Асад Асил. Яхшидан боғ қолур (2000)

Одамлар борлиқдаги жамики мавжудотни, ҳатто ўзлариниям “яхши” ёки “ёмон”га ажратишади. Шу мавзуда гап кетганда, беихтиёр бир савол кўндаланг бўлади: “яхши” нимаю “ёмон” нима? Уларни қандай килиб ўзаро фарқлаш мумкин?.. Нафсиламбрини айтганда, яхши билан ёмонни фарқлаш унчалик қийин ҳам эмас. Ҳар кимга энг тўғри баҳони халқнинг ўзи беради. Яхшилардан боғ қолур, деган нақлни ҳам халқ яратган. Инсон бу оламда озми-кўпми яшаб, ўзидан бирор яхши из қолдирмаса, унинг бошқа жонзотлардан не фарқи бор? Шу ўринда қадимги машойихлар ҳикоя қилган ибратли бир ривоятнинг мухтасар мағзини келтириб ўтамиз.

Мадрасада йигирма бир йил бирга таҳсил кўриб, бир ҳужрада яшаган икки йигит олган илмларига амал қилиш учун икки томонга – бири тоққа, иккинчиси эса ўзи туғилиб ўсган қишлоғига жўнабдилар. Дарвешликни ихтиёр айлаган йигит тоғнинг хилват жойидан бир ғор ясабди-да, узоқ йиллар давомида узлуксиз тоат-ибодат билан машғул бўлибди. Оқибатда атрофидаги ҳамма тирик жонлар тилини бемалол тушуна оладиган даражада юксак мартабага эришибди. Кунлардан бир кун навбатдаги тоат-ибодатдан сўнг ҳордиқ олаётган экан, ғор оғзидаги бутага иккита чумчуқ қўнибди-да, ўзаро суҳбатлаша бошлабдилар.

— Эшитдингми, фалон қишлоқдаги фалон исмли боғбон вафот этибди, — дебди улардан бири.

— Аттанг, ҳаммамизни таъминлаб юрган анави яхши боғни шу инсон яратган эди, Аллоҳ раҳмат қилсин,- дебди иккинчиси астойдил ачиниб. Тоат-ибодат билан ғорда умргузаронлик қилаётган дарвеш мактабдош дўстининг вафот этганини тушуниб, унинг яқинларига таъзия билдириш учун қишлоққа жўнабди. Йўлда гўзал бир боққа дуч келиб, бир оз ҳордиқ чиқариш учун тўхтабди. Боғдаги қуш-қумурсқаларнинг Аллоҳга қилаётган ўтинчлари беихтиёр қулоғига кирибди. Боғдаги мевалардан таъминланиб юрган жамики жонзотлар вафот этган боғбонга жаннатдан жой тилаб, бараварига Аллоҳга ёлборишарди. Дўсти яратган боғ шу эканини фаҳмлаган дарвеш оғир хўрсиниб, ўрнидан турибди ва қишлоққа кириб борибди. Таъзияхонада дўстининг бир-биридан солиҳ фарзандлари, бутун қишлоқ аҳли марҳумни даргоҳига қабул айлашини Тангри Таолодан сўрашарди. Дарвеш фақат ўзини ўйлаб, янглиш йўл тутганини шу ерда тушунибди. Вафот этгач, умр бўйи топган илмию эришган баланд мартабалари ўзи билан кетишини тушуниб, қаттиқ оҳ тортибди. Ҳа, ўзидан ўчмас нишона, айниқса жаннатдай боғлар қолдириш нақадар яхши! Кўзларни қувонтириб, қалбларимизга қувват берувчи, сиҳат-саломатлигимизни мудом таъминлаб турувчи, қолаверса, лаззатли ва сархил мевалар макони бўлмиш сўлим боғлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, уларни савобталаб инсонлар не-не машаққатли меҳнатлар эвазига бунёд этдилар. Ўзидан гўзал боғлар қолдириш яхшиларнинг азалий одати бўлган. Ўтмишдаги буюк инсонларни деярли ҳаммалари ажойиб боғу-бўстонлар яратиб кетганлар. Буюк соҳибқирон Амир Темур, Улуғбеку Мирзо Бобур, қадрдон дўстлар – Мир Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро… Миллат фахри бўлган шу сингари азиз аждодларимизнинг сермазмун ҳаётлари ҳаммамиз учун ибрат намунасидир…

Бўстонлиқ деган диёрни ким ҳам эшитмаган! Номининг ўзидан кўриниб турибдики, бу макон боғу бўстонларга бой. Аммо шу боғларнинг ҳаммасини инсонлар яратган, уларнинг аниқ эгалари бор. Гарчи бу зотлар оламдан ўтиб кетган бўлсалар ҳам, яратган кўркам боғлари туфайли азиз номлари оғиздан-оғизга ҳурмат ва эҳтиром билан кўчиб юради…

Бўстонлиқнинг кунгай томонида Оқтош деб номланган сўлим гўша бор. Шифобахш бу маскан таърифи узоқ-узоқларга кетган. Дейдиларки, зўр-базўр нафас олиб турган беморни бир амаллаб Оқтошга етказиб борсангиз, бас, кўп ўтмай, у ҳар қандай дардни кўрмагандай бўлиб кетади! “Оқтошга меҳнати синган Тиллатўрага раҳмат!” – деб эслашади шу ерлик қариялар. Тиллатўра деганлари ким экан? Якунланаётган асримизнинг бошларида махсус кўрсатма биланми ёки сургун қилинибми, Масков томонлардан катта бир амалдор келган экан, дейишади. Қадимги Оқтош кунгай томонда эканлиги учун қуёш мўл, аммо дарахтлар кам ўсарди. Агар дарахтзорлар кўпайтирилса, ажойиб мўътадил муҳит вужудга келиши мумкинлигини шу амалдор дарров фаҳмлабди-да, халқни ҳашарга чорлаб, Оқтош қияликлари бағрида терассалар ясатибди. Терассаларда нам узоқ сақланиши эвазига бу жойларга экилган ниҳолларнинг аксарияти ўзини тутиб олиб кўкариб кетади-да! Шу терассаларга асосан ёнғоқ эктирибди. Чунки ёнғоқ дарахти ҳам мева беради, ҳам шифобахш, ҳам неча юз йиллаб умр кўради. Бу амалдор ҳашарчиларни рағбатлантириб қизиқтирар, доимо моддий томондан қўллаб-қувватлар экан. Кўчат экиб парвариш қилаётганларнинг меҳнатларига яраша тилла тангалар билан ҳақ тўлар экан. Шунинг учун ерли халқ унга “Тиллатўра” деб ном қўйган экан. Шу инсон бошлаган савобли ишлар боис, Оқтошнинг минг-минг гектарлаб қияликларида яратилган ёнғоқзорлар ҳамон гуркураб ўсяпти, ўз-ўзидан кўпайишининг маъноси шундаки, зағизғон ва қарғалар ҳар йили ёнғоқ “экиб”, одамлар бошлаган савобли ишни давом эттирмоқдалар. Шундай қилиб, қуёшли Оқтош бағрида шифобахшликда тенги йўқ бир сўлим гўша бунёд этилибди. Ҳар йили минг-минг беморлар ундан ўз дардларига шифо топмоқдалар…

Бўстонлиқда бошланган бундай хайрли ишларни кейинчалик ҳам бағрикенг инсонлар ҳавас билан давом эттирдилар. Сижжакда, Хумсонда, Хўжакентда, Ғазалкент ва Паргизда, Сойлиқ, Қўшқўрғон каби қишлоқларда шундай саховатли қалб эгалари бошчилигида яратилган боғлар ҳамон гуркираб ўсмоқда. Умр бўйи савоб иш қилиб ўтган бундай инсонлардан Нортожи Гулметов, Нурғузар боғбон, Аширбой Камолов, Мирзатилла Аҳмедов, Мирҳидой Носиров каби олижаноб, саховатпеша инсонлар ҳаётдан кўз юмган бўлсалар ҳам, яратган боғ-роғларидан таъминланаётганлар марҳумларни ҳамиша дуо қилмоқдалар. Шу ўринда айниқса Мирҳидой аканинг ибратли ишларини алоҳида тилга олиб ўтмоқ лозим. Бевосита унинг бошчилигида Бўстонлиқдаги яйдоқ ҳолда ётган неча минг гектар майдонларда терасса асосида ширин-шакар мевали боғлар яратилди. Олтмишинчи йилларда бунёд этилган бу боғлар ҳозир айни етилиб, элу юртимиз фаровонлигига муносиб улуш қўшмоқда.

Узоқ ва яқин ўтмишда юзага чиқарилган бу каби ишлар ҳамма ҳар доим ошкора фахрланиб гапирадиган аждодларимизнинг ажойиб меҳнатлари. Ҳозир-чи, шу сингари мақтана оладиган ибратли амаллар борми? Бўлса, қай даражада давом этяпти?.. Ҳатто бир пайтлар қатор текис майдонлардаги етилган мевазорлар таг-томири билан қўпориб ташланди. Бу ҳаракатлар ер унумдорлигини ошириш, халқимизни деҳқончилик маҳсулотлари билан яхшироқ таъминлаш учун қилинган бўлса керак. Аммо боғларни, ноёб дарахтларни қийратишда ҳеч қандай баҳона билан ўзини оқлай олмайдиган бесўнақай ҳаракатлар ҳам содир этилмоқдаки, қандай йўл билан бўлса-да, уларни тиймоқ лозим. Масалан, айниқса юқори қишлоқларда, табиий газ йўқлиги оқибатида, шунингдек, мебелсозлик саноати каби соҳаларда ишлатиш мақсадида обдан етилган ўрикзор ва ёнғоқзорлар қийратиб юборилмоқда. Бу ҳол атроф-муҳитга, табиат мувозанатига салбий таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Шу сингари нохушликларга йўл қўймаслик, ҳаёт оқимининг ҳамма томонлари мувозанатини мувофиқлаштириб бориш, айниқса табиат муҳофазаси хусусида биринчи галда раҳбарлар қаттиқ ишлашлари, кўз-қулоқ бўлишлари лозим. Президентимиз деярли барча катта йиғинларда, айниқса кейинги сессияларда қайта-қайта таъкидлаганидай: бундан буёнги раҳбарлар ўз вазифаларини уддалай олса, ўзига тегишли жойдаги ҳамма жабҳада ижобий бурилиш ясасаларгина раҳбарлик ишини давом эттирсин, бўлмаса, ўринларини тадбиркор, лаёқатли инсонларга топширсин. Қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган масалалар ечимини топишда, оқни оққа, қорани қорага ажратишда биз – қалам аҳлининг ҳам вазифамиз жуда катта ва маъсулиятлидир. Халқимизга бор ҳақиқатни чуқур таҳлил асосида рўй-рост очиб берувчи, мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтишга бошловчи, саодатли истиқболга ишонч уйғотувчи дадил чиқишларни узлуксиз олиб боришимиз лозим. Буни эплаганлар давом эттиради, уддалай олмаганлар эса ўзларига яраша бошқа йўлни танлаганлари маъқул. Демак, мустақиллик қалам аҳлини ҳам саралаяпти. Шу талабдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозирги зиёлилар, айниқса бошлиқлар зиммасидаги маъсулият ғоят ошди ва бундан буён ҳам ортиб бораверади. Бинобарин, собиқ тузум давридагидек аҳволда раҳбарликни, айниқса табиатга тажовузкорликни давом эттириш мутлақо мумкин эмаслигини ҳозирги ҳаёт ҳақиқатлари қайта-қайта исботламоқда. Бу масалага очиқроқ ёндашадиган бўлсак, масалан, хароб аҳволда ётган бирор файзсиз жой ҳақиқий бошлиқнинг саъй-ҳаракати билан тез орада албатта обод гўшага айланиб кетар экан…

Бўстонлиқ туманининг Оқтош ҳудудида “Автомобилчи” деб номланган бир оромгоҳ узоқ йиллар давомида гўё чала ўлик аҳволда ётарди. Оромгоҳга ўтмишда раҳбар бўлганлар бир қолипдан чиққандек, фақат маишат билан йилларни ўтказишар, ҳаёт эса ўз оқимича давом этарди. Теварак-атрофи қўраланганинигина айтмасак, “Автомобилчи” бағрида неча йиллар давомида биронта дарахт кўкартирилган эмас. Шу ташландиқ масканга ўн икки йил муқаддам Йўлдош Очилов деган инсон раҳбар этиб тайинланди. Йўлдош аканинг шу йиллар давомида бирор кун тинч ва хотиржам ўтирганини ҳеч ким эслай олмайди, Бу раҳбар қўлида ишловчилар бошлиқни энг яқин кишиларидан ҳам зиёда ҳурмат қилишади, ўзларига берилган ҳар қандай топшириқни жон-дилдан бажаришади. Чунки Йўлдош ака уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этишда ҳар доим астойдил жонкуярлик қилади, қатъият билан иш кўради. Шу масканни обод этаётган, виждонан меҳнат қилиб, сўлим боғ-роғлар, ажойиб гулзорлар яратаётган қўли гул кишилар Йўлдош Очилов билан ҳамиша фахрланиб юришади. Бу инсон авваллари ҳам қаерда ишламасин гўзаллик, саранжом-саришталикка, боғ-роғлар ва гулзорлар яратишга алоҳида эътибор берган, шундай савобли ишларни амалга оширувчи оддий инсонларни ўз оға-иниларидек яқин кўрган. Шунинг учун бўлса керак, Йўлдош ака ҳақида бирон кимсанинг оғзидан ножўя гап эшитмайсиз. Ўзларига қарашли масканларда кўркам боғ-роғлар яратиб, Бўстонлиқ кўркига, демакки, Ватанимиз чиройига чирой қўшаётган бу каби олижаноб инсонлар борлиги албатта қувончли ҳол. Уларнинг сафи доимо кенгайса, нафақат раҳбарлар, балки Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди яхши ният билан боғ-роғлар яратса, гўзалликка – кўркамликка ўз ҳиссасини қўшса, авваламбор, яхшилар сафидан ўрин олади. Буни ҳар биримиз ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

“Соғлом авлод учун” журнали,

2000 йил апрель сони.