Файзулла Салаев. Еттинчи бўрдоқи (ҳикоя)

Янги даврнинг иссиқ-совуқ шабадалари бош­лан­ғич синф ўқитувчиси Салтанат ва туман маиший хиз­мат кўрсатиш комбинатининг рассоми Мўминжон Қо­биловлар хонадонининг у бурчагидан бунисига ўтиб, катта-кичик гирдоблар ҳосил қилди, оила аъзоларининг режаю орзуларини ҳазон каби тўзитиб, дилларига ғулғула солди. Режа, орзу деймиз-у, аслида ўтган замонларда бу хил одамнинг кўкайига дохил тушуник­лар бўлмаган экан ҳисоби.
Нафсиламри, ҳар доимги бир хил машғулот: бир йўлакдан ишга бориб, яна шу йўлакдан уйга қай­тиш, неча йиллардан бери ёд бўлиб кетган гап­ларни ўқувчилар хотирига жойлаш учун етти марта қайнаб-қоврилиш; дам олиш кунлари яганаю ўтоқ, дағал хашак йиғиш, терим кампанияларида колхозга ҳашарга чиқиш… бари-барчаси тўрт нафар ака-ука ичида тантиқроқ ўсган Салтанатни роса чарчатган эди. Шу боис ўтиш даври қийинчиликлари баҳонасида чорак асрлик ишини канда қилиб, бозорга чиқиб кетди. Узоқ кентдаги кўтара бозордан майда-чуйда олиб, чаканалаб сотишни касб қилиб олди. Табиатан тили ширин, истараси иссиққина эмасми, қаршисидан ўтган харидорни бўш юбормасди. Ёқимли муомала билан мижознинг бағри-дилига кириб, ҳатто растасида йўқ молни ҳам пулларди – буюртма оларди.
Натижа ёмон бўлмади: икки йилда буюмлар бозорида доимий ўринга эга бўлди; яна икки йилдан сўнг ҳайҳотдай магазини молга тўлди; тағин бир йил ўтиб, уйдаги «Жигули» ўрнини замонавий русумли машина эгаллади. Бозорда, маҳалла-кўйда Салтанатнинг нуфузи ошди. Тўй-маъракада тўрроқдан ўрин тегадиган бўлди…     
Марказдаги машҳур рассомлик ўқув юртини би­тирган Мўминжон хотини олдида бироз хижолат бўлиб қолди. Хотини бозорни танлаганида роса қар­шилик кўрсатган Мўмин замона зайли билан бутунлай ишсиз қолди.
У ўша йиллар ўзини омадли санарди. Рўзғор юмушларига қўлини ҳам урмас, барчаси хотини гарданида эди. Кунини устахонада ўтказарди. Кинофикация буюртмаси билан суратли афишалар чизар, колхоз-совхоз ва бошқа ташкилотлар учун турли хил шиор ва плакатлар тайёрларди. Бўш қолгудек бўлса, устахонани ичкаридан беркитиб, «ижод»га шўнғир – теварак-жавонибдаги машҳурлар портретини мой­бўёқда чизиб, эгасига пулларди. «Ижод»га урғу бераётганимиз – Мўминжон портретлар учун манша ўр­нида қаҳрамоннинг фотосуратидан фойдаланарди. Шунга қарамай, унинг суратлари анча жонли чиқар, уларда киши сажиясидаги муҳим хислатлар манаман деб бўртиб турарди.
Замон билан бирга одамлар ҳам ўзгараркан. Кинотомошабинлар кескин камайди. Клублар ҳувиллаб қолгач, афишага буюртма ҳам тўхтади. Қўлда чизилган портретлар ўрнини истаган ўлчамда тезкор тайёрланадиган рангли фотолар эгаллади. Аслида санъат асари – мойбўёқ қаёқдаю ҳиссиз техника самари фото қайда? Аммо буни тушунадиган дид, фаросат қани?!. Шундай қилиб, тумандаги биринчи рақамли рассом Мўминжон қўлида гулдай ҳунари билан бекор қолди. Юрагидаги ижод аҳлига хос ёниқлик сўниб улгурмаган Мўминжон учун ишсизликнинг илк кунлари тошойна вазифасини бажарди, унга қараб, ўзини таниб олишга интилди.
Донишларга менгзаб, ярим юмилган муштини иягига тираб, тафаккур отига миниб, умри сарҳадларини айланиб боқса, ҳунарли бўлиб, иш бошлаганидан бе­ри ҳеч қандай иш қилолмабди (пул топиш, бола-чақа орттириш, ҳовли-жой ва машинани истиснолаганда)… Эҳ-ҳей, орзулари осмондай эди. Орзулашга ҳадди сиғарди. Гуруҳида, ҳатто ўқув юртида ўз ўрни бор эди. Ҳали эскиз даражасидаги машқлари ҳам ўқитувчи-устозлар диққатини тортарди, мунозараларга сабаб бўларди. Тугалланган асарлари ўрни кўр­газмалар тў­рида эди (албатта, сўз талабалар кўр­газмаси ҳақида боряпти). Мўминжон Қобилов ижодининг илк даврига мансуб «Соғинч» деб номланган бир мойбўёқ портрет ҳали-ҳануз билим юртига кираверишдаги суратлар орасида осиғлиқ турибди…
Афсус, энди булар бари ўтмиш, хотира…
Ўшанда устозлар ўгитига кўниб, ўқиш-изланишни давом эттирганда балки бу аҳволга тушмаган бў­лар­миди… Мўминжон узоқ мушоҳададан сўнг жилла қур­са бирор буюртма оларман деган илинжда Рассомлар уюшмасининг вилоят бўлимига бош урди. Уюшмага аъзо эмаслигини юзига солишиб, тузукроқ қабул ҳам қилишмади…
Нима қилсин, икки неварага андармон бўлиб юраверсинми? Хотини қаватига кирайин деса, савдони умуман жини суймайди. Сотиш у ёқда турсин, шу кунгача ўзи ёки болалари учун пайпоқ ҳам харид қилмаган. Қурилиш, деҳқончиликка эса, бўйин ёр бер­майди. Умрида бирор жисмоний иш қилганини эслол­майди…
Салтанатга барибир, бу мавзуда гап қўзғалса, «гулларга боғбон, уйга қоровул ҳам керак-ку», – деб маъноли кулади.
Ўғил, келин ва икки невара – олти жондан иборат бу оилада ҳамма нарса етарли эди. Етарлигина эмас, ортиқча. Уйда ҳафта десак лоф бўлар-у, ой сайин бирор янги жиҳоз пайдо бўларди. Одам бўйли совутгич, экранига қулоч етмайдиган телевизор, ёзда совутиб, қишда иситадиган алламбало техникалар олинди. Бу хил ашёлар «қишлоқча» уйга ярашмаслиги рўкач қилиниб, хоналар «евротаъмир»дан чиқарилди…
Бекорчилик, қолаверса, вақт сайин сотувдаги моллари ва уйдаги жиҳозларга мутаносиб равишда димоғи ўсаётган хотинига боқиманда бўлиб қолаётгани алам қиларди Мўминжонга…
Кунларнинг бирида Салтанат янги гап топиб келди: кейинги пайтда одамлар бойиётганмиш; шу сабаб ҳеч ким гўштсиз овқат емасмиш; гўштнинг қим­мат­лашаётгани шунданмиш…
– Бунинг менга қандай даҳли бор? – сабрсизланди Мўминжон.
– Даҳли бўлгани учун айтяпман, – деди Салтанат овозига жиддий оҳанг бериб. – Ҳўкиз, аниқроғи, бўрдоқи боқасиз! Бекорчиликдан тўйдим деб, жонимдан тўйдирдингиз-ку…
– Шу-шу, шапалоқдек ҳовлида-я?..
– Бердисини эшитинг! Ҳовлининг оёғидан эшик очиб, молхона қурамиз. Кўкаламзорлаштиришга қол­дирилган зонада. Раҳбарлар ишлайман деган одам бўлса, добро беряпти. Ҳокимликка бориб, ўзим олиб бераман рухсатни сизга…
Мўминжонни тер босди. Хонтахтадаги чойнакдан пиёлага совуқ чой қуйди, босиб-босиб ҳўплаганича жим қолди. Салтанат сўзида давом этди:
– Молнинг зоти яхши бўлса, ўт-еми етиб турса, кунига бир килодан семирамиш…
Хотини миясида масалани роса пиширган шекилли, аввалги буромаду кейинги даромадни ипидан игнасигача ҳисоблаб, эри олдига дастурхондай ёзди.
– Буғалтир бўп кет-ей, – деди ниҳоят Мўмин. – Бунинг барини мен қиламанми?! – Мўминнинг товушида ҳадик ва зарда аралаш эди.
– Бошқа ким, менми? – деди Салтанат илкисдан, кейин юмшаб, қўшиб қўйди, – улгурмасангиз, мояна бериб, одам ёллаймиз… Қолаверса, молхонани модерн – замонавий қилиб қурамиз. У ерда одам ишлаб чарчамайди, завқ олади…
Кейин хотини бармоқларини ишга солиб ҳисобга кўчди. Мўминжон хотинининг бир гапига тушунса, иккинчисини англамай тинглади. Хотини:
– Гўнгиниям сотамиз, бир машина гўнг юз минг сўм! Кунжара еган мол гўнги янада қимматроқ. Ўн бўрдоқи ойига бир арава ўғит беради.., – деганида чидай олмади:
– Нима қиласан шунча пулни, нима етишмаяпти сенга?! – деди овозини баландлатиб.
– Ё, алҳазар! Ё, тавба!.. Кунига миллион топаётган одамдай гапиришини қаранг! Пулни нима қилишини билмайдиган одам ҳам бор экан бу замонда…
Мўмин хотинига бир ўқрайди-да, тортмадан сигарет олиб, ҳовлига йўналди…
– Тавба, шунақаям одам бўларкан, пулни нима қилармишмиз! Аввал сен бел оғритиб бир танга топиб кўр! Далли-дарвеш!..
Салтанат бу гапни ўзича айтган бўлди. Лекин қия очиқ эшик орқали гап эгасига етди. Мўминжон ёндирилган сигаретни эзғилаб, ток тагига отди. Уни хотини биринчи марта сенсирамоқда эди…
Хуллас, икки ҳафта ўтиб-ўтмай ҳовли ташида Сал­танат айтмоқчи «модерн» молхона пайдо бўлди. Узунаси ҳовли билан баробар молхона уч бўлак эди. Ем-хашак учун мўлжалланган қисм икки қават қилиб қурилди: пасти кунжара, омихта, кепак каби емишлар учун; иккинчи қават хашак учун. Иккинчи қаватнинг бир бурчида хашак майдалайдиган электр ускуна. У ҳар қандай дағал ўтни, ҳатто ғўзапоя, чучукмия каби қаттиқ хашакларни кукунга айлантириб беради. Иккинчи бўлма ошхона вазифасини ўтарди. Бу ерга ғиштин ўчоқ қурилиб, катта дошқозон ўрнатилди. Қо­зонга емхонадан нов орқали хашак кукуни оқиб тушади. Аралашма молларга пиширилиб берилса, юқимли бўлармиш. Учинчи бўлма – моллар учун хо­на, аломатхонанинг ўзи. Деворнинг одам бўйичалик қисми бетондан қуйилган. Бўрдоқи новвосларга ғиш­тин девор дош беролмасмиш. Хона етти бўрдоқига мўлжалланган, ҳайвонлар ораси кўкракдан келадиган бетон тўсиқ билан ажратилган. Тўсиқлар ораси бир мол базўр ётиб-турадиган даражада тор. Демак, ортиқча ҳаракат қилмайди – ёғ бойлайди. Моллар бир-бирини кўрмайди, безовталанмайди – семиради. Хона ичи ним қоронғи. Зулматда ҳайвон тезроқ эт тўп­лармиш. Олд томондаги охур ҳам, орқа тарафдаги нажас оқадиган нов ҳам бетондан бежирим қилиб ишланган. Қалин тахтадан нишаброқ қилиб ясалган, полига линолеум тўшалган. Бу жой айни пайтда моллар учун душхона ҳам эди. Молхонадан чиққан ахлату ювинди ён тарафдан қазилган сиғими юз кублик махсус ҳовузга тўпланади…
Мўминжон хотинининг анойилардан эмаслиги­ни моллар келтирилган куни билди. Моллар у ўй­ла­гандек маҳаллий бозордан эмас, қўшни тумандаги бўрдоқичилик фермасидан келтирилганди. Туман ве­теринария амбулаторияси бош дўхтири Зариф заргар ўринбосари билан, етти аждодининг касбини бегона қилмай, икки ўғлига ўргатаётган Матёқуб қассоб бир боласи билан, молхона қурилишида ишбошилик қилган собиқ прораб Ҳожи кал ва шогирдлари шу ерда ҳозиру нозир бўлишди. Ёшлар катталар назорати остида новвосларни машинадан туширишиб, ўринларига занжирбанд қилдилар. Буқачалар еттита эмас, олтита эди. Фермада бори шу экан… Улар қадди-басти бир-биридан кўркам, узун беллик, зотдор бўрдоқилар эди.
Бу кун яқин ўтмищда тамойил бўлган семинар-кўрикка ўхшаб кетди. Ускуналар ишга туширилди, кун салқин бўлишига қарамай, бўрдоқилар чў­мил­тирилди. Молларга бериладиган озуқа рациони, озиқ­­лантириладиган вақтлар аниқланди. Дарвоқе, чў­­­­­милтириш асносида қизиқ ҳодиса рўй берди: Мў­минжон охирги – еттинчи бўш ўриндаги сачратқич тагига бориб, жўмракни беркитишга уннаётганида Ҳожи кал электр моторни қўшиб юборди; бўрдоқилар қатори уй эгаси ҳам «чўмилди» – усти-боши шалаббо бўлди. Молхона эркаклар кулгисидан портлади.
– Мана, еттинчи бўрдоқи ҳам топилди, – деди Зариф заргар ўзини кулгидан базўр тўхтатиб.
Мўминжон дўхтирнинг ҳазил-мазахини эшитмадими ёки эшитмаганга олдими, барчага қўшилиб хохолади. Тўнганидан елкасини қисиб, уйи томон чопди. Кейин бу ўзига хос тадбир уйда – бир пиёла чой устида давом этди.
– Чорва етти хазинанинг бири, – томоқ қирди Зариф заргар, лиммо-лим тўлдирилган биллур қадаҳни қўлига оларкан, – Салтанат, Мўминжон, зап иш бошладингизлар. Сарф қилинган харажат ҳар олти ойда икки баробар бўп қайтмаса – мен кафил!.. Оғил классний қурилган. Ҳоживойга раҳмат! Бироқ кичкина… Майли старт учун етарли. Кейин кенгайтираверасизлар. Менимча, бугун буюк бир ишга қўл урилди – «Мўмин Қобил» бўрдоқичилик фермасига асос солинди. Ҳа, айтгандай, фермани рўйхатдан ўтказишни маслаҳат бераман. Налоги арзимас, ҳатто аввалги уч йилда сариқ чақа ҳам тўламайсиз, менимча. За то емни ўз баҳосидан оласиз!.. Шу қадаҳни «Мўмин Қобил» фермасининг, тўғрироғи, бўрдоқичилик комплексининг ке­­лажаги учун кўтарамиз!.. – Заргар паймонасини бир ҳўплашда бўшатди. – Қани, олинглар, Ҳоживой, Сал­танат, олинглар! Мўмин, тумовлаб қо­ласан, ол, қол­дир­май ол!..
Шу йўсин меҳмонлар ўз билганларича мас­ла­ҳат беришди. Ёрдамларини аямасликларини ур­ғу­лашди…
Мўминни эрта саҳар Салтанат уйғотди:
– Ҳов, хўжайин, турсинлар! Қулоғингизда кана инлаганми?!. Бўкиришяпти буқалар, қўшнилардан уялинг, туринг, ул-бул беринг!.. – Хотини устидан кўр­пани сидириб ташлади. – Хурмачага қараб ичадилар, кеча учиб қолдингиз!.. Кечки овқатини Тиркаш берди, нимани тушунади шу эркатойингиз, қайси емдан қанча берди, ёлғиз Худога аён…
Мўминжон ўрнида ўтирганича керишиб, кийина бошлади. Хотини жаврашини тўхтатмади:
– Бу боришда мени хонавайрон қиласиз. Тамом, бундан кейин бир томчи ҳам ичмайсиз!..
– Бўпти, биз учун ҳам ўзлари ичаверсинлар, – кесатди Мўмин.
– Вой-вой-эй! Шугина ичганим кўрина қолдими, уялинг-ей! Ичганда сўзим бузилмаса… Ҳозир-чи, ҳам­­ма ичади.
– Тўғри, сўзинг бузилмади, бироқ кўзинг сузилди!..
– Нима, нима дедингиз?! Сиз ҳалиям мастсиз. Тузалинг, бу мавзуда сиз билан айрича гаплашаман!.. – ўшқирди хотини.
– Ўчир-ей! Намунча бақирасан, болалардан уялсанг бўларди!..
– Сиз уялинг! Фариштадай жуфти ҳалолини «кўз сузди»га чиқариб ўтирган…
– Ҳа, эркаклар билан бўкканича ичишадиган фаришта!.. – Мўмин яна нимадир демоқчи бўлди-ю, сўз тополмади, қўлларини ҳавога кўтариб, асабий силкитди, бошини чангаллаганича хонани тарк этди…
Бу даҳанаки жанг Салтанатнинг эр хоҳиш-иро­дасига қарамай мактабдаги ишини қўйиб, бозорга чиқ­қанидаёқ орага тушган деворнинг ошкор бўй кўр­сатиши эди.
Эр-хотинни қўшчи ҳўкизларга ўхшатишади. Иккалови бир маромда ҳаракат қилмаса, позна издан чиқади. Ҳўкизлар истаги ўз йўлига. Ер гоҳида қаттиқ, баъзан тошлоқ, баъзида ботқоқ. Омочни текис тортиш осонмас. Бундай пайтда ҳўкизлар айбни бир-биридан излайдилар.
Мўминжон боққа чиққач босиб-босиб сигарет тортаркан, бугунги сан-манни бу хил можароларга ўхшатмади. «Нима бўляпти ўзи, Салтанатга не бўлди? Наҳотки, қўлга кирган арзимас даромад – бир сиқим лаънати амиркон пул шунчалик қудратли бўлса, чорак асрлик (муҳаббатни қўятурайлик) оилавий ришталарни кунпаякун қилишга қодир бўлса?! У қандай жодуки, Салтанатдай тобланган, ахлоқ-одобдан са­боқ берган одамни ҳам ўз нағмасига ўйнатса?.. Ҳа, ўйнатяпти… Бу ёғи не бўлди?.. Наҳотки, барига алвидо?! Наҳотки, бу ёғи сарсон-саргардонлик?.. Йўқ, ҳеч бир куч мени невараларимдан айиролмайди!.. Қолаверса, мен даҳо эмасман, элкезарлик уларнинг иши!..» Мўминнинг хаёлини хотинининг овози бузди:
– Намунча тортмасангиз ўша заҳри қотилни! Юринг, хабар олайлик новвосжонларингиздан!..
Тавба, хотини кулиб турарди. Орадан ҳеч гап ўтмагандай… Бу яхшилик аломатими ёки… Балки ўша жодунинг сеҳридир?..
Мўмин елка қисиб қўйиб, хотинига эргашди.
Тиркаш ёки келини бўлса керак, емни қайнатиб қўйишган экан. Хашак майдалаб, аралаштиришди, махсус металл супага ёйиб, совугач молларга тақ­симлашди. Суғоришди, тагларини тозалашди. Мў­мин­жон кўзларига ишонмасди. Салтанатнинг ҳа­­­ра­кат­лари бир умр оғилда ишлаб келаётган чорвадор­ни эслатарди. «Хабар олиш» бир ярим соатча давом этди.
– Кейинроқ электр бўлмай қолиши мумкин, тушлигига бир бункер хашак майдаланг!.. Ем билан ара­лаштириб, оловни пастроқ қилиб қўйсангиз ҳам бў­лаверади. Мен кетдим. Нонушта тайёрлайман. Кўн­­гиллари нима тусайди? Қуймоқ қилайми ёки… Айт­моқ­чи, кечагилардан илитаман, – деди хотини пешонасидаги терни сидириб.
– Биласан-ку, мен эрталаб ҳеч нарса емайман. Бир пиёла чой…
– Емасдингиз, энди ейсиз! Емасангиз бу ишларга яраб бўпсиз!.. – деди Салтанат овозига нозли оҳанг бериб, – қайси емдан қанча қўшишни биласиз-а? Мен кетдим…
Нонушта устида ҳам хотини ўзини жуда меҳрибон кўрсатди. Ҳатто бош оғриққа элликта қуйиб берди. Мўминнинг қитмирлиги тутди:
– Бирга ичамиз! – деди.
– Нималар деяпсиз, пиёнистага чиқаринг-а, индамаган сайин!..
– Ҳа энди, сиз ҳамма билан ичавермайсиз-да…
Кейинги гап хотинига ёмон ботди. Шахт келиб, Мўминнинг қадаҳига чанг солди.
– Ичсам, сизни, шу хўжалик – оиламни деб ичдим. Билдингизми?! Сиз билан… шунчалар зарур бўлса! – Салтанат биллур жомни бир кўтаришда бў­шатди.
Мўмин анграйиб қолди: у ўзининг кўзу қулоқларига ишонмасди.
Наҳотки, шу аёл чорак асрлик ёс­диқдоши Салтанат бўлса? Одам бошқа бировга эврилиши учун қанча вақт керак? Бир неча йилми ёки бирор соат етарлими? Йўқ, вақт бузмайди инсонни! Уни пул бузади, салтанатлар айтмиш «кўк»и бузади…
– Шу билан кўнглингиз жойига тушдими? Мана, энди олинг! – Хотини кўзларини айёрона сузганича кулиб, эрига қадаҳ сунди. Мўмин қадаҳни қўлига олди. Иккиланмай хотинининг юзи-кўзи аралаш бар­қут халат ёқасидан «М»га менгзаб кўриниб турган кўкрагига сепди. Бўш қадаҳ стол устидаги бошқа идишларга тегиб, жаранг берди, чил-чил синиб, тўрт тарафга сочилди…
Воажаб, Салтанат яна қилиқ кўрсатди – лом-мим демади. Юзини сочиқ билан артиб, дастурхонни тартибга келтирди. Шиша синиқларини терди, ликопчага солиб, соллана чиқиб кетди… Ўн дақиқача ўтгач хона эшигини қия очиб:
– Дадаси, мен кетдим, – деди негадир жилмайиб, – истасангиз буфетда очиғи бор!..
Салтанатдаги лоқайдликка ўхшаш кайф Мўминга ҳам ўта бошлаганди. Индамади. Гўё эшитмади…
– Буёғига Тиркашнинг ўзи ташийди болаларини боғчага. Сизнинг молдан бўлак ишингиз йўқ. Унутманг – озуқа вақтида берилсагина семиради… Молларни сизга, сизни Яратганга топширдим. Яхши қолинг!..
Эшик ёпилгач Мўмин оҳиста уҳ тортди. Буфет олдига бориб, кетма-кет икки қадаҳ кўтарди, газагига сигарет тутатиб, ўзини оромкурсига ташлади…
«Эҳ, дунёи кажрав, эй, бевафо фалак! Айт, не ёзиғим бор эди менинг?! Тўғри, хотинимни вақтида бозордан қайтара олмадим. Юганини устига ташлаб қўйдим… Айбим – мўмин-қобиллигимми! Дарвоқе, мў­мин-қобиллик айбми, ожизликми эркак киши учун?!.»
Мўмин роппа-роса тўққиз яримда уйғонди. Айни ем вақти. Қозондан олиб совутгунча ўн бўлади. Оғил томон шошилди. Унинг қўли ишдаю, хаёлини эрталабки можаро бир зум тарк этмасди. Ўйлана-ўйлана яна мўминлигига борди.
«Салтанатни ҳам тушуниши керакка ўхшайди. Ўзи айтмоқчи, барини шу хонадон деб қиляпти, бояқиш. Эрталаб оғилдаги ҳаракати-чи, бир эркакдай ишлади-я… Ароқни юзига сепсам ҳам миқ этмади. Сал оширвормадимми ишқилиб…»
…Кун кетидан кун ўтиб, ёз ҳам бошланди. Мў­миннинг наввослари янги шароитга мослашиб, иш­таҳаси карнай бўлиб кетди. Бу орада Салтанат янги гап топиб келди. Табиий шароитда ўсган кўк ўтлар бўрдоқилар учун айни дармондорилар манбаи саналиб, озуқа бирлиги жуда кучли бўлармиш. Буни ҳафта-ўн кунда моллардан хабар олиб турган Зариф заргар ҳам таъкидлади.
Хуллас, янги русумдаги машина тепасига чертак ўрнатилди. Мўмин ҳар куни бир марта – соат ўндаги ем билан тушлик оралиғида Сувлиққа қатнайдиган бўлди. Сувлиқ ўн беш чақиримча келадиган дарё яқи­нидаги шоли экиладиган массив. Чел-чебиру марза, ариқ-зовур ёқаларида ўт мўмай – қамиш, буғдойиқ, курмагу ғумайлар одам бўйи ўсиб ётибди. Бироқ бу ерда ҳар қарич ернинг эгаси бор. Ўзбекнинг таниш-билишга эгиладиган одати яхши-да. Мўминнинг йўлини ҳеч ким тўсмайди. Энг қиммат ва кўркам машинада ўтга қатнайдиган бу бойвачча молбоқарни ҳамма танийди, сийлашади. Ҳатто мавридини топиб, ҳол-аҳвол сўрашади, молларини суриштиришади. У истаган жойидан хоҳлаганича ўт ўриши мумкин…
Ҳўкизлар иштаҳаси очилиб, ишнинг кўпайиб бораётгани Салтанатни зарра қизиқтирмас, у ҳар кеч­қурун бирров молларни кўздан кечирар, эри ишларини маъқуллаб, алқарди. Эрига эътибор уйда ҳам ўзгарганди. Ҳўкизлар каби Мўминнинг ҳам рациони яхшиланиб борар, илгарилари фақат меҳмон келганда очиладиган сархил ичимликлар сақланадиган буфет сари йўлакда доимо яшил чироқ порларди.
Мўмин тақдиридан нолимай қўйди. У бўр­до­қи­чилик билан боғлиқ ишларни атрофдагиларнинг ҳавасини келтирар даражада сидқидилдан, фав­қу­лодда бир ғайрат билан бажарар, чарчоққа бўй бермасди. Қа­рийб ҳамма вақтини молхонада ўтказар, ҳар битта мол билан «тиллашар»ди. Ҳар куни бир марта еттинчи ўринда бўрдоқилар қатори чўмиларди. Мўмин молларга яқинлашган сари одамлардан йи­роқлашиб борарди. Буни ўтган якшанбада ўзи ҳам сезиб қолди. Новвосларга тушки емни бераётганди. Орқа томонидаги йўлакда қўлларида бир сиқимдан ўт билан юрган неваралари – Санжар ва Севарага кўзи тушди. Ғазаб билан ўшқирди:
– Ҳей, шайтонлар!.. Ким чақирди сизларни бу ерга? Йўқолларинг! – бақиргани етмагандек қўлидаги паншаха билан ўдағайлади. – Кетинг бу ердан!..
Бундай пўписани умрида эшитмаган Санжар кўз­лари ола-кула бўлиб, туриб қолди. Кичкинтойи эса бўш келмади:
– Бобо, шайтонмашмиз, бизлаймиз. Иннайкейин, ашта айтшангизам кетавиямиз… – деди киприкларини пирпиратиб.
Мўмин тошдай қотди. Ўзига келиб, болалар томон айланиб ўтди. «Салом!» дея чўзган қўлига болалар кафтларини жимгина теккизишди. Мўмин Севарани кўтариб олди. Бўрдоқиларнинг олд томонига олиб ўтди.
– Ўтни молларнинг бош томонидан келиб бериш керак. У ёғидан келсанглар, тепвориши мумкин. Мен шундан қўрқиб… бақирдим сизларга!.. – деди бобо узрхоҳлик қилгандек…
Уйга қайтаётганида опичидаги Севаранинг:
– Бобо, нега шиздан молдинг ийши келади? – дея сўрагани баридан ошиб тушди. Мўмин жавоб беролмай қолди. Томоғига алланарса тиқилиб, кўзи намланди… «Йиғлаяпман. Демак, одамман, ҳали ҳай­вонга ай­ланмабман. Инсонман!..»
– Бобо, нега йиғлаяпшиз? Ҳўкижлай хафа қил­дими шизди?..
– Кўзим оғрияпти, қизим! Мол ҳам хафа қиладими одамни…
Тушликка тортилган қалампирдўлмадан келини кўнгли учунгина тотинди. Ишком тагидаги сўрига чўзилиб, хаёл денгизига ғарқ бўлди.
«Кеча ким эдим?
Бугун кимман?
Эртага кимга айланаман?»
Новвослар олингандан буён неваралари билан мундоқ бир кўнгилочар суҳбат қурмабди ёки шаҳарга тушмабди. Маҳалла-кўй ва қариндошлардаги тўй-ҳашам, маърака-мажлисга ҳам чиқмабди, ўғли Тиркашни жўнатибди. Китоб у ёқда турсин, бирор газета ҳам ўқимабди…
Мол эгасига ўхшамаса ўлармиш. Эҳтимол бу гапда жон бордир. Аммо эгаси молига ўхшаши ҳам тайин шекилли… Илгари Мўминга илҳом бағишлаган яшил қиру далалар, атлас билан ранг талашадиган қамишзорлар бугун унинг кўзига битмас-туганмас озу­қа манбаи бўлиб кўринади. Қараб ўтхўр ҳайвон сингари ютинади… «Зарур техниканг, куч-қудратинг бўлсаю барини ўриб, ғарам қилсанг… Юз, минглаб бўрдоқи боқсанг…» дея орзулайди.
Бас, етар! Шу бугун Салтанатнинг олдида масалани кўндаланг қўяди: ё ишчи ёлланади; ёинки бўрдоқилар гўштга топширилади; ёки мольберту мўйқалам, бўёқ­ларини олганича «ҳойю-ҳуйт!» – (Алвидо, Салтанат! Салом, Илҳом париси!). Қисқаси, пайкон тиғи этдан ўтди, суякка етди!..
Шундай хаёллар билан пинакка кетган Мўмин ем берар вақт бўлганда дастурлаштирилган роботдай сапчиб ўрнидан турди. Молқўра томон шошди. Оғилга кириб, дошқозонда «биқ-биқ» қайнаётган омихта ем ҳидидан сармаст бўлиб, боши айланди, ютинди. Ғайрат ва иштиёқ билан ишга шўнғиди. У бўрдоқилар охурига пиширилган емни челаклаб қуйиб чиққандан кейин ҳам моллар атрофида парвона бўлди – баданларига ёпишган хас-чўпларни терди, махсус тароқ билан қашлади, яғринларини енгил шапатилаб, эркалади. Силаб-сийпалаш, эркалашлар молларга хуш ёқарди, ҳатто ейишни тўхтатиб, керилганича туриб берарди. Мўмин ҳар битта бўрдоқининг овқатланишини диққат билан кузатар, бундан ўзида ширин бир лаззат ва ҳузур туярди. Озиқлантириш тугагач молларни чўмилтирди, ўзи ҳам еттинчи ўринда ювинди… Уйга қайтаётиб яна сўрига чўзилди. Узоқ мушоҳададан сўнг қарорга келди: «Мен – одам эмасман!..»
Шу куни Салтанат ишдан вақтлироқ қайтди. Ёлланма машинада қўйни-қўнжи лиқ тўла – бир неча елим халта майда-чуйда, қутичаларда сархил ширинлик, мева-чева, қовун-тарвуз билан келди. Аллақанча катта-кичик, ранго-ранг идишларда иссиқ-салқин дегандай ичимликлар ҳам бор эди.
– Болалар бир яйрашсин, дедим, дадаси. Ёз – пишиқчилик ўтиб боряпти.
– Ҳа, еб-ичганлари яхши, аммо булар… – шишаларга ишора қилди Мўмин.
– Заргарнинг вилоятдан келган меҳмони бор экан. Бўрдоқичилик бўйича олиммиш. Кафе-мафеда чой ичириб юбораверсам ҳам бўларди-ю, новвосларни бир кўрсин дедим… Ҳар қалай мутахассис, билгич бў­лади…
Мўмин хотинининг орқаланиб келиши боисини анг­лагандай бўлди, бироқ Зариф заргарнинг меҳ­монига нима учун чой ичириши кераклигини ту­шун­мади. Аммо тилига чиқармади. Елка қисиб, қўл­ларини ёзганича «Майли, қаршимасман» ишорасини қилди.
Меҳмонлар молларнинг кечки овқати пайтида келишди. Улар уч киши эди – марказлик олим, заргар ва унинг муовини. Олим дегани ўтган йили номзод бўлган мол дўхтири экан. Электр ёруғида молларни кўздан кечирган бўлишди. Рацион билан қизиқишди. Молхонада ҳам, дастурхон устида ҳам новвослар яхши боқилаётгани айтилди. Эгалари шаънига ол­қиш­лар ёғдирилди.
– Қобилият, талант дегани битта бўлади. Кимга ато қилинса, ўша одам қайси ишга қўл урса, уни гуллатади. Рассомчилик қиладими, артистчиликми, мол боқадими, қатьий назар, шу соҳанинг пешравига айланади, – дея қадаҳ сўзи бошлади Зариф заргар. – Мўминжон шундай талантли инсон. Ўтган уч ой унинг учун ўрганиш даври бўлди. У туманимизда тенги йўқ рассомгина эмас, бўрдоқичилик устаси эканлигини ҳам исботлади. Ўзларинг кўрдинглар, уч ой бадалида ҳар битта новвос камида йигирма-йигирма беш фоиз эт тўплаган. Бу бир йилда икки баробар фойда дегани эмасми. Менимча, ферма фаолиятини кенгайтириш даври келди. Етти мол боқдинг нима, етмиш мол боқдинг нима!.. Тўғри, бу хил зотли мол ҳозир вилоятда йўқ. Лекин довоннинг нарёғи – қўшниларда бор. Фақат буқачалар олиб келмай, сигирлар ҳам кел­тириб, уларни ўзларимиз кўпайтиришимиз керак. Мўминжон, биринчи охурдаги қора новвосингиз зўр экан, отини «Зулук» дедингизми, уни уруғ учун асраш керак… – Зариф заргар сўзи охирида ўтган сафардагидек «Мўмин Қобил» бўрдоқичилик комплексининг келажаги учун қадаҳ кўтаришни таклиф этди…
Бир қўлида қадаҳ билан нотиқ оғзини пойлаган Мўмин афтини бужмайтирди, бўш қўли билан пешонасини икки бор оҳиста шапатилади. Буни ҳеч ким сезмади…
Мазкур тилак ва таклифлар уддабуро Салтанат юрагида бир ҳафталардан кейин акс садо берди. Бир оқшом уйқу олдидан гап бошлади:
– Дадаси, рўзғору бозордаги ишларимиз зўр!.. Бундан ортиғи бўлмайди.
– Хўш, энди ўтга вертолётда қатнаймизми?..
– Аввал тинглаб олинг! – деди Салтанат жилмайиб ва хитойи тун кийимдаги бўлиқ вужудини кўз-кўз қилгандек қилпанглаб келиб, эри елкасига қўлини ташлади. – Ўзингиз сезавермайсиз, новвосларингиз ҳам бўйига, ҳам энига ўсяпти… Ҳар бири ўртача бир ярим қўшди дейлик. Бу ойига уч «лимон» дегани эмасми? Гап олтита новвос ҳақида боряпти. Улар йигирма, ўттиз, заргар айтгандек, етмиш бўлса-чи, биз ким бўламиз?!. Бир тасаввур қилинг, икки-уч йил ўтиб… балки миллиардер!..
Салтанат лоқайдгина ўтирган эрини бўйнидан қу­чиб, юзига юзини қўйди. Мўмин жилмайганича:
– «Миллиардер»нинг олдига «мульти»ни қўшгин, – дея хотинининг белига қўл солди…
…Оромкурсида ястанганича тафаккурининг ҳор­ғин оти жиловини яна қўйворди.
Асли бу хотин одам боласимас. Жодугарнинг ўзгинаси. Нима гапи бўлса кўндиради. Аммо ўзи бирон сўзга кўнмайди. Доимо шунақа. Қизлигидан бери… Шу қилиғи сабаб тўйлари ҳам қишнинг қора совуғида, ота уйининг ёзлик айвонида пальто-пўстинларга ўран­ган-чирманган ҳолда ўтган. Аммо-лекин яхши ўт­ган. Жўралари анча вақтгача айтиб юришди: «Юракда муҳаббат ўти гуркираб турганида ўттиз даражалик совуқ нима бўпти. Буни Мўмин амалда исботлади». Аслида Салтанат исботлаганди…
Шундай… Мўмин ҳар сафар минг битта раддия далил билан уни у ёки бу йўлдан қайтаришни дилига тугиб, гап бошлайди. Иккинчи гапга бормай тили тутилиб, инон-ихтиёрини йўқотади, масала Салтанат фойдасига ҳал бўлади. Шундай бўлгач баҳс-му­нозарадан не манфаат… Жодугар, жодугар… Ам­мо ажойиб хотин!..
Мўминнинг хаёлини ёнгинасига келиб, сочларига тартиб бераётган хотини овози бузди:
– Ўн саккиз яшар йигитдай намунча хаёл сурасиз? Туринг, ювиниб чиққунингизча асалли чой тайёрлайман!..
Гапнинг индаллоси асалли чой устида айтилди. Етти хосиятли сон эмиш. Оғилдаги еттинчи ўриннинг бўш туриши яхшилик аломати эмасмиш… Хуллас, Мўминжон еттинчи бўрдоқи учун индинга – шанба куни саҳарлаб довон ошиб кетадиган бўлди. Бу юриш ўзига хос разведкамиш. Қўшни вилоятдагилар бўр­до­қиларини қандай боқишяпти, ўрганиб қайтармиш. Туёқ сонини яна кўпайтиргудек бўлишса, қаердан ва кимдан олиш кераклигини билиб келармиш.
Салтанат ўрнидан туриб, чеккадаги стол ға­ла­до­нидан буклоғлик идора қоғозини келтирди.
– Мана, ҳаммаси ёзилган. Довон ошилгач биринчи кент – Жўшбулоққа яқин экан. Катта трассадан эмас, тоғ ёқалаб ўнг томонга ўн беш чақирим юрилса бўлди экан. Қир устида шундай кўриниб турганмиш. Турдибой ота. Телефони мана, ёзилган. Фермасининг номи ҳам шунақа – «Турдибой ота». Нархини айтмабди. Ўша пайтда келишармиш. Кўкартириб қўйдим, савдолашасиз…
Мўмин қоғозга кўз югуртирди. Унда қаламда чизилган йўл тарҳи ва телефон рақамидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
– Телефонини соткангизга кўчиринг, бўлди. Суриштириб ҳам топасиз. Бир тоғлик юз чақирим доирадаги тоғликни танирмиш. Қолаверса, Турдибой ота машҳур одам…
Ҳайдовчи Мўминнинг тенгқури, жуда сўзамол йи­гит экан. Тумандаги йўл идорасида йигирма йил «ЗИЛ» ҳайдабди. Узоқ Шарқдаги икки йиллик ҳарбий хизматни ҳам «барабан товлаб» ўтказган экан. Йўл идорасида иш ўринлари қисқаргач мана шу бортли «УАЗик»ни сотиб олиб, тирикчилик қилаётган экан. Ўз касбини жонидан ортиқ севармиш. Қайси машинани ҳайдаса, «гуллатиб» қўярмиш, қуш каби учирармиш… Ўзини Самад деб таништирган бу йигит довонгача бўлган уч соатлик йўл давомида бирон танаффуссиз гапирди. Биринчи муҳаббатидан бошлаб, оиласию ака-ука, опа-сингиллари ҳақида берилмаган маълумот қолмади. Сўнгра гап мавзу­си бўрдоқичилик баҳонасида Мўминнинг оиласи ва ҳаётига кўчаётганида яхшиямки довон бошланди. Миқтидан келган бу «сайроқи» йигит негадир Мў­миннинг дилига ўтирмади. Сўзу ҳаракатлари ясама, носамимий туюлаверди. Биринчи учрашувдаёқ шунчалик тўкилиб-сочилиши сабабини тушунолмади.
Довон пойида машинани тўхтатган «ЙПХ» ходими ҳужжатларни текшираркан:
– Янгими, ака? – сўради машинага ишора қилиб.
– Қайда буларнинг янгиси, йигирма бешда, йигит ёшида! – деди Самад мамнуният ва виқор билан. Сўнг Мўмин томон «мана, кўрдингизми?» дегандек кўз қисиб қўйди.
Мўмин шундан сўнггина кабинага разм солиб қаради – қўғирчоқдай безатилган, ўриндиқларга чарм қопланган, қоплама устидан ҳаворанг сурпдан тикилган ғилоф кийгизилган эди. Замонавий магнитола, ўнгу сўлда жажжи шамоллатгичлар… Оёқ остидаги линолеум тўшама ёғ тушса ялагудек, топ-тоза. Самаднинг мақтанганича бор экан…
– Олдинлари довондан ўтганмисиз ҳеч? – навбатдаги саволни берди милиционер.
– Йўқ… Нимайди, командир?..
– Шунчаки сўрадим-қўйдим-да… Эҳтиёт бўлинг, машинангизга гап йўғ-у, барибир ҳазир бўлинг! Биринчи марта одам ҳаяжонланади… Қўрқади дегандай…
– Мени қўрқади деяпсизми?..
– Йўғ-ей, хапа бўманг, шунчаки айтдим-қўйдим-да, уста. – Милиционер кулиб, ҳужжатларни қайтараркан, честь берганича қўшиб қўйди, – майли, йўлингиз очиқ бўлсин!
– Радионгиздан бирор нарса эшитсак ҳам бў­ла­дими, – таклиф киритди Мўмин машина ўрнидан қўз­ғалгач.
– Албатта, албатта. Замонавийларидан қўйиб берайми?..
Мўмин индамади. Буни ўзича тушунган Самад радиони қўйди. Мумтоз куй жўрлигидаги ашула очиқ дарчадан зув-зув оқаётган тоғ манзараси, наботот ифоридан тўйинган салқин ҳаво билан қўшилиб, дилни аллалар, кишига аллақандай масрурлик бағишларди.
Самад кутилмаганда машинани тўхтатиб, пастга инди. Бирор жойи ишкал топдими деган хаёлда Мўмин ҳам тушди.
– Мўмин ака, қаранг!.. – Юқорига имлади шофёр. Самад бурала-бурала тепага тармашган илонизи йўлга тикилганича қалт-қалт титрарди. – Ҳув… Мошинларни қаранг, булутдан ҳам юқорида… Мен, мен… Ҳайдолмайман… Йўлнинг торлиги… Яна давлениям ҳам бор…
Самаднинг юзи қордай оқарган, пешонасидан реза-реза тер юмаларди.
«Қон босими бор одам қизарарди шекилли».
Милиция ходими билан суҳбатни эслаб, Мў­миннинг кулгиси қистади. Аммо ўзини тийди.
– Узоқ Шарқда тоғ, довонлар йўқмиди? – деди.
– Ҳа-ҳа, бор. Бироқ бунақамас – паст, кичкина…
«Ёлғонниям роса ясантираркансиз-да. Йигирма йилдан ортиқ чамбарак нонини еганингизга ҳам шубҳам бор-ов, валдирвой Самад!»
Мўмин сигарет тутатди. Довон йўлини тусмоллади, тасаввур қилишга интилди. Шу кунгача бу йўллардан юрмагани, воҳа томон ўтмагани учун ўзини койиди, уятга ўхшаган ноқулай туйғу юрагини мижғилади. Довонни яхшироқ кўриш ниятида сайҳонликка чиқди. Кафтини соябон қилиб қаради. Самаднинг қўрққанича бор экан. Эшилиб-буралиб ётган қоп-қора асфальт афсонавий аждарга ўхшаб ялтирар, турли хил машиналар илон яғринидан тепалаётган чумоли ва қўнғизларга менгзарди. Кунгайи кўкариб, орқа томонини оппоқ қор босган чўққилар орасига кириб кетса керак, йўл давоми кўринмасди. Беихтиёр пастга назар солди. Йўл ёқалаб қуюқ ўсган дарахтлар тўпи орасида «ЙПХ» манзили томи тўртбурчак тугмадай ярқираб турарди.
Тавба, ваҳимами, қўрқувга ўхшаган безовта туйғу Мўминнинг ҳам юрагини «шиғ-шиғ» тилимлади. Ке­йин чумолилар тўпи сингари бутун вужудига тарқалди. Тинка-мадорини қуритди…
Мўмин ели қочган тўп каби юмшаб, машина ёни­га қайтди. Самад ясси тошга ёзилган кўрпачада ўтир­ганича маъданли сув ҳўпларди.
– Энди нима қилдик, дўст? – Мўминнинг товуши ўзига ҳам жуда ҳорғин ва ҳазин эшитилди.
Самад қатъий қарорга келиб қўйган шекилли:
– Шопир ёллаймиз, ҳақини менинг ҳисобимдан тў­лайсиз.
– Аҳвол шу экан, Самадвой, нима қилардингиз иш­ни гарданга олиб? («Аҳволингиз» демоқчи эди, Самадни аяди.)
– Қайдан билибман, ака, довоннинг буна­қа­ли­ги­ни… Ботир бўлсангиз, марҳамат, ана мошин, ана рул, ўтирингу ҳайданг!..
– Оббо-о!
Мўмин кескин ҳаракат билан кабинани очиб, рулга ўтирди.
– Одам ёллагандан кўра ҳар нарса бўлган ях­ши. Кимсан фалончи бахши, полвоннинг ур­воқларимиз-а! Руҳлари роса чирқираётган бўлса керак! Раим полвонни биласиз, Эран бахши билан бирга мана шу тоғни қоқ белидан пою пиёда кечишиб, воҳа тўйларида қатнашишган. Юрт шаънини қўриқлашган…
Самад «Қачонгача фалсафа сўқасан?» дегандек норози қараш қилди.
– Воҳ, бобожонларим!.. Бу қўрқоқ ва субутсиз болаларингни кечир!..
Машина ўт олиб, ўрнидан жилди. Мотор овози ҳам ингроққа ўхшарди…
Мўмин тепага ҳам, пастга ҳам, ҳатто шеригига ҳам қарамас, чамбаракка маҳкам ёпишганича газ по­пишагини босарди. Юқорига машина эмас, ўзи ўр­малаётгандай бутун вужуди зўриқар, ҳаво сал­қин­ли­гига қарамай, қора терга ботиб борарди. Пайт топиб Самадга назар ташлади. У тирсакларини тиззаларига тираганича қўл боғлаб ўтирар, кўзларини юмиб олганди…
Қувиб ўтаётган «Жигули» сигнали Мўминнинг диқ­қатини тортди. Олд ўринда ўтирган йўловчи қўлини дарчадан чиқариб, «тўхтатинг» ишорасини қилди.
Ўттизнинг уёқ-буёғидаги бу йигитлар тоғлик – Жўш­булоқдан эканлар. «УАЗик»нинг «қадам оли­ши»дан вазиятни англаган йигитлар чайналиб ўтир­май, мақсадга кўчишди, ёрдам таклиф этишди:
– Меҳмон акалар, бу боришингизда мошинни ҳам ҳоритасиз, ўзингиз ҳам… Бу йўлларда мошинни эснатиб-эснатиб ҳайдаш керак, – деди бўйчанроғи.
– Аввали ҳамма ҳам шундай… Кейин ўрганиб кетасиз. Йўғасам, мен ҳайдай қолай монументгача… – деди иккинчиси.
– Довоннинг энг баландидаги монументгача… – тўлдирди бўйдори.
– Яхши бўларди, – хижолатомуз жилмайди Мўмин.
– Ҳа-ҳа, қуруқ қўймаймиз, неча пул билан оборасиз? Монументмас, ҳу ўша Жўшбулоқнинг ўзигача…
– Одамни хафа қилманг-да бунақа, ака!.. Меҳ­монсиз-а… Мен сизга борсам, мендан ақча сўрай­сиз­ми!? Буниси кетмайди, ака!..
Жўшбулоққача етиб боролмадилар. Йўлнинг қиш­­­­лоқ кафтдагидек кўринадиган даражада пастлаган жойида, тоғу тош тугаб, қир бошланган ерда бир булоқ бор экан. Шундан сувлашаётганда йўл чеккасидаги тошдан терилган мўъжазгина емакхонадан давангирдай бир одам чиқиб, Самадга тикилиб қолди. Ҳамма ҳайрон, Самад гунгу гаранг, «муз»га айланди…
– Эҳ-ҳа, ярамас! Қўлга тушдингми?.. Тепки ейсанми, муштми? Айт-чи, қани! – Барзанги гурзидай муштини Самаднинг боши устида кўтариб дўлайди.
Зўравоннинг эсу ҳуши жойида кўринар, мастга ҳам ўхшамасди.
– Ака, қўйинг-ей, ҳазилни! Бу акамлар меҳмон бўлса, – юрак ютиб тилга кирди «Жигули» эгаси – Комилжон.
 – Меҳмонлиги учун уришим керак буни. Урсам ўлиб қолар, бир тепақолай, а, меҳмон!..
Муштумзўр кутилмаганда Самаднинг кетига оёқ сермади. Самад тепки зарбидан мункиб кетди, аммо йиқилмади. Ихтилоф шу билан тугади.
– О, Ўроз! Ўзингмисан?!. Ўлай агар, сени ҳеч ким танимайди. Ўсиб кетибсан-ей!.. Йигирмадан кейин ҳам ўсаркан-да одам, а? – дея Самад қучоғини ёзганича рақиби томон бурилди.
– Бўлди. Барибир сен ютилдинг. Тепкидан кейин танидинг!
Маълум бўлишича, барзанги Самаднинг қу­рол­дош дўсти экан. Хизмат битиб, уйларга тарқаш олдида келишилган экан – Ватанда учрашиб қолганда, кимдир кимни танимаса, таниган одам унутган одамни кучининг борича бир мушт тушириши ёки тепиши лозим экан. Мушт еган қуролдош хотираси пастлиги учун жаримага тортилиши – гувоҳларни қўшган ҳолда бир зиёфат бериши шарт экан.
– Шартномага бир ўзгартириш киритамиз, – деди Ўроз йўғон овозини янада дўриллатиб. – Зиёфатни сен эмас, мен бераман. Ана, менинг маконим, – у ўнг томонда сарғиш тортган ўт-чўп орасидан зўрға кўзга ташланиб турган ўтовга ишора қилди. – Тандиркабоб қилиб бераман. Маза олгач, тузим тортиб, йилда бир келадиган бўласан. Мана кўрасан!..
Ўрозни ҳеч ким ниятидан қайтара олмади. Жўш­­булоқийлар ишлари қистовлиги туфайли узр сўрашди, кечқурун келиб, албатта ҳамнасиба бў­лиш­ларига ваъда бериб, жўнаб кетишди.
Асли паландаралик бўлган Ўроз ўрмон хў­жа­лигида ишларкан. Хўжалик қир бағридан юз гектарча ер ажратиб, терак экибди. Ўша сунъий ўрмон тарбияси Ўрознинг зиммасида экан. Таътил даври эмасми, бо­ла-чақаю қўй-қўзиси шу ерда экан…
Аввал тоғликлар урфи бажо келтирилди – меҳ­монлар ташрифи улуғланди, пойи қадамига қўй сў­йилди…
Ўтовнинг соя томонига гилам, кўрпачалар ёзилди. Қуролдошлар бугунги ҳаётлари, шароиту аҳволлари, моддиятию руҳиятларининг асосий кўрсаткичлари ҳа­қида маълумот алмашиб бўлишгач Мўмин қатъий оҳанг­да:
– Энди мезбон, биздан «Йўл бўлсин?» деб сў­ранг!.. – деди.
– Хўп-хўп, қурдош, йўл бўлсин? Қайси шамоллар учирди? Аммо-лекин мени йўқлаб келмаганларингни кўриб турибман!
Мўмин сафарлари сабабидан сўзлади. Бугун қай­­тишлари лозимлигини урғулади.
– Бунақа фикрингизнинг пешонасига чўлиқнинг чўқмори! Салкам уч юз чақиримдан келиб, қуруқ оғиз, қуруқ сўз билан кетган одамни топиб беринг ўзбекнинг тарихидан… Турдибой отанинг говмиш фермасига келдим деяверинг, анов пастда бир қадам. Мен ҳозир, бир минут… – дея Ўроз телефонини ишга солди. Ўтов панасига ўтиб, ким биландир гаплашиб келди. – Ҳозир «Матиз» келади. Бориб савдолашасизлар. Саҳарлаб йўлга чиқасиз… Ботарга қарай йўлга чиқма, отарга қарай чиқ, дейишган. Гапнинг токўтари шу!..
Шу орада дастурхонга қовурдоқ тортилди.
– Буни бизда фурсатона дейишади. Тандиркабоб пишгунча ичакларни алдаб туриш керак, шу учун… Қани олинглар!.. Яхши бир одатимиз ҳам бор – биринчи овқат билан ичилмайди.
– Зўр экан!.. Овқат битта бўлса-чи?.. – сўради Самад.
– Арақ берган занғар иккинчини ҳам аямайди…
– Зўр экан! Биратўла ичилмаса яна яхши бўларди!
– Шундай деяпсан-у, кўзларинг арақ сўраб жовдираяпти… – Ўроз ваҳ-ҳаҳлаб кулди.
Самад жилмайганича бежавоб қолди…
Чақиртирилган «Матиз» кўп кутдирмади. Боя Ўроз буюртма қилган шекилли, катта-кичик қути ва елимхалталар билан келди.
– Парашютдан сакраган одам ерга тушгунча ярим килогача озаркан. Сизларга ўхшаб қўрққанидан… Самад, ҳойнаҳой сен икки кило ташлагандирсан, – кулди Ўроз. – Бизнинг довон ҳам самолётдан паст эмас – бир минг етти юз саксон саккиз метр. Устига-устак боя мен ҳам қўрқитдим. Кейин Мўминга юзланди:
– Самад дам ола турсин. Норбўта билан бориб келақолинг. Бирваракай савдони битириб келинг. Эрталаб тўғри олиб кетаверадиган бўлинглар!
Заргарми, хотинининг бошқа маслакдошими қўн­ғироқ қилиб қўйган бўлса керак. Уларни бир невараси билан Турдибой отанинг ўзи қарши олди. Салом аликдан кейин Норбўтадан сўради:
– Оқбўтанинг ўғлимисан? Мошини қани меҳ­мон­нинг, бузилиб-нетиб қолмадими мабодо?
– Мошин бор. Шопири Ўроз паландаранинг фронти экан. Опқолди. Ўзлариям довондан чарчаб туш­ганаканми…
– Чарчамаган бўлса, паландаранинг ўзи чарча­тади энди, – кулди Турдибой ота. – Ҳай, майли, бў­масам, қани, йўлда турмайлик, уйга марҳамат! Бир­пасгина дам оламиз. Шунгача куннинг ҳам тиғи қай­тади.
Дарвозахонадан кирган жойда, ишком тагидаги сўри тўшоғлик, дастурхон ясоғлик экан. Райҳонми, кийикўтими билан ифорланган кўк чой чарчоқни дар­ҳол ҳайдади. Етмишдан ўтган бу ота ғоят дилкаш, суратидан сийрати кўриниб турган, иссиққон бир одам экан. Унинг ёзлик чакмонини туртиб чиққан елкалари, кенг пешонали, чўзинчоқ юзи, йўғон, сертомир бўйни, йирик панжалари бир пайтлар норғул йигит бўлганидан дарак берарди. Хатти-ҳаракатида ёшига муносиб бўлмаган суръат ва бардамлик ила кексаларга хос тийраклик ва синчковлик тажассум топган эди.
Невара билан Норбўта қурдош жўралар бўлса керак, боғ айланиб келиш баҳонасида мезбону меҳмон икковларини холи қолдиришди.
Гурунг қизигандан қизиди. Ярим соатча вақт ичида Турдибой ота Мўмин ва унинг аждод-авлоди ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилди десак муболаға бўлмас. Мезбон истаган нарсаси ҳақида тортинмай сўрар, овозидаги меҳрибонлик ва юзу кўзидаги нуронийлик бу ўзига хос «тергов»га самимий суҳбат мақомини берарди. Мўмин бу фариштасифат кишининг залворли саволларидан заррача инжилмас, аксинча, жавоб бераркан, руҳиятида ажиб бир енгиллик сезарди.
– Ҳай, аттанг, жиловни бериб қўйган экансиз, ўғлим! Ҳа, энди бу ёғида келинга инсоф берсин. Ҳали ҳам кеч эмас, ўзингизни қўлга олинг. Эрлик қилинг, шижоат кўрсатинг!..
Чойдан сўнг Турдибой ота Мўминни молхонага бошлади. Оғил каттакон ҳовлини эслатарди. У асосан икки бўлакдан иборат. Биттаси моллар учун ётоқ. Иккинчисида ем-хашак тайёрланаркан. Икки қисмни усти шифер билан ёпилган узун нова ажратиб турарди. Нованинг бир қисмида сув. Қолган қисмида омихта ем. Бўрдоқиларни озиқлантириш вақти белгиланмаган, улар очиққан пайт нова олдига келиб, қорин тўйдириб, сувлашиб, ётоққа қайтишаркан. Ётоқ уч қисм экан – ёпиқ кузлик-қишлик оғил, шоли қипиғи тўшалган кенг шийпон ва қум тўшалган очиқ майдон. Арқон-занжир нималигини кўрмаган моллар эмин-эркин, истаган жо­йида чўзилиб, кавш қайтариб ётишаркан…
– Ўлчовсиз ем-ҳашак шароитида улар бўкиб қо­л­иш­майдими? – сўради Мўмин.
– Йўқ. Бу шароитда улар кўзи тўқ бўлиб ўсади. Ортиқча еб-ичмайди. Менимча, молларимнинг фав­қулодда ювошлиги ҳам шундан…
– Бузоқлар кўринмайдими?
– Эмизиклилари шу ерда, ҳув бурчакда, қўрада. Сутдан чиққанлари бироз пастда, дала бошида…
Улар шийпон тагида қуйруқ булғаганича чибин ҳай­даб ётган, қизилдан кўра қўнғирга мойилроқ буқача ёнида тўхташди. Буқа эгаси томон беозор бир қараш қилди-да, енгил бир пишқириб, ўрнидан турди. Қадди-бўйини кўз-кўз қилгандек керишди.
– Сизга мана шуни бераман. Гўштга топширмаслик шарти билан… Уруғ оласиз бундан. Ҳали-бери ўсади бу… Оти ўзи билан – Оққуйруқ. Аслида бир-иккита қочар ҳам опкетишингиз керак эди-да… Ҳай, майли, янаги сафарларда… Маъқулми мол, яхшилаб қаранг!.. Энди учга киради. Ҳали-бери ўсади… Бундан қойимини билмадим…
– Бўпти, ота! Зўр экан, раҳмат!..
Турдибой ота алланима излаб ён чўнтакларини ковлади:
– Ўтирган жойда қолдирибман шекилли тер­рў­мо­лимни. Бўйнига боғлаб қўйсак, саҳарда излаб юрмасдик…
Мўмин кўйлаги ичидан боғланган «кўк» ўралган чорсини ечди. Ақчадан бўшатиб, отага узатди.
– Ўзингиз боғлайверинг, у жуда ҳам ювош!..
Оққуйруқ рости билан жуда беозор экан. Мў­мин чорсини бўйнига боғларкан, меҳри жўшиб, яғ­ринини секин шапатилади, томоғини қашлади. Буқа бунга жавобан тумшуғини кўтарганича, йирик қора кўз­лари ила йигитга ёқимли қараб, бошини сараклатди.
– Қаранг, жонивор саломлашяпти!..
– Ҳа! У ҳамма нарсани тушуниб тургандек.
Улар супага қайтганларида дастурхон янада кенгайтирилган, ёзнинг сархил мевалари, қовун-тарвуз билан бойитилганди.
– Эҳ-ҳа, ота! Сизни наслчи чорва десам, боғбон ҳам экансиз-да!.. – деди Мўмин ҳаяжонини яшира олмай.
– Ҳа энди, шундай шароитда яшаб туриб… Яна-тағин боғбонлик бизга отамерос… Ҳув-в, тўрдаги, бурчакдаги нок салкам бир асрга гувоҳ. Бобомиз – Мурод полвонни мардикорга кузатиб қолган…
Турдибой ота бу галги суҳбатда асли Сурхон бўй­ларидан бўлган аждодлари – икки етим ака-ука­нинг бу ерларга қандай келиб қолгани, улардан тар­қаган авлод ҳақида мухтасар гапирди. Улар икки юз йилча аввал қўним топган экан бу маконда. Ҳозир ўша са­ғирлар авлоди бир жойга тўпланса бир тўйлик одам бўлармиш…
– Мана бу тўнғичимнинг супрақоқдиси… – дея неварасига ишора қилди чол.
Норбўта:
– Ота, бошқа бир заказим ҳам бор эди, энди бизларга рухсат берсангиз… – деб узрхоҳлик билан қис­тамаганда меҳмону мезбоннинг бир-биридан ажралгиси йўқ эди…
Эртага тонг-саҳар учрашадиган бўлиб хайрлашишди.
Норбўта дегани бало чиқди. Унинг ҳеч қанақа оши­ғич «заказ»и йўқ экан. Қайтишда «Матиз»ини Жўш­­бу­лоқ томон ҳайдади.
– Бизнинг юрттиям бир кўриб кетинг-да, меҳмон ака! Шунча жойдан келиб… У ёқда дўстлар «нима кўр­динг?» дейишса, «ўтовдан қайтдим» дейсизми?.. Ҳали кун эрта. Тандиркабобга бемалол улгурамиз…
Норбўтанинг юзу кўзи, овозида зуҳурланган самимиятми, суҳбатдошга ҳурматми ёки меҳр, шунга ўхшаган дилхуш туйғулар Мўминнинг тилига боғич бўл­ди, эътироз билдира олмади. У:
– Ҳали, боятда «заказим бор» девдингиз. Тағин мени деб ишдан қолиб ўтирманг! – деди жилмайиб.
Норбўта бўш келмади:
– Заказ мана шу-да… Ўзимнинг шахсий заказим! Доимо бировлар буйруғига чопмай, ўзимизга ҳам иш­лайлик-да, онда-сонда бўлсаям, йилда бир марта дегандай…
Машина Жўшбулоқда, дарахтларга кўмилган ши­­нам бир емакхона олдида тўхтади. Норбўта «мен ҳозир» деганича кетиб, кўтариниб чиқди. Кейин катта трактга чиқиб, қиблалашда давом этишди.
– Дарёлиққа тушиб, бир яйратаман сизни. У ерда-чи, ўпкангизмас, танангиз нафас олади… Ҳозир ўн минутда етамиз!..
Норбўта баланддид йигит экан. Кўприкдан ўтиб, ўнг қирғоқ бўйлаб ҳайдади. Бу томондан дарё, тоғ этаги жуда чиройли кўринармиш…
Қирғоқда Мўмин юрагини тушуниксиз бир кайфият эгаллади. Бир маромда шарқираб оқаётган дарё шовқини, сув сатҳини ялаб эсаётган салқин эпкин йигит дилини қитиқлади. У тошдан тошга сакраб, пастга инди, юз-қўлини муздай сувга чайди, теварак-жавонибга суқланиб қаради… Рассомлиги тутди. Унинг наздида қаршисидаги осмонўпар чўққилар, кунгайда пишган каби қизариб кўринадиган қоя, харсанглар, пастроқдаги кўм-кўк арчазорлар, ундан ҳам қуйироқдаги сарғиш торта бошлаган қирлар, томирдай тарқаган катта-кичик йўл ва сўқмоқлар ва ниҳоят пойида тўлғаниб ётган дарё табиатнинг бир парчаси эмас, яхлит бир мойбўёқ картина – санъат асари эди…
Мўмин бу хил асарларни кўплаб учратган, син­чик­лаб ўрганган. Улардан мантиқий тафаккур ва хаёлот, фано ва абадият, замону макон чексизлиги, маҳобат ва гўзалликка оид ҳиссий-шуурий тўхтамлар топган. Аммо негадир Мўминжон ҳеч бир яратиқ ва ундаги рангин тимсолларнинг инсон руҳият-сажияси билан алоқадорлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган экан. Синчик­лаб боқса, бугунги картина – тирик манзара бутунлай ўзгача. Унда иштирок этган ҳар битта жисм, фрагментда, уларнинг шаклу шамойили, рангида тоғ одамларига хос соддалигу самимият, мардлигу тантилик, очиқ­кўнгиллигу жўмардлик, камтарлик замиридаги ви­қор сингари хислатлар манаман деб турарди…
Мўмин қўлида мўйқалами билан мольберт ёнида турган маэстродай бўлажак картинанинг тарҳини чамалади, сарҳадларини белгилади. Гўё ҳар битта деталини суратга олди. Тамом, вассалом. Насиб қилиб нимадир чизса, ушбу манзарани чизади. Унда сервиқор тоғлар билан баробар оқкўкрак тоғликлар сажияси ҳам акс топади…
Мўмин хаёлини чўнтак телефонидан янграган «Карвон кўрдим»нинг лўнда-лўнда маромли му­си­қа­си бузди. Салтанат.
– Дадаси, бормисиз?! Қалай, ишлар битяптими? Телефонингизга ҳеч тушолмаяпман…
– Ҳа, энди… тоғли жойлар…
– Кўрдингизми, олдингизларми?..
– Ҳа. Зўр!..
– Йўлга чиқдингизларми, қаерларга келдингизлар?..
Мўмин бугун чиқолмаслигини айтиб, вазиятни изоҳ­­лашга интилди.
Салтанат жавраб берди:
– Ҳай, шўрпешона эркаклар. Уйдан бир қадам чиқсангиз аҳволларинг шу, шишанинг ичида тунайсизлар!..
Қисқа гудоклар. Ё хотини алоқани тўхтатди ёки тоғ шароити…
Атиги бир дақиқачалик суҳбат Мўминни аршдан заминга олиб тушди. У Норбўта ёнига қайтди. Пикник тайёр экан. Мезбонни кўпам ялинтирмади. Тунука идишли пиводан босиб-босиб ичди. Муздай ичимлик юрагидаги алангани бироз пасайтиргандай бўлди…
Норбўта меҳмонининг аҳволи руҳиясидаги ўзга­ришни ҳо­зир­­гина бўлиб ўтган симсиз сўзлашувдан деб билди, уни чалғитишга уринди:
– Олинг, меҳмон! Яхнадан олинг, бу ерларда ейил­ган овқат тўғри бориб қонга қўшилади. Ўроз аканинг кабобига ўрин қолдираман, деб ўтирманг. Ҳозир тепароққа чиқиб бир чўмиламиз… Бари йўқ бўп кетади. Патир билан олинг, бунақаси фақат Жўшда ёпилади… Дарвоқе, паландарангиз зўр одам… Тинчлик эканми, ахир, ака?!.
– Ҳа-ҳа, чечангиз… Шунақа… излаяпти…
– Ий-й, ўчириб қўймайсизми ўша матани… Тоғли жой, шундай-шундай дейсиз!..
– Одам алдаб кўрмаганман ҳеч.
– Ҳатто чечамизниям-а? Йўғ-ей, бўлиши мумкин эмас… – Норбўта ҳоҳолаб кулди. – Роса соддакансиз-ей, ака…
Барибир шу куни Салтанатни алдашга тўғри келди. Ўрозникига келгач ҳам қўнғироқ қилавериб ҳамманинг тинчини олди. Тузукроқ сўзлаша олишса ҳам майли эди. Икки калимага етиб-етмай «хизмат доирасидан ташқари…» Салтанатнинг билгани бир гап – «Бугун қайтинглар! Бугун қайтинглар!» Тўтидай такрорлайди… Вазиятни тушунтириб бўлмади. Охири телефон ўчирилди, аниқроғи, Норбўта жавоб чақириғини «хизмат доирасидан ташқари»га айлантириб берди…
Жўшликлар сўзларидан чиқишди. Шафақ сўниб, тоғу тош қора пардага ўрала бошлаганида қўлларида меҳмонпай – бир блок пиво билан кажавали мотоциклда келишди. Ўтириш роса қизиди. Икки йиллик ҳарбий хизмат қарийб ойма-ой хотирланди. Хотиралар қадаҳ сўзлари билан бўлиниб турди, албатта. Кўп ўтмай Самад «пишиб» қолди. У ким нима айтса, «ҳа-ҳа, шундай» дея маъқуллар, кўзлари сузилиб ўтирарди. Гоҳ қаердалигини аниқламоқчидай теварак-атрофга аланг­лар, гоҳида юзларида фонуснинг қизғиш шуъласи ўйнаган даврадошларга «булар ким бўлди?» дегандек тикилиб қоларди.
Мўмин томоғининг чанги чиқаётганига қарамай, ўзида ичмасликка куч топа олган, мезбонлар кўзи учун араққадаҳга қуйилган «юмшоғи»дан ҳар замонда бир ҳўплаб ўтирарди. Буни ҳозиргина қадаҳ сўзи айтган жўшлик Комил сезиб қолди.
– Бу жойларда икки соат уйқуласангиз, ҳеч нарса қолмайди. Нима еб, нима ичганингизни ҳам унутасиз. Олинг меҳмон, Жўшчасига бир тўлдириб олинг!.. – дея қадаҳ суниб, хархаша қилди. – Менинг тилакларим учун бир олинг!..
Мўмин Самадга ишора қилди:
– Кўряпсиз-ку!.. Эртага ўзим ўтирсам керак рулга.
– Ака, бу проблемани хаёлингиздан чиқариб таш­­ланг! Сизларни довон ошириб, текис йўлга солиб юборишни мана мен зиммалайман… Ўзим шопир топаман!..
«Буларда сўздан қайтиш йўқ. Оталарига раҳ­мат!..» Мўмин бирдан енгил тортди. Лиммо-лим тўл­ган, юзида фонус нури жимирлаётган қадаҳга қўл чўзганини билмай қолди…
Катта мезбон – ўтов эгаси Ўроз ҳам Мўминни кузатиб ўтирган экан. У ҳаммага эшиттириб:
– Мана бу бошқача бўлди!.. – деди. – Аслида, Мўминжон, барига сиз, чинроғи, сизнинг бўрдоқи сабабчи. Сиз бўмасангиз, сизнинг бўрдоқи бўмаса, мен Самадни тополмасдим ва теполмасдим. Ҳов, тамада, мулгима, ҳаммага бирдай, Жўшчасига тўлдириб қуй! Шу қадаҳни бош меҳмон Мўминжон ва унинг буқаси учун ичамиз!..
Ўтириш ярим тунда тарқади. Уйқулаш учун пашшахона шу ернинг ўзига қурилди.
Тонг оқлиги пашшахонага кириб улгурмай уларни трактор овози уйғотди. Барака топгур Турдибой ота Оққуйруқни болалари орқали жўнатибди. Тиркама ва машина баландлиги қарийб баробар бўлганидан молни унисидан бунисига ўтказиш осонгина кўчди. Тракторчи ўғил маслаҳати билан Оққуйруқ тўрт томонидан, нишаб йўлда уён-буён бориб-келмайдиган қилиб бортга танғилди…
Маҳаллийларнинг айтганларича бор экан – беш соатчалик уйқу чарчоғу мастликни қиличдай кесганди. Улар бутунлай ҳушёр эдилар. Енгилгина наҳори қилинди. Тамаддидан сўнг қўй сутидан увитилган қатиқ ичилди (Вужудда умуман, спиртнинг ҳидини ҳам қолдирмасмиш).
Ўрознинг телефони жиринглаб қолди.
– Тушундим. Бўпти, бўпти. Ай, раҳмат-ай, сенга Комилжон! Сендақалар бор экан, тоғликларнинг бовури бут… Тўйингда қайтсин-ей! Ҳозир, ҳозир етамиз!.. – Кейин меҳмонларга юзланди, – кечаги жойда кутиш­яптикан, Комилжон, шопир билан…

* * *

Салтанат тунни бедор ўтказди. «Кечлатиб йўлга чиқишган бўлса, келиб қолишар» деган хаёлда бот-бот ташқарилади, йўл пойлади. Уфқда кўзга ташланган катта йўлда машина чироқлари дарёдай оқар, аммо ҳеч бири бу томонга бурилай демасди. Саҳарга яқин чарчоқ зўр келди. Қабоқлари ун тиқилгандек ачишиб, мижжалари оғирлашди. Келиб қолишса бехабар қолмайин деган ўй билан боғдаги сўрига чўзилди…
Оғил томон аввал ёришиб, кейин бирдан қоронғи тортди. Кетма-кет чинқирган машина сигнали хотин кишининг уввосига ўхшаган сас билан алмашди, ке­йин итми, чиябўри увиллашига эврилди. Молхона дар­возаси олдида турган «УАЗик» Салтанат чиқиши билан дарҳол жимиди. Энди унинг чироқлари тревога кўтарган ҳарбий кема сиренасига менгзаб ёниб, ўча бошлади. Кабина ичкарисидаги чироқчалар ҳам бир маромда ёниб, ўчар, у ерда ҳеч ким кўринмасди. Салтанатнинг юраги қафасдаги қушдек потирлар, бошида гўё каптар уялаган, бетиним ғув-ғувларди. Бор кучини тўплаб, кабинага мўралади.
– Дадаси!.. Самад!.. Ким бор бу ерда?..
Тавба, унинг саволини симёғочга қўнганича оп­поқ ёғду таратаётган ой ҳам такрорлади. Ой шуъласи овозга мутаносиб тарзда пасайиб-кучаярди. Сал ўтмай тепадан ёғилаётган товушга буқанинг «мў-ў»лаган саси эш бўлди. Салтанат беихтиёр юқорига қаради. Бортда чиройли бир буқа узун киприкли кўзларини сузганича бошини сарак-сарак чайқарди. Салтанат анграйганича қотди. Буқанинг беозор қа­рашими, киприкларининг бироз қайрилмалигими эри Мўминжонни эслатарди. Ногоҳ у тилга кирди:
– Танимадингми?!
Салтанат тош қотди. Савол қайталанди:
– Танимадингми?.. Бу мен – эрингман! Овоз эриники эди…
Салтанат овози борича додлади. Атрофда акс са­до берган фарёд аёлнинг тушми, хаёллигини билиб бўлмайдиган даҳшат чангалидан қутқарди…
Ўрнидан туриб, чироқларни ёқди. Оғил томон қа­рашга юраги бетламади. Қўрқинч зўридан ўзини ичкари урди. Даҳлиз чироғи ёнди. Чўчиб тушди. Қар­шисида ўғли Тиркаш турарди.
– Ҳа, опа?.. Кимдир қичқиргандек бўлдими?..
Салтанат сир бой бермади:
– Йўғ-ей, мен эшитмадим! Даданглар келиб қо­лишадими деб сўрида ётувдим… Совқотдим… Ҳа, айт­моқчи, ит ўлгур увлади… Ўшанга бақирдим, – деди.
Ўғлини тинчлантиргач хонасига кириб, кўрпага бур­канди. Ухлашга уринишлари бесамар кетди. Ўша берган машъум манзара хаёлини бир зум тарк этмас, кўзларини юмса, яна жонланадигандек эди… Ваҳима аралаш вужудига кирган титроқ борган сари кучаярди…
Эрталабки олтиларда хона эшиги оҳиста очилиб, келини қўлида патнис билан пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум, эна!.. Шамоллаганга ўх­шай­сиз. Асалчой опкелдим. Иссиғида ичиб олинг. Мана бу дорилар… Иситмани бир зумда туширади…
Салтанат дилида «кошки эди иситмам бўлса» деди-ю, тилида:
– Раҳмат қизим, хонтахтада қолдирақол, – деди. Келинидан ризолиги важҳиданми, аҳволи руҳияси сабабми, кўзларини ёш пардаси қоплади.
Келини кетмади. Чойни ўзи шопириб, ним таъзим билан узатди, ҳапдориларни бирма-бир кафтига солди.
– Мана бу иситма учун, буниси тинчлантиради, манависи эса, ўзингизнинг ҳамишаги дорингиз…
Салтанат бироз иккиланиб турди-да, кейин дорилар тўпини оғзига солиб, чойдан ҳўплади.
– Иссиқ-иссиқ ичинг, эна. Нон билан қаймоқдан олинг, дорининг заҳрини кесади…
Келини тушмагур ўзидан ҳам хушгап, ширинсўз. Қўярда-қўймай қаймоқ сурилган бир бўлак нон, бир дона қайнатилган тухум едирди. Ҳапдорилару илиқ муомаладан таркиб топган ушбу ўзига хос муолажа ҳадемай самара берди – Салтанатнинг юзига қизил югуриб, пешонаси терлади. Келин энасини ўрнига ёт­қизиб, дераза дарчасини очишга уннади.
– Умрингдан барака топ, қизим! Очмай қўяқол, чироқни ҳам ўчирма, – деди қайнона.
Салтанат соат ўнларда телефон қўнғироғидан уй­ғонди. Телефон рақами эриники, овоз эгаси аёл!.. Сапчиб ўрнидан турди.
– Салтанат опа, ўзингизмисиз?
– Ҳа-ҳа, тинчликми? Дадаси қани?!.
– Мен навбатчи ҳамшираман!.. Эрингиз бизда – марказий шифохонанинг жарроҳлик бўлимида…
– Нима гап? Гапиринг, синглим, тинчликми ўзи?..
– Тинчликмас, кичкина авария юз берган…
Алоқа узилди. Салтанат уввос тортди…
Уни ичкарига қўйишмади. Операция ҳали тугамабди. Салтанат на йиғлади, на бировга бирор савол берди. Даҳлиз ўртасида қаққайиб туриб қолди. Аслида у нима содир бўлганини билишни хоҳлар, аммо бош чаноғи марказида чўғдек қизиган бир нуқта онг-шуури ва бутун вужудини ҳаракатдан тўхтатгандай эди. Салтанат ўзини бирдан енгил сезди. Гўё парқу булут устида осмону фалак тоқида учарди…
Салтанат ўзига келиб, кўзу қовоқлари йиғидан шишган тўнғичи Меҳрини таниди. Анча ти­ниқ тортган тафаккури вазиятни дарҳол англади. Ўзини тетик кўрсатишга уриниб:
– Даданг қалай? – дея сўради.
– Яхши. Ўзингиз тузукмисиз, ойи? – Меҳри ўзи­ни тутишга ҳарчанд уринмасин, эплай олмади, даст­рўмолини юзига босиб, пиқиллади.
– Мен савилни бало ҳам урмайди. Дадангдан гапир!
– Айтдим-ку, яхши деб. Чап қўллари тирсагидан чиққан, бошлари озгина лат еган, бори шу!.. – Меҳри бу сафар жилмайишни бироз уддалади.
– Шопир-чи?
– Чибин ҳам чақмаган. Бўрдоқи ҳам соппа-соғ­миш!..
Салтанат азбаройи хурсандлигидан ётган ўр­ни­дан туриб кетай деди. Чап билагига бандланган нина ва ингичка елимичакни кўриб тинчланди.
– Бўрдоқиси ўлсин… Унда мен нега аза тутиб ётибман, – дея кулди. Кейин жиддий тортиб, чуқур хўрсинди.
…Мўмин манглайи бир энлик бинт билан тан­ғилган, гипсланган қўли бўйнига осилган, қўш ёс­тиққа суянган кўйи, хаёл оғушидаги одамдай ўтирарди. Хотинини кўриб, қони қочиб, оқиш тортган юзида болаларча самимий қувонч жилоланди. Салтанат жадал келиб, қўлини эри бўйнига солди, юзидан ўпди, сассиз йиғлади. Эҳтиросларига жавоб излагандек эрига тикилиб қолди. Мўминнинг табассумдан бироз қисилган, одатдагидан тезроқ пирпираётган кўз­ларида ал­лақандай лоқайдлик мавжуд эди. Салтанат юрагида бош кўтарган гумон булутини тарқатиш ниятида эрини саволга тутди:
– Дадаси, яхшимисиз?! Ҳеч жойингиз оғри­маяп­тими?
– … (Лоқайд табассум)
– Машина рулида сизмидингиз ё… шопирми?
Яна ўша жавоб.
Салтанатнинг хаёлида ўтган кечаги машъум ман­зара жонланди. Бўрдоқи, унинг қайрилма киприкли йирик кўзлари Мўминникига ўхшашига яна бир бор амин бўлди. Аъзойи баданига ўргимчак ўрмалагандай жунжикди.
Ногоҳ Мўмин тилга кирди:
– Аммо бўрдоқи зўр!.. Оққуйруқ зўр! Уни кў­пай­тириш керак. Уни сўйма!..
– Бўрдоқиси ўлсин, илоё!.. Ўзингиз қалайсиз, дадаси?!
– Аммо тоғликлар… Моллари ҳам зўр экан. Мольбертим… Бўёқлар!.. Ҳали бунақасини ҳеч ким чизмаган!.. Оққуйруқни сўйма, кўпайтир уни…
Салтанатнинг елкасидан кимдир оҳиста туртди. Салтанат бўлим бошлиғи Каромат Собировнани илгаридан танирди. У:
– Қўйинг, уни қийнаманг, эгачи, – деди эшик томон ишора қилиб.
– Энди нима бўлади?.. – сўради Салтанат даҳ­лизга чиққач.
– Бу ўткинчи жараён бўлса ажаб эмас! Вилоятдан мутахассис чақирганмиз. Сиз ташвиш тортманг, барча имкониятни ишга соламиз!..
– Дори-порига зарурият бўлса, тортинманг! Эримдан аяйдиганим йўқ!..
– Раҳмат, ҳозирча етарли ҳаммаси. Ўғлингиз жуда фаросатли йигит экан…
Кечқурун Тиркашдан бошқа ҳаммалари уйга қай­тишди. Меҳри ҳам ота маконда қолди. Куни бўйи то­лиққан асаб ва вужудларни шом шафағи сўнмаёқ уйқу элитди…
Салтанат эрталаб қизининг аччиқ фарёдидан чўчиб тушди. Меҳри шум хабар келтирган телефонни деворга уриб чил-чил қилган, даҳлизда ҳар томон ағанаганича бошини тўшамага уриб, «вой, да­дам»ларди…

* * *

Бу воқеалар беш йилча аввал бўлиб ўтган. Ҳо­зирда «Мўмин Қобил» хусусий фермаси тумандагина эмас, бутун вилоятда, минтақада машҳур. Айтгандай, асосийси – корхона ўз йўналишини ўзгартирди. Бўрдоқичилик фермаси наслчиликка айлантирилди. У ердаги барча чорва Оққуйруқнинг авлоди. Табиатан ювош, шу туфайли эт тўплашга мойил бу хил молларнинг бозори чаққон. Фермани асл касби муҳандис бўлган Тиркаш Мўмин ўғли бошқармоқда.
Маслаҳатчилар ўша-ўша – Зариф заргар, Ҳо­жи ­кал, онаси.
Салтанат тез-тез моллардан хабар олиб туради. Бироқ Оққуйруқ боғланган ўринга яқин йўламайди…
 
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!