Мацуо Басё (1644-1694)

Мацуо Мунефуса (松尾芭蕉) 1644 йили Японияда туғилган. Басё унинг тахаллуси бўлиб, Матсуо ҳокку жанрида муваффақиятли ижод қилган шоирлардан биридир.
Басё ёшлигида самурай бўлган, лекин у 1666 йилдан кейин шоир бўлишга қарор қилади. У ўз ҳоккуларида ҳаётда учрайдиган ҳолатлар, хурсандлигу-қийинчиликлар ҳақида ёзади.
Ўзини ҳаётда ёлғиз ҳис қилганида эса, у ўзини “башоан” – чайласига (башо – ўсимликдан ясалган кулба) урди. Айнан Басё тахаллуси ҳам шундан. Басё ўз шеърларида табиатни мадҳ этишга, унга оқилона муносабатда бўлишга чақиради. Басё ҳоккуларида сўз ўйинини қўллаган бўлиб, бу унинг таъсирини оширади.
Басё умрининг охирги 10 йилида бирқанча саёҳатлар уюштиради ва лар таъсирида ижодий илҳом олади. Мана шундай саёҳатларининг бири ҳақида “Оку-но-ҳосомичи” (“Шимолга олиб борувчи қисқа йўл”, 1702 йил) да маълумотлар ёзилган.

ХОККУЛАР

  * * *

Гулгун баҳор байрами,
Жулдур чопон бир гадо.
Кимдир ул? Эҳтимол, доно?

* * *

Тол ухлайди бош эгиб,
Гўё унинг жони кабидир,
Бутоқда булбул.

* * *

Шохдан-шохга учади
Оҳиста маржон томчи.
Баҳорий ёмғир.

* * *

Улуғвор қиёфада
Боқмас гилос гулига
Танҳо қайин дарахти.

* * *

Оҳ, уйғон, уйғон!
Ҳамдард ўртоғим бўл, сен,
Уйқудаги парвона.

* * *

Якка кулба устунин
Қаттиқ тақиллатар
Ўрмон арбоби.
* * *

Шубҳаланма!
Денгизнинг ўз баҳори бор –
Тўлқин гуллари.

* * *

Оҳ, қутлуғ завқ-шавқ!
Яшил ва ёш япроққа
Оқар кун нури.

* * *

Поёни йўқ денгиз ҳайқирар,
Ҳали йироқ садо қирғоғи,
Сомон йўли ёзилур.

* * *

Бу қандай азоб?
Дорда кичик қафасда
Асир чигиртка.

* * *

Тинч сой сабоси.
Чой яхши! Шароб яхши!
Ойдин кеча яхшидир!

* * *

Тун. Зимистон. Мен ётдим,
Чироққа йўқ мой… Бирдан
Деразадан боқар ой.

* * *

Кифтимга олайин, онажонгинам,
Қайноқ ёшим ила эритай
Сочингда оқ қировни!

* * *

Биринчи қор юзида
Қиш тонги гўзал кўринур
Бадбашара қарға ҳам.

* * *

Кўза синди чарсиллаб,
Сув бор экан, музлабди,
Мен уйғондим дафъатан!

* * *

Кеч кузак пайти.
Танҳоликда ўйлайман:
“Қўшним ҳоли не кечди?”

* * *

Ҳасрат тўла қалб,
Бутун ғаму ҳаяжонни
Барно тол учун бахш эт!

* * *

Чор атрофдан
Олча барглари учади
Нио кўлига.

* * *

Узун кун бўйи
Баҳор чоғи куйлашдан
Ҳеч тинмас тўрғай.

* * *

Капалакнинг парвози,
Тонг қуёш нури ила
Уйғотар тинч далани.

* * *

Мағрур туради
Боқмай олча гулига
Танҳо бир эман.

* * *

Тағин қалбда тирилди
Ота-онам ҳасрати.
Дод солар тоқ қирғовул!

* * *

Бу жажжи буғу
Будда туғилган куни
Дунёга келди.

* * *

Ел эсар замон
Тол шохи бутоғидан
Учар капалак.
* * *

Пион гул даргоҳидан
Болари дардчил кетар,
Оҳ, ул ночор айрилар!

* * *

Чавандоз! Отни ҳайда,
Дала бўйлаб у томон.
Унда куйлар какку қуш.

* * *

Зарпечак гули.
Менга у ҳам ва лекин
Дўст эмас ортиқ.

* * *

Ўчоқ ёнида,
Ҳамма унут…
Йиғлар чигиртка.

* * *

Мен ҳасратгарни
Ортиқ ғам ила тўйғаз,
Олис какку фироғи.

* * *

Ярқирар шудринг.
Унда бор ғам белгиси,
Унутманг зинҳор.

* * *

Мен билан бир гўшада
Икки қиз: гул шох бири,
Бири танҳо ой.

* * *

Куз ҳам тугади!
Аммо кўзга нур берар ҳамон
Кўм-кўк мандарин.

* * *

Кўчиб юргувчи ўчоқ.
Шундай, сайёҳ учун ва сенга
Ҳеч қаерда ором йўқ.

* * *

Оҳ, енгил-енгил
Осмон бўйлаб сузади
Булутлар ва ой.

* * *

Ёдингдами ўша қор, дўстим?
Бултур кўрган эдик сен билан,
Наҳот ўша қор яна ёғар?

* * *

Она қишлоқ ёдимга тушди.
Унга киндик қоним тўкилган,
Мен йиғлайман йиллар ғамида.

* * *

Тинчиди куз қуюни.
Ундан қолган нарса фақат шу –
Олис тўлқин шовқини.

Рус тилидан Рауф Парфи таржималари

* * *

Оқшом чоғи сафсаргул
Мени асир айлади –
Ҳушим йўқотиб қўйдим.

* * *

Эй,олча ғунчалари,
Шаббода кўнглин олиб
Кулиб юборинг тезроқ!

* * *

Сочи ёйиқ мажнунтол…
Уйимга кетолмасдан,
Михланиб қолдим узоқ.

* * *

Олча гуллади қийғос –
Бекинди булутларга
Шармандаси чиққан ой.

* * *

Йўллар босдим кўп узоқ.
Ҳув,булутлар ортида
Ўтириб дам олурман.

* * *

Тўшакда ётганимда
“Куз етиб келди!” дея
Қулоғимга шивирлади ел.

Яна ватанимга қайтиб

Ҳеч тўймасдан боқурман –
Адо тоғи устида
Балққан ой бунча гўзал.

Шогирдимга жавоб

Мен бир оддий одамман!
Печакгул гуллаганда
Еганим қуруқ шовла.

Қария Ду Фу

Бўронни уйғотиб соқолинг билан
Қайғурарсан,кеч куз кирди деб…
“О, ким сенга бағишлади жон?”

“ДАЛАДА ОҚАРИБ ЁТГАН СЎНГАКЛАР” ДEБ НОМЛАНГАН ЙЎЛ ДАФТАРИДАН ШEЪРЛАР:

* * *

Туман юзар, куз ёмғири ёғар.
Кўзга кўринмаса ҳам Фудзи чўққиси,
Бу дам у кўнглимни ёритиб турар.

* * *

Ухлаб қолдим от устида.
Уйқу аралаш кўрдим: олисларда порлар ой.
Қайдандир тутун ўрлар.

* * *

Ойсиз кеча. Зулумот.
Минг йиллик дарахт билан
Олишар тунги бўрон.

* * *

Шу ерда ҳалок бўлган
Эсимито қалбидек
Ғамлисан, куз шамоли!

Дунёдан ўтган онамнинг соч толалари

Эриётир кафтимда
Кўзёшларим тафтидан
Сочларнинг оқ қирови.

Сайгё куйлаган булоқ

Аввалгидек булоқнинг
Шабнамлари томчилар…
Кир ҳаётни ювсайдим!

Император Годайго қабри ёнида

Унут қабрни босмиш
“Қайғу ўти”… Айт, нечун
Қайғурарсан, эй майса?

* * *

Майли, ҳўл бўлсин кўйлагим,
О Фусими шафтолилари,
Тўкинг, ёмғир томчиларини!

* * *

Тоққа қараб ўрлайман… Бирдан
Энгил тортдим, қувониб кетдим:
Ўтлар аро бинафша гуллар.

“ДАРВИШ ШОИР МАКТУБЛАРИ” НОМЛИ ЙЎЛ ДАФТАРИДАН:

Хатсусадаги маъбуда Каннон ибодатгоҳида

Ибодатгоҳ .Баҳор кечаси.
Ҳув,бурчакда ибодат қилган
Қиз чеҳраси нақадар гўзал.

Бодайсен тоғидаги ибодатгоҳ харобалари

Эй, кўкат терган одам,
Сўйла, бу тоғ ўтмишда
Не-не ҳасратни кўрган?!

* * *

Яна дилда уйғонди бирдан
Ота-онам қайғуси, ёди.
Танҳо тустовуқ саси.

* * *

Совуқ ҳам гап бўптими!
Дўстим билан тунадик бирга.
Юрагим тўла қувонч.

* * *

Қани тезроқ, дўстларим!
Илк қор тушди – кезайлик
То йиқилиб қолгунча.

* * *

Қани кетдик! Мен сенга кўрсатай
Ёсино боғларида гуллаган боғчаларни,
Эй,эскирган қалпоғим!

Дунёдан ўтган шоир Сенгин боғида

Не-нехотиралани
Уйғотдингиз кўксимда,
Қари боғ олчалари!

Иса ибодатгоҳини зиёрат қилдим

Қаерда у, қайси дарахтда
Яшнар бу гул – ўзим билмайман,
Бироқ ҳиди димоққа етди.

Сайгё яшаган кулба ёнидаги жилға

Баҳор ёмғри каби
Оқар бутоқлар аро.
Шивирлаб турган булоқ.

Хуршид Даврон таржимаси

***

Қорли тонг.
Яна қуритилган балиқни
Ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.

***

Денгиз сувида сузиб юрар
Майда ялтироқ балиқчалар
Тутаман десанг йўқ бўлиб қолишар.

***

Совуқ шамолларда шолоплар эшкак
Юрагим сиқилар
Тун яна кўз ёш…

***

Шу қоядан туриб
Кўм – кўк денгизга
Қалпоғимни улоқтираман!

***

Қишки дала
Узоқларда юрар дехқонлар
Қолган – қутган чўпларни йиғиб

***

Сочим ўсибди
Озиб кетдим, рангим олинган
Буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.

***

Банан япроқлари сўлғин
Ойнинг порлаб чиқишини
Сарғайиб кузатар дехқонлар

***

Йўллар тойғоқ музлама
Аттанг, тойиб йиқилди
Ширакайф дўстим.

***

Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота
Сўнаётган гулхан чўғлари
Ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.

***

Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
Ивитиб йиртибди
Баҳор ёмғири.

***

Музлаган олабуға балиқлари
Иржайтириб ётар тишларин
Совуқ дўкон пештахтасида.

***

Қайдасан сен, менинг таянчим?
Хасса қилиб олган чўпагимни
Синдирди кузги шамол.

***

Уфқларга ботмоқда қуёш
Кузги дарё сувларида
Ялтиллайди майда балиқлар.

***

Чопоним юпқа.
Кун бўйи ўтириб ундаги битларни
Териб ўлдирдим.

***

Жуда қалин қор ёғибди
Энди Хакбинз тоғидан
Қандай ошиб ўтар одамлар?

***

Ёсинодаги гуллаган гилосларни
Кўрсатайми сенга,
Менинг қалпоғим?

***

Охир қувиб етдим
Ўтган баҳорни
Олис “Вака” бандаргохида.

***

Вой баёв!.. Вой баёв!..
Яна нима дейиш мумкин сиз хақингизда
Ёсинодаги гуллаган гилослар!

***

От устида ухлаб қолибман.
Уйғонганда кўрдим олисда ойни
Тонги тутунлар.

***

Қарайман, айланар қорга
Қоронғу кечада
Қишки ёмғирлар.

***

Устунларига ҳас – хашак илинган
Кўприк хайрлашаётир
Тўлин ой билан.

***

Қайдан келди бу ялқовлик?
Бугун аранг уйғотишди мени
Шовуллайди баҳор ёмғири.

***

Қизиқамиз ёнар қуртларга,
Қайиқчидан умид йўқ, у маст,
Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.

***

Ойдин қиш кечаси
Қор босган йўллар,
Итга отай десам топилмайди тош.

Холдор Вулқон таржимаси

* * *

“Хазон фасли келди!”
Қулоғимга шипшиди шамол
Шундоққина бағримда ётиб.

* * *

Мажнунтол ухлайди эгиб бошини,
Ўйлайманки, новдасига қўнган булбул
Унинг юрагига ўхшайди.

* * *

Сув шунчалар совуқки:
Тўлқинларда чайқалиб-чайқалиб,
Ухлай олмас чағалай.

* * *

Ичидаги суви музлаб,
Қарсиллаб синди кўза.
Уйғониб кетдим чўчиб.

* * *

Шароб тўла қадаҳга,
Қалдирғочлар, тушириб қўйманг
Тумшуғингиздаги лойни.

* * *

Қишнинг сўник офтоби.
От устидаман
Музлаб қолди кўланкам.

* * *

Мов мушуклар жимиб қолишди.
Туман қўйнидан боқар
Ётоқхонага ой.

* * *

Совуқ тушди йўлда тўсатдан,
Чопонини ечиб олсаммикин,
Даладаги чўп қўриқчининг?

* * *

Шогирдимга

Узоқ юртга кетган, йўловчи,
Қайтгил,
Нажиб чечакларни кўрсатай сенга.

* * *

Қарға, айтгил, бу ердан
Ғала-ғовур шаҳарга
Нега учиб кетгайсан?

* * *

Ўрдак ерга қапишиб олди.
Қанотлари – кўйлаги билан
Яширди яланғоч оёқларини.

“Маймуннинг сомон соябони” тўпламидан

* * *

“Иссиқ, бунча иссиқ, қувват йўқ…”
Дод эшитилар ҳар дарвозада.
(Басё)

* * *

Шамол ва ёмғирга ҳам усти очиқ,
Юпунгина турар чайлача…
Умрбоқий бошпана, мангу бошпана!
(Басё)

* * *

Ёлғиз кечган умр гултожи –
Яратилди шеърлар китоби!
(Кёрай)

* * *

Қария мутолаа қилди шеърларни,
Титраб кетди хотиралар…
Севган эди неча бора!
(Бонтё)

* * *

Шоирларга интиҳо битта:
Жинкўчада ночор қашшоқлик…
(Басё)

Русчадан Турсун Али таржималари

* * *

Унсиз, мунгли
Баргдан-баргга томчилар
Куз ёмғирлари!

* * *

Кеч куз шоми.
Шип-шийдам новдада
Қунишган биргина қарға.

* * *

Ёз анғизлари!
Яшиллик қурбонлари
Жон берарлар қандай мардона…

Рус тилидан Абду Наби таржималари

БАҲОР

Мажнунтол эгилиб ухлар хотиржам.
Ям-яшил шохида қўнган булбулни
Толнинг юрагига ўхшатгим келди.

* * *

Оқшом чоғи сафсаргул
Мени асир айлади –
Ҳушим йўқотиб қўйдим.

* * *

Эй, олча ғунчалари,
Шаббода кўнглин олиб
Кулиб юборинг тезроқ!

* * *

Эй, эскирган қалпоғим, қани кетдик, тезроқ юр,
Ёсино боғларида гуллаган боғчаларни
Сенга кўрсатиб келай.

* * *

Ёпирай!.. Ёпирай!..
Ҳайратимга сўз тополмайман –
Ёсинода гуллабди боғлар!

ЁЗ

* * *

Ёзги ўтлар қалин юксалмиш –
Шону шавкат деб ёнган қадимий жангчилардан
Нима қолган бўлса, шу ўтлар қолган.

КУЗ

* * *

Молхонанинг томи остида
Чивинларнинг заиф овози;
Кучаймоқда кузнинг шамоли.

Хуршид Даврон таржималари