Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874-1919) (1923)

Маориф ва маданият жиҳатдан кейинда қолғон ҳар бир миллатнинг бир кун «интибоҳ даври»ға етиши табиийдур. Янгигина уйғона бошлағон миллатларнинг уйғониш даври қизиқ воқеалик бўлғонидек, ул даврнинг йўлбошчилари ҳам ибратлик можароға молик бўладурлар.

Бизнинг Туркистонда уйғониш даври 1901нчи йилдан бошланадур. Биз ҳануз уйғониш давридамиз. Биздаги уйғониш ва янгилик раҳбарларининг бири ва балки биринчиси шубҳасиз Маҳмудхўжа Беҳбудий афандидур. Беҳбудий афанди уйғониш даври ва ўзбек адабиёти тарихида биринчи ўринни олурға мувофиқ бир зотдур. Ул йигирма йиллик хидмати чоғида турлик ёкдан турлик тўсуклиқларға йўлуқуб, кўб қийинчилиқлар кўрди ва охири ўзининг тутқон эзгу маслаги йўлида қурбон бўлди.

Беҳбудий афанди 1901нчи йилдан бошлаб қўлиға қалам олиб халқни уйғотишға киришган ва умрининг охириғача Туркистоннинг янгилик ва юксалишиға ҳормай-тинмай, талашиб-тортишиб хидмат қилғон бирдан-бир фидокор йўлбошчимиз эди.

НАСАБИ, ВАЛОДАТИ, ТАҲСИЛИ

Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа ўғлининг биринчи бобоси Солиҳхўжа ва иккинчи бобоси Ниёзхўжадур.

Беҳбудий афандининг юқори боболари туркистонлик машҳур Хўжа Аҳмад Яссавийга мансубдур. Беҳбудийнинг иккинчи бобоси бўлғон Қори Ниёзхўжа Урганчдан бўлуб 12нчи асри ҳижрий ўрталарида амир Шоҳмурод томонидан қорилар етиштуруш учун Самарқандга келтурилган. Ул модарзод кўр (сўқур) бўлуб, умрининг охириғача қорилиқ билан машғул бўлгон. Беҳбудийнинг ота-боболарининг ҳаммаси қори (ҳофизи Қуръон) бўлуб, қорилиқ ва баъзи вақт имоматчилик билан умр ўтказганлар.

1868нчи йилда руслар Самарқандни забт этгач, Маҳмудхўжанинг отаси Беҳбудхўжа ўзининг оиласини олиб Самарқанд уязининг Сиёб бўлусидағи Бахшитепа қишлоғиға кўчуб чиққан ва шунда 7 йил чамаси имом ва хатиб бўлғон. Беҳбудий афанди шул қишлоқда 1291нчи ҳижрий йилда Юнчи зулҳижжа ойида оқшом (1874 йил, март) дунёға келган.

Беҳбудий афанди 6-7 ёшға киргач, ўзининг катта тағоси бўлғон Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқуб хат ва савод чиқарғон, сўнгра қори бўлмоқ учун отаси ҳузурида ўқуб, 3-4 йил ичида Қуръонни бутун ёдлаған. Бунинг билан ҳам қаноатланмай, ўзининг кичик тағоси бўлғон муфти мулла Одил ҳузурида дарс ўқурға киришган. Арабча сарф, наҳвдан «Кофия» ва «Шарҳи мулло»ни, мантиқцан «Шамсия»ни, фиқҳцан «Мухтасар ул-виқоя»нинг биринчи дафтарини ва бир оз «Ҳошия»ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқуғон, ҳисоб илмини ҳам (масоҳатғача) шул кишидан ўрганган.

Беҳбудий афанди ёшлиқ чоғида ўткур зеҳнлик ва ўқишға жуда ҳаваслик бўлғон. Устозининг бир қатла ўргатиши билан сабоқини ўргана экан. Ўзи ғоят ҳалим, адаблик, оз сўзлик, ўйун-кулгуни севмайтурғон бўлғон.

МИРЗОЛИҚ, МУФТИЛИК ДАВРИ, ҲАЖ САФАРИ ВА ФИКРИНИНГ ОЧИЛИШИ

1311нчи ҳижрий йилида отаси ўлгач, Беҳбудий афанди ўқишни тарк этиб бирон касб-кор қилишға ва ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди. Самарқанд уязининг «Чашмаи об» бўлусида янгигина қози бўлғон тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг қошида мирзолик хидматиға кириб ишлади. Бунда қилғон икки йиллиқ хидмати чоғида ул қозихона ишлари билан ошно бўлди.

Масоили фиқҳия, мерос тақсими ва бошқа муфтиликка тегишлик нарсалардан хабардор бўлди. Икки йилдан сўнг тоғаси қозилиқдан бекор бўлгонда Беҳбудий афанди Кобуд бўлусининг қозиси мулла Зубайрнинг қозихонасиға мирзоликка кириб, бунда 1-2 ой ўтмай муфтиликка ўтди. Неча йиллар шунда муфтилик билан кун кечирди.

Беҳбудий афанди 1317 (1899)да ўзининг дўсти бухоролик ҳожи Бақо билан ҳаж сафариға чиқди. Бориш-келишда йўлда Истанбул, Миср каби катта шаҳарларға кириб, улардаги баъзи янги-эски мактабларни, айнуқса, Мисрдағи «Жомеъ ул-Азҳар»ни зиёрат этди. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турлук янги китоблар келтурди. Бу муборак сафар Беҳбудий афандиға анчагина ибрат ва интибоҳ берди.

Ҳижоз сафаридан кейин Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқатурғон «Таржумон» газетасини олдуруб ўқуя бошлади. Иккинчи ёқдан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтурди. Оз вақтда дунё сиёсатидан ва замон аҳволидан хабардор бўлди.

Беҳбудий афанди бир неча йил (1901-1905 йилларда) фикрий инқилобға учраб,  эътиқодсизланиб юрган бўлса-да, лекин сўнгра кўб мутолаа соясида ва ҳар бир диний, фалсафий масалаларни текшириш натижасида эътиқодини тасҳиҳ ва таъдил этди. Тараддуд ва шубҳалардан чиқиб,  диндор ва маҳкам эътиқодлиқ бўлди.

ХИДМАТИ ҚАЛАМИЯСИ

Беҳбудий афандининг халққа қилғон хидмати кўпдур. Биз бундан фақат унинг хидмати қаламияси тўғрисида қисқағина ёзиб ўтмак билан кифояланамиз.

Туркистон ўлкасида миллий газета йўқлиғи ва «Таржумон» газетасининг шеваси оғирлиги ҳам Туркистонда керагинча тарқалмағонлиги учун Беҳбудий афанди 1901нчи йилдан эътиборан Тошкандда чиқмакда бўлғон миссионер Остроумовнинг «Туркистон вилоятининг газети»да мақола ёза бошлади. Бу газетада доим ижтимоий, илмий мақолалар бостуруб, 1905нчи ўктабр манифестигача халққа янги фикрлар бериб турди.

5нчи йил ўзгаришидан кейин Русия ва Туркистонда турлик миллий газета ва журналлар чиқа бошлади. Беҳбудий афанди бу газеталарнинг кўбисида ҳар мавзуда мақолалар ёзиб халққа раҳбарлик этар эди. Дума ва сайлов масаласи кўзғалғонда, шул мавзуға оид керак оғзаки ва керак матбуот орқали халққа фойдалик маълумот ва таълимот бериб турди. 1321 (1903)нчи йилда Самарқандда янги мактаблар осила бошлағоч, Беҳбудий афанди бир ёқдан халқни мактаб ва маорифға ташвиқ этганидек иккинчи ёқдан бу мактабларда она тилимизда китоблар йўқлиғини кўзда тутуб мактаб учун форсча ва ўзбекча турлик китоблар ёзди ва уларни ўз масорифи билан босиб тарқатди.

Биринчи мартаба ўз тилимизда харита ва тиётр рисоласи ёзиб табъ ва нашр этди.

1913нчи йилда Самарқандда биринчи дафъа «Самарқанд» отлиқ бир газета чиқарди. Бу газета моддий жиҳатдан торлиқда қолиб 44нчи сонидан кейин ётишға мажбур бўлди. Бунинг ўрнида «Ойна» исмида ҳафталик бир мажмуа чиқара бошлади. Бу мажмуа керак Туркистонда ва керак дунё мусулмонлари орасида яхшигина шуҳрат ва эътибор қозонди. «Ойна» мажмуаси икки йил чамаси давом этгандан сўнг моддий ёқдан сиқилиб тўқтади. Бу мажмуа тамоман 68 нумер чиқди.

Беҳбудий афанди Кофкоз-Тотористон ва Туркистонда чиққан матбуотда доим адабий, илмий, ижтимоий ва сиёсий мақолалар ёзиб турар эди. Унинг мақолалари («Самарқанд» ва «Ойна»дан бошқа) тубанда отлари ёзилғон газета ва мажмуаларда босилғон эди: «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Тужжор», «Хуршид», «Шуҳрат», «Озиё», «Турон», «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар товуши», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Тирик сўз», «Таржумон», «Вақт», «Шўро», «Улфат», «Иршод», «Тоза ҳаёт».

Бу 18 газета ва мажмуаларда Беҳбудийнинг икки юзга яқин мақоласи босилғондурким, улар бир ерга тўпланғонда 5-6 юз бетлик бир китоб бўлур. Беҳбудийнинг мазкур газета ва мажмуаларда босилғон мақолаларининг кўбиси муҳим мавзуларда ёзилғон бўлуб, ҳануз эскирган эмас ва бу кунларда ҳам биз учун дастуруламал бўлатурғон фойдалук сўзлардур.

Беҳбудий афанди феврал ва ўктабр ўзгаришидан сўнгра ҳам қўлдан келатурғон хидматларини халқдан аямади. Ўктабр инқилобидан кейин расмий хидматларга киришни истамаган бўлса ҳам, лекин қўлидан келганча ишлади. Халққа яхши фикр ва маслаҳатлар бериб турди.

Беҳбудий афанди 1919нчи йил 25нчи мартда йўлдошлари Мардонқули ва Муҳаммадқул билан сафарга чиққанда (Бухоро тупроғида) Қарши шаҳрида Бухоро амирининг золим беклари томонидан қўлға олиниб, ваҳшиёна суратда шаҳид қилинди, ёши 45 да эди.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 25 март


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!