Лю Юйси (анъ. хит. 劉禹錫, сод. 刘禹锡, пиньинь: Liú Yǔxí, замонавий пиньинь Liú Yǔxī, 772—842) — Тан династиясида яшаган хитой шоири.
* * *
Орзу мени
Элтар узоққа,
Куз мулкига
Айланмиш жануб.
Сарғиш сиёҳ
Сочди ҳар ёққа —
Куз рангларин
Олишар таниб.
Ёлғиз қайиқ
Кўринар алҳол —
Қамишзорга
Келтирмиш тўлқин.
Минорага
ой сочар ёлқин,
Най ноласин
Таратар шамол.
* * *
Баргларини тўкди мўъжаз боғ,
Жимлик ғолиб кезар ҳовлини.
ўўр шаббалар тинчимас бу чоғ—
Босолмайди шамол ҳоврини.
Энди кўзга келмагай уйқу,
Кеча узун — бўлмайди чидаб.
Тун овози, кумушранг ёғду
Жилваланар ойнамга қараб.
* * *
Узр сўраб лоянцликлардан
Кетар бўлди соддадил кўклам.
Шамол тортар тол шохларидан
Қўлларини силкийди у ҳам.
Орхидея баргида шабнам,
У ҳам тўйиб йиғладимикин?
Қучоғида тўлғониб минг ғам —
Кўнгил ётар ҳувиллаб, сокин…
* * *
Ҳамма ёқда шафтоли гули,
Ҳатто чўққи тортди қирмизи.
Шу дарёси юксак чўққидан
Қирғоқларга отади ўзин.
Севгинг — гўё шафтоли гули,
Тез очилар, қовжирар алҳол.
Қиз қайғуси ҳаддини билмас
Тошқин баҳор сувлари мисол.
Русчадан Гулноз Мўминова таржимаси