Ашурали Жўраев. Ширин пахта (ҳикоя)

– Ширин пахта! Ширин пахталар келди! Кимга ширин пахта?!
Бу овоз ҳовлида ўйнаб юрган катта-кичик болаларга асалдай ёқади. Ширинлик ҳақидаги бу хушхабарни эшитиб, улар турган жойида қотади. Ҳатто ухлаб ётган болалар ҳам уйғониб кетиб “ширин пахта”, деб йиғлайди. Ширин пахтанинг мазасини бир марта татиб кўрган болалар ота-оналарини, бобо-бувиларини, хуллас, катталарни ўз ҳолларига қўймайдилар. Ҳовли бир зумда ширин пахта бозорига айланади.
Бола – бола-да! Айтганини қилдирмай қўй¬май¬ди…
Айниқса, бобо-бувилар набираларини хурсанд қилиш учун эриб кетиб, чўнтакларини ковлай бошлайди. Бобо ҳар сафар набираларига “ширин пахта” олиб берганида, улар бениҳоя хурсанд бўлиб, маза қилишади. Яйраб-яйраб ейишади. Ҳатто ширин пахтанинг целлофанини пақиллатиб очишади…
Пахта даласида туғилиб, пахтазорда ўсиб, шудгорда катта бўлган бобонинг эса хаёллари қочади. У шаҳарда туғилиб, вояга етаётган набираларига аслида пахта нималигини, қандай азоб-уқубатлар билан етиштирилиши, унинг ҳеч қачон ширин бўлмаганлигини, агар пахтага ширинлик аралашса қандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳар сафар тушунтирмоқчи бўлади. Бўлади-ю, олис хотиралар уйғониб, болалигида пахта туфайли рўй берган аянчли бир воқеа кўз олдига келади.
– Кичик укам туғилгач, онам бир ойнинг нари-бе¬рисида пахта теримига чиқиб кетди, – деб ҳикоя қилиб қолди, бир куни бобом. – Баъзан бувим, баъзан мен чақалоқни онамга эмиздириб келардик. Укам онамни ютоқиб-ютоқиб, пишиллаб эмарди. Сўнг онамнинг бағ¬рида қотиб ухлаб қоларди. Бир гал бўлиқ ғўзаларга чалишиб кетиб, укамни йиқитиб юборганман. Худонинг раҳми келиб, унга ҳеч нарса қилмаган. Ўшанда қўрққанимдан бу ҳодисани ҳеч кимга айтмаганман.
Ўша даврларда пахта терими баъзан янги йилгача давом этарди. Кейин ҳосил байрами нишонланарди. Лекин бу байрам ҳаммага ҳам татимасди. Сабаби ҳосил байрамигача қанча-қанча одамлар, оилалар пахтанинг дастидан азият чекарди. Унинг турган-битгани ташвиш ва ғурбат эди. Кимдир моли пахтага киргани учун катта жарима тўларди ёки моли сўйиб юбориларди. Кимдир пахта сабаб қамалиб кетиши ҳеч гап эмасди…
Пахта сиёсати – қиличдай ўткир, заҳардай аччиқ эди…
Бизнинг хонадонда ҳам ўша – пахта режаси бажарилмаган йили кутилмаганда бахтсиз ҳодиса рўй берди. Ўшанда ҳали хўжалик ҳам, туман ҳам режани бажаришда оқсаётган, ҳамма пахта теримига сафарбар этилган ниҳоятда таҳликали кунлар эди. Бундай пайтда одамларнинг молхоналари, айвонлари, уйнинг хоналари, ертўлалар, зарурат бўлса сандиқлар ҳам очиб кўриларди. Туман ва хўжалик раҳбарлари худди гестападай даҳшат солиб ҳовлима-ҳовли юриб ҳаммаёқни текшириб чиқарди. Яъни одамлар кўсакларни териб молларига беряптими-йўқми? Тўй-маърака учун кўрпа-ёстиққа, деб пахтани қопи билан беркитиб қўймаганми? Уни қиш бўйи ситиб – чигитидан айириб, тозалаб қўяди. Сўнг ситилган момиқдай тоза пахтани кўрпа-ёстиқ, чопон ёки нимчага солиб қавийди. Дўкондан пахта олиш анқонинг уруғи эди.
Ўша куни бувим, ҳатто бобом ҳам эшик-де¬ра¬за¬ларни ичкари-ташқаридан маҳкамлаб, айримлари¬ни қулфлаб, калитни ўзлари билан олиб, пахтаси те¬риб олинган шип-шийдом далага чиқиб кетдилар. Ҳайҳотдай ҳовлида аканг ботир, ҳали тўртинчи синф ўқувчиси, яъни камина қоровул бўлиб қолдим. Текширувчилар дарвозани шарақлатиб очиб, худди кинолардагидай ваҳима билан кириб келдилар. Улар – калта бўйли, қўнжли этик кийган, кўзлари қисиқ қирғиз башара совхоз директори, шапкаси, кийими ваҳимали, узун бўйли милиция бошлиғи, ўрта бўйли, бурнида холи бор прокурор ва яна икки кишидан иборат эди. Мен олдин чўчидим, сўнг тортиниб уларга салом бердим. Ҳаракатлари чаққон директор (директорлигини кейин билдим) менга семиз, бақалоқ қўлларини чўзиб саломлашди. Сўнг чўнтагидан чиройли қоғозга ўралган конфет чиқариб узатди. Конфетни шартта қоғозидан чиқариб, худди умримда ширинлик кўрмагандай оғ¬зимга солдим. (Лекин у ширин пахта эмасди!) Икки киши олдин молхонани, сўнг айвонимизни обдан айланиб кўргач, тандирхонани ҳам текширди. Ҳатто тандирни ҳам косов билан титишди.
– Ҳеч нарса топилмади, Суронбой ака, – деди улар конфет берган амакининг ёнига келиб.
– Қани, бу ёққа кел-чи, ўғлим, – деди ўша киши чўн¬тагидан яна конфет чиқариб менга узатаркан.
– Онанг, бувинг пахта чувишади-я?
– Ҳа, ситади, – дедим шартта у киши мендан жуда осон нарсани сўраётганидан хурсанд бўлиб. Оғзимда эса ширин конфет мойдай эрирди. Қандай маза…
– Ситилган пахталарни нима қилади?
Шу пайт яна бир конфет чўнтакдан чиқди. Йўқ, дейишга журъатим етмади.
– Ситилганини кўрпанинг орасига тиқади. Чигитини молларга беради, – дедим конфетни кафтимда маҳкам қисиб.
– Кўрпалар қайси уйда? Бизга кўрсатиб юборгин, той¬чоқ, – деди конфет-амаки гапларимдан хурсанд бў¬либ.
Мен ҳам хурсанд бўлиб, уйимизнинг катта хонаси деразаларидан бирини очдим. Чунки бу деразалар ичкаридан бекилмаслигини билардим. Ва биринчи бўлиб хонага ўзим кирдим. Орқамдан тўдадаги озғинроқ киши (кейин билсам партком экан) ҳам деразадан амаллаб ошди. Мен гўё қаҳрамонлик қилаётгандай шахдам бориб, ситилган пахталар тиқилган кўрпалар қатига қўлимни юбориб, бир сиқим пахтани олиб, уларга кўр¬сатдим. Хонага кирган ҳалиги озғин киши ҳам узун бар¬моқли қўлларини тахтланган кўрпалар қатига тиқиб, ан¬ча-мунча ситилган момиқ пахталарни чўнтакларига солди. Бир сиқимини дераза ёнида турган директорга узатди. Сўнг деразадан қандай кирган бўлса, шундай сирғалиб чиқди.
– Балли, зўр бола экансан. Отангни исми ким? – деб сўради директор ва яна чўнтагидан конфет чиқариб, менга узатди. Мен эса шошилмай отамнинг отини айтдим. Ҳалиги милиционер амаки қўлидаги дафтарга бир нималарни тез-тез ёзиб олди.
Улар ҳовлига қандай шиддат билан кириб келган бўлсалар, шундай шахдам қадамлар билан чиқиб кетдилар.
Мен оғзимда бир, қўлимда икки конфет билан уларни ботирларча кузатиб қўйдим. Гўё қилган ишимдан хурсанд эдим.
Бирпасдан сўнг қуруқ фартукни кўтариб бувим кириб келди. Деразанинг очилганини кўриб, ранги оқарди. Бўлган воқеани мендан эшитгач:
– Ҳой ярамас бола, нима қилиб қўйдинг? – деб ув¬вос солди.
Мен шунда ниҳоятда ёмон иш қилиб қўйганимни тушундим. Тушунганимда эса, кеч бўлганди…
Ўша оқшом отам ишдан қайтмади. Бобом билан бувимнинг юрагини гўё ит тирнаб чиққандай бўлди. Уйи¬миздан гўё илон чиққандай беҳаловатлик бошланди. Уйдагилар менга нафрат билан қарашарди. Мен уларнинг важоҳатини кўриб йиғлаб-йиғлаб қўярдим. Лекин мен қилган ёмон ишнинг натижаси эрталаб аён бўлди. Хўжалик идорасига бориб келган бобом совуқ хабар топиб келди. Отам бечорани ўн беш кунга қамашибди. Уйимиздан топилган пахта ашёвий далил сифатида рўйхатга олиниб, отам ишхонасидан идорага чақирилиб, ўша ердан у кишини милиция олиб кетибди…
Ўн беш кун уйимизда мотам бўлди. Онам қўйса, бувим, бувим қўйса онам милдир-милдир йиғлайди. Уларнинг йиғлаганларини кўриб, юрагим тўлиб кетганидан ҳовли этагига бориб, мен ҳам астагина йиғлаб келаман. Бобом эса ҳар куни Карманага – мелисахонага отамни кўргани кетади. Баъзан кўриб келади. Шунда ҳаммамизнинг кўнглимиз таскин топади. Кўролмай келган кунлари эса ҳамма жим, уҳ тортамиз. Уйимиз чиндан кулфатхонага айланган. Қўни-қўш¬нилар, қарин¬дошлар кечқурун келиб бирров хабар олиб кетади…
Ўн олтинчи куни пешинга яқин отам ранг-рўйи бир аҳволда, оғир этикларини судраб уйга базўр кириб келди. Онам ўргатгандай югуриб чиқиб:
– Отажон, кечиринг, – дедим йиғламсираб.
Отам менга аввал важоҳат билан қаради, кейин ўша важоҳат билан шундай шапалоқ тортдики, қулоқ-чаккамдан ўт чиқиб, супадан пастга – томорқага бориб тушдим. Бошим бўш челакнинг қиррасига урилди. Ҳушимдан кетдим…
Отам ушбу аччиқ тарсаки билан мени кечирган эди. Чунки у бу кўнгилсиз воқеа ҳақида қайтиб оғиз очмади. Бу гал на бобом, на бувим менинг ёнимни олмади…
Бобо болалигида бўлиб ўтган ушбу изтиробли воқеани эслар экан, “ширин пахта” сўзини эшитиши билан тамшаниб қўяди. Чунки директор берган ширин конфетнинг ва отасидан олган аччиқ шапалоқнинг таъмлари бошқа-бошқа эди. Лекин у ҳаётида қайтиб бундай мазали конфет ҳам, шапалоқ ҳам емади. Лекин пахта ширин эмаслиги, ҳеч қачон ширин бўлмаганлигини ҳали гўдак набираларига қандай қилиб тушунтирсин, қандай қилиб айтсин?! Қандай қилиб… Айтинг, ҳеч замонда пахта ширин бўлганми?..

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.