Муҳиддин Мирзааҳмад. Бешик жазо анжоми…ми? (2007)

«Ўзбекистон» телерадиоканали ор­қали намойиш этилган “Шахсий фикр” кўрсатувининг навбатдагисида бешик масаласи муҳокама қилинди. Кўрсатувни бироз кечикиб кўрганлигим боис бешик ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган аканинг исм-шарифини билолмай қолдим. У кишини шартли равишда муаллиф деб номладим. Мухлис сифатида, “Шахсий фикр” ҳақидаям шахсий фикримни баён этишни лойиқ билдим. Кўрсатувнинг номланиши  “Шахсий фикр” экан деб, алжираб-валжирашлар ҳам намойиш этилаверадими?

Мавзу танлашда юз минглаб томошабинларнинг умумий дунёқараши салмоғини эътиборга олиш унутиб қўйилмаса эди. “Шахсий фикр”ни биз тор доирада, масалан, чойхонада билдирсак, балки ўринли бўлар. ОАВда фикр айтиладиган бўлса, сал “у ёқ-бу ёққа” қараб, савияни чархлаб, энг муҳими, омма томонидан эътироф этиладиган, одамларнинг ғашини келтирмайдиган мавзу танланса, ҳаммабоп кўрсатув бўларди-да! Акс ҳолда… Масалан, Россия телеканалларининг (афсуски, бизнинг телеканаллардаги кўрсатувларнинг мазмунида, ҳатто сухандонларнинг ўзини тутишида Россия телеканалларидан олинган нусхачилик — тақлид яққол намоён бўлиб туради. Буни “Ўзбекистон” телерадиоканалидаям кўриш мумкин, “Ёшлар”даям. Тақлид синдроми аломатлари бор… Энг кулгили томони, Россия телеканалчилари чет эллик ҳамкасбларига тақлид қилишади — нусха кўчиришади. Бизникилар эса… Хуллас, булар алоҳида мавзу. “Пуст говорят” кўрсатувида умрининг 50 йилини эркакликда ўтказиб, бундан буён “аёл”га айланишни хоҳлаб қолган ва жарроҳлик йўли билан ниятига етган кимса муҳокама қилинди. Кўрсатув иштирокчилари ўша қаҳрамонни оқлаб мулоҳазалар айтишди. Кейин маълум бўлдики, қаҳрамонни ёқлаб фикр айтганларнинг ўзлари ҳам “ўшанақа” тоифадагилар экан. Умуман хунаса касаллиги ҳаётда учраб туради. Яъни шундайлар йўқ эмас, бор! Ана шу (хунаса)ни кенг оммага тарғиб (ҳа, айнан тарғиб!) қилиш шартмиди? Бундайлар ўн мингтадан биттадир, юз мингтадан биттадир. Савияси, кўрсатув мавзусини қарангки, шуни ОАВда намойиш этил­япти?! Дарвоқе, “аёлга айланган эркак”дан нафратланганлар ҳам бўлди. Негадир, бундай қарашларни камроқ намойиш этишди. Савол туғилади: бу кўрсатувни тайёрлашдан мақсад нима? Омма эътиборини (хунасаларга) жалб қилишми? Ёки “Шахсий фикр”ни шакллантиришми, одамларни “теран” фикрлашга жалб қилишми, “қойил” қолдиришми? Саволлар кўп, жавоб эса битта: бу — ахлатхонани титкилаб, унинг ичидан хўшбўйликни ахтаришдан бошқа нарса эмас!!! Ахир, кўрсатувда бир неча йил эр-хотин бўлиб юрган жуфтларнинг бири — “ер” ўз хотинини “дугонам” дея мароқланиб эътироф этди ва бу эътироф кўрсатув иштирокчиларининг олқишлари билан “бойитилди”.

Юқоридаги мулоҳазалар ўзимизнинг “Шахсий фикр”имизга ҳам қисман тааллуқли. Кўрсатувнинг номи мазмундор. Жорий этилганиям эътиборга лойиқ. Бироқ мавзу танлашда, кўрсатувга таклиф этилаётганларни саралашда қовун тушириб қўйилмаса эди, янада яхши бўларди.

Чунки кўрсатувда иштирок этаётган шахс, аввало, кўтарилаётган мавзунинг миридан сиригача тасаввурга эга бўлиши керак. Ҳолбуки, муаллиф бешикни бола учун нуқул маҳкам боғлаб қўйиладиган “жазо анжоми” ўлароқ талқин қилиб ўтирибди. Муаллиф ўзича: “Мен бешикка қарши эмасман, боланинг узоқ муддат бешикда ётиб, қолиб кетишига қаршиман”, деган мазмунда гапирди. Демак, муаллиф бераҳм, бешафқат, ўз чақалоғини боғлаб азоблаб, роҳатланадиган “маняк-она”лар учун ўзининг “қимматли” ва “камёб” фикрларини билдирибди-да. Бу ўринда муаллифнинг фикри жуда ўринли. Аммо фикр юритиб кўрсак: ҳатто, умуман саводсиз она ҳам (агарда у ваҳший бўлмаса) бешик ёшидаги боласининг кун тартибини ёддан билади. Бешикдаги бола йиғлайвердими, демак, унинг уйқуси пишган — бешикдан ечиб олинади. Ухлайдиган вақти келганда эса яна хархаша бошланади — бешикка белаш вақти келганидан дарак. Яна бир бор алоҳида таъкидлаш жоизки, фарзандидан воз кечмаган она ҳар қайси шароитда ўз фарзандини бешикка боғлаб узоқ муддат чирқиратиб қўймайди. Қолаверса, бешик бу фақатгина боғлаб қўйиш жиҳози эмас. Муаллиф умри мобайнида лоақал бир марта бешикни кўрган бўлса — бешик тебранувчи мослама эканлигигаям иқрор бўларди. “Кўрганман, бешикда ётганман” деган иддаодаги “мутахассис” зинҳор ва зинҳор бешикдан эҳтиёт бўлишга чорлаб жонбозлик кўрсатмаган бўларди. Бу мавзуга илмийроқ ёндашилганда эди, кўрсатувдаги шахсий фикрларга ўрин қолмасди. Мисол учун мана бундай: чақалоқни оёқ-қўлларини равон қилиб тўғрилаб бешикка беланади. Дейлик, у йиғлади, онаси эмизади. Бунда овқат ҳазм қилиш жараёни ҳеч қандай зўриқмайди, чунки она сути — бу сомса, кабоб, қази-қарта каби ошқозонни зўриқтирадиган маишатлар эмас. Борди-ю, боланинг қорни тўқ бўлса, у эммайди. Шунда она аллалаб, аста бешикни тебратади, ҳа, бешик бир маромда (ритм билан) тебранади. Бу тебранишнинг, алланинг чақалоқ онгига, оромига ижобий таъсирини фаҳмлаш учун физикани, биологияни яхши билиши керак одам. Бинобарин, бир маромдаги қайтарилувчи тебраниш ва алла бўлажак теран фикрли, зукко, илиги тўлиқ шахснинг тамал тошидир. Шу тариқа бола уйқуга кетади, вақти келиб, тиниқиб уйқуга тўйиб ором олган бола уйғонгач йиғлайди. Она яна эмизади, тебратади, борди-ю, боланинг уйқуси чала бўлган бўлса, яна ухлайди. Акс ҳолда йиғлайди. Энди бешикдан ечиб олиш фурсатидан дарак бу. Бешикдан олинган, тиниқиб ухлаган боланинг кўзлари чақнаб, эркин ҳаракат қилади. Хулоса қилайлик-чи, шу жараёнларнинг қай бири болага салбий таъсир кўрсатади? Муаллиф эса ўз “билимдон”лигини намо­йиш этиш билан овора.

Ўша кунги “Шахсий фикр”дан кейин онамларга бешикнинг зарари ҳақида мурожаат қилдим. “Олти нафар ўғил-қизни — ака-сингилларинг ҳаммангиз бешикда ётгансизлар. Бирорта суягинг маймоқми, ўзингга бир қара-чи? Ким бешикка тил теккизган бўлса бекоргинани гапирибди. Бешик боласи — бек боласи, деган нақл қадимдан бор…” дедилар онам шахсий фикрларини изҳор қилиб.

Кўрсатувдаги мавзуга доир саволни болалар шифокори-педиатр ҳакимга айтдим: “Ука, биз ўқиган тиббий рисолаларни бирортасида бешик ҳақида умуман гап йўқ. Гапни индаллоси шуки, у пайтлар наинки бешик, балки суннат (хатна) қилдириш ҳам эскилик сарқити ҳисобланган ва булар қаттиқ қораланган, қатъий тақиқланган…” — дейди ёши элликдан ошган суҳбатдошим. — Бешикнинг зарари ҳақида саҳифа-саҳифа мақолалар эълон қилинарди.

Ҳа-а, мана қаерда экан, муаллифнинг куйиб-пишиб бешикдан “хавотир” олаётганининг бош омили. “… Анъана бугун шаклланган эмас, анъана кеча ҳам шаклланган эмас, у аввалги кун шаклланган. Бу, демак, ўша анъанада аввалги куннинг акси бор… Унга танқидий қарашни билишимиз керак. Миллатнинг етуклиги ўзига танқидий қарай билишида белгиланади. Тан­қидий қарасак, бизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллардан қутулишимизга, тараққиётимиз тезроқ бўлишига имконият туғилади”, — дейди муаллиф.

Эътибор берсак, мавзу бешик ҳақида бўляпти. Яъни болани бешикка белашдан воз кечсак, ўзбек миллатининг тараққиёти тезлашади деган маъно бор. Муаллиф: “Мен бундай демоқчи эмасман”, дейиши мумкин. У ҳолда юқорида баён этилган фикрда мантиқ борми ўзи?

Бутун кўрсатув мобайнида муаллифнинг аросатдаги мулоҳазалари сезилиб турди. Иштирокчиларнинг “Сиз шундай, шундай, дедингиз”, деган эътирозига муаллиф жавобларидан: “Мен шундай, шундай, деганим йўқ, шундайроқ, шундайроқ дедим, холос” қабилидаги маъно келиб чиқди. Мақсад бешикни инкор қилиш ёки қисман инкор қилиш! Бундайин аросатга, ниҳоят психолог аралашиб нуқта қўйди. Бинобарин рисоладагидек “қовун туширди”. Яъни учинчи иштирокчи, психологнинг фикрича, “…тиббиётчи (кўрсатув иштирокчиси) сифатида (Матлуба Шарипова) бешикка бутунлай қарши туриши керак эди…” Шу фикрдан сўнггина бешикнинг “ескилик сарқити” эканлиги маълум бўлди ва мавзуга ойдинлик киритилди.

Кўрсатув аввалроғида муаллиф “бешик тарихига бир назар ташлаб”, у юз йилми ёки икки юз йилми аввал пайдо бўлгани номаълумлигини, Форобий ва Навоийларнинг бешикда ётган ётмаганлиги масаласи мавҳум эканлигини иддао қилганди. Ўша долзарб мавзуда гапира туриб, бу қадар юзаки фикрларни билдириш ўзини билган одамга эп эмаслигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Тарихга назар солсак, Фаробий ҳам, Навоий ва бошқа алломаларнинг ҳам бешик боласи бўлишгани аниқ, бундан минг йиллар аввал ҳам бешик бўлганлиги маълум бўлади. “Бешикдан қабргача илм изла” (арабчаси «лаҳди илал маҳди…») ҳадисини олайлик. Бундан 1400 йил аввал айтилган гап бу. Йўргак ёки бошқа маънодаги (масалан беланчак) атамаси қўлланилганда эди, албатта: “Йўргакдан, беланчакдан ёки чақалоқликдан то қабргача илм изла”, дейилган бўларди. Бу мулоҳазага шубҳа билдирадиган бўлсак, мана бунисини нима деб изоҳлаймиз:

Қадам урдию тарки маҳд қилди,

Қўюб эмгак, юрурга жаҳд қилди.

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” асаридан олинган бу мисралардаги “маҳд” сўзи бешик маъносини беради. Эмгак — эмаклаш, юра бошлаш маъносини билдиради. Ҳа, бешик ана шундай жуда қадимий жиҳоз, қулайлик. Унда минг бор ҳикмату файз мужассам.

Муаллифнинг: “… анъанада аввалги куннинг акси бор… Унга тан­қидий қарашни билишимиз керак… Шунда тараққиётимиз тезроқ бўлишига имконият туғилади”, деган фикрлари советчилик назариясидан бошқа нарса эмас!!! 75 йилдан зиёд вақт мобайнида танқид билан қарадик ўзлигимизга — жадал тараққий этдикми? Ҳозирги кунда ҳар жиҳатдан тараққий этишимизга ғов-тўсиқлар, иллатлар, “Шахсий фикр”да кўтариб чиқишга лойиқроқ мавзулар озмунчами? Бола тарбияси бобида гап кетганда унга меҳр-оқибат, фаҳм-фаросат, зийраклик, эзгу хислатлар она сути орқали сингади, дейилади. Буни тиббиёт фаниям, бошқасиям тасдиқлайди. “Фигурам” бузилади деб, боласини қасддан эмизмаётган, “тараққий этган” оналар ҳақида, сунъий сутнинг бола физиологияси, психологиясига салбий таъсири ҳақида нега муаллиф лом-мим демайди. Нега психолог бу мавзуларни “Шахсий фикр” орқали кенг оммага кўтариб чиқмайди? “Ҳаром луқма ва боланинг феъл атвори” мавзусиям долзарб-ку? “Ўзликми ёки тақлид?” “Бебурдлик” мавзулариям бор.

Муаллиф ўрни келганда, “у пайт­лар памперс бўлмаган”, дея памперсни алоҳида таъкидлаб ўтди. “Памперс”нинг болага таъсири, ҳатто уни келажакда бепушт қилиб қўйиши мумкинлиги ва қатор бош­қа зарарлари ҳақида газетада ўқигандим. Муаллиф эса памперс ҳақида энтикиб гапиряпти. Ўзлигини унутган одамга ўзлигидан бош­қа ҳамма нарса “сеҳрли” ва “жозибадор” кўринаверади, туюлаверади!!!

Яна матбуот хабаридан маълум бўлгандики, англияликлар Ўзбекис­тондаги бешик усталарини ўз юрт­ларига таклиф қилишибди. Мақсад инглиз оиласидаям бешикни жорий қилиш. Чунки инглиз ортопедлари бола суягининг бир текис ўсишида бешикнинг аҳамиятини яхши баҳолашган, тагининг қуруқ бўлишиям диққатга сазовор. Бошқа яна кўплаб фойдали жиҳатлари инглизларни ўзига ром этибди. Инглизлар бешикни ҳавас қилиб турган бир пайтда, буни қарангки, ўзи болалигида бешикда ётган ўзбек муаллифи бешикдан эҳтиёт бўлинг дея бонг урмоқда ва бу билан гўёки нечоғлик “тараққийпарвар” эканлигини кўз-кўз қилмоқчи. Психолог эса бешикнинг нақ кушандаси сифатида намоён бўляпти. Бундайин “психологу мутахассислар”нинг ўрни қаердалигининг ўзиям муҳокама қилишга лойиқ, энг зўр, замонанинг энг долзарб мавзуларидандир! “Шахсий фикр”га бизнинг шахсий фикримиз шуки, бунақанги муаллиф ва психологлардан эҳтиёт бўлиш кони фойда. Улар билан ҳамфикр бўлиш тараққиётга эмас, билъакс муқаррар залолатга етаклайди одамларни! Кўрсатув иштирокчиларининг 20 фоизи улар билан ҳамфикр эканлигини билдирди. Ўша 20 фоиз ичида ҳали турмуш қурмаган, келажакда она бўладиган ёшларнинг борлиги ачинарлидир. Чунки энди улар боланинг “физиологик-психологик” ҳолатидан хавотир олиб бешикдан воз кечишлари мумкин?!

Хулоса шуки, Ватан туйғуси, юрт ишқи, миллат қайғуси бешикнинг бир маромда тебраниши баробарида шаклланади. Юксак заковат, илм, эътиқод туйғуси, эзгу фазилатларга ҳам бешикнинг дахли бор. Муаллиф кўрсатувда эътироф этганидек, “Қолган 99 фоиз миллат бешикда ётмаган-ку..” деган эътирозга келсак, чамаси осиёликлар ер юзидаги миллатларнинг атиги 1 фоизини ташкил этмаслиги аниқ. Сал мулоҳаза билан ҳисоб қилиб фикр айтилса, айниқса, ОАВдаги чиқишларда, жуда ўринли бўларди! Қолаверса, “Нур — Шарқ­дан” эканлигини ўша бешикда ётмаганлар ҳозиргача чуқур англаб эътироф этади. Шу билан бирга, Шарқдан — бешикда ётганлар орасидан яна Фаробий, Амир Темур, Румий, Насафий, Бухорий, Улуғбек, ибн Синолар етишиб чиқишидан айрим бешикда ётмаганларнинг хавотир олаётгани бор гап.

Бунинг учун миллатнинг қадриятларига янада рахна солиш, ўзлигидан, бинобарин, ҳатто бешигидан жудо қилиш сари ҳормай-толмаётганлар, бешикда ётганлар каби бутун дунёга нур, ҳидоят, маърифат, илм зиёсини тарқатиш эмас, балки бузғунчилик, уруш, залолат, адоват уруғини сочаётганлар ҳам ўша “99 фоиз”дагилар — бешиксизлар эканлигини унутиб, хотиржам бўлишга ҳаққимиз борми? Бешикда ётмаганлар дунёни тебратса ана шунақа бўлади! Яъники афкор омманинг ҳаловати йўқолади!

Муҳиддин МИРЗААҲМАД

«Ҳуррият» газетасидан олинди.