Асад Асил. Аллоҳга ёқмайдиган ишлар (2003)

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани номига монанд гўзал бир маскандир. Жаннатмакон бу кичик водийда азал-азалдан табиатдаги жамики гўзалликлар мужассам эди. Аллоҳ яратиб қўйган соф табиий гўзалликлар, бойликлар тўлиб-тошиб турадиган Бўстонлиқ кўркига бора-бора жиддий путур етказила бошланди. Табиат кушандаларининг хуружи йил сайин кучаявергач, бундай бевошларни тийиб қўймоқ ва атроф-муҳитга етказадиган зарар ҳамда йўқотишларнинг ўрнини тўлдирмоқ ниятида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилди.

Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси фаолияти кучайтирилди, бундан салкам ўн йил муқаддам Ўгам-Чотқол Давлат миллий табиат боғи ташкил этилди. 57 минг 600 гектар майдон ажратиб берилган бу ташкилот йил сайин ўз фаолиятини мустаҳкамлаб бормоқда. Чунки атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги жиддий ва қалтис вазият ҳаммамиздан худди шуни талаб этмоқда эди. Айниқса миллий боғ бош нозири Собир Йўлдошевнинг ўзи шахсий намуна кўрсатаётгани туфайли нозирлардан Толиб Собиров, Раҳимжон Сайдаҳмедов кабилар муҳим бу соҳанинг ҳақиқий фидойилари сифатида бошқаларга ўрнак бўлмоқдалар…

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, яхшигина қуролланган броконер ҳозиргина отган ўлжаси – чиройли кўзлари мангуга юмилган кийикни нимталаб, тоғдан тушиб келяпти. Унинг юраги така-пука, кўзлари вахшиёна, совуқ аланглайди. Агар қўлга тушиш хавфи сезилсами, жазодан қутулиб кетиш учун у ҳар қандай қилмиш, ҳатто жиноятдан ҳам тап тортмайди. Аммо қандай йўл билан бўлмасин, бу ёвузни қўлга олиш керак. Толиб Собиров шундай қалтис дамларда ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, у ҳамиша сергак ва дадил. Бу йигит табиат кушандасининг изига тушдими, уни ушламай қўймайди. Мана, энг кейинги далиллардан бири. Шу йилнинг 22 апрел куни бурчимуллалик Шоёқуб Шоазизов ўзига ишонган ҳолда бир бош кийикни овлаб қайтаётган эди. Ўзига ишонишининг боиси шу эдики, у Чотқол қўриқхонасида нозир бўлиб ишларди. Толиб Собиров бу томонларга эътибор бериб ўтирмади, сира тап тортмасдан уни қўлга олди. Чунки, аввало, унинг виждон амри, қолаверса, хизмат бурчи ва ниҳоят, оёқости қилинаётган Табиат нидоси нозирни шунга даъват этмоқда эди. Қаршилик кўрсатишнинг фойдаси йўқлигига кўзи етган Шоазизов 80 минг 520 сўм жарима ва 1320 сўм жарима-зарарни тўлашга дарҳол рози бўлди. Шу қишлоқлик яна бир кийик кушандаси Ҳайдар Имоналиев отган ўлжаси учун жарима тўлашдан бош тортди. Бош тортиб қаерга ҳам борарди, иш Бўстонлиқ туман судига оширилгач, 66 минг сўм жаримани миллий боққа, тўққиз минг тўққиз юз сўмни эса давлат божи учун тўлаши ҳақида ҳукм чиқарилди. Миллий боғ ходимлари ўтаётган йилимизнинг тўрт ойи давомида ноқонуний овчиликдан ўн бир кишини, дарахт кесган ва доривор ўсимликларни пайҳон этган ўттиз кишини, кўрсатмага хилоф ҳолда балиқ овлаган олти кишини, миллий боғ майдонларини ифлослантирган ўн кишини ва сув заҳираларига зарар етказган ўн тўққиз кишини жазоладилар.

Табиат ҳимоячилари ишининг мураккаб томонларидан яна бири шундаки, атроф-муҳитни вайрон қилаётганлар кўп ҳолларда сувдан қуруқ чиқиб кетиш учун ҳар хил найрангларни ишга солиб кўрадилар. Шундай пайтда одил судлар ёрдами керак бўлади.

— Миллий боғ ташкил этилгандан сўнг 1993 йил январ ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан бу ҳудуддан яйлов сифатида фойдаланиш бутунлай бекор қилинди. Шунга қарамай, Фарғона водийсининг айрим жамоа хўжаликлари миллий боғ майдонларига ҳамон мол ҳайдамоқдалар. Масалан, 1997 йил Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Қизил Равот” жамоа хўжалиги миллий боғ майдонларида мол боққанлиги учун Наманган вилоят хўжалик суди орқали 180 минг сўм жарима тўлади. Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Рапқон” жамоа хўжалигидан ҳам 1997 йилдаги шундай ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун 319 минг 500 сўм жарима ундирилди. Хуллас, она-Табиатимиз ҳимояси йўлида халқ судларининг ёрдамга келаётгани айни муддао бўлмоқда. Айниқса, Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманлари халқ судларининг бу борадаги фаолиятлари таҳсинга лойиқ бўлмоқда. Қонунларимиз асосида ўз вақтида қатъий чоралар кўриш орқали улар ҳам атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Табиатимиз кўркини, бойликларини қўриқлаш, унга зарар етказувчи ва талон-тарож қилувчиларга қарши курашда Бўстонлиқ туман табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси нозирлари ҳам бетиним иш олиб бормоқдалар. Улар томонидан 1998 йил ва 1999 йилнинг уч ойи давомида 141 ташкилот текширилиб, тегишлиларга қонун асосида жарималар солинди, товонлар ундирилди. Қонунга хилоф иш тутган ўттиз олти мансабдор шахс ҳам жазодан қуруқ қолгани йўқ… Бундай далилу исботларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: хўш, биз табиатни нима учун шу қадар вайрон қиляпмиз? Ҳар қандай чора кўрилмасин, табиатимиз, атроф-муҳитнинг тобора ночор аҳволга тушиб қашшоқлашаётгани бор ҳақиқат-ку! Кўра-била туриб жиноятга, Аллоҳга ёқмайдиган ишларга нима учун қўл уряпмиз? Ўлдирилган бир кийик бадалига юз минг сўмга яқин жарима тўлагандан кўра, шу маблағни оилангиз равнақига, фарзандларингиз корига ишлатсангиз бўлмасмиди?! Бетакрор гўзалликни ўзида мужассамлаштирган атроф-муҳитга нисбатан бу хилдаги ёвузликларни қай йўл билан бутунлай жиловлаш мумкин?..

Аввало, албатта, қаттиққўллик лозим. Ҳар бир кимса қилмишига яраша жазосини олмоғи шарт. Аммо жойларда кенг тушунтириш, ҳар томонлама мукаммал тарбиявий ишлар олиб боришга ҳам астойдил киришиш вақти етмадимикин?! Бизнингча, атроф-муҳит муҳофазаси ҳусусида нафақат табиат ҳимояси йўлида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар, балки аҳолини бевосита бошқараётган фуқаролар йиғинлари, маҳаллалар қўмиталари фаоллари, маориф ва бошқа соҳа кишилари ҳам виждон амри асосида иш олиб бормоқлари даркор. Диний ташкилотлар бу муҳим вазифага яқиндан кўмаклашсалар нур устига аъло нур бўлур эди. Зеро, ҳар қандай жиноят, хиёнат, умуман Аллоҳга ёқмайдиган жамики ёвузликлар ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини каттаю кичик баравар билиб олсалар табиат муҳофазаси бобидаги ишларимиз янаям юришиб кетиши муқаррар.

 

БУ ЖОЙЛАР, БУ ТОҒЛАР – ЖОНУ ЖАҲОНИМИЗ

Йиллар давомида топталган, аёвсиз талон-тарож қилинган она Табиат қисматига бундан буён бефарқ қараб туролмаймиз. Зеро, Ватанимизга ўзимиз эгалик қилаётганимизга ўн икки йилдан ошяпти. Атрофимиздаги гўзалликларнинг қолган-қутганларини кўз қорачиғидек авайлаб-асрашимиз, бой берилганларининг эса ўрнини тўлдиришимиз шарт. Шундай қилмасак, келгуси авлод биздан ҳеч қачон рози бўлолмайди.

Худди шундай олижаноб мақсад йўлида юртимизда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ташкил этилди. Бу даргоҳ мустақиллигимиз билан баробар одимламоқда, оёққа мустаҳкам туриб олиб, йил сайин чирой очиб боряпти. Нафақат Ватанимизда, балки ҳудуди катталиги жиҳатидан турдошлари орасида ягона саналган Миллий боғ 574,6 минг гектар майдонни эгаллаган. Бу боғ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманларидаги Қоржонтов, Угом, Пском, Чотқол тоғ тизмалари оралиқларига жойлашган. Узоқ йиллар қаровсизлик оқибатида ғоят орқага кетган Ғарбий Тянь-Шань бағрида, хайриятки, ҳануз Қор қоплони, Мензбир суғури, Оқ тирноқли қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, ўн тўрт хил сут эмизувчилар, ўн икки хил судралиб юрувчилар, юздан ортиқ қуш ва ўн бир хил балиқ турлари сақланиб қолган экан. Шунингдек, Миллий боғ ҳудудида икки мингдан зиёд ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги дориворлардир. Агар қўшимча қатъий чоралар кўрилмаса табиатдаги бу дурдоналарни ҳам бой бериш хавфи борлигини ўз вақтида тушунган ҳукуматимиз раҳбарлари 2001 йил махсус қарор асосида ўрмон хўжаликлари ҳамда Чотқол қўриқхонаси сингари ўз ҳолича ишлаётган ташкилотларни Миллий боғ бошқармаси тасарруфига ўтказди. Ўз навбатида унумли меҳнат учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Жумладан, ишчи-ходимларнинг ойлик маошлари тўрт бараварига, моддий-техник база яратиш учун сарфланадиган маблағ олти баробарига оширилди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ёрдами орқали Б-170 маркали бульдозерлар, МТЗ-82 тракторлари, УАЗ маркали автоуловлар ва бошқа техник асбоб-анжомлар сотиб олинди. Миллий боғ жамоаси ҳақиқий фидойилар ҳисобига қайта ташкил этилди. Шундай қилиб, улар шиддат билан ишга киришдилар…

Астойдил олиб борилган ҳаракат қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Биробарин, 2000 йилга қадар 232 гектар ўрмон яратилган бўлса, 2002 йилнинг ўзидаёқ 284,2 гектар майдонда яшил бойлик ўстириладиган бўлди. 2003 йил охиригача 300 гектар ўрмон ташкил этиш учун курашилмоқда. Кейинги икки йил давомида 13 минг 560 гектардаги ёш ўрмонларга ишлов берилиб, 14,6 гектар майдонга алоҳида арча кўчатлари ўтқазилди. Миллий боғ кўчат ўстирувчилари икки миллион донадан ортиқ ниҳол етиштирдилар. Халқимиз саломатлигини тиклашга ўз ҳиссаларини қўшаётган бунёдкорлар 87 тонна доривор ҳам тайёрладилар.

Миллий боғнинг баланд тоғлар орасидаги таянч нуқтаси бўлмиш Қоронғи Тўқай сари жўнадик. Дастлабки кун Пском қишлоғига етиб олишни режалаштирган эдик. Маълумки, Чорвоқ денгизи соҳилларида юз метрли оралиқ масофа ҳар қандай қурилишлардан мутлақо холи бўлиши шарт. Бу қарорни суистеъмол қилган “Полёт” қўшма корхонаси раҳбари денгизга тақаб хусусий оромгоҳ қуриб олган экан. Бўстонлиқ туман ҳокимлиги раҳбарлигида оромгоҳ вагонлари махсус майдончали автоуловларга юкланиб, Миллий боғ ихтиёрига жўнатилди. Мусаффо денгиз бир “ғурбат”дан халос этилди…

Қуёш ғарбдаги осмонўпар чўққилар ортига тушиб бораётганда Пском дарёси бўйлаб жўнадик. Биз мўлжалга олган Пском қишлоғига қадар катта-кичик ўн тўрт манзилгоҳ бор экан. Қорабулоқ, Муллало, Полвонак, Майдонтол, Курдептур, Испай, Қўшбулоқ, Қунч, Тепар, Такаёнғоқ, Жовжурак, Урунгач, Чакак, Қуруқсой ва ниҳоят, Пском. Йўллар султони бўлмиш УАЗ автоуловини Абдуғани Ғойибов моҳирлик билан бошқарар, Миллий боғ нозирлари бошлиғи Абдураҳмон Ғойибов эса рация орқали бетиним алоқага чиқиб борарди:

— 06, 05 га жавоб беринг!

— Мен – 06 эшитаман!

— Ҳудудингизда тинчлик-осойишталикми?

— Тинчлик, ҳаммаси жойида.

Шу йўсинда муттасил йўл босиб, туман марказидан юз чақиримча олисдаги Пском қишлоғига қоронғу туша бошлаганда кириб бордик.

Пском – жуда қадимий қишлоқ. Унинг асл номи Мискон. Узоқ ўтмишда бу жойлардан ажнабийлар қимматбаҳо хазиналарни кавлаб олиб кетишган, дейишади. Миллий боғнинг Пскомдаги нозири Муллавой Неъматов хонадонида тунадик. Азонда қоронғи тўқай сари йўлга ҳозирланар эканмиз:

— Хўжа Абдулло Ансорий руҳи покларини зиёратлаб ўтамиз-да, — деб қолди хонадон соҳиби. – Ўтмишдан қолган энг қадрли ёдгорликлар қаторида ул азиз инсон қабрини ҳам пскомликлар авайлаб-асраб келмоқдалар…

Пском дарёсининг шундоққина ўнг соҳилида кўҳна қабристон бор экан. Унга кираверишда томи шифер билан ёпилган мўъжазгина бир уйча. Оддий тошлардан териб ясалган йўлак узра бориб, кичик айвонли уйга кирилади. Хонанинг ўртасида оқ мато ёпилган қабр. Наҳотки шу қабр 1006 йил Ҳиротда туғилган улуғ шоир Абдулло Ансорий жанобларига тегишли бўлса?! Китобларда қайд этилишича, 1089 йилда вафот этган бу аллома тоғлар орасидаги Пском қишлоғига қай йўл ва қандай сабаблар билан келиб қолган экан?!

Бу саволларга аниқ жавоб топилса, хайрли бир иш бўларди.

Йўлнинг мураккаби энди бошланди: Оҳолисой, Қорақизсой, Онаўлгансой, Толдиқсой, Қорабовсой… Туби кўринмас ваҳимали зовларни кесиб ўтган қалтис йўллар ҳар қандай довюрак одамнинг ҳам этини жунжиктиради. Аммо Миллий боғ шунқорлари катта шаҳарларнинг тахтиравон кўчаларида кетаётгандай хотиржам. Лекин бепарво эмас. Тез-тез учрай бошлаган каклик тўдалари хушёр юришни тақозо этмоқда. Чунки каклик полапонлари яширинишни хаёлларига ҳам келтирмай, қумлоқ йўл узра чопқиллайверадилар. Обдан чарчаганлари ҳолсизланиб йўл узра ҳатто ётиб қолмоқдалар. Шунда Абдуғани машинани тўхтатиб, каклик болаларини чекка-чеккага ҳайдайди…

— Кўпдан буён бу томонларда милтиқ отилмаган, шекилли? – дедим мен ҳайратимни яширолмай, — чет давлатларнинг энг зўр қўриқхоналарига тенглашиб бораётганга ўхшаймиз!

Миллий боғ нозирлари бошлиғи Абдураҳмон Ғойибов рад оҳангида бош чайқади:

— Уларга тенглашишимиз учун ҳали кўп қовун пишиғи бор. Қани энди, Қизил Китобга киритилган айиқ, силовсин, тўнғиз, кийик каби жониворлар ҳам мана шу какликлардек теварак-атрофимизда бемалол ўралашиб юрса!

— Уларни ҳалиям отишадими?

— Отмаса-да, бошқа минг хил усул билан овлайдилар. Бурчмуллалик Сотил Исмоилов шу йил баҳорда ёш айиқни тузоққа илинтириб, сўйиб олиб келаётганда нозирларимиз Толибжон Собиров ҳамда Абдуғани Ғойибов томонидан ушланди. Бу қилмишга биринчи бор қўл ургани туфайли бир ярим миллион сўм жарима ва товон тўлаб қутулди. Агар яна такрорласа, албатта қамоқ жазосига гирифтор бўлади. Бундайлар ҳали-вери инсофга келмайди. Мана, тепарлик Шамшибек Боймирзаев ёввойи чўчқа, бурчмуллалик Ўктамбой Маҳмуджонов кийик отганлари учун 400 минг сўмдан жарима ва товон тўладилар. Чимёнлик Тўлаган Мамитов қоп-қоп матар тергани эвазига 40 минг, Ғалвасой ҳудудининг Учтерак қишлоғида яшовчи Олмагул Абдуллаевага дарахт кесгани учун 50 минг сўм жарима солинди. Энди буёққа қаранг, анави каклик бечорада қанча гўшт бор экан? Битта какликни ноқонуний овлаган Зоир Пирметов 4 минг 535 сўм жарима, 13 минг 605 сўм товонга тушди! Салкам 20 минг сўмга қарийб ўн кило гўшт сотиб олса бўлади-ку, ахир! Йўқ, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидай, улар албатта табиатга қирон солишлари керак!

Оғир ва босиқ табиатли Абдураҳмон жаҳли қўзиб, овози баландлашиб борарди:

— Балиқларга қирон солаётганларни айтмайсизми?! Яширинча тўр ташлаб, тунда ов қилишади бу олғирлар! Кечаси текширувчилар текширишдан қўрқади, деб ўйлашади ўзларича. Бу йилнинг бошидан бери Чорвоқ сув омбори бағридан 500 метрдан зиёд тўрни тортиб олдик. Шундай қонунбузарлардан бири бўлмиш Бахтиёр Худойберганов 5440 сўм жарима, 32 минг 680 сўм товон тўлади! Биз уларга қарши курашларимизни ҳеч қачон тўхтатмаймиз, қачонки қонунбузарлар тавбаларига таянмагунча!..

Шу ўринда Миллий боғ бош директори Абдукарим Абдужамиловнинг катта бир йиғиндаги кескин гапи ёдимга тушди: “Агар менинг ўғлимми, укамми ёки бирон яқин қариндошимми… табиатга тажовуз қилиб қўлга тушса, қонун асосида аямай жазолайверинглар!.. Одамларнинг онгида ўзгариш бўлмаса кўзлаган эзгу ниятларимизга ҳеч қачон эришолмаймиз, одамларда табиатга нисбатан кўр-кўрона муносабат ҳукм сурмоқда. Қани эди, кейинги йиллардан бири Табиатни муҳофаза қилиш йили, деб аталса!..

Қоронғи Тўқайга тушга яқин етиб бордик. Угом дарёси бу жойда уч тармоққа бўлиниб кетар экан: Чоролма, Ойгайин, Майдонтол… Миллий боғнинг Ойгайин бўлимига ихчам ва чайир гавдали, кўзлари чақнаб турувчи камгап йигит Бегали Тўйчиев бош-қош. У тўққиз нозир ва йигирма беш ишчи-хизматчи тақдирига жавобгар. Жавобгар дейишимизнинг боиси шундаки, биринчи қор тушган заҳоти ойгайинликлар то баҳор ўрталари, ҳатто баъзан баҳор охирига қадар катта ердан узилиб қоладилар. Улар билан фақат вертолёт орқали алоқа боғлаб турилади. Шунинг учун ҳам бутун ёз давомида қишга пухта ҳозирлик кўриб бориш лозим.

— Бу жойлар нега Қоронғи Тўқай дейилади?

– Авваллари теварак-атроф, айниқса, анови Чоролма дарёси соҳиллари чинакам қоп-қоронғи тўқайзордан иборат бўлган экан. Айиқ, силовсин сингари жониворлар шу хилватларда кўпайишиб қишлаганлар. Кейинчалик одамлар қўлларида болта, милтиқлар билан боришиб қоронғи тўқайларни ёритиб юборганлар, – жавобни қисқа қилди Бегали. – Биз шу жойларни тағин аслига қайтармоқчимиз,

– Ҳа, ўтмишимиз жуда тутуриқсиз ва ачинарли эди, – унинг гапини давом эттирди нозирлар бошлиғи. – Қарорлар қоғозларда қолар, юқоридагиларнинг қонунга зид ҳар қандай инжиқликларини бажаришга мажбур эдик. Бунинг натижасида шундоққина кўз ўнгимизда Ғарбий Тянь-Шаннинг бетакрор табиати инқирозга юз тутиб борарди. Худога шукр, давлатимиз мустақил бўлиб, ҳамма нарса ижобий томонга ўзгарди. Мана, бутун умри давомида Бурчмулла ўрмон хўжалигида ишлаб келган Абдулҳамид ота Аҳмедов, қирқ йилдан зиёд ҳаётини табиат муҳофазасига сарфлаган Александр Давидович Мох, йигирма йилдан буён дарёлар ҳолатини кузатиб юрувчи гидрометереолог Холмурод Норжигитовлар айтишсин, аввалги аҳвол билан ҳозирги шароит орасидаги фарқни…

– Бизлар шаҳардаги энг ҳашаматли биноларда ҳам яшай олмаймиз, барибир, тоғларга интилаверамиз, – дейди қоратўри, ўктам овозли, истараси иссиқ Холмурод ўта ҳис-ҳаяжон билан.

Чўққиларнинг бир-биридан гўзаллигини қаранг: ҳар қайсиси ҳар хил. Анови кунботардагиси Оқбелас. Унинг бағрида биронта дарахт ё ўсимлик ўсмайди: нуқул силлиққина оқ қоялар. У тўрт фаслда ҳам сира ўзгармайди, бир хил тураверади. Тоғнинг нарёғи Қозоғистон. Қарама-қаршидаги манови Тераксой эса бутунлай бошқача! Бағрида жилваланаётган булоқларга қаранг! Тераксой ҳамиша яшил бойлик билан ясангани-ясанган. Бу жойлар, бу тоғлар бизнинг жону жаҳонимиз! Нозирлар бунақа тоғларни бир шиддат билан пиёда кезиб чиқишади, жон-дилдан қўриқлашади. Керак бўлса кечаю кундуз бетўхтов йўл босишимиз мумкин. Ана, Толиб Собиров воқеасини айтинг, Абдураҳмон ака!

Нозирлар бошлиғи майингина жилмайди. Бир қалтис вазият туғилиб қолганда рация орқали хабар топган нозир Толиб Собиров Қоронғи Тўқайдан Испай қишлоғига қадар бўлган олтмиш чақиримдан зиёд масофани ўн икки соат давомида босиб ўтиб, махсус топшириқни аъло даражада бажарган экан! Ҳар доим, ҳар қандай шароитда ўз ўрнида ҳозиру нозир Асомиддин Низомов, Бегмат Эрматов каби шунқорларга қанча тасанно айтса арзийди. Оҳангаронлик ва паркентлик нозирларни бошқараётган Ҳусниддин Турсунов, Хурсанд Маткаримовлар ҳам зиммаларидаги бурчларини виждонан адо этиб, ўз тасарруфидаги ҳудудларни ҳар тарафлама тўкис масканга айлантирмоқдалар. Миллий боғ жамоасининг мақсади битта: қўриқланаётган ҳудудни нафақат жаҳондаги энг етук турдошлари қаторига кўтариш, балки улардан ҳам ўздиришдир. Олға силжиш эса асосан тушаётган даромадга боғлиқ. 2001 йил Миллий боғ жамоаси 25 миллион икки юз етмиш олти минг сўм фойда олган бўлса, 2002 йилги бу борадаги кўрсаткич 118 миллион 950 минг сўмга етди. Бу йил айниқса яхши натижага эришиш кўзда тутилмоқда. Яқин келажакда Миллий боғ маданий ҳордиқ чиқарувчилар ва жаҳон туристларини ўз бағрига олмоқчи. Шу мақсадда аниқ маршрутларни белгилаб олиш, пиёда, отда, сувда ва автомашиналарда сайр этиш масалалари пухта ишлаб чиқилмоқда…

Сафаримизнинг учинчи кунида Миллий боғдан қайтар эканмиз, йўллар султони УАЗ ҳам бардош беролмади: узатув қайишлари бирин-кетин узилиб тушди. Кеч кириб борарди.

— Аро йўлда қолиб кетамиз, шекилли?

Абдураҳмон Ғойибов мутлақо хотиржам эди. У менга кулимсираб боқди-да, радиотелефонни қўлига олди:

— Бурчмулла, 05 ни эшитяпсизми?

— Эшитяпман, ўртоқ бошлиқ!

— Машинамизнинг узатув қайишлари узилди, ёрдам керак!..

Ярим соат ўтар-ўтмас азамат йигитлар керакли эҳтиёт қисмларни етказиб бердилар. Биз йўлда давом этар эканмиз, нозирлар бошлиғи мен сари энгашиб:

— Радиотелефон жуда яхши буюм-да! – деб қўйди…

Менинг уч кун давомида кўрганларим Ватан равнақи йўлидаги ҳақиқий шиддатли ҳаёт эди. Ҳаммамиз, аниқроғи, ҳар биримиз тобора тўлқинланиб, айқириб бораётган ушбу шиддатли оқимга бутун борлиғимиз билан қўшилмоғимиз, унда баралла қулоч ёзиб олға интилмоғимиз кераклигини ич-ичимдан чуқур ҳис этдим.

“Ўзбекистон овози” газетаси,

2003 йил 20 сентябрь сони.