Ситора Тожиддинова. Ноёб хазиналар маскани (2009)

Илмий иш билан шуғуллана­ёт­ган бир дўстим тадқиқот мавзусига доир маълумотларни газеталарда эълон қилинган мақолалар орасидан топишда ёрдам сўраб қолди. Рози бўлдим. Биргаликда Марказий Осиёдаги қадимий китоблар, газета-журналлар, турли ҳужжатлар сақланаётган энг йирик зиё маскани — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига бордик. Газета тахламидан керакли сонни излай бошладик, аммо… сал ўтмай уринишларимиз бекор экани аён бўлди.

Чунки биздан олдин бу ерга қадам ранжида қилган “илм изловчи”лардан бири айни ўша сондаги саҳифани аллақачон “юлиб” кетибди…

Аждодларимиз ёзиб қолдирган битиклар биз учун тенгсиз хазина, олтин мерос саналади. Уларнинг ҳар бир саҳифаси устида қанчадан-қанча тадқиқотчиларимиз изла­нишаяпти, ҳижжалаб ўрганишаяпти. Уларнинг сидқидилдан олиб борган саъй-ҳаракатлари боис боболаримизнинг беқиёс тафаккури, турмуш тарзи ва фаолияти билан танишиб бораяпмиз. Қолаверса, бу ноёб дурдоналар биздан кейинги авлод учун ҳам жуда катта хазинадир. Табиийки, бугун чоп этилаётган нашрлар ҳам бир кун келиб келажак ворисларимизнинг ноёб бойлигига айланиши турган гап. Ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий қадриятлари бўлади. Шундан келиб чиқсак, ҳар қандай давлатнинг Миллий кутубхонаси ҳам унинг бебаҳо бойлигидир.

Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида 10 млн. нусхада ҳужжатлар мавжуд. Шундан 3 млн.дан ортиғи миллий матбуот тўплами, 2 млн.га яқини эса илмий-техник адабиётлар. Фонд ҳар йили 15-20 минг нусхадаги турли нашрлар билан бойитиб борилади. Бу ерга бир йиллик китобхонлар қатнови эса 500 мингдан ортиқ бўлиб, китоб билан таъминланиш даражаси 1 млн. 700 минг­дан ортади.

Айниқса, нодир нашрлар фонди билан ҳар бир юртдошимиз фахрланса арзийди. Бу бўлимда 250 мингдан ортиқ ҳужжат сақланса, шундан 15 мингдан кўпроғи ноёб китоб ва қўлёзмалардир. Улар орасида 594 томдан иборат ўзига хос энтсиклопедия — “Туркистон тўплами” ҳамда А. Л. Кунин томонидан тузилган 10 томлик “Туркистон албоми” (унда ўлкамиз аҳолисининг турмуш тарзи, урф-одатлари тўғрисидаги 1200дан ортиқ фотосуратлар бор) алоҳида аҳамият касб этади.

Биз Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбандий, Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий каби буюк алломаларимизнинг номлари билан фахрланамиз. Уларнинг илмий-адабий мерослари бутун инсониятнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Ана шундай улуғ зотлар яратган асарларнинг аксарияти ҳам бугун кутубхона фондида сақланмоқда.

Хўш, шундай тенгсиз мулкка эга бўлган кутубхонанинг ўқувчилари ундан оқилона фойдаланаяптими? Баъзи титилиб кетган нашрларни кўриб кўнгил ғаш тортади. Наҳот, маънавият хазиналаримизга муносабат шундай бўлса?..

Кутубхона директори, сотсиология фанлари доктори Абдусалом Умаров билан суҳбатда юқорида қайд этилган ҳолат ҳақида ҳам сўрадик.

— 40-45 минг нафар доимий аъзосига эга бўлган зиё масканларимизда илм ташналари учун янги-янги имкониятлар яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Интернет орқали масофавий хизмат йўлга қўйгани ҳам фикримиз далилидир. Электрон почта орқали бизга мурожаат қилган китобхонга керакли асарнинг бор-йўқлиги аниқланиб, маълумот берилади. 200 мингдан ортиқ рақамлаштирилган нашрларнинг электрон вариантини Интернетда ўқиш мумкин. Вертуал имкониятларимиз ҳам кундан-кунга кенгаймоқда. Чунончи, “Кутубхоналарда электрон фондлар” дастури асосида АҚШнинг “EБСCО Публишинг Инc.” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатишган. Энди ўқувчиларимиз дунёнинг 23 мингдан ортиқ газета-журналларининг камида ўн йиллик тахламидан Онлине тизимида махсус пароллар ёрдамида фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, бир нечта давлатларнинг қишлоқ хўжалиги, нефт-газ, самолётсозлик, қолаверса, турли фанларга доир рефератив журналларига бевосита обуна бўлганмиз. Бундан асосий мақсад — олимларимизнинг дунё илм-фанида рўй бераётган янгиланишлардан доимий хабардор бўлишлари учун кўмаклашиш ҳисобланади. Чунки қайсидир чет давлатда аллақачон ихтиро қилиб бўлинган мослама устида бош қотириб ўтиргандан кўра, у ҳақда маълумотга эга бўлиб, бошқа кашфиётларни ўйлаш мумкин. Яна 45 млн.га яқин ҳужжат сақланаётган Россия давлат кутубхонаси билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Унинг диссертатсион фонди вертуал кутубхонаси филиали очилган. Илмий иш билан шуғулланаётган ҳамюртларимиз ходимларимиздан махсус паролларни аниқлаб, россиялик олимларнинг ҳам 300 мингга яқин диссертатсиялари билан танишиши мумкин.

Умуман, дунёдаги энг илғор усулларда хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Аммо ўзингиз айтиб ўтганингиздек, “ўғрилик” ҳам содир бўлиб туради. Айни пайтда назоратни янада кучайтирдик. Айниқса, энг ноёб, қадимий ҳужжатлар сақланаётган “Нодир ва ноёб нашрлар” бўлимида кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, китобхоннинг ҳар бир ҳаракатини ходимларимиз экран орқали назорат қилиб туришади. Қолаверса, энди 2000 дан ортиқ нодир китобларнинг электрон варианти ҳам мавжуд. Ўқувчи Интернет орқали улардан бемалол фойдаланиши мумкин. нашрларнинг асл нусхалари эса махсус қутиларда сақланади. Айтиш мумкинки, энди китоб ўғриларига ҳеч қандай имконият қолмади.

—Қачонлардир чет элларга чиқиб кетган ноёб китобларимизни қайтариш борасида қандай ишлар амалга оширилаяпти? Деб сўрадик суҳбатдошимиздан.

— Ҳа, бу борада ҳам астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Дунёнинг 24 давлатидаги 30 дан ортиқ ташкилот билан халқаро китоб алмашуви борасида шартнома бор. Яъни агар уларда бизнинг халқимиз, маданиятимизга хос китоблар, қўлёзмалар, ҳужжатлар бўлса, бизга қайтаришади. Биз ҳам уларга тегишли китобларни юборамиз, — дейди Абдусалом Умаров. — Эсимда, бундан ўн йиллар бурун Германияга борган эдик. У ердаги Миллий кутубхонада буюк мутафаккир аждодимиз Ал-Фарғоний қаламига мансуб “Астралабия” ( Осмон жисмларини кузатиш асбоблари ҳақида) китобининг 1483 йилда қайта кўчирилган нусхаси бор экан. Энг қизиғи, ўша пайтда бу бобокалонимизнинг юртимизда бирорта ҳам китоби йўқ эди. Асардан нусха олиш нархи эса жуда қиммат экан. Биз кутубхона директорига ўзимиз билан олиб борган Марказий Осиё маданияти ва санъатига доир албомни совға қилиб, кўнглини овлаб, зўрға нусха олиб қайтган эдик. Уларда Ал-Фарғонийнинг осмон жисмлари глобуси ҳам бор эди. Кейинроқ эса уни ҳам бизга юборишди.

Кутубхона хизматидан фойдаланаётган айрим китобхонлар билан суҳбатлашдик:

— “Садойи Фарғона” газетаси бўйича магистрлик иши ёзаяпман,— дейди Ўзбекистон Миллий университети талабаси Зарифжон Чоршаев. — Бу ерда ўтириб илмий изланишлар билан шуғулланиш учун барча шароитлар бор. Иккинчи қаватда Медиа маркази фаолият кўрсатаяпти. Бу ерда интернет хизматидан анча арзон нархда (биринчи соат бепул, иккинчи соатдан бошлаб ҳар соатига бор-йўғи 400 сўм) фойдаланиш мумкин.

Кутубхонанинг “Нодир ва ноёб нашрлар” бўлимида фаолият юритаётган профессор Эргаш Умаров ёшлар учун мўлжалланган умумий ўқув залида ўтириб, қўлидаги китобга ишора қилди:

— Қаранг, бу 1961 йилда чоп этилган географик энтсиклопедия. Афсуски, бу китобнинг ҳам бир нечта варағи йиртиб олинган. Ҳайронман, кутубхона ичида нусха кўчириш аппаратларидан ҳам, интернетдан ҳам фойдаланиш имкони бор-ку! Бундай қилиш кимга керак экан?!

Миллий библиография бўлими бош кутубхоначиси Шоира Мирҳамидова эса “Авваллари ўқувчилар газета-журнал тахламларини тўлалигича сўрашарди. Шунинг учун биз кўпинча газетанинг қайсидир сони юлиб кетилганини пайқамай қолардик. Энди эса нашрнинг ўнта сонидан ортиғи қўлга берилмайди ва ходимлар томонидан назорат ҳам кучайтирилган,” дейди биз билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, шундай кенг имкониятлар яратилган пайтда фақат ўз манфаатини миллий манфаатларимиздан устун қўйган кишиларни ўз уйига ўғриликка тушган кимсаларга қиёслаш мумкин. Қолаверса, илм хазиналарини келажак авлодларимизга бус-бутун етказишни мақсад қилган зиё масканига келиб, илм истаб, илм йўлида нимадир қилмоқни ният қила туриб, уни оёқости қилиш, маънавий ўғрилик қилиш ноинсофлик эмасми?

Бу оғриқли савол. Аммо миллий меросимизнинг бу масканда асраб-авайлаб сақланаётгани, қолаверса ноёб хазиналардан баҳраманд бўлиш имкониятининг бугунги даражаси ҳавас қилгулик. Зеро, юқорида таъкидланганидек, кутубхона фонди жуда бой. Фақат илм толиблари шу бебаҳо бойликдан фойдаланишда имон билан иш тутсалар бас.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!