Мирпўлат Мирзо. Эътиқод меҳвари (2012)

Эсимни танибманки, кўнглимда ажиб туйғуларнинг ширин ғалаёнини ҳис этаман. Мурғак пайтларим томда онам ёнида ўлтириб, ойга, юлдузларга термулганларим ёдимда. Ўша пайтларда қишлоғимиздаги кўпчилик оилалар ёзнинг димиққан кечаларида ўзларининг тупроқ томларига чиқиб ётишарди. Ҳовлимиз қирғоғида райҳонлар ва турфа гуллар гуркираб-яшнарди. Уларнинг гўзаллигини кўриб бехос кўнглим қалқиб кетарди. Маҳалламиздаги аёлларнинг қудуққа сувга чиқишганида бир-бири билан гурунглашишлари ҳам эсимда. Уларнинг гапларини мен ҳали ёзилмаган асар персонажлари диалогларига менгзардим. Мен бу “персонажлар” сўзи олдига хаёлан “тире” қўяр, унинг гапи тугагач, “вергул”, “тире” қўйиб, хаёлан ўзимнинг изоҳимни қайд этардим.
Буларнинг ҳаммаси келгусида менинг адабиёт одами бўлишимнинг аломатлари эди. Лекин мен буни у пайтлар шууран англардим, холос. Айни чоғда мен ҳали бирон мисра шеърни ижод қилмаган эсам-да, юрагимда ҳар қандай шеърни уддалай оламан деган ишонч яшарди. Шеър ёзишга қўл урмаганимга сабаб, шу чоққача бирор-бир “тирик” шоирни, ҳатто ҳаваскор шоирни ҳам кўрмаган эдим. Чунки мен туғилган Жанубий Қозоғистондаги Сайрам қишлоғига Ўзбекистондан ижодкорлар камдан-кам борарди. Мен ўқиётган мактабга эса, на шоир, на ёзувчи қадам босганди. Хуллас, мени “майдонга” – шеър ёзишга даъват қиладиган, чорлайдиган ҳеч ким йўқ эди.
4- ё 5- синфда ўқирдим. Мендан икки синф юқори ўқийдиган амакимнинг ўғли Ҳавазмат акам бир пайт шеър ёза бошлади. У жуда кўп китоб ўқирди. Шундан кейин мен у билан “баҳслашиб” 5-10 та шеърни “қотириб” ташлаганман. Бу шеърлар нима ҳақда эди, мутлақо эсимда йўқ. Ҳавазмат акам ёзишдан тўхтади. Мен ҳам бошқа уринмадим. Лекин мени ўша пайтда мактабларда урф бўлган “Деворий газета”га масъул қилиб тайинлашди.
Мен ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатдим. Биз ўқишни битирган йили 11- ва 10-синфлар мактабни тамомлашди. Ўқишга кириш чоғида бир ўринга 24 тадан абитуриент тўғри келса-да, мен талаба бўлишга муваффақ бўлдим. Университетни тамомлаётган пайтимизда ҳаммамизга кириш имтиҳони чоғида ёзган “Иншо”мизни кўрсатишган. Мен ўшанда ёзган 5-6 варағимга бирон-бир қизил сиёҳ тегмаганлигини кўриб, ҳайратланганман. Бундан ҳозир ҳам ҳайратланаман. Ушбу саъй-ҳаракатларимнинг барчаси адабиётга бўлган ҳавасим ва ихлосимдан эди, албатта.
Университетга илк қадам қўйган йилимни эсласам, бир қизиқ гап ёдимга тушади: ҳамма матбуотда эълон қилинган ижод бисотини қоғоз папкага жойлаб олганди. Ҳамкурсларимнинг бисоти анча салмоқли экан. Мен шўрликнинг эса, 2 та “тўртлигим” ва бир неча хабар йўсинидаги мақолаларим бор эди, холос. Тожикистонлик курсдош дўстим менинг ижодимни ўзиникига таққослаб, ўзиникининг салмоғини далиллаш учун: “Биласанми, мен мана шу ёзганларимга давлатнинг қанча пулини еб юборганман!”, деганди. Бу билан у туман ва вилоят газеталарида чоп этилган шеър, мақола, очеркларига кўп миқдорда олган қалам ҳақини таъкидламоқчи бўлганди. “Еб юборганман” дегани эса ўзининг оддий, жўн одам эмаслигига ишора эди. Чунки давлатнинг пулини оддий одамлар ея олмасди. Уни ўша пайтлар совхоз директорлари, туман мутасаддилари, турфа хил раҳбарлар ўмарар эди. Мен сенга ўхшаган лалайган эмасман, замоннинг олғир, абжирлариданман, демоқчи бўлганди шоир-курсдошим.
Дорилфунунда таҳсил олган йилларим тинмай ижод билан машғул бўлдим. Лекин ёзганларимни ҳеч қаерда эълон қилдирмадим. Биринчи шеърим “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)да университетни тугаллаётган йилим босилди. Кейин “Гулистон” журналида эълон қилинди. Устоз Абдулла Орипов “Оқ йўл”и билан эълон қилинган ўша туркум шеърларим кўплар эътиборига тушди. Ўқиганлар ҳозирга қадар эслашади.
1975 йили илк тўпламим “Тонг жилваси” чиқди. Биринчи китобнинг нашидаси бўлакча эди! Китоб чоп этилгач 2-3 ой ўтиб, Қўқонга йўлим тушди. У ерда ажойиб китоб дўкони бўларди. Шу дўконга кириб, растага териб қўйилган китобларга кўз югуртирдим. Менинг китобим кўринмади. Ҳолбуки, 10 минг нусхада чоп этилган китобчам аллақачон республиканинг жами туманларига, шаҳарларига тарқатилган эди. Сотувчига китобчамнинг номини айтиб, сўрадим. У хижолат чекиб, ўнғайсиз ҳолатда уни пештахта тагидан олиб, қўлимга тутқазди: “Кечирасиз, таниш-билишлар учун олиб қўювдик…”
Шоир учун бундан ортиқ бахт, бундан ортиқ мукофот борми!..
Ижод фақат нашида, нашъу-намо эмас эканлигини кейинроқ англадим.
Турмушнинг машаққатли сўқмоқлари бошланди. Уй-жой қилишим керак эди, одамга ўхшаб яшашни хоҳлардим. Бу ташвишларни, “ола хуржун”ни шеърият бўйнига ташлаб бўлмасди. Шу боисдан, “буюртма” таржималарга қўл урдим. Ҳар куни ишдан кейин нашриётда қолиб 50 сатр, уйга бориб уйқу ҳисобидан 50 сатрдан шеър таржима қилган даврларим бўлди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам кўнглимдаги шеър сурурини, илҳом сафосини сақлаб қолишга, турли эпкинлардан эҳтиётлашга уриндим.
«Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар» деган сўз – чин ҳақиқат. Мен Абдулла акадан сатрлар устида, умуман шеър устида қандай ишлашни ўргандим. Унинг бу тарздаги ижод жараёнига кўп марта шоҳид бўлдим. Бир сафар “Яхмалак” шеърига мен «котиблик» қилиб, 15-20 марта қайта ишлаганмиз. Мен ҳолдан тояр даражага етиб, нуқта қўяйлик, шеър бундан ортиқ бўлмайди, деганман. Устоз, йўқ, мана бу мисрадаги ташбиҳни ўзгартирмасак бўлмайди, уни Ғафур Ғулом ишлатган, деб туриб олган. Ҳассос шоир Эркин Воҳидовдаги туйғу ва фикр назокатига то ҳануз маҳлиёман. Ўлжас Сулаймоновнинг ўз миллати олдидаги бурчини нақадар теран англаши мени ҳайратга солади. Евгений Евтушенкодаги умумбашарий кўламга ҳавас қиламан. Айниқса, Расул Ҳамзатовдаги шарқона тафаккурни, бетакрор самимиятни ўзимга олий ибрат деб биламан. Ва яна кўплаб устозларим борки, уларни санаб ўтиришга вақт камлик қилади. Мен улардан шеърни ҳамма нарсадан юксак қўйишни, ҳасад-хусумат деган туйғуга яқин йўламасликни, номардлик, ғирромлик, фисқ-фужур кўчасидан ўтмасликни ўргандим.
Шу пайтгача нашр этилган китобларим йигирмага яқинлашди. Адади ҳақида гапиришнинг эса эндиликда қизиғи йўқ. Чунки кейинги пайтларда китобларим 300-500 ададда ҳам чоп этилди. Топган ҳомийларимнинг ҳиммати бундан ортиғини кўтармади. Китобларимнинг кўпчилигидан, балки ҳаммасидан кўнглим тўлмаган. Мен учун китобни нашрга тайёрлаш ва унинг илк нусхаларини қўлимга олишим ниҳоятда масъулиятли ва ҳаяжонли. Улар ўқувчига бориб етгач, мен учун қимматини йўқотади. Улар бамисоли ўқи отилган бўш гильзаларга ўхшаб қолади.
Адабиётнинг жамиятда тутган ўрни жуда-жуда муҳимдир. У ҳар бир инсон қалбига кириб бормоғи керак. Адабиётдан йироқ одам менга бамисоли динсиз, эътиқодсиз, куфрга юз тутган одамдек туюлади. Яқинда эҳтиёж тақозоси билан бир идорага киришимга тўғри келди.
Бошлиқнинг ҳурмати ҳақи, бир салмоқли ҳажмдаги китобимни олиб, унга илтифот юзасидан дастхат ҳам ёздим. Бошлиқнинг ҳузурига кириб, ўзимни таништирдим ва унга китобимни тақдим қилдим.У гапларимни ҳайкалга ўхшаб эшитди, бирон-бир мурти қилт этмади. У ўзининг бу ҳолатида балки менга раҳми ҳам келгандир… Суҳбат тугагач, у китобимни номига очиб кўрди-да, сўнг “ёрдамчимга ташлаб ўтарсиз”, деб уни қўлимга тутқазди. Бундай шахсдан жамиятга қандай наф тегиши мумкин? Бу тоифадаги одамлар учун пул ва бойликдан муқаддасроқ нарса бормикин?
Яқинда машинада кетаётсам, бир ДАН ходими тўхтатди. Қоидага амал қилмаганлигимни айтди. Мен эътироз қилдим. У: “Сизни амалингизни ҳам, ёзувчилигингизни ҳам эмас, сочингизнинг оқини ҳурмат қилганлигим учун қўйиб юбораман”, деди. Бу гапи билан у, жоҳил одам эмасман, тарбия кўрган инсонман, билиб қўйинг, демоқчи бўлди. Бироқ менга унинг гапи нашъа қилди. Ахир ўғрининг, каззобнинг ҳам сочи оқариши мумкин-ку!
Адабиёт одамдаги номақбул тийнатни – нокомилликни келтириб чиқарувчи “вирус”лардан ҳимоя қилади. Унинг юрагига эзгулик уруғини экади.
Адабиётимиз дунёга чиқиши учун, албатта, бағрикенг адабиёт бўлиши керак. Ҳолбуки, бугунги кунда адабиётимизда баҳслар, мунозаралар камайиб кетди. Бу ҳолат юзаки ижодни, саёз адабиётни вужудга келтиради. Бундай муҳитда талантсиз ёзилган асарлар урчигандан-урчийди. Ҳар бир даврнинг ўз пири комили – обрўли сиймоси бўлиши керак. Масалан, Абдулла Қаҳҳордек. Бундай буюк, бетакрор, қўрқмас сиймоларнинг дадил гаплари истеъдодсиз, қаллоб, фирибгар ёзувчиларнинг тиззасини қалтиратарди. Айни пайтда улар ҳамиша умидли ёшларни паноҳига олган, ҳар хил хуружлардан ҳимоя қилган. Президентимиз, ҳукуматимиз бизга ижод учун ажойиб шароитлар яратиб берди. Лекин адабиётимизни турли хил иллатлардан, қусурлардан тозалаш амалини ўзимиз қилишимиз керак. Беғараз, холис, самимий баҳс-мунозараларни ўзимиз ташкил этишимиз лозим.    
Мен адабиётимизнинг сохта овоза, сохта сиймолардан сақланишини истардим.
Адабиётимиз равнақининг энг мақбул ва синалган омили, менингча, нашр ишларини яхши йўлга қўйишдир. Содда қилиб айтадиган бўлсак, нашриётлар яхши асарнинг гадоси бўлиши керак. Лекин бугунги кунда қайси нашриёт қайси адибнинг янги ёзажак асари билан қизиқмоқда? (Олди-қочдинавис ва амримаъруфга мойил асарлар бундан истисно, албатта.) Ҳолбуки, кўпгина адиблар ёзиб қўйган асарларини нашр эттиролмай ҳалак. Чунки ҳомий топиши керак. Кейин уни сотишни зиммасига олиши керак… Баъзан қайсидир соҳада замонамиз олғирлари, товламачилари, фирибгарлари томонидан фалон миқдордаги пул ўмарилганлиги ҳақида қулоғимизга чалинади. Шунда менинг кўнглимдан, бу маблағга қанчадан-қанча китобларни чоп этса бўларди-я, деган ўй кечади…
Бундай ҳолатлар, албатта, адабиётимиз ривожининг маълум бир жиҳатларига дахлдор. Ҳақиқатда эса бу муаммонинг қирралари турфа ва бисёр. Умуман олганда, адабий жараёнлар илмий ёндашишни, ҳар тарафлама тадқиқ этишни тақозо қилади. Масалан, дунё адабиётининг юксалиш паллаларини олиб кўрайлик: даҳолар қандай муҳитда шаклланади; жамият улар олдида қайси жиҳатдан масъул бўлмоғи керак; бундай жараёнлар ўз-ўзидан вужудга келадими ёки унга қандайдир таъсир лозимми… Бундай омилларни ўрганиш, фалсафий таҳлил қилиш, бу борадаги фикр-мулоҳазаларни адабий нашрларда мунтазам ёритиб бориш асло фойдадан ҳоли бўлмайди.
Адабиёт ривожига самарали таъсир кўрсатадиган энг муҳим омил, бу танқидчиликдир. Афсуски, бугунги кунда бу борадаги ишларимиз жуда суст. Кўпроқ сипойигарчилик – сен менга тегма, мен сенга тегмайман туйғуси ҳукмрон. Ҳолбуки, адабиёт кўпкари чопиладиган майдон янглиғ шукуҳ ва шижоат муҳитидир. Кўпкари чопилганда отлар туёғидан замин зириллаганидек, адабиёт майдонида ҳам тортишувлар, мунозаралар, мухлисларнинг олқиш садолари жаранг бериб туриши керак…
Ижодкор фаришта эмас, инсон, унинг оиласи ҳам бор. Мен ижодкор оиласини “фронт орти” муҳитига ўхшатаман. Бу муҳит қанчалик мустаҳкам, осойишта бўлса, “фронтдаги жанг” шунчалик муваффақиятли кечади. Мен оиламдан нолимайман. Икки ўғил, икки қизим бор. Хонадоним осойишта, тотув. Болаларим онаси куюнчак, ош-овқат, саранжом-саришталик борасида тенги йўқ, сира тинч ўтирмайди. Мен уйда ўзимни ҳеч қачон масъулиятини унутмайдиган ҳушёр посбон, деб ҳис қиламан. Оилам муҳитида бирор-бир ножўя иш содир бўлса, бунда мен аввало ўзимни айбдор санайман. Фарзандларимга, сизлар қанча ёшга кирмангиз, мен сизларни тергашдан, тарбиялашдан чарчамайман деб, писанда қилиб қўяман бот-бот. Оилада энг муҳими – туганмас меҳр ва қийин лаҳзаларда муросаи мадора. Бу ҳикматни шиор қилиб олмаган оила кўп бор қоқилади.
Фарзандларим орасида ижодга рағбат билдирганлари йўқ. Бундан афсусланмайман. Бир пайтлар Бернард Шоудан телевидение мухбири: “Қизингиз ижодкор бўлишини хоҳлармидингиз?”, деб сўраганида, “Асло! Чунки мен бундай машаққатли юмушни фарзандимга раво кўрмайман. Ижод соҳасида фақат биринчи бўлишликкина кишини бахтли қилади. Акс ҳолда, у хусуматчи ёки ҳасадгўйга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боисдан мен ҳаммага, фарзандингиз агар адабиётга қизиқса, имкони борича уни бу йўлдан қайтаринг, қайтаролсангиз, у ажойиб мухлисга айланади. Агар у сизнинг барча қаршиликларингизни енгиб ўта олса, хурсанд бўлингки, ундан ҳақиқий ижодкор чиқиши мумкин”, деб жавоб берган экан.
Мен оиламда кайфиятимни ҳамиша бир маромда ушлашга уринаман, хаёл дунёимни бегард сақлаб, унга ғубор юқтирмасликка ҳаракат қиламан. Худди биллур идишни кўтариб олган одам уни хонадаги турли ашқол-дашқоллардан, стол қирраларидан эҳтиётлаганидек мен ҳам туйғулар оламимни бехос “туртки”лардан, нохушликлардан эҳтиётлайман, иҳоталайман, ижод жараёнимни кўз-кўз қилишни ёқтирмайман. Мен ижодкорлигим учун оиламда ҳам, жамиятда ҳам имтиёз талаб қилмайман.
Мени шоир деб эмас, таржимон ёки ёзувчи деб атасалар, ўзимни камситилган ҳисоблайман. Лекин мен ўзимни ўзим бошқаларга “шоирман” деб таништиришга ҳеч қачон ботинмайман, гўё ўзимни “яхши одамман” деяётгандек хижолат чекаман…

ШОИР ҲАҚИДА

Мирпўлат Мирзо 1949 йили Жанубий Қозоғистондаги Сайрам қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)да таҳсил олган.
Дастлабки иш фаолиятини 1971 йилда “Ёш гвардия” нашриёти (ҳозирги “Янги аср авлоди”)да бошлаган. Ноширликнинг барча босқичларини босиб ўтиб, Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.1990 йилда “Ёзувчи” нашриётига Бош муҳаррир этиб тайинланган. 1991 – 94 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Шоирнинг илк китоби 1975 йили “Тонг жилваси” номи билан эълон қилинган. Кейин унинг “Ишқ фасли, “Атиргул ва юлдузлар”, “Яхши кунлар”, “Сунбула”, ”Онажон”, “Сайланма” каби қатор тўпламлари, “Сурур”, “ Райҳон иси” каби публицистик китоблари чоп этилган.
Уч юзга яқин жаҳон шоирлари ижодидан намуналар таржима қилган. Улар турли нашрлар ва мажмуаларда ўқувчилар қўлига бориб етган.
М. Мирзо Россиянинг Борис Пастернак номидаги, Қозоғистоннинг “Алаш” номли халқаро мукофотлари совриндори. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони соҳиби.   
Айни пайтда Мирпўлат Мирзо “Жаҳон адабиёти” журналида Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди.