Абдулла Айизов. Раис (ҳикоя)

Раиснинг кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолганига ҳам анча бўлди. Дўхтирлар уйига келиб ҳам, шифохонага ётқизиб ҳам муолажа қилишди, лекин аниқ ташхис айтишмайди. Олдинлари «Ҳечқиси йўқ, ҳали отдай бўлиб кетасиз», деб кўнглини кўтаришарди. Энди эса улар ҳам бу хонадондан аста-секин қадамларини тортишяпти.
Хўжаликнинг «отахони» ҳали оёғи узангида эканлигида атрофида гирдикапалак бўлиб, хизматига лаббай деб турган укахонлар-ку қорасини кўрсатмайди. Ҳафта-ўн кун бўлаётибдики, на оғайни, на қавм-қариндошнинг дарвоза ҳатлаганини эслаёлмайди… «Укағарлар, раиснинг кимлигини билишмайди-да?! Э, йўқ, жуда яхши билишади. Қишлоқ одамларидан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Нафас олишинггача сезиб туришади».
Раис чуқур уф тортиб ўнгга ёнбошлади. Кўпдан буён оғир юк босганидан каравот ҳам ғижирламай қўйган. Хона торайиб бораётгандек, қандайдир файзсиз…
Хаёл уни беихтиёр ўтмишга етаклайди. Ўшанда қишлоқ йигитларининг олди эди. Болалигидан полвонкелбат бўлганлиги сабаб тенгдошларининг бўйи унинг кўкрагидан келарди. Гавдасига ишора қилиб, «раис» дея лақаб қўйишганди унга.
— Важоҳатингдан от ҳуркади-ю, каллангнинг ошқовоқдан фарқи йўқ-да, ўртоқ Норов, — дея тергарди математика муаллими.
Бўладиган бола ўқисаям, ўқимасаям бўлаверар экан. Мана, раисни олайлик. Билагида куч ёғилиб турган норғул йигитни бир амаллаб ҳарбий хизматдан олиб қолишди.
Ўриклар гуллаган паллада уларникига туман марказида яшайдиган кенжа тоғаси келиб қолди. Тоға опаси билан анча гурунглашди.
— Хўш, жиян, нима ишлар билан шуғулланяпсан?
Боядан бери чой қуйиш баҳонасида суҳбатга қулоқ солиб ўтирган жиян тоғасининг кутилмаган саволига дабдурустдан жавоб беролмай қолди.
— Эй укагинам, нимасини айтай, бу жиянингни одам бўлиши қийин. Яхши ўғил тоғасига тортади, дейишарди, билмадим, бунинг на мактабда тузук ўқиди, на бир ҳунарнинг этагидан тутди, — деди куюниб онаси.
— Раис ҳали зўр одам бўлади, — унинг сўзини бўлди тоға, — менга қўйиб беринг.
Шу-шу жияннинг бошига офтоб тегадиган бўлди. Аввалига тоғасининг ёрдами билан туман марказидаги бозорда паттачилик қилди. Секин-аста оқу-қорани танийдиган бўлди, чўнтаги пул кўрди. Тоғаси туман раҳбари билан қуда бўлганидан кейин пахтачилик бригадасига саркорлик қилди, ҳар мавсумда қўша-қўша мукофот олди.
— Сизни анчадан буён биламиз, ўртоқ раис, — деди бир куни «катта бува», — ўйлаб қарасам, қишлоғингизни бошқарадиган, увол-савоби учун жавоб берадиган тайинли одам керак экан. Муҳими, пилла, ғалла, пахта деган нарсалар бор. Сиз, оғайни, гавдангизни тарозига тортиб бўлса ҳам режани бажарасиз, тўғрими? Шунинг учун биз, шахсан мен ҳам шу масъул вазифага сени, йўғ-э, сизни тавсия қилмоқчиман, қалай, маъқулми?
Суҳбатдошининг иккиланиб турганини сезган «катта бува»:
— Гап тамом — вассалом! Эртадан бошлаб қишлоғингни раиси, кайвонисисан. Ҳар бир иш учун калланг билан жавоб берасан, — дея столга қўлларини уриб ўрнидан қўзғалди. Болалигида кўпчилик «раис-раис» деганига роса жаҳли чиқарди. Бора-бора унинг қулоқлари бу сўзга кўникди. Энди эса «раис» сўзи унга мойдек ёқади. Чунки у ростдан ҳам раис бўлди. Ўн йилдан кўпроқ қишлоқни бошқарди. «Раис бува» деб қуллуқ қилувчиларнинг сон-саноғи йўқ эди. Биров тўй қиладими, ишга жойлашадими, раисдан ижозат олмаса иши юришмасди. Айниқса, пахта терими пайтида қишлоқ худди казармага ўхшаб қоларди. Кекса-ёшнинг ўрни далада эди. Кўчада бировнинг қораси кўринса борми, унинг ҳолига маймунлар йиғларди.
Шу кезда қишлоққа меҳмон ҳам келолмасди. Биров бошқа қишлоққа, ҳатто туман марказига ҳам чиқолмасди. Раҳбар ҳам, қонун ҳам раиснинг ўзи эди. Устози — «катта бува»нинг насиҳатларига амал қилиб кам бўлмади…
Раис қаёқдаги кексаларнинг гапига кириб қишлоқ ёшларини ҳунар-техника билим юртига ўқишга юбориш мақсадида «катта бува»нинг олдига кирганида боши балога қолди.
— Хўв бола, ақлингни йиғ! — ўшқирди «катта бува», — ёш бола эмассан-ку, ўқигандан нима наф? Сен тенгиларинг ичида бирортаси институт тугул бирор курсни битирган бўлганда, қишлоққа раҳбарлик нари турсин, қоровуллик ҳам қилолмасдинг. Ўқимишлидан, дипломлидан эҳтиёт бўлиш керак. Омадинг бор экан, мана, қишлоғингда катта бўлиб юрибсан. Бир кун келади, менинг гапларим ростлигига ишонасан, тушундингми, галварс!
«УАЗ»да туман марказидан қишлоққа қайтар экан, раиснинг лабларига табассум ёйилди. У «катта бува»нинг ақлига лол қолди. «Бежиз бу лавозимга ўтирмайди-да…», дея яна бир бор тан берди.
Ўшандан буён зиёлилардан, кексалардан узоқроқ юрадиган бўлди. У раислик қилган кезлари қишлоқдан ҳеч ким ташқарига отланмади. Ўқишга ҳавасманд ёшларнинг попугини пасайтиришнинг йўлини ҳам «устози» ўргатди.
— Бошпиртингни уйланган пайтингда оласан, қани марш далага, бўлмаса уруғ-аймоғинг билан кўчиб кет.
Бундай ҳолатда қишлоқдан чиқиб бўладими?
«Энди ўйлаб кўрсам, хомкалла эканман. Қишлоғимиз мутахассис масаласида орқада қолди. Зиёли одамлар жуда оз. Элга билимли, маънавиятли одамлар керак экан. Тўғри, лавозимимни ушладим, мана, йиллар ўтиб, одамларнинг кўзи очилди, саводли бўлишди, энди кулгига қолдим. Давраларга кирсам нуқул пичинг қилишади. Ўқимоқчи бўлганларнинг уволи тутди. Имкони бор пайтда уларга ёрдам беролмадим. Эҳ, қалби кўр раис!».
Раис узоқ хаёлга толди. Ҳаётидаги қилган яхши ишлари эмас, негадир хатолари кинотасмадек кўз олдидан ўтиб, қийнай бошлади.
— Умид, — у рафиқасини тўнғич фарзандининг исми билан чақиришга ўрганган. — Умид! Эй номард…
Раислик пайтида хотини «гаҳ» деса қўлига қўнарди. Сал йўталгудек бўлса борми, етти чақиримдан бўлса ҳам учиб келарди. Бир умр нафаси ичига тушиб юрди бу аёлнинг. Энди эса…
— Умид! — раиснинг эшитилар-эшитилмас овози инграгандек чиқди.
— Нима дейсиз, — хотини остона ҳатлаши билан лаби-лабига тегмай бидирлай кетди. — Ҳадеб чақираверасиз, чақираверасиз, тағин алланималар дейсиз, одам дегани инжиқ бўлмаса-да…
Раиснинг ичида нимадир узилди, кўз олди қоронғулашди. Гавдасини базўр тутиб, кўзларини шифтга қадаб пичирлади.
— Сенга бир гап айтмоқчиман, юрагимда армон бўлиб қолмасин. — Раиснинг томоғига нимадир тиқилиб, ютиниб олди. — Ҳамқишлоқларга кўп яхшиликлар қилган бўлсам-да, ёшларнинг ўқишига қаттиқ қаршилик қилиб гуноҳга ботдим. Буни биласан. Эртага таъзияга келганларга менинг узримни айт. Неваралар ўқисин, ёшлар илм эгалласин, одам бўлсин…
Хотини остонада серрайиб туриб қолди.