Ҳалима Худойбердиева. Умидворлик (1989)

Сиз менга икки фикр билан мурожаат қилдингиз.

Эски йилдан хотирангизда қолган воқеалар… ва янги йилдан нималарни кутасиз. Булар ҳақида ўйларканмаи, Роберт Рождественскийнинг «менинг йилларим — менинг бойликларим» мазмунидаги сатри эсимга келди. Умуман олганда-ку, умримизнинг ҳар йил, ҳар ой, қар куни табиатнинг бизга берган камёб бойлиги, эҳсони. Сизнинг мурожаатингиз сабаб бир фурсат босиб ўтган изларим, кунларимга қайтгандай бўлдим.

Аввал айтган бўлсам ҳам, яна бир мисол келтирай.

Худди куни кечагидай кўз олдимда турибди. Экранда тутаб ётган уюм тасвири. Ахлат ташийдиган машина ёнидаги одам бу уюмни машинага ортяпти. Диктор (бу жойнинг адресларини аниқ айтганди ўшанда) мана шу уюм орасидан янги туғилган чақалоқ жасади топилганлиги ва бундай ҳодисалар кейинги пайтда учраб турганлигини айтганда даҳшатга тушдим. Табиатдаги, ҳаётдаги мувозанат бузилаётгандай туюлди менга. Муқаддас, қадим-қадимдан гўдагининг бир тамшаниши, «инга»сидан жону дийдаси сут бўлиб оқадиган, табиатан шафқат, мурувват элчиси бўлган аёлнинг аёллик, минг йиллардан бери бу ҳаётнинг давомийлигини таъминлаб келаётган, сирли, жонбахш муҳаббатнинг муҳаббатлик, юрагинг билан туташ, жигар-қонларингдан яралгувчи фарзанднинг фарзандлик қадри поймол бўлаётганлиги, топталаётганлигини кўриб қандоқ чидаш мумкин?!

Чингиз Айтматовнинг «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар»идаги «мувозанат» эсингиздами? Улар боланинг дунёда яшаб қолиши учун (овга чиққан қайиқ қуюқ туман билан қопланган поёнсиз денгизда адашиб кетади), ичимлик сув озлигидан шу сувни бир томчи бўлса-да, болага қолдириш учун (ҳолбуки, «нима бўлса тақдирдан кўрдик», деб сувни ҳаммалари биргаликда охиригача ичишлари ва қайиқдагилар биргаликда ўлимга юз тутишлари ҳам мумкин эди-ку!) биринчи бўлиб ўзини денгизга ташлаган бобо Ўрхун — Ўрхун Шамолга, кейин ота Эмрайин ўзини денгизга ташлаб — Эмрайин Бўронга айланиб кетганлари эсингизда қолгандир. Мақсад — қандай бўлмасин бола ўлмай қолиши, ер юзидан зурёдлари йўқолиб кетмаслиги керак эди. Бунинг учун улар қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар, ҳатто ўлимгача тик боришдан қайтмадилар.

Биздаги баъзи бир ёшлар эса (ўз кўнгил майли йўлида ҳеч нарсадан қайтмасалар-да) ўзларининг номларига доғ тушмаслиги учун, сохта «тозалик», обрў учун, жисми-жонининг бир парчаси бўлиб дунёга келган зурёдларини ўз қўллари билан кунни қоронғулатиб ахлат уюмлари орасига тириклай кўмишгача бориб етдилар!

Дунёда бундан кўра тубанлик, бундан ёмон даражадаги қотиллик борми?!

Наҳотки, инсон, бир томондан гулу гиёҳга, қумурсқаю қушга жон ато қилувчи табиатнинг гултожи бўлган улуғ Инсон ўзининг ўнглаб бўлмас хатою гуноҳлари тўрларига ўралиб, тушунган ҳолда ўз оёғи билан сўнгги, қонуний жазо кундасига қараб бораверса… Дарвоқе, жазо… Бизнинг жазо қонунларимиз баъзан ўта мурувватли, баъзан умуман йўқ… Одамзоднинг охирги ҳалокати — жазо кундасига етиб боргунча томошабин бўлиб туравермаслик учун шафқатсизроқ, мурувватсизроқ жазо қонунлари ҳам керакми дейман. Мана шундай аёлларга, бунга сабабчи бўлган эркакларга ҳам шундай йўл тутиш керакка ўхшайди.

Инсоф, диёнат, шафқат, меҳр қўллари ожиз, уларни йўлдан қайтаришга қодир бўлмай қолган экан, балки шафқатсиз жазо қонунлари қайтарар уларни бу йўлдан?! Биз қандай қилиб бўлса-да, йўл топишимиз, одамларни қотиллик, одамкушликдан қайтаришимиз керак. Тинчгина, «биров билан нима ишим бор, ўз уйимнинг бургаси чақмаса, ташқарида илонлар ўйнасин» қабилида иш кўриб юра-юра келган жойимиз шу бўлди.

Мен, албатта, бу мисолда оқибат ҳақида гапирдим. Бу оқибатга олиб келувчи йўллар, сабаблар минг хил. Тан олиб айтиш керакки, аслан олганда — бу гуноҳ жавобгарлигини фақат ўша икки ёш эмас, биз ҳаммамиз баб-баробар бўлиб олсак тўғрироқ бўлади.

Бу — биз оналарни болаларни оилада етарли даражада тўғри тарбиялай олмаганимиз, уларга етарли кўкрак сути (боласини ўз сути билан боқадиган аёлларнинг кун сайин кескин камайиб кетаётганидан) юрагинг зирқираб кетади. Ахир ҳаётда она билан гўдакни бир-бирига боғлайдиган энг аввалги ва энг муҳим омил она сути эмасми? Шариатда айтилишича, фарзанд туғилиши биланоқ кўкрак сути билан боқилиши болани онага бутун умрга мустаҳкам ришталар билан пайванд этади. Бугунги кунда болаларимиздаги ота-онага нисбатан кўтарилиб бораётган меҳр-оқибатсизлик сабаблари, илдизларидан бири ана шу уларнинг ҳаётда кўз очган дастлабки йилларига бориб уланиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Уларга етарли оналик меҳр-муҳаббатини бера олаяпмизми? Бу энди аёлнинг ўзининггина айби эмас. У эртадан кечгача давлат идоралари, корхоналар ё далада ишлаши, уйга қайтиб рўзғор, бутун тирикчиликни изга солиши, эркакнинг кўнглига қараши, буларнинг ҳаммасидан орттириб, мутасадди кишиларнинг фикрича, у ҳар куни болага қараш учун ўртача 17 минут вақт ажратар экан. Инсоф билан айинг-чи, 17 минутда боланинг жисми, ақли, онги тарбияси учун нима иш қилиб улгурамиз?!

Кўряпсизми, бола тарбияси нечанчи даражага суриб қўйиляпти. Ҳолбуки, ҳамма замонларда аёлнинг аёллик қадри, баҳоси, унинг ҳақиқий аёллиги, фарзандларига берган тарбияви, жамиятга кимларни етказиб берганлиги билан ўлчанган. Шундай экан, яна қайтараман, бизнинг фикримизча аёлларнинг иш кунини қисқартириш ҳақидаги муаммони, таклифларни ҳал қилиш фурсати етган кўринади. Ҳал қилганда ҳам ойлик иш ҳақларини тўлиқ сақлаб қолмоқ керак. Имоним комилки, бундан аёл ҳам, болалар ҳам, қолаверса, жамият ҳам фақат фойда кўради. Зарар эмас. Фарзандларимиз оила қуришга жисмонангина эмас, ақлан, маънан ҳам тайёр бўлишлари керак. Биз турғунлик йилларида тарбиянинг мана шу жуда муҳим томонини хаёлдан фаромуш қилдик. Қизларни яхши бека эмас, яхши ишчи, фаол жамоатчи бўлишга кўпроқ ундадик. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бу жавобгарлик юки ота-оналар билан бир вақтда кўксига қайта қуриш шамоллари тегмаган ва ҳали ҳам тегмаётган баъзи педагоглар, одамларнинг ақлига озуғ берадиган, маънавиятини бойитадиган асарлар билан халқ юрагига кира олмаган баъзи бир ёзувчилар, матбуот ходимлари елкасига ҳам тушади. Шоир Усмон Азимов «Ўз ёқамда қўлларим» деб бежиз айтмайди. Токи, ҳар биримиз ўз айбимизни юракнинг чуқур-чуқур ерларида ҳис этмас эканмиз, сергак тортиб, оёққа турмас эканмиз, одамлар онгини, қараш, тушунчаларини ўзгартириб, жамиятни қайта қуриб бўлмайди.

Ўзбекистондаги мавжуд етим болаларнинг 90 фоизи тирик етимлар эканлиги ўртайди мени. Янги йилда мен болалар уйларидаги етим болалар сонининг ошмаслиги, битта бўлса-да, ота ё онанинг инсофга келиши, битта бўлса-да жовдираган гўдакнинг кўзидаги ёшнинг қуришини истайман.

Республика хотин-қизлари журнали “Саодат”нинг ма-мунини белгилашда ҳам биз коллективимиз билан шу нуқтаи назарлардан келиб чиқамиз. Бизнинг нашр нафақат хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий нашри, айни пайтда оилавий журнал ҳам эканини анча унутиб қўйдик.

Инонтиргин, энди, бу зиналардан,
Ҳақ, ноҳақ баробар чиқилмайди деб.
Куч топиб инонтир, одам инонсин,
Адолат юз тубан йиқилмайди деб.
Чарчаган фаррошми, илми толибми,
Инонтир, кўнглига сол торми ё най.
Энди йўлга кирган Мирзо Ғолибим,
Йиқилмай ўсади, мен ҳам инонай.

Сизларнинг ҳар бирингизга янги йил олдинги йиллардагидан кўра бахтлироқ келишидан умидворман.