдан қучган ўғлимнинг: «Дада, ўзингизам борасизми?» деган сўроғи фикримни бўлди. Уни кўрмасин, деб қўлимдаги сигаретни ташқарига оттиму:

– Эртагаёқ изларингдан етиб бораман», дедим.

– Алдамайсизми? – дея ўғлим оёқларимни маҳкам қучди.

– Дадалар алдамайди! – дедим унинг бошини маҳкам қучоқлаб, кейин қўшиб қўйдим, – қишлоққа боргач, бобонг, момонг, онангнинг гапини икки қилма! Тушундингми?

У қўлларим орасидаги бошини ирғиди. Ота-бола шу кўйи узоқ туриб қолдик.

Уларни автобекатдан мошинага чиқаздим. Ойлик олганимни айтиб, хотинимга кўпроқ пул бердим.

– Бунча пулни нима қиламан? – деди ажабланиб Садоқат.

– Ортиқчаси бўлса, отамга берарсан, – дедим беихтиёр кулиб.

– Ўзингиз бориб олиб келасиз-а?

– Ҳа, индинларга етиб борсам керак…

Мошина қўзғалди. Ортимга қайрилдим. Энди чини билан йиғлаб юбордим. Фақат овозим чиқмасди. Катта-катта қадам ташлаб кетиб борардим. Шу кетишда: «Ўғлим билан хайрлашмаганим яхши бўлган экан, бўлмаса ўзимни тута олмасдим», деб ўйладим. Хайрлашиш, чиндан хайрлашиш қўрқинчли бўлишини шу дам ҳис қилдим. Айниқса, сенга меҳр улашганлар билан хайрлашиш оғир экан.

Ёмғир тинибди. Ўзимга келиб, дўстимга қўнғироқ қилдим. Ишда экан. Олдига ўтишимни айтдим. Боришимга рози бўлди. Таксига ўтириб, ўн беш дақиқада унинг ишхонасига етдим.

Сўрашгач, ишхонаси ҳовлисидаги ўриндиқлардан бирига ўтирдик. У ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Ўзимиз яхши кўрадиган ошхонага тушликка бордик. Икки хил овқат айтдик. Таомлар доимгидан шириндай туюлди. Дўстимнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан, ҳисобни ўзим тўладим. Бундан бироз ранжиди. «Келаси гал тўларсан», деганимдан кейин чеҳраси сал очилди. Ишхонасигача жим бордик. Лекин қандай гап бошлашни билмасдим. «Қобил, эртага эрталаб бизникига кел, мени кузатиб қўясан!» дедим охири. «Қаёққа кетаяпсан?» деди ажабсиниб. «Узоққа», дея кулдиму қўшиб қўйдим: «Қишлоққа – уйимга…» Қўйнимдан дўхтирлар берган қоғозларни чиқариб унга узатдим. У лом-мим демай қоғозларга узоқ термилдию ийманибгина сўради:

– Қачон билдинг?

– Бугун!

– Ташхислар доимам тўғри чиқавермайди!

– Лекин бу энг янги ускуна хулосаси экан! – дедим синовчан.

У индамади. Бироз жим турди-да бирдан жонланиб:

– Юр, оғайни, сени шаҳардаги энг яхши врачга обораман! Ҳар қандай янги аппаратам, энг зўр дўхтирам адашиши мумкин-ку? – деди.

– Қўй, ошна! – дедим хотиржам.

– Ҳеч қаёққа кетмайман! Бугун ёнингда бўламан! – деди қатъий оҳангда.

– Илтимос, Қобил, бугун ўзим учун яшамоқчиман! – дедим уни совитиш мақсадида.

У бўйнимдан маҳкам қучоқлади.

Ошнам билан ҳеч қачон бу қадар яқин бўлмагандик. Дардимга шерик бўлгани учун дўстимдан миннатдор бўлдим, ишига қайтишини илтимос қилиб, уйимнинг иккинчи калитини узатдим. Аввалига олишни истамади. Хўрсина-хўрсина қўлимдагини олдию мени яна бағрига босди. Зўрға «Ота-онамни йўқлаб тур!» дея олдим, холос. Ортиқ бу ерда қололмаслигимни англаб, ошнам билан хайрлашиб йўлга отландим. Унинг охирги марта менга термилган кўзларида чўкаётган одамга ҳеч қандай ёрдам қўлини чўза олмай изтироб чекаётган инсон қиёфасини кўрдим.

Пиёда юргим келди. Қаерларгадир бордим, нималардир қилдим. Ҳеч бири эсимда йўқ. Эслаганим, кўзимни очсам, қандайдир ўриндиқда ўтирган эканман. Кўзим илинган экан. Атрофимни идрок этсам, айланиб-айланиб адиблар боғига келиб қолган эканман. Қарасам, уларнинг ҳаммаси ўриндиқда ўтирибди. Нега? Бу ҳақда шу пайтгача ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Боққа шунчаки келиб-кетаверибман-да. Бошқа боғдаги шоиранинг ҳайкалини-да кўз олдимга келтирдим. Уям ўриндиқда ўтирибди. Қатағон замонида юрак ҳовучлаб қалам тебратган ижодкорларимизнинг жисман, руҳан толиққанини ҳайкалтарош яхши фаҳмлабди. Қойил!

Боғдан чиқиб кетарканман бояги совуқ гап ногаҳон эсимга тушди:

«Эртага тонггача бормайди!»

Нақадар совуқ сўзлар! Шунда телефоним жиринглаб қолди. Сесканиб кетдим. Йўл бўйидаги ўриндиққа чўкдим. Чуқур-чуқур нафас олиб телефонимнинг ойнасига қарадим: «Онам». Бир неча кундан бери онамни йўқламаганимни, ҳатто эсдан чиқариб қўйганимни ўйлаб, ўзимдан нафратланиб кетдим!..

«Болажоним, ўзингмисан?» дедилар саломимни кутмасдан. Овозимга имкон қадар қувонч оҳангларидан қўшиб гаплаша бошладим. Сўрашгач мени саволга тутди:

– Негадир кўнглим ғаш, кеча тушимгаям кирибсан, соғлигинг яхшими ўзи?

– Худога шукр, яхшиман! Эна, бугун келинингизни олдингизга жўнатдим.

– Вой, болам-эй! Яхши қилибсан-да! Ўзинг қачон келасан, ўзинг?

– Бир-икки кунда бориб қоламан, эна.

– Тани-жонинг соғ бўлсин, илойим!

– Раҳмат, эна! Дуо қилиб туринг!

– Икки қўлим доим дуода!

– Эна!

– Ҳа, жоним болам!

– Бодом гулладими?

– Эҳ-ҳэ! Сўрама, болам! Кўриб қўзинг қувнайди! Эҳ, болам-а! Ўша шаҳарингдан уч-тўрт кунгинага ортиб, бир келиб-кетсанг, ҳаммасини ўзинг кўрардинг! Ҳаммамиз сени соғиндик, соғиндим!

– Бораман, эна!

– Тезроқ келақол!

– Эна! Ҳалиги…

– Гапиравер, жон болам!

– Йўқ, ўзим, ҳеч нарса! Майли, бўлмаса!

– Тани-жонинг соғ бўлсин!

Алоқа узилди. Юрагимнинг бир четиям чирт узилди. Издан чиққан поезддай нима қиларимни, қаерга боришимни билмай қолдим.

Ўриндиқ ёнидаги энди куртак ёзаман, деб турган дарахт шохларига боқиб болалигимни эсладим. Адирларда майсалар бош кўтарган чоғи. Болалигимда қизлар гуллаган бодом шохини синдириб олиб, чаккаларига таққанлари, Боботоғ адирлари бағрида чопиб қўй боққанларим эсимга тушди. Қалбимда занг қоплаган ям-яшил ҳаётга қайта жон ина бошлади. Хаёлим беихтиёр ўша кунларга улоқди.

…Синфдош қизнинг сочидан тортиб йиғлатганларимни эсдан чиқариб бўларканми?! Қўшнимизнинг боғидан олма узиб еганларимни хотирамдан ўчириб ташлай оламанми? Ёз кунлари туш пайти уйдагиларнинг кўзини шамғалат қилиб ялангоёқ лойқа сувга чўмилишга борганларим ҳаётимнинг энг ширин лаҳзаларидай туюлди. Иссиқ тупроқда ётиб олиб, қуёшда қорайганларим-чи! Болалигим менга ҳар қачонгиданам яқиндай туюлди.

Ундан-да кичиклигимда бобом яшил мошинасида мени катта шаҳарга олиб борганини эсладим. Универмагда ичига одам сиғадиган ўйинчоқ мошин кўзимга яхши кўриниб қолса бўладими. Ўшани олиб берасиз, деб ерга ўтириб олиб, тир-тир енгарлик[2] қилиб, бутун универмагни оёққа турғизай деганман ўшанда. Уйга қайтаётиб меники бўлиши керак бўлган нарса тобора ортда қоларкан, йиғим янада кучайган, шунда сўнгги илинж – шўпир бобомнинг сочидан тортдим. Чўлнинг ўртасида тақа-тақ тўхтадик. Мошинадан туширилдим. Эллик-юз қадамча ортда қолгач, баттар йиғлаб мошинанинг ортидан чопганимни эслаб… юзимга кулги оралади.

Қишлоғимни қаттиқ соғинганимни ҳис қилиб телефон титишга тушдим. Интернетдан сунъий йўлдош харитасига кирдим. У турган жойимни кўрсатарди. Амаллаб қишлоғимни топдим. Ҳар гал уйга қайтаётганда мени қучоқ очиб кутиб оладиган Бўйрабобим кафтдай эди. Баданимга чумоли ўрмалагандай бўлди. Туғилган тупроғингни осмондан кўриш бошқача бўларкан. Харитадан бобо уйимни қидирдим. Болалигимнинг кўп қисми ўтган уй кўзимга бошқача кўринди. Нарироқдаги ота уйимда илиқликни ҳис қилдим. Мана, томорқамиз, дарахтларимиз, уйимиз. Хаёлан уйимизнинг томига кирдим. У ерда китоблар, кийилмай қолган кийимлар, яна бир қанча буюмлар бор эди. Шифтда тағин нимадир осилиб турибди. Нима экан-а? Ахир бу бешик-ку! Мени, укаларимни, сингилларимни катта қилган бешик! Онажоним тебратиб тепасида бизга аллалар айтиб берган бешик! Мен туғилганда қувонган бобом қора толдан ясаган мустаҳкам бешик!

Харитани бармоқларим билан йиғдим. Бўйрабоб тағин кафтдай бўлиб қолди. Қишлоқ адоғидаги оқ нуқталарнинг нима эканига қизиқиб, ўша жойни яқинлаштирдим. Не кўз билан кўрайки, оқ нуқталар қабристон эди. Бир муддат жим қолдим. Кўмилган қариндошларимизни эсладим. Харитадаги қабристон билан хаёлимдагисини солиштирдим. Қабристон кенгайиб қолгандай эди. Чинданам, мен билган қабристонда бирорта бўш жой қолмабди. Қўшилган жойни яқинлатдим. У ерда ўн-ўн бешта қабр кўзга ташланарди. Мен учун ҳаммаси янги. Қишлоқда бўлмаганимда кимлар оламдан ўтди экан? Уйдан кетганимдан бери анча вақт ўтганини ҳис қилдим. Эрта-индин қабрлар ёнида янги қабр пайдо бўлишини ўйлаб юрагим увишди. Ўйларим чувалашиб қолди. Харитани тезда йиғдим. Қабристон кичрайиб, қишлоқ ичида йўқолди. Ўрнимдан қўзғалдим.

Совуқ хаёллар билан китоб дўконига келиб қолибман. Ичкарига кирдим. Ўқимаган китобларимни олдим. Почтага бориб уларни ота уйим манзилига жўнатма қилдим. Китобсуяр синглим учун. Акаси ўқиёлмаган китобларни ҳеч бўлмаса у ўқисин! Фақат Қуръони Каримни ўзим билан олиб қолдим. Шууримда шифокорнинг совуқ гапи акс-садо бериб, юрагимни титратиб юборди:

«Эртага тонггача бормайди!»

Лекин тонггача улгуришим мумкин-ку!

«Худога шукр!»

Уйга шошдим. Почтадан чиқсам, қош қорайибди. Шу яқиндаги масжиддан келаётган шом азони қулоғимга доимгидан айрича эшитилди:

Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!..

Ёмғир кучайганди. Кун бўйи ёнимда олиб юрганим – ҳамшира берган соябонни энди очмасам бўлмайди. Боғичини бўшатиб, уни ёйдим. Ўнта тиргаги бор бошпана бошимни тўсди. Уйга пиёда кета бошладим.

Сўнг қанча юрганимни, нималар қилганимни, уйга қандай келганимни эслолмайман. Билганим, мутолаа жараёнида чиндан яшаётганимни ҳис қилдим. Тонгга яқин уйқу элита бошлаганида эса ўзимни икки дунё оралиғида туйдим. Қайтиб кўз очмаслигимдан қўрқмай қўйдим. Ўқиганларим ёмғир томчиларининг шитир-шитирига қўшилиб умримда эшитмаган товуш – кўкламнинг ёқимли куйи янглиғ миямда айланарди. Ўйласам, куй ҳаётнинг ўзига ўхшаш экан. Куй ибтидо ва интиҳо ўртасидаги кўприклигини англадим. Куйдан бўлак ҳеч нарсани идрок этолмасдим. Юрак уришларим-да, нафас олишларим-да, сассиз сўзларим-да, сўнгсиз ўйларим-да куй бўлиб қолганди. Мен куйга айлангандим. Борлиғимни эгаллаган ёқимли куйни не тонгки тонгда эшик қўнғироғининг жаранги бўлиб юборди…

2016–2017 йиллар.

________________

[1] Тиззанламоқ (шевада) – чўккаламоқ.

[2] Тир-тир енгарлик (шевада)– қайсарлик.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!