Алишер Назар. Рост сўз эҳтиёжи (2003)

Яқинда шоир дўстлардан бири ўзини нуфузли деб биладиган газеталаримиздан бирига туркум шеърларини тақдим қилибди. Бир пайт шоирнинг “касаллик варақасини” ўқиб чиққан муҳаррирнинг қовоғи уюлиб: “Шеърларинги анча тушкун. Сиз ватан ҳақида шеър ёзиб келинг”, — дебди…

Хўш, шунга нима қилибди дерсиз? Ҳеч нарса қилгани йўқ. Фақат бечора шоир ватан ҳақида шеър ёзиб боролмади. Натижада “тушкун” шеърлар стол тортмасидан жой олди. Демак, стол тортмаларидаги шеърлар, мақолалар яна биттага кўпайди.

Мен шоирга маслаҳат бердим: “Сиз, яхшиси, ўзингиз битта газета очиб олинг, шунда хоҳлаган шеърларингизни чоп қилиш имкони бўлади”. Шоир ҳозиржавоблик қилди: “Вақтим йўқ!” Хурсанд бўлиб кетдим. Яхшиямки унинг вақти йўқ экан. Агар вақти бўлганида шу девона ҳам битта газета очиб Бош муҳаррир бўлиб оларди. Чунки бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳар хил уйдирма ёлғондан иборат газета чиқариб, сўзфурушлик қилиш билан эфирга чиқиб хиргойи қилишдан осонроқ иш қолмади. Яқинда ҳамкасблардан бири писанда қилиб қолди: “Сиз бу қўлбола газеталарнинг устидан кулманг, уларнинг тиражи анави қуруқсавлат газеталарингиздан энг камида икки марта кўп”. У ҳақ эди. Лекин мен унга ёлғоннинг харидори кўп бўлиши табиийлигини, шунинг учун бундай натижадан қувониш шарт эмаслигини айтмадим. Чунки унинг: “Унда ростгўй газетангни кўрсат” деб қолишидан қўрқдим.

Ўтган йилларда матбуот саҳифаларида мамлакатимизда тутруқсиз ҒМ радио каналлари болалаб кетганлиги, бу ҳолат ёшларимизни гипноз қилиб қўяётгани ҳақида туркум танқидий мақолалар чоп қилинди. Бу хил танқидий чиқишларнинг самараси ўлароқ эндиликда тутуруқсиз қўлбола газеталар ҳам урчиб бормоқда. Начора, бозор иқтисодиёти. (Яхшиям шу баҳона бор) Лекин… ҳар қалай, маънавиятнинг бозорга чиқиши…

Кўпчилик ўтган йили “Давлат сирларини сақлаш” инспекциясининг тугатилишини матбуотнинг сўнгги йиллардаги энг катта ютуғи деб баҳоладилар. Аслида ростдан ҳам бу ҳодиса матбуот учун оламшумул ҳодиса эди. Лекин бу ҳодиса қанчалик кутилмаганда содир бўлган бўлса, шунчалик кутилган натижаларни берди. Чунки энди “чўмич” ўзида қолган муҳтарам Бош муҳаррирларимизни столдан ажралиб қолиш туйғуси таъқиб қила бошлаган эди. Аслида бу қўрқувнинг ҳам асоси йўқ эмас эди. Натижада шакллар ўзгарди, мазмун эса эски либосида қолаверди.

Тўғри, бугуни матбуотнинг нуқсонларига фақатгина Бош муҳаррирларнинг журъатсизлиги сабаб, дейиш адолатдан эмас. Чунки бугун мутлақо ўзига хос фикр айта оладиган, янгича мулоҳазаларни ўртага ташлайдиган ижодкорларимиз жуда кам. Борлари ҳам негадир ўзларини “сақлаяптилар”. Албатта, бу ҳолнинг ҳам ўз сабаблари бор. Масалан, дейлик, мен халқ таълимига тегишли бирор муаммони кўтариб чиқмоқчи бўлдим. Мақолани бошлашдан олдин ўйлайман: шу билан нима ўзгаради? Ростдан ҳам шу ҳаракатларимдан бирор натижа чиқадими? Мана менинг цензурам. Чунки бугун амалиёт шуни кўрсатаяптики, онда-сонда бўлса-да, матбуотда кўтарилаётган муамолар ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Аксинча, муаммо бир чеккада қолиб, шу масалани кўтариб чиққан мухбирнинг бошида калтак синади.

Хуллас, нима бўлганда ҳам шуниси маълумки, матбуот яна харидорсиз қолаяпти. Ана шундай бир вазиятда телевидениега бўлган эҳтиёж бир қадар ортиб бормоқда. Телевидениемиз эса том маънода аҳлоқсизликни тарғиб қилаётган телесериалларни намойиш қилиш билан овора. Яқиндагина “Эсмеральда” деганидан қутулган эдик. Шу кунларда эса “Ўзбекистон” телеканали орқали “Камилла” номли сериални халқимиз, айниқса, ёшларимиз “мириқиб” томоша қилаяптилар. Отанинг қизига қўшмачилик қилаётгани-ю, битта эркакка талашаётган она-боланинг саргузаштларини оғзидан сўлаги оқиб томоша қилаётган укангга қараб раҳминг келади. Бир келиннинг бутун бошли оиладаги эркакларни “таъминлаётган”ини кўриб ўтирган синглингнинг олдида ўзингни қаерга қўйишингни билмай қоласан (“Муҳаббат қаҳваси” сериали назарда тутилмоқда). Энг даҳшатлиси, улар бу манзаралар қаршисида қилт этмайдилар, қизаринмайдилар. Шунда беихтиёр фаранг шоирининг “Кимдаки қизариш қобилияти бўлса унга ишониш мумкин”, деган гаплари ёдингга тушади. Лекин бу аччиқ ҳақиқатлар қанчалик сени изтиробга солмасин, барибир уканг билан синглингни “асрай олмайсан”. Чунки биз бугун чет эл сериалларини қўятурайлик, ўзимизнинг-да миллий санъатимиз ва аҳлоқимиз мезонлари андак ўзгаргандай. Иқрорим шулки, ўтган ҳафта давомида “Ёшлар” телеканалида “Қайтмас” номли… (кечирасизу, фильм дейишга тил бормайди) намойиш этилди. Бири-биридан бачкана хатти-ҳаракатлару туфуклаб ёпиштириб қўйилган  воқеалар тафсилотига тўхталиб ўтиришнинг ҳожати йўқ.. Фақат бир гапни айтмасак бўлмас. Томоша қилаяпмиз: ошиқ йигит яхши кўрган қизини учрашувга таклиф қилиш учун унинг уйига келди. Бахтсизликни қарангки, йигит қизга энди “сигнал” бераётганда бўлғуси қайнотанинг қўлига тушиб қолди. Қайнота куёвни таппа босди. Шунда қаердандир Қайтмасбой келиб, уларни муросага чақирди: “Хурсанд бўлинг, қизингизнинг шундай келишган ошиғи бор экан”, деди. Ота хурсанд бўлиб кетди. Ҳатто ошиқ йигитдан кечирим ҳам сўради. Пировардида “куёв”га насиҳат қилди: “Сен қизимга бунақа яқин жойда эмас, узоқроқда хиралик қилгин”.

Яхшилар, наҳотки шу ўзбекнинг гапи бўлса? Наҳотки, биз шу даражага келиб қолган бўлсак? Келганда қандоқ. бугун бизда бу хил гап-сўзларга, воқеаларга нисбатан кўникма пайдо бўлди. Кечқурунлари бола-чақа билан дастурхон атрофида ўтирганингизда экранда хонанда опамиз пайдо бўладилар: “Бахтиёрман тушларимда қовушиб, Бир қараб ўтинг бизга лейтинант”. Ортидан иккинчиси чиқиб келади: “Сизни қанча севсам ҳаққим кетмайди, Акажоним, акам ўзингиз бўлас”. Бу “классика” хиргойиларини ҳазм қилиб улгурмай, учинчиси чиқади. Қаршисидаги сулувгина жувонга тикилиб: “Биламан, қаерда ҳолинг бор, Кўнглингда нима бор билмайман”, дейди. Ер ёрилмайди-ю, ерга кирмайсан. Билмадим, бу “асар”лар қандай қилиб миллионлар саҳнасига чиқиб келаяпти? Балки буюк Гёте ҳақмикин-а? Эшитгандирсиз, унга: “Энг қийин нарса нима?” деб савол беришганида: “Кўз олдингда турган нарсаларни кўришдир”, деб жавоб берганлар.

Ўрни келганда яна бир гапни айтиб қўяйлик. Биласизми, Распутин нима деган? “Агар  Пушкин энагаси Арина Родионовнанинг мунгли аллаларини эмас, бугунги эстрадани тинглаб улғайганида эди, Пушкиндан Пушкин эмас, Дантес чиқарди”. Хўш, бизнинг бугунги эстрадамиз пушкинларни тарбиялаяптими, дантесларни? Худо қози бўлсин! Чунки бу ҳақда ёзишдан армон қолмади. Ҳатто ҳаммани хурсанд қилиб, телевидениенинг ўзида ҳам шу муаммога бағишланган махсус кўрсатувлар уюштирилди. Ана шу кўрсатувлардан бирида телевидение раҳбарларидан бири шундай пурмаъно гапларни гапирдики, беихтиёр: “Ана энди кунларингни кўрасанлар”, — дедик. Лекин… кўрсатув якунланиши билан ҳозиргина авра-астари чиқариб танқид қилинган “санъат асар”лари яна экранни забт этди.

Ачинарлиси шундаки, ана шундай бир вазиятда халқимиз, ёшларимиз маънавияти учун масъул идоралар негадир сукут сақлашмоқда. Ваҳоланки, бу сукунат эртага қимматга тушиши мумкин. Баъзан ҳайрон қоласан, матбуотда озгина танқидий фикр айтиб қўйсанг бас, дарров суриштириш бошланади. Сени қора кўзойнакли одамга чиқарадилар. Пессимизмда айблаб қоладилар. Лекин биз ҳозиргина таъкидлаб ўтган ҳолатлар учун, яъни савиясизлик учун ҳеч ким жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам бугун кўрсатув тайёрлаётган ёки мақола ёзаётган журналист кўпам ўзини қийнаб ўтирмайди. Албатта, у гапни мустақиллик шарофати-ю, тоталитар тузумнинг кирдикорларидан бошлайди.

Тан олайлик, бугун республикамиз оммавий ахборот воситаларида тайёр қолиплар пайдо бўлди. Бўлар-бўлмасга миллат, мустақиллик, ватан ҳақида баландпарвоз гапларни гапираверамиз. Биласизми, олтинни қанча қўлда кўтариб юрсанг, шунча қадри кетади. Биз бугун олтинга топилмас ана шу сўзларимизни такрорлайвериб-такрорлайвериб, ҳиссиз ва изтиробсиз жумлаларга айлантириб ташладик. Ватан ҳақида шу қадар кўп ёздикки, оқибат, бу тушунча бизнинг бошқа туйғуларимиз янглиғ сийқалашиб қолди. Бу тарздаги ошкора ва оммавий “ватанпарварлик” кишига бироз эриш туюлади.

Дарҳақиқат, бутун дунё ўзгаряпти. Шу билан бирга юртимизда маънавий тикланишлар силсиласи кечмоқда. Бу янгиланишлар шиддати эса одамларимиздан жаҳонга очиқ кўз билан қарашни, тафаккур қилишни талаб этмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Шундай экан, бу масъулиятни бугунги ижодкорларимиз янада чуқурроқ ҳис қилишлари лозим бўлади.

“Моҳият” газетаси, 2003 йил, 7 февраль