Абдужалол Тайпатов. Хўрозқанд (ҳикоя)

Раҳим йўл-йўлакай бозорга кирди. Ахир байрамда болаларнинг олдига қуруқ бориб бўлмас. Ҳар гал уйга кириши билан ўғли сумкасини очиб кўради. Айниқса, кичкинаси: «Да-да, та-а-та-а?» – дейди чучук тил билан. Қолаверса, бугун байрам.
Бозор ичкариси ва олдидаги дўконларнинг ҳаммаси бекиқ экан. Бир дўкон эшигини ичкаридан маҳкамлаётган сотувчи қиздан бирров кириб чиқишни сўраган эди, чақиб олди: «Праздникдаям тинч қўясиларми, йўқми?! Обедгача ишладик, раҳмат деларинг». Раҳим қош-киприклари сурмадеккина бу чиройли қизнинг пирпираб учаётган юпқа лаблари тинишини бир зум кутиб турди-да, бироқ унга бирор сўз дейишни лозим топмади.
Бозор расталарини оралай бошлади. Одамлар тўда бўлаётган томон юрди. Жинси шим кийган, қизил кўйлакли бир ўсмир йигитча қўлбола хўрозқанд сотарди.
– Бунинг қанчадан? – сўради одамлар орасидан ичкарироқ суқилиб.
–Ўн тийиндан, – деди лаби-лабига тегмай сотувчи йигит.
«Болага хўрозқанддан ҳам зиёда совға бўладими?» ўйлади у ва сотувчига юзланди: – Бизга ҳам яхши-яхшисидан ўнта бергин.
Йигитча галстук таққан, шляпали бу одамга хавотирланиб қараб қўйди ва ўнта эмас, ўн иккитани қоғозга ўраб узатди.
–Кўп бўлди-ку?!
–Майли, байрамга совғаси билан бўлди.
Раҳим ўз зарарига янглишаётган бу йигитчага ажабланиб қаради. Раҳмат айтиб, хўрозқандларни сумкасига солди. Паспортининг орасидан битта бешталикни олди-да, унга тутди. Йигит чаққонлик билан қайтим қайтарди. Раҳим санаб кўрди: бешта бир сўмлик. Бирдан йигитга қаради. У ўзи билан ўзи овора, навбатдагиларга хўрозқанд ўраб узатар, бировдан пул олар, кимгадир қайтим қайтарарди.
Раҳим бир муддат иккиланиб қолди. Бир қарорга келгунча бўлмай қўллари пулни ғижимлаганча чолворининг чўнтагига солди. Оёқлари эгасига бўйсунмасдан юриб кетди. Сал узоқлашгач, орқасига қаради. Йигит бутунлай уни унутган, олди-сотти билан машғул эди.
«Нега бундай қилдим? Шу бир сўм билан бойиб кетармидим. Яна у менга сахийлик қилиб, иккита ортиқча хўрозқанд берди. Менинг бу қилиғим унинг мурувватига жавобми? Алданганни алдайвер экан-да? Йўғ-е, унчалик эмасдир. Бир савдогар-да. Бир сўм кам фойда кўрса нима қипти. Кўзларидан билиниб турибди чайқовчилиги. Йўқса, санаб берсин-да қайтимни. Мен ундан тортиб олганим йўқ. Ё киссасига тушдимми? Кимлардир ўғрилик қилиб яшаяпти-ку? Йўғ-е, ўйлаб, бош қотириб ўтиришга арзимайди. Бир сўм фойда қилсам қилибман-да. Яна кимдан, одамларни куппа-кундуз куни алдаётган савдогардан. Шунга шунча бош оғриқми, қўй-е!».
Шу орада у автобус бекатигача қандай бориб қолганини сезмади. Автобусга ўтириб жўнади. Ўйлар эса уни ўз ҳолига қўймасди. Кўз олдига бояги йигитнинг кулиб «Байрамга совғаси билан бўлди» деяётган ҳолати келаверди.
«У-ку мурувват қилди. Бугун байрамлигини эслатди. Мен-чи? Наҳот, бир сўм учун шунчалик паст кетсам. Ўша пайт янглишибсиз укам, мана ҳақингиз десам, қанчалик хурсанд бўларди. Ҳар ҳолда ким бўлмасин кечқурун ҳамтовоқларига мақтанарди: «Дунёда инсофли одамлар ҳам бор экан. Бугун биттасига адашиб ортиқча бериб юборсам, қайтариб берди-я». Ё бўлмаса, устидан кулиб қўя қоларди: «Тешиб чиқармиди, ахмоқ». Нима бўлгандаям, қайтариб берганда маъқул бўларди. Бунчалик ўйлаб бошини ҳам қотирмасди. Кўнгил тинчлигига нима етсин». У киссасига солган бояги пулни олиб, санаб кўрди: бешта, бирининг чети сал йиртилибди, шумикан унинг ҳақи. Қоғозга ўроғлиқ хўрозқандларни ҳам эринмасдан санаб чиқди. Тўппа-тўғри: ўн иккита. Кўз олдига сумка титаётган ўғли, «та-та, та-та» дея талпинаётган қизчаси, уларга хўрозқанд улашаётган ўзининг шодон қиёфаси келди. Хотини, албатта, буни қанчадан олдингиз, деб сўрайди. Нима дейди, текинга тушди, дейдими. Қолаверса, қайси кўнгил билан текинга тушган хўрозқандни ўғли ҳам қизчасига совға қилади. У ҳеч қачон уйига бунақа нарса олиб борганмас.
Автобус тўхтади. У мажолсиз, руҳсиз, хаёлан ўзи билан ўзи олишиб, судралганча ўрнидан турди.
–Йигитча, дипломат сизданмасми? – Ёнида келаётган семиз жувон Раҳимни чақирди.
–Ҳа-я, – у қайтиб бориб сумкасини олди. – Раҳмат.
Шу он чипта олмагани ёдига тушди. Ҳамма ўзини ўрта ва орқа эшикка ураётган бир пайтда у урилиб, сурилиб олдинга юрди. Ҳайдовчига пул тўлаб тушди.
«Одам ҳар бир қилган гуноҳи учун, албатта, жазо олади». Бу гапни у қайси китобдадир ўқиган ва ҳаётда шу ақидага қаттиқ амал қилиб яшарди. Бу фикр ҳозир ҳам унинг хаёлидан ўтаркан пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Юролмай, чеккароқдаги ўтирғичлардан бирига оғир чўкди. Мияси ишламай қолди. Нима қилиш керак? Лаънати хўрозқанд! Қаерданам олдим. Ҳар галгидек бу сафар ҳам совғасиз борса, ҳеч бало бўлмасди. У бошини ўриндиқнинг суянчиғига қўйиб, кўзларини юмди. «Байрамга совғаси билан бўлди» деяётган йигитчанинг мулойим чеҳраси, олазарак кўзлари. Кейин бешта бир сўмлик, Бирининг чети сал йиртиқ». У яна бир пас шундай турса, бўлиб ўтган воқеалар бирин-кетин яна хаёлида жонланаверишини сезиб, кўзини очди. Чуқур «уф» тортди. Шартта чўнтагидан чети йиртиқ бир сўмликни олди, ғижимлаб қисди. «Улоқтириб юборсам-чи? Йўқ. Яхшиси анави чеккада ўтирган тиланчига бераман. Бу ҳам савоб-ку! «Йўқ» дерди бошқа бир сас. «Бу билан гуноҳдан қочиб қутилолмайсан. Ахир у бировнинг ҳақи-ку!»
У соатига қаради. Иккидан ўтаяпти. Қишлоққа автобус учда жўнайди. Унгача нимадир қилиши, ўзини чалғитиши керак. Яхшиси овқатланади. Эрталабдан бери туз тотгани йўқ. Ўрнидан туриб ошхона томон юрди. Тушлик тугагани учунми у ерда одам сийрак экан. Бир коса овқат олиб чеккароққа ўтди. Негадир ҳеч нарса егиси келмасди. Шундай бўлса-да, ўзини мажбурлаб овқатланди. Чой олиб ичди. Ўзини анча бардам сезиб ошхонадан чиқди. Патта сотиладиган туйнук томон юрди. Боратуриб қорнида енгил оғриқ сезди. «Э-э, нима бўляпти ўзи? Умрида ошқозони оғримаган. «Текин нарса тешиб чиқади» дейишгани рост бўлса-я! Чамамда, бояги гуноҳим учун жазо бериш бошланди-ёв».
У кассага бормади. Таққа тўхтади. Оғриқ сал туриб тарқаб кетди. Кейин қорни секин ғўлдираб қўйди. «Хайрият-ей! Бу менимча, огоҳлантириш. Жазо тайин. Балки мен чиққан автобус авария бўлар». Юрагини ваҳима босди.
–Ҳа, Раҳимбой, бундайгина ўйланиб турибсан, – унинг хаёлини йўғон, дўрилдоқ овоз бузди. Қараса, қўлида оғир сумка кўтарган ҳамқишлоғи Эломон бува. Кўришишди.
–Ўзим. Шундай. Ишдан қайтаётгандим.
–Байрамдаям ишлайсилар-да. Силар энди давлатнинг одами.
–Ҳа, парадга қатнашдик.
–Тезроқ бормасангиз билет тугайди. Аптовиз бир пасда жўнармиш. – Эломон бува ўриндиқлар томон юрди.
«Эломон бувага мазза. Ҳеч нарсани ўйламайди, азобланмайди ҳам». Раҳим кассага яқинлашди. Одам тирбанд. Шу пайт кўзи олдида турган талабанамо қизнинг сумкасига суқилаётган ингичка бармоқларга тушди. Қўл эгасини ахтариб орқасига бурилди. Сочлари тўзғиган, уст-боши, юзлари кир-чир, ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги бола Раҳимга аянчли тиржайиб, худди шеригига имлаётгандай кўз қисди. Раҳим унинг нозик билакларидан маҳкам ушлади.
–Нима қиляпсан, тирранча?! – Уни четга судради. – Ҳозир милисага топшираман.
Боланинг юзидага ифода бирдан ўзгарди. Ялиниб-ёлвора бошлади:
–Акажон, жон ака, қўйворинг! – Унинг дум-думалоқ, қоп-қора кўзларига ёш тўлди.
Раҳим қўлларини бўшатди. Ўйлади. «Ўзинг-чи? У-ку, ёш бола, Адашгандир. Кимдир алдагандир. Сен-чи? Кўра-била бир кишининг ҳақини уриб келаяпсан-ку!».
У ортиқ тоқат қилолмади. Шошиб ташқарига чиқди. Бўш турган такси ҳайдовчисига илтимос қилди.
–Бозоргача бориб келайлик.
Машинадан тушди-ю, чопганича хўрозқанд олган жойига борди. Йигитча йўқ. Хўрозқандлар ҳам. Ўрнида бўш қоғоз қути. Атрофда қоғоз парчалари. Писта сотиб ўтирган чолдан сўради.
–Билмадим, ҳозиргина сотиб бўлувди, узоққа кетмагандир.
Раҳим атрофга олазарак боқиб, бутун вужуди кўзга айланиб, одамлар орасидан хўрозқанд сотувчи болани ахтара бошлади…

1982 йил.
(“Шарқ юлдузи” журналида 80-йилларда чоп этилган).